muslim.uz
Аёллар фитнасига сабр қилиш
Алҳамдулиллаҳ васолату вассаламу ала Росулиллаҳ ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Мусулмон одам бу дунёда йўлиқадиган улкан фитналардан бири аёллар фитнасидир. Агар бу фитнадан ишхонасида қутулса, кўчаларда, бозорларда, газета-журналларда, телевизорда қутулиши қийин.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китобида аёлларга қизиқиш инсонлар учун зийнатли қилиб қўйилганини баён қилиб шундай деган:
زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاء وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ ذَلِكَ مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَاللّهُ عِندَهُ حُسْنُ الْمَآبِ
“Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор”. (“Шаҳват” сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса, шаҳват “иштаҳа” сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда.) (Оли Имрон сураси, 14-оят).
Албатта, аёллар фитнаси Бани Исроил дучор бўлган илк фитна бўлганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб шундай деганлар: “Албатта, дунё ям-яшил, ширин нарсадир. Албатта, Аллоҳ сизларни қандай амал қилишингизни кўриш учун у ерда ўринбосар қилиб қўйди. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, Бани Исроилга келган илк фитна аёллар борасида эди”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу фитнадан биз умматларини огоҳлантирганлар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим”.
Аёлларнинг фитнасига сабр қилиш ва фитнага олиб борадиган жойлардан узоқ бўлиш қурбат амаллардан бўлиб, банда бу билан Аллоҳ таолога яқинлашади ва улкан яхшиликка, кўплаб савобга эришади. Ана шундай яхшиликлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
Қийинчиликлардан нажот топиш ва машаққатларнинг ариши
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уч нафар йигит бораётганда, ёмғир ёғиб қолди. Тоғдаги ғорга кириб олишди. Шу пайт тоғдан харсанг тош тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Улардан бири бошқасига: “Аллоҳ учун холис қилган амалларингизга қаранглар. Ўша амални васила қилиб Аллоҳ таолога дуо қилинглар. Шоядки Аллоҳ сизларни бу мусибатдан қутқарса” деди. Улардан бири “Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) “Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан”, деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: “Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!” деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин”, деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди...”
Солиҳларга ўхшаш
Ким ҳаромдан тийилса, иффатли бўлса, бу иши билан Аллоҳнинг Пайғамбари Юсуф алайҳиссаломнинг ишларини қилган бўлади. Азизнинг хотини Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлганда, у киши иффатларини сақладилар, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:
وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَن نَّفْسِهِ وَغَلَّقَتِ الأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللّهِ إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لاَ يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ
“У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: “Бу ёққа кел!” деди. У: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар”, деди”. (Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси–хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўламан.) (Юсуф сураси, 23-оят).
Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг розилигини истадилар, бу розиликни устун қўйдилар, Аллоҳга маъсият қилиб озодликда яшашдан кўра қамоқ ҳаётини танладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
قَالَتْ فَذَلِكُنَّ الَّذِي لُمْتُنَّنِي فِيهِ وَلَقَدْ رَاوَدتُّهُ عَن نَّفْسِهِ فَاسَتَعْصَمَ وَلَئِن لَّمْ يَفْعَلْ مَا آمُرُهُ لَيُسْجَنَنَّ وَلَيَكُوناً مِّنَ الصَّاغِرِينَ
“У: “Сиз мени маломат қилган эдингиз. Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур”, деди”.
قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلاَّ تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُن مِّنَ الْجَاهِلِينَ
“Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан”, деди”.
فَاسْتَجَابَ لَهُ رَبُّهُ فَصَرَفَ عَنْهُ كَيْدَهُنَّ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
“Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир” (Юсуф сураси, 32-34-оятлар).
Роҳманнинг аршининг соясидаги омонлик
Ким аёлларнинг фитнасига сабр қилса, ҳаром билан булғанмаса, у қиёмат куни Аллоҳнинг аршининг соясида турадиган етти нафардан бири бўлади. Саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етти нафарни зикр қилиб туриб: “Мансаб ва жамолга эга бўлган аёл ўзига чорлаганда, “Албатта, мен Аллоҳдан қўрқаман” деган киши” дедилар.
Жаннат билан мукофотланиш
Аллоҳ таоло шундай деган:
وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى
“Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса”.
فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى
“Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи орасидаги ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман” деганлар.
Аллоҳ таолодан паноҳ сўрагандан кейин аёллар фитнасидан қутулишнинг энг муҳим омилларидан қуйидагиларни келтириш мумкин:
Кўзни тийиш
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).
Аёллар билан аралашиладиган жойлардан узоқ бўлиш
Намоздаги сафга эътибор беринг. Аввал эркаклар, кейин болалар ва охирида аёллар саф олишади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эркаклар сафининг энг яхшиси аввалгиси, энг ёмони охиргисидир. Аёллар сафининг энг яхшиси охиргиси, энг ёмони аввалгисидир” деганлар. Бунга сабаб аёллар эркаклардан узоқ туриши, аралаш бўлмаслиги учун. Аёл эркакдан қанча узоқ турса, шунча яхши ва афзалдир. Энди бу ҳол намозда бўлгандан кейин бошқа ўринлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эркакларга мавъиза қилиб бўлганларидан кейин минбардан тушиб, ташқарига аёллар тарафга бориб, уларга мавъиза қилар эдилар. Бу эса аёлларнинг сафи, намоз ўқийдиган ўрни эркакларникидан анча узоқда бўлганига далолат қилади.
Маҳрамсиз аёл билан холи қолишдан сақланиш
Маҳрамсиз бегона аёл билан холи қолиш Аллоҳ ҳаром қилган ишга тушиб қолишнинг энг катта боисларидан биридир. Қанчадан қанча жиноятлар, хиёнатлар айнан шундай холи қолишлардан келиб чиққан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида умматларини бундан огоҳлантирганлар.
У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Аёл маҳрамсиз асло сафарга чиқмасин!”
Бир киши ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен фалон ғазотга ёзилган эдим. Аёлим эса ҳажга бормоқчи эди” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил!” дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши бегона аёл билан асло холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади” деганлар.
Никоҳ
Никоҳ иффатни сақловчи, аёллар фитнасидан сақланишга хизмат қилувчи энг муҳим омилдир. Бу набавий муолажа қуйидаги ҳадисда келган: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин! Чунки у кўзни тиювчироқ ва фаржни сақловчироқдир. Ким никоҳга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин! Чунки, рўза бичилишдир”.
Бу ҳадисда шунга ишора борки, аёл киши эрига кўпроқ ёқиш учун зийнатлансин, поклигига эътиборли бўлсин, сочларини тартибга келтирсин, хушбўйлик ишлатсин, рухсат берилган зийнат воситаларидан фойдалансин, токи эри иффатли бўлиб, бегона аёллардан узоқ юрсин. Чунки эркак кишининг кўзи гоҳида очиқ-сочиқ юрган аёлларга тушиб қолади. Улар билан кўчаларда, бозорларда аралаш ҳолда юриб қолади. Баъзида аёрим аёлларнинг ўзлари эркакнинг шаҳватини қўзғашга уринишилари мумкин. Хотин ўз эри учун безанмаслиги, хушбўйликлардан фойдаланмаслиги эрининг ҳаром йўлларга кетиб қолишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Аллоҳ таолодан биз мусулмонларни нафақат аёллр фитнасидан, балки, ошкора ва яширин барча фитналардан асрасин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Интернет материалларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бухорога 2017 йилда қарийб 2 миллион нафар зиёратчилар ташриф буюришди
Сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинларидан бирига айланаяпти. Вилоятимиз эса бу борада бениҳоя катта салоҳиятга эга. 660 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинганининг ўзиёқ жуда кўп нарсани англатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шу имкониятларни рўёбга чиқариш сари ташланган муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорларга мувофиқ, вилоятга ташриф буюраётган чет эллик туристлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Минтақамизда сайёҳлик соҳасини изчил ривожлантириш, туризм индустрияси ва инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Юртбошимиз томонидан тасдиқланган дастур асосида жами 21 та (шундан 17 таси Бухоро шаҳрида) янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 7 та янги замонавий туристик классдаги автобуслар харид қилинди. Қисқа даврда авиақатновлар ва “Афросиёб” тезюрар поездининг ҳаракатланиш жадваллари оптималлаштирилди.
Бухоро шаҳрида янги меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар масканлар ва 500 кишига мўлжалланган замонавий амфитеатр каби объектларни ўз ичига олувчи “Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини барпо этиш учун 10 гектар ер майдони ажратилиб, хорижий меъморлар билан биргаликда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.
Бухоро шаҳридаги собиқ “Шаҳристон” бозори ҳудудида ҳунармандлар марказини қуриш, муқаддас қадамжолар — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Чорбакр мажмуаларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро шаҳри куни”, “Қовун сайли” ва “Бухоро ҳунармандлари” фестиваллари ташкил этилди.
Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Хитойнинг Лоянь ва Россиянинг Владимир шаҳарлари билан Бухоро шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш меморандумлари имзоланди. Испания, Япония, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Россия, Латвия ва Туркия каби давлатлар билан шу йўналишда музокаралар олиб борилди.
2017 йилда хорижий туристларга хизматлар экспорти қиймати 76,3 миллион АҚШ долларига етказилиб, ўсиш суръати 110 фоизни ташкил этди. Ички туризм бўйича индивидуал тартибдаги зиёратчиларни ҳисобга олганда маҳаллий саёҳатчилар сони қарийб 2 миллион нафарни ташкил этди. Бу 2016 йилдагига нисбатан 15 фоизга кўп.
Айни пайтда “Бухоро бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида маҳалладошлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари, меҳнат ва фермерлар жамоаларидан таркиб топган 1200 нафардан ортиқ аҳоли саёҳатга чиқмоқда. Уларга Бухоро давлат университетининг туризм ва тарих факультети 4-босқич иқтидорли талабалари ҳамроҳ-волонтёр сифатида замонавий туристик автобусларда сифатли хизмат кўрсатишмоқда.
2018 йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар Абу Али ибн Сино ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция, “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” каби фестиваллар ҳамда Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбанднинг 700 йиллик юбилейларига уйғун тарзда амалга оширилади.
2017 йилнинг 7-10 декабрь кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилган халқаро сайёҳлик кўргазмасида вилоятимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Тўрт кунлик халқаро кўргазмада туристик компания-ларимиз томонидан воҳамизнинг туризм салоҳияти, бой тарихи, маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжолари, табиати, халқнинг маданияти ва урф-одатлари ҳақида тайёрланган тақдимот, реклама ва тарғибот материаллари кўргазма ташкилотчилари ва меҳмонларга манзур бўлди.
Учрашувлар давомида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, Туркиядан Бухорога сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва вилоят аҳолисининг ушбу шаҳарларга ташрифини ташкиллаштириш бўйича келгусида ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, “Travel Turkey Izmir 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Бухоро вилоятининг туризм имкониятлари ва салоҳиятини алоҳида йўналишлар бўйича намойиш этган “Bukhara Eco Tour” ва “East Line Tour” туристик компаниялари кўплаб хорижий ҳамкорлар билан келишув ва битимлар тузишга эришди. Жумладан, “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси Туркиянинг “Ginger Travels”, “Kemer Travel”, “Sefir Tour”, “Golden Tours”, “Movvlana Istanbul”, “Betatur”, “OBT Travel”, “Sinaia Tours”, “Folo Travel” ва бошқа 100 дан ортиқ туристик компаниялар билан ҳамкорлик келишувларини тузди.
Музокаралар натижалари бўйича “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси 2018 йилда Туркиядан 3000 га яқин сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларни ташкиллаштириб бериши кутилмоқда. “East Line Tour” туристик компанияси эса 120 дан ортиқ хорижий турис-тик компаниялар билан ҳамкорлик битимларини тузди. Компания вакиллари томонидан эришилган келишувлар асосида келгуси йили Туркиядан 4000 га яқин сайёҳларни юртимизга қабул қилиш бўйича иш олиб борилади.
Бундан ташқари, “Travel Turkey Izmir 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этган бухоролик архитекторлар Зуҳриддин Муҳиддинов ва Фаррух Ражабовлар Туркиянинг Измир ва Истанбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар, бино ва иншоотлар, истироҳат боғлари, тарихий-маданий ёдгорликлар ҳамда йўл бўйи инфратузилма объектлари қурилиши ва архитектураси билан танишдилар.
Улар қурилиш, жиҳозлаш ва бинолар дизайни ҳамда архитектураси бўйича катта тажрибага эга йирик компаниялардан бири “Чимстоне”, замонавий меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш ишлари билан шуғулланадиган “Браско” компанияси ҳамда истироҳат боғларини қуриш бўйича етакчи компаниялар “Кемер” ва “Макера Атолйеси”, шунингдек, бир нечта хорижий давлатларда меҳмонхоналар қуриш ва уларни тўлиқ жиҳозлаш ишларини олиб борган Истанбул шаҳридаги “Отем Декорасьон” компанияси вакиллари билан тажриба алмашиб қайтишди.
Шунингдек, архитекторлар томонидан Истанбул шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидаги тор кўчаларнинг йўл қопламалари муҳандислик технологиялари, автотураргоҳлар ечими, транспортлар ҳаракатларини тартибга солувчи барьерларни ўрнатиш, чиқиндиларни йиғиш усуллари ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2017 йил 2 октябрда туризмни ривожлантириш бўйича истиқболли давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларни бажариш, вилоятда ички туризмни янада ривожлантириш бўйича янги лойиҳа ва сайёҳлик дастурлари ишлаб чиқилмоқда. 2017 йилги қишлоқ хўжалиги мавсумини муваффақиятли якунлаган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларини рағбатлантириш, уларнинг мароқли дам олишлари учун қизиқарли тадбирларни ташкиллаштириш, маданий мерос обидалари билан таништириш ҳамда муқаддас қадамжоларга зиёрат қилишларини тизимли амалга ошириш мақсадида “Бухоро фермерлари саёҳати” дастурининг амалга оширилаётгани ҳам ана шундай янгиликлардан биридир.
Айни дамда вилоятда 124 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Бухоронинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида 2018 йилда 30 дан ортиқ меҳмонхона, 50 га яқин ресторан ва 10 дан зиёд истироҳат боғларини қуриш мўлжалланмоқда. Бу борадаги кенг қамровли ишлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини оширади. Янги иш ўринлари яратилишига олиб келади. Хорижликларнинг бой маънавий-маданий меросимиздан баҳраманд бўлишларига имконият яратади.
Ботиржон ШАҲРИЁРОВ,
Бухоро вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари
бўйича ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқанд вилоятида зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилмоқда
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд таърифига тил ожиз. Азим шаҳар ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлиш учун бу ерга, албатта, ташриф буюриш лозим. Бежизга бу кўҳна кент бориб кўриш шарт бўлган дунёдаги 50 та шаҳардан бири сифатида эътироф этилгани йўқ.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, Самарқанднинг Регистон майдонида икки йилда бир марта ўтказиладиган “Шарқ тароналари” мусиқий фестивалига ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар нафақат Самарқанд шаҳри, балки вилоятнинг Пастдарғом, Пайариқ, Жомбой, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд каби туманларига ҳам келиб, ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатлари билан танишиш бахтига мушарраф бўлмоқдалар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида такрорланмас тарихий, маданий, меъморий мерос объектлари билан туристларни кенг таништириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, зиёрат туризмини жонлантириш, умуман, қадимий заминнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор кўрсатмалар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳудудда 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 мемориал тоифага кирувчи жами 1851 моддий-маданий мерос объекти мавжудлиги бу борадаги имкониятлар нечоғлик юқорилиги кўрсатади. Зиёратчи сайёҳларга Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли (Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари), Бибихоним ва Хазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Самарқанд туманидаги Нодир девонбеги комплекси, Хўжа Аҳрор Валий масжиди, Ургут туманидаги Ғавсул Аъзам, Хўжа Омон, Чор Чинор зиёратгоҳлари, Пайариқ туманидаги Имом Ал Бухорий мажмуаси, Нуробод туманидаги Хазрати Довуд зиёратгоҳлари йўналишлари бўйича хизмат кўрсатилади. Барча зиёратгоҳларда ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали жамоат тартиби назоратга олинган, сайёҳлар ва меҳмонларнинг кириш чиқиш жараёнлари бевосита туроператорлар ҳамда ички ишлар органлари вакиллари иштирокида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, янги маршрутларга Ўзбекистон тарихи, Афросиёб, Ўлкашунослик музейлари, Пахтачи туманидаги Добусия шаҳристони, Пайариқ туманидаги Челак-Кўктепа тарихий ёдгорлиги, Махдуми Аъзам зиёратгоҳи ва бошқа зиёратгоҳлар киритилган. Самарқанд вилоятидаги музейлар фаолиятини янада кенгайтириш, уларнинг хорижий мамлакатлар музейлари билан, жумладан, илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорликни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Япония, Франция ва Жанубий Кореянинг археологик институтилари ва музейлари мутахассислари билан алоқалар ўрнатилган. Хусусан, Афросиёб музейининг “Элчилар хонаси”даги деворий суратларни босқичма-босқич асл ҳолатига келтириш ишлари олиб борилаётган бўлса, кўҳна Афросиёб тепалигида жойлашган Сўғдиёна (қадимдаги Мароқанд ёки Афросиёб) шаҳрининг эски кўриниши акс эттирилган 3D треки сайёҳларга намойиш этилмоқда. Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси ҳамда ЎзФА Археология институти томонидан Самарқанддаги маданий-тарихий обидалар тўғрисида тарихий манба ва маълумотлар жойлаштирилган брошюралар ва буклетлар тайёрланаяпти.
Бундан ташқари, вилоятдаги 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал масканда 120 дан ортиқ маданият ходими фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар меҳмонларга тарихий объектлар ҳақида маълумотлар билан яқиндан таништиришади.
Мавсумда ҳар куни 100 дан ортиқ меҳмонхоналарда маҳаллий ва хорижий сайёҳларларга хизмат кўрсатилиб, шаҳар маркази, шунингдек, туташ ҳудудлардаги 30 дан зиёд ресторанларда миллий, корейс, рус ва европа таомлари тайёрланиб, кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинмоқда. Меҳмонларнинг ушбу масканларда бўлиши вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш бўйича масъул комиссияси томонидан муҳофазаланган.
Самарқанд шаҳрида туристик мавсумда зиёратчилар ва сайёҳлар оқимининг кўплигинини инобатга олиб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан қўшимча рейсларни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритилган. Бундан ташқари, шаҳар халқаро аэропортида енгил конструкцияли марказ лойиҳаси асосида туристларга хизмат кўрсатувчи Ахборот марказлари ташкил этилган. Бу ерда истаган киши туристик объектлар туширилган хариталар, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи турли тарқатма материаллар билан танишиши мумкин.
Туризм салоҳиятини янада кенгайтириш, хорижий сайёҳлар ва вилоят аҳолиси дам олишлари учун қўшимча инфратузилма объектлари сонини кўпайтириш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, 2017 — 2018 йилларда қиймати 26 миллиард 150 миллион сўмлик 14 та янги меҳмонхона қурилиши белгиланган. Шундан 6 таси Самарқанд шаҳрида, Самарқанд ва Ургут туманларида 2 тадан, Жомбой, Нуробод, Булунғур, Қўшработ туманларида биттадан янги меҳмонхона бунёд этилади. Умуман, 2021 йилга бориб, ҳудудда 40 та янги меҳмонхона барпо этилади.
Таъкидлаш керакки, бу борадаги ишларга аллақачон киришилган. Собиқ “Алпомиш” АЖга тегишли ерда “Самарқанд сити” туристик комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида Халқаро спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуаси, Университет хиёбонидаги “Интурист” меҳмонхонаси ўрнида “Қоракўл строй сервис” МЧЖ томонидан янги меҳмонхона қуриш чоралари кўрилаётгани, “Афросиёб Палас” меҳмонхона комплекси реконструкция қилиш учун Туркиянинг “ATA INSAAT” компаниясига тақдим этилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Самарқанд тумани, Оқсой фуқаролар йиғинидаги “Ҳазрати Довуд” қадамжосига борувчи йўллар қайта таъмирланди, йўл бўйи инфратузилмаси қайта кўриб чиқилиб, ободонлаштирилди. Ҳудуддаги тадбиркорларга маиший хизмат ва сервис кўрсатиш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Пировардида бу жойда тиббий соғломлаштириш, спорт мажмуалари, 2 та замонавий меҳмонхона ишга туширилди. Қадамжо ҳудудидаги савдо, сервис ва умумий овқатланиш объектлари замонавий кўринишга келтирилди. Бунинг учун ташаббускорларнинг 56 миллиард сўм ва тижорат банкларининг 4 миллиард сўм кредитлари жалб этилди.
Шу билан бирга, вилоятда қишлоқ хўжалиги, экологик ва спорт туризмни ривожлантириш бўйича туманлар ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳалар тайёрланиб, уларнинг аксариятида ишлар бошлаб юборилди. Каттақўрғон туманидаги “Эргаш ота”, Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳлари соғломлаштириш учун мўлжаллангани Жомбой туманидаги “Чилмарям-ота” дам олиш маскани, Қўшработ туманидаги Пангат, Қизилбел, Қоратош, Жонбулоқ аҳоли пунктлари ажойиб табиати, хушҳавоси билан алоҳида ажралиб туради. Ургут туманидаги “Омонқўтон” ғори, Тайлоқ туманидаги “Қорасув” оромгоҳи, Катта ўзбек тракти бўйидаги Самарқанд эшкак эшиш канали, Самарқанд туманидаги “Оҳалик” ва “Миронқул” аҳоли пунктлари .... Ҳудудда бундай эътибор тортар манзиллар жуда кўп.
Хуллас, Самарқанд вилоятдаги туризм имкониятлари хусусида кўп ва хўп гапириш мумкин. Яхшиси, ўзингиз бир келиб кетинг, қадим Самарқандга!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Wandi Ramadan Bazar меҳмонларига ўзбек паловидан татиб кўриш таклиф этилади
Россия Федерациясининг пойтахти Москвада жорий йилнинг 13-15 апрель кунлари Wandi Ramadan Bazar кўргазма бозори ташкил этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Islam-today нашри хабар берди.
Ушбу тадбир биз мусулмонлар учун муқаддас саналган Рамазон ойига тайёргарлик олдидан ташкил этилмоқда. Унда Россия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Сурия, Белгия, Марокаш ва бошқа мамлакатлардан компаниялар мусулмон таомлари билан иштирок этадилар.
Фестивал доирасида мусулмон аёллар кийимлари, ҳалол косметика ва атирлар намойиши ўтказилади. Бундан ташқари, ташкилотчилар мусулмон мамлакатларининг миллий ҳалол таомларидан татиб имкониятини ҳам яратадилар. Асосийси ушбу тадбирда иштирокчилар ўзбек палови, сурия ширинликлари ва қўлда тайёрланган шоколадларни татиб кўрадилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Намоз пайтида эснаганда қандай йўл тутилади?
Эсналганида нима учун қўл билан оғиз беркитилишини билиш зарур. Бунинг асослари етарли.
Бу ҳақда ҳатто Имом Бухорийнинг “Ал-адаб вал-муфрад” китобларида махсус “Эснаганда қўл билан оғизни тўсиш ҳақида” номли боб бор. Шу бобда келган ҳадислардан бирини зикр қилиб ўтамиз: Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Агар бирортангиз эснасангиз, қўлингизни оғзингизга қўйинг, чунки шайтон киради”. Эснаш келганида намоздан бошқа ҳолларда чап қўл орқаси билан оғиз тўсилади. Шунингдек, ҳадисларда эснаб туриб: “ҳооҳ” дейиш шайтоннинг яйрашига сабаб бўлиши ҳам баён этилган.
“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.