muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

Ислом динининг шиори

Қуръони каримда салом лафзи:

  • «У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азийздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир» (Ҳашр сураси, 23-оят). 
  • «Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!» (Соффат сураси, 79-оят). 
  • «Иброҳимга салом бўлсин!» (Соффат, 109-оят).
  • «Сен: «Ҳамд Аллоҳга бўлсин ва У танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин» (Намл сураси, 59-оят). 
  • «Сўнгра, уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши! (дерлар)» (Раъд сураси, 23-24-оят).    
  • «Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар» (Зумар сураси, 73-оят). 
  • «У ердаги дуолари: «Эй, Аллоҳ! Сенга тасбеҳ айтамиз» дейиш ва у ердаги сўрашишлари «Салом»дир. Дуоларининг охири эса: «Оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамд!» дейишдир» (Юнус сураси, 10-оят). 
  • «Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар, фақат (бир-бирларига айтадиган) «Салом-салом» сўзинигина (эшитурлар)» (Воқеа сураси, 25-26-оят). 
  • «Эй, иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шу ўзингиз учун яхшидир, шоядки, эслатма олсангиз» (Нур сураси, 27-оят). 
  • «Уйларга кирган чоғингизда ўзларингизга Аллоҳдан бўлган покиза ва муборак табрик ила салом беринглар» (Нур сураси, 61-оят). 
  • «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг» (Нисо сураси, 86-оят). 

Ҳадиси шарифда салом лафзи: 

  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. У Зот уни ер юзига жорий қилгандир. Уни орангизда ёйинглар, дедилар. (Имом Бухорий ривояти). 
  • Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, Исломнинг қайси хислати яхши?” деди.
    У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: Таом беришинг ва таниган-танимаган кишингга салом беришинг, дедилар (Имом Бухорий ривояти). 
  • Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, Ё Аллоҳнинг Расули” – дейишди. “Орангизда саломни ёйинг!”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 
  • Шурайҳ ибн Ҳоне отасидан ривоят қилади: У: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга мени жаннатни вожиб қиладиган бирор нарса ўргатинг”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ширинсўзлик, салом бериш ва таом едириш”, дедилар. 
  • Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саломни ёйинг, саломат бўласиз”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
  • Абу Юсуф Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни ёйинг, таом едиринг, силаи раҳм қилинг, одамлар ухлаганда тунни ибодат билан ўтказинг­да, жаннатга саломатлик ила кираверинг”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 
  • Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши ёш болалар ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердилар-да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилардилар”, деб айтдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

Ҳаё – дин маъдани

Бир куни Хасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурларига бир аёл келиб, шундай деди:

Эй, Аллоҳнинг дўсти! Сизга саволларим бор, жавоб беришингизни истайман.

Сўранг, - дедилар Хасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ.

Эй, Имом! Дин поклиги, дин жавҳари, дин хазинаси нима? – деди аёл.

Хасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари:

Сиз айтинг, биз ҳам эшитиб, ўрганайлик, - дедилар.

Аёл айтдиларки:

Дин поклиги – таҳорат олмоқдир.

Дин жавҳари – Аллоҳдан қўрқмоқдир.

Дин хазинаси – илмдир.

Аёл яна қўшимча қилди:

Дин маъдани – ҳаёдир. Аллоҳ ҳаёли қулини мақтайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – имоннинг бир бўлаги”, деганлар.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

Тарозининг иши

Кўчадаги ишларимни битириб, уйга пиёда қайтаётган эдим. Одамлар гавжум йўлакнинг бир четида олма сотиб ўтирган онахонга кўзим тушди. Бир донагина тиши қолган, ночорлигидан ўзи савдо қилаётган  нур юзли бу онахон камайтириб беришини сўраётган харидорга самимий оҳангда ростини айтаётган эди: “Болам, менга тирикчилик учун фақат минг сўм пулингиз қолади. Беш панжани оғизга тиқиш шарт эмас. Бир куним ўтса бўлди…”

Харидор икки килограмм олма сўраганди онахон кучсизгина, қалтираётган қўлларида тарозига қайта-қайта тортди. Харидор: “Тўғри келмаяптими, хола?” деганди, онахон: “Тарозининг иши қийин-да, болам. Бировнинг ҳаққи…” деди.

Ана шу ерда бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, қаноатда эканини чуқур ҳис этдим. “Тарозининг иши” ва бировнинг ҳаққи борасида ҳам унутилмас сабоқ олдим. Тўғриси, онахонни қучоқлаб, йиғлагим келди…

Нуриддин

ЎМИ Матбуот хизмати

Асрлар мобайнида бўлгани каби, дин ва тил қардошлигимизни қувватлантириш ва илмий меъросимиз билан алоқаларимизни фаоллаштириш мақсадида турли тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Туркия ёзувчилар бирлиги Истанбул бўлими ва Ҳошимий нашриёти томонидан икки йилдан буён ташкил этилаётган “Арабча китоб ва маданият кунлари” 2018 йилда ҳам ўтказилди. 

Жорий йилда учинчи бор ўтказилган тадбир Туркия Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, Туркия ёзувчилар бирлиги Истанбул бўлими, Ҳошимий нашриёти ва Холидий маориф илм ва маданият уюшмаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилгани хабар қилинди. 

Анжуманга Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Ливан, Иордания, Миср, Жазоир, Тунис, Фаластин, Судан, Қатар ва Қувайтдан кўплаб нашриёт ва ёзувчилар, уламолар таклиф қилинган. 

Ушбу кўргазмада Туркия ва мусулмон мамлакатларида чоп этилган олтмишга яқин китоблар ўқувчилар оммасига тақдим этилди. 

Ушбу хайрли анжуманга Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан вакил сифатида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари “Ислом ота” жоме масжид имом-хатиби Жасур Раупов “Ўзбекистон мадрасаларининг бугунги кун ҳолати” мавзусида маърузаси билан иштирок қилди. 

22 давлатдан ташриф буюрган уломолар Ўзбекистонга бўлган қизиқишлари янада ортгани сабабли, улар томонидан кўплаб қизиқарли саволлар берилди. Маълумот учун анжуман жорий йилнинг 11 мартига қадар давом этади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 05 Март 2018 00:00

Иккинчи бекат

Инсон ҳаёти тўрт бекатли сафарга ўхшайди. Аввалги уч бекатнинг ҳар бирида белгиланган муддат тургандан сўнг унинг ихтиёридан ташқари равишда инсон кейинги бекатга ўтказилади.

Ниҳоят тўртинчи бекатга ўтказилгандан кейин энди бу жой абадий жойлашадиган манзили бўлади. Мазкур бекатлар қуйидагилардир:

  1. Она қорнидалик вақти;
  2. Дунё ҳаётидаги вақти;
  3. Қабрдаги вақти;
  4. Охират.

Бу бекатларнинг ҳар бири ўзидан олдинисидан каттароқ бўлади. Яъни она қорнидаги вақтдан дунё каттароқдир, дунё ҳаётидаги вақтдан қабрдаги вақт каттароқдир ва қабрдан кейинги охират эса сўнгсиз абадийдир.   

Инсон пайдо бўлар экан дастлаб биринчи бекатда яъни онаси қорнида маълум муддат туради. Фаразан она қорнидаги ҳомилага ақл ато этилса, у ўша жойдаги тўққиз ойлик вақтни ўзига берилган умр деб қабул қилиши, у ердан чиқишни эмас, балки чиқмасликни хоҳлаши ҳеч гап эмас. Бунга асосий сабаб у ўзи “яшаётган” дунёдан чиқишни ўлим деб ўйлашидир. Шунинг учун ҳам у ердан  йиғлаб чиқади, аммо энди у биринчи бекатдан иккинчисига ўтган, у учун олдингисидан кўра каттароқ ҳаёт бошланган бўлади.

Иккинчи бекат инсон учун энг асосий бекатдир. Чунки бундан олдинги бекатда унга англаб етиш ва танлаш имкони берилмаган бўлади. Кейинги бекатларда эса бор ҳақиқатни аниқ англаб етса-да танлаш имконияти тугаган бўлади.   

Демак, иккинчи бекат инсоннинг кейинги бектлардаги ҳолатлари қандай бўлишини белгилаб берувчи ва ҳар бир ақли расо инсон бор кучи билан интилиб қолиши лозим бўлган асосий майдондир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир қавмга ушбу жойда сафар тадоригини кўриб олинглар, кейин сафар қиламиз дейилса, ҳалиги одамлар сафарга тайёргарлик кўриш ўрнига ўйин билан овора бўлишса, бу қавмга қараб ажабланмаслик иложи йўқ”.

Ҳа, ушбу вақтинчалик манзил бўлиб турган “бекат”да унинг Эгаси жорий қилган тартиб қоидаларга ихлос билан риоя қилишга уриниш лозим бўлади.  Чунки учинчи бекат бўлган қабрда ҳам, тўртинчи ва сўнги бекат бўлган бўлган охират манзилида ҳам “йўловчи”ларга амал қилиш имконияти берилмайди. Барча йўловчилар фақат иккинчи бекатда жорий қилинган “тартиб қоидалар”га қанчалик ихлос билан риоя қилганларига қараб мукофотланади ёки жазога тортилади.

Аллоҳим, биз ожиз бандаларингни бу синов майдонидан  муваффақият билан ўтиб олиш саодатига эриштиргин. 

 

Фотимахон КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top