muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбойжон мисолида" халқаро конференциясининг Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги иштирокчилари делегациясини қабул қилди. 

ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, ушбу конференция ташкил қилингани ва унинг ишида хорижий мамлакатлардан нуфузли делегациялар иштирок этгани жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлади. 

Ҳамкорликдаги бундай саъй-ҳаракатлар жаҳонда муқаддас ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, замонамизнинг халқаро терроризм ва экстремизм сингари таҳдид ва хатарларига қарши самарали курашишга қаратилгани қайд этилди. 

Ўзбекистоннинг «Жаҳолатга қарши маърифат» – таълим олишнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш каби принципиал ёндашувлари нуфузли халқаро форумларда бир неча бор билдирилди. 
Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда бу йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда, халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда. 
Хусусан, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни келажак авлодларга етказиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда. 
Учрашувда бугунги кундаги глобал жараёнлар, хавфсизлик ва барқарорликка нисбатан тобора кучайиб бораётган таҳдид ва хатарлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, конфессиялараро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришни тақозо қилаётгани қайд этилди. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш ва ёшларнинг ахлоқий тарбиясини юксалтириш масалалари муҳокама қилинди.

Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода самимий қабул учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди. 

Меҳмонлар мамлакатимизда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, эътиқод эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган изчил ишларга юксак баҳо берди. 

Халқаро конференция иштирокчилари тинчлик, тотувлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлида Ўзбекистон Республикаси билан фаол мулоқот ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

 

“Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” халқаро илмий-амалий анжуманига қатнашган хорижлик меҳмонлар бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ва Ҳазрати Имом мажмуаси билан янада яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Нуфузли меҳмонларни идора раҳбарлари ва ходимлари кутиб олдилар.

Дастлаб Идоранинг катта мажлислар залида қисқача суҳбат бўлиб ўтди. Унда кечаги анжуман таассуротлари билан ўртоқлашилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов йиғилганларга анжуман тафсилотлари ҳақида сўзлаб берганидан сўнг муфтий ҳазратларига сўз берди.

Анжуманнинг аҳамияти борасида сўз юритган муфтий ҳазрат, жумладан, бундай дедилар:

– Ислом инсонларни ҳамжиҳатликка, дўсту биродарликка ундайди. Қуръони каримда тинч-хотиржам ҳаёт кечириш зарурлиги юздан ҳам кўп уқтирилган. Бундан аён бўладики, бировга озор бермаслик, инсонларнинг тинч яшашига дахл қилмаслик ҳам ибодат экан. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Золим ва мазлум биродарингизга ёрдам қўлини чўзинг”, дедилар. Саҳобаи киромлар: “Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Мазлумга ёрдам қилиш кераклигини тушундик. Аммо золимга нега ёрдам қиламиз?” деб сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Золимни зулмдан тўхтатинг, ана шу сизнинг унга кўрсатган ёрдамингиз бўлади”, дедилар.

Бугунги кунларда ўтказаётган анжуману тадбирларимиз айнан ана шу мақсадга хизмат қилади. Биз мўмин-мусулмонлар қўлни қўлга берсак, эзгу ишларга бош қўшсак, зулму ситамлар ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига хўш келибсиз!

Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода анжуманнинг юксак савияда ташкил этилганини айтиб ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди ва мўмин-мусулмонларга, улар қаторида бошқа дин вакилларига ҳам шундай ажойиб шароит яратиб берган давлат ва давлат раҳбари омон бўлсин, дея дуо қилди.

Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси Доктор Али Эрбаш гапини жуда ҳам катта ҳаяжон билан бошладики, бу ҳаяжон залда ўтирганларга ҳам таъсир қилди:

– Мен Ўзбекистонга биринчи марта келдим, аммо ҳамма одам кўзимга таниш кўриняпти. Чунки бу макон – ота юртим. Бир замонлар ёвқур аждодларимиз ана шу муқаддас заминда от чоптириб юрганлар. Мен сиз азизларга Туркиядан саломлар олиб келдим. Туркияликларнинг Ўзбекистонга келганларининг ҳам, келмаганларининг ҳам келгиси келади. Сизнинг гўзал чеҳрангизнинг таниш кўринишининг яна бир сабаби, мўъжаз кутубхонамдаги Бухорий, Термизий, Самарқандий, Мотуридий, Насафий асарларини ўқиганимда кўз олдимда айнан шу юртнинг, шу юртда яшайдиган шарафли халқнинг сиймоси гавдаланар эди.

Биз кеча турли давлат вакиллари тўпланиб кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг учун устоз Усмонхон ҳазратларига ҳамда Пошшозода ҳазратларига беҳад миннатдорчилик билдираман.

Мана шу даврада ҳозир бўлган азизлар, биз барчамиз “Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир” ҳадисига мувофиқ пайғамбарларнинг ворисларимиз, Бизга мерос бўлиб ўтган ана шу омонатни садоқат билан бажаришни барчамизга насиб айласин!

Шундан сўнг меҳмонлар идора ва мажмуа билан танишмоқни бошладилар. Уларга ЎМИнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи  Акмалхон Шокиров йўлбошловчилик қилмоқда.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 Европа Кенгаши Парламентлар Ассамблеяси (ЕКПА)га Озарбайжон делегациясининг аъзоси ва Озарбайжон Парламенти депутати бўлган Ганире Пашшаева Эркин демократлар гуруҳи номидан Страцбургда ўтказилган ЕКПАнинг кузги сессиясида маърузаси билан чиқиш қилди.

Депутат  ИШИДни халқаро террористик ташкилот эканлигини таъкидлар экан, кўплаб миллатлар ва дин вакиллари ҳам унинг фикрларини қўллаб-қувватлашда жам бўлганини эслатди. “Шунинг учун ҳам, мусулмонларга қарши салбий фикрларни ҳосил қилишга имкон қидираётганларга ИШИД халқаро террористик ташкилоти фақат мусулмонлардан иборат дейишларига йўл қўймаслик керак. Мен баъзи Европа сиёсатчиларининг халқаро террористик ташкилотлари амалга ошираётган қабиҳ ишларни Ислом ва мусулмонларга қарши восита қилиб ишлатаётганларига қаршиман”, деди Ганире Пашшаева.

ИШИД минтақадаги мусулмонлар билан бир қаторда турли динга эътиқод қилувчи миллат ва элатларнинг уй-жойларини хонавайрон қилди. Айни пайтда уларга Европанинг ҳам кўмаги зарур. Бугунги кунда 3.2 миллион қочоқни ўз бағрига олиб, 25 млрд  доллардан ортиқ маблағга тенг турли хил ёрдамни аямагани учун Ганире хоним Туркияга ўз миннатдорчилигини билдирди ва Европадаги айрим кимсалар томонидан Исломга қарши кўтарилаётган кайфият ҳаммамизни безовта қилаяпти ва биз бунга биргаликда курашмоғимиз лозим ”, - деб таъкидлади.  

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Алишер Саттаров тайёрлади.

 

Ирландия пойтахти Дублин шаҳридаги Ислом маданияти маркази Офелия бўронидан азият чеккан барча уйсиз одамлар ва жабрланувчиларга ўз эшикларини очди.

Эллик йилдан бери бундай кучли бўронни кўрмаган Ирландия аҳолисини 80 км/соат тезликда ҳаракат қиладиган Офелия бўронининг шамол қолдиқлари ҳамон безовта қилишда давом этмоқда. Атлантика океанидан кириб келган 3-даражали бўрон шу ҳафтанинг душанба куни оролга “ҳужум” қилишни бошлади.

Ўша куни барча мактаблар ёпилди, хайдовчилар учун кўчага автомашинада чиқмаслиги тавсия қилинди, 1200 га яқин  ҳарбийлар бўрондан жабрланган жойларни тиклаш учун жалб қилинди. Маълумотларга кўра, бўрон туфайли бир аёл автомашинасига дарахт келиб урилгани оқибатида оламдан ўтган.

“Aer Lingus” авиакомпаниясига тегишли 100га яқин рейслар, темир йўллар ва автобус қатновлари вақтинча кечиктирилди.

“Ислом маркази эшиклари ҳамма учун 24 соат очиқ” – дейди  “The Independent” нашрига берган хабарида марказ ҳодими Малик Маданий.

Яна у сўзида шундай деди: “Айни  пайтда биз бўрондан жабрланганларни иссиқ овқат билан таъминлаяпмиз. Гуманитар ишчилар сифатида энг камида шу ишни амалга оширишимиз зарур.  Бизга ётоқ жойларни етказиб берган бошқа ташкилотлар билан меҳнат қилишда давом этамиз” .

Хабарлардан маълум бўлишича, Офелия бўронининг Ирландиядан ўтиб, Буюк Британияга қараб ҳаракатланиши тахмин қилинмоқда.

 

  Алишер Сатторов,

Халқаро алоқалар бўлими

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top