muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 18 Июль 2017 00:00

Дуоим қабул бўлсин десангиз

«Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Аъроф, 56).

Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳидан сўрадилар: “Биз узоқ вақтдан бери дуо қиляпмизу лекин қабул бўлмаяпти, нима қилайлик?”

 Шунда Иброҳим Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи: “Қалбларингиз 10 та нарса туфайли ўлган”, деб жавоб берди:

  • Аллоҳни танидингиз, лекин амрларини бажармайсиз, қайтариқларидан қайтмайсиз.
  • Аллоҳнинг Каломи – Қуръони каримни ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсиз.
  • Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўраман дейсиз-у, суннатларига амал қилмайсиз.
  • Шайтоннинг душманлигини биласиз-у, аммо унинг дўстига айлангансиз.
  • Жаннатни яхши кўрасиз-у, аммо унга олиб борадиган амалларни қилмайсиз.
  • Дўзахдан қўрқаман дейсиз-у, ундан қочишнинг ҳаракатини қилмайсиз.
  • Ўлим ҳақ дейсиз-у, унга тайёргарлик кўрмайсиз.
  • Бировларнинг айбини қидирасиз-у, ўз айбларингизни ўйламайсиз.
  • Роббингиз неъматларидан баҳраманд бўляпсиз-у, шукр қилмаяпсиз.
  • Ўликларингизни дафн қиляпсиз-у, улардан ибрат олмаяпсиз.
Вторник, 18 Июль 2017 00:00

Ҳаж ва умра қўлланмаси

Қўлланмада ҳаж ва умра ибодатига тааллуқли диний масалалар билан бир қаторда ушбу сафар давомида гуруҳ раҳбарлари, ҳожилар ва зиёратчилар билиб олиши учун зарур бўлган  тарихий, иқтисодий, фиқҳий масалалар баён этилган, қисқача арабча-ўзбекча сўзлашув ҳам берилган. Китоб ҳаж ва умра сафарига отланаётган юртдошларимиз учун яхши қўлланма ва сафар давомида маънавий ҳамроҳ вазифасини ўтайди деб умид қиламиз.

Китоб муаллифи: Жалолиддин Нуриддинов

 

Санкт-Петербургдаги Россия давлат дин тарихи давлат музейида кумушдан тайёрланган ноёб маҳсулотларнинг ўзига хос кўргазмаси очилди. Кўргазмага Қуръони карим оятлари ёзилган плакатлар, Усмон Мусҳафининг варақлари (кумушга ёзилган), шунингдек Россия Федерацияси Давлат зарбхонаси  буюртмасига биноан ишлаб чиқарилиб, Яқин Шарқда ишлатилган почта маркалари қўйилган. 

Санк-Петербург шарқ қўёзмалари институтида сақланаётган Усмон Мусҳафи асосида Қуръони каримнинг 162 та саҳифаси кумуш саҳифаларга ёзиб чиқилган эди. Ушбу кўргазмада уларнинг 28 таси намойиш этилди.

 Кумуш саҳифаларга ёзилган Усмон Муcҳафи

Шунингдек кўргазмада Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж зиёратчиларининг расмлари туширилган бир неча ўнлаб кумуш маркаларни ҳам учратишингиз мумкин.

Санкт-Петербург мусулмонлари идораси, Россия шимоли-ғарбий ҳудудлари ва Санкт-Петербург жоме масжиди вакиллари кўргазманинг фахрий мехмонлари қаторида бўлишди. Санкт-Петербург муфтийси Равиль ҳазрат Панчеев кўргазмани ташкил қилган Россия давлат дин тарихи музейи директори Любови Мусиенкога ва бошқа ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

 Халқаро алоқалар бўлими

 

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинким, сизу бизни шундай файзли юрт ва донишманд халқнинг фарзанди қилиб яратди. Азалдан ота-боболаримиз оила тотувлиги ва мустаҳкамлигини бошқа масалалардан кўра биринчи ўринга қўйиб, оиланинг тартиб интизоми ва тарбияси билан алоҳида шуғулланганлар. Зеро, оила қуриш, оилавий ишлар билан шуғулланиш улуғ ибодатлардандир. Маълумки, ислом шариатида учта ўринда хутба ўқилади, булар жума ва икки ҳайит намозлари ҳамда никоҳ ақди пайтида хутба ўқилади. Динимизда хутба ўқишлик ажри улуғ ва бутун мусулмон жамоасига аҳамияти катта бўлган ишлардандир.

Оилани барпо қилиш билан киши катта ажрга эга бўлса, унинг барбод бўлишига сабаб бўлиш эса оғир гуноҳдир. Зеро, бир оиланинг ажралиши бу турли фитна ва фасодларнинг пайдо бўлиши ва авж олишига олиб келади. Шунинг учун ҳам динимизда оиланинг ажралиши маъқулланмайди. Аллоҳ таоло оилани сақлаш масъулиятини эркакларнинг зиммасига юклаб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. (Нисо, 19–оят). Шу сабабли оилада эркак киши оқилона ва адолатли бошқарувни йўлга қўйиши талаб қилинган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисда:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ كُلُّكُمْ رَاعٍ وَمَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ فَالْإِمَامُ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالرَّجُلُ فِي أَهْلِهِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ وَالْمَرْأَةُ فِي بَيْتِ زَوْجِهَا رَاعِيَةٌ وَهِيَ مَسْئُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا وَالْخَادِمُ فِي مَالِ سَيِّدِهِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ

 متفق عليه

яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бирингиз бошқарувчисиз ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз. Имом бошқарувчидир ва у бошқараётганларидан сўралади. Эр киши оиласида бошдир ва у оила аъзолари борасида сўралади. Аёл киши эрининг уйида вазифадордир ва у ҳам вазифаларидан сўралади. Ходим ўз хўжайинининг молида тасарруф қилувчидир ва у ўз ишидан сўралади”, деб айтилган. Ушбу ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, оилада эркак киши асосий жавобгар шахсдир.

Ҳурматли жамоат! Оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканини англаб етиш ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўриш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Қадимдан бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, ундан кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар.

Ўша пайтларда “Фалончининг қизи уйига аразлаб келган экан, “Сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан” деб, қайтариб олиб бориб қўйишибди” қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, “Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, “Агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан” деб, ўғли билан роса уришибди” каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оила мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар.

Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, ҳозирги вақтда оилавий ажралишларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида оилада эркак киши яъни, қайнотанинг бепарволиги сезилиб қолмоқда. Ота оиланинг раҳбари сифатида оиланинг бошқа аъзолари томонидан янги келинга бўлаётган муносабатга бепарво бўлмаслиги лозим. Айниқса, қайнона томонидан келинга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлинганда уни тартибга чақириш, ноҳақликни олдини олиш қайнотанинг вазифаси. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қилганлар:

فعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا» فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللَّهِ، أَنْصُرُهُ إِذَا كَانَ مَظْلُومًا، أَفَرَأَيْتَ إِذَا كَانَ ظَالِمًا كَيْفَ أَنْصُرُهُ؟ قَالَ: «تَحْجُزُهُ، أَوْ تَمْنَعُهُ، مِنَ الظُّلْمِ فَإِنَّ ذَلِكَ نَصْرُهُ»

. (أخرجه البخاري)

яъни: Анас р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Биродарингизга золим бўлса ҳам мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг”. Бир киши сўради: Ё, Расулуллоҳ! Мазлумга ёрдам бераман, бироқ золим бўлса унга қандай қилиб ёрдам беришим мумкин? Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Уни зулм қилишдан тўхтатасан, ана шу унга ёрдаминг бўлади” (Бухорий ривояти).

Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

عَن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهَا قَالَت :قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ :" إِنَّ شَرَّ النَّاسِ عِندَ اللهِ مَنزِلَةً يَومَ القِيَامَةِ مَن تَرَكَهُ النَّاسُ اِتقَاءَ شَرِّهِ"

(رواه البخاري)

яъни: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар. (Бухорий ривоят қилган). Яъни, не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда.

Бир йигитнинг онаси: “Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оқ қиламан”, - деб туриб олган экан, у: “Талоқ қилдим”, - дебди. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, нима қилади?” дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.

Муҳтарам азизлар! Оилани сақлашда эр, яъни келиннинг турмуш ўртоғининг ҳам ўрни катта. Эр келиннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши, бунинг учун ота-она билан муроса-ю мадора йўлини тутиши лозим. Аксинча, тўйдан сўнг келинни буткул онаси ёки опа-сингилларининг ҳукмига ҳавола қилиб қўйишлиги адолатдан эмас. Акс ҳолда, бундай вазиятда келин ўзини ёлғиз ва ҳимоясиз ҳис қилиб, оқибатда оиласига нисбатан меҳр қўйиб кета олмайди. Зеро, оилали бўлган эрнинг зиммасида аёлини нафақат едириб-ичириш, уй-жой ва кийим-кечак билан таъминлаш, балки унга шу оиланинг ҳақиқий аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиш, жумладан дам олиш, ибодат қилиш, болалари тарбияси билан шуғулланиш каби ишларга ҳам имконият яратиб бериш мажбурияти бор.

Муҳтарам жамоат! Албатта, келиннинг ҳам зиммасида оилада ўзига муносиб мажбуриятлари мавжуд. Аввало, янги хонадонга келишдан аввал барча зарурий таълимотларни олган бўлиши шарт. Айниқса, сабру қаноат, шукру итоат каби фазилатларни ўзида касб қилган бўлиши, янги оила аъзолари билан одоб-ахлоқ ва иззат-ҳурмат меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда муомалада бўлиш шулар жумласидандир. Айниқса, турмуш ўртоғига нисбатан ҳурмат ва эътибор энг олий даражада бўлиши талаб этилади. Зеро, буларнинг барчаси пировард натижада аёлнинг оилада бахту саодат топиши, қолаверса улкан ажру савобга эга бўлишига сабаб бўлади. Демак, келиннинг оиладаги асосий вазифаси эри яхши кўрган нарсани севиб, у ёқтирмайдиган нарсани қилмаслик билан эрининг розилигига эришиш, қолаверса қайнота ва қайноналарини ҳурматларини жойига қўйиш билан Аллоҳнинг розилигини топишдан иборатдир.  

Аллоҳ таоло барчамизнинг оилаларимизни тинч ва осойишта бўлмоғини насиб айлаб, Ўзи рози бўладиган амалларни бажармоғимизга муваффақ қилсин. Омин!

Вторник, 18 Июль 2017 00:00

Тожмаҳал таъмирланмоқда

Дунёнинг ноёб мўъжизаларидан бири деб эътироф этиладиган Тожмаҳалда кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Режага кўра, таъмирлаш ишлари келгуси йилнинг баҳор ойига қадар давом этади. Шунинг учун ҳам халқаро сайёҳлик фирмалари дунёнинг 7 мўъжизасидан бирини кўришни хоҳлаган сайёҳларга Ҳиндистонга ташрифни келаси йилга режалаштиришни маслаҳат беришмоқда. Ҳозир мақбара-масжиднинг асосий гумбази қурилиш ёғочлари билан қопланган бўлиб, уни бутунлай янгилаш кўзда тутилган.

Маълумки, Тожмаҳалнинг асосий гумбазига оқ мармар қопланган бўлиб, уни асл ҳолатини сақлаш учун турли кимёвий тозалаш воситаларидан фойдаланиш ўрнига махсус балчиқ-лойдан фойдаланилади. Яъни аввал қора балчиқ лой билан гумбаз қопланади, кейинроқ бу лой гумбаздаги чанг ва ғуборларни сўриб олгач гумбаз усти сув билан ювиб ташланади.

Тож Маҳал Бобурий ҳукмдорлардан Шоҳжаҳон томонидан Мумтоз Маҳалбегим хотирасига бағишлаб қурилган. Бундай ҳашаматли ва симметрик бинони 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида 20 мингдан ортиқ усталар 28 хил турли қимматбаҳо тошлардан фойдаланган ҳолда барпо этишган.

Ҳиндистоннинг рамзига айланган мазкур иншоот 1983 йилда ЮНEСКОнинг бутунжаҳон маданий ёдгорликлари рўйхатига киритилган ва у 2007 йилда дунё бўйлаб 100 миллион овоз йиғиб, дунёнинг янги етти мўъжизасидан бири дея тан олинган. Ҳозирги кунда бу маҳобатли ёдгорликни зиёрат қилиш мақсадида Агра шаҳрига ҳар йили 5 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради.

 

                                      Халқаро алоқалар бўлими

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top