muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 11 Июль 2017 00:00

14.07.2017 й. Тафриқа - кулфат

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا...

(سورة الحجرات/13)

яъни:  Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيه...

(سورة الشورى/13).

яъни: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

Муҳтарам биродарлар! Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.

Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Асли мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни ғайри маънога буриб одамларни чалғитмоқдалар. Жумладан, ўзларининг турли хилдаги жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан хаспўшламоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади:

ثَلَاثٌُ مَن فَعَلَهُنَّ فَقَد أَجرَمَ : "مَن اِعتَقَدَ لِوَاءً فيِ غيَرِ حَقِّ، أَو عَقَّ وَالِدَيهِ ، أَو مَشَى

مَعَ ظَالِم لِيَنصُرَهُ فَقَد أَجرَمَ ، يَقُولُ اللهُ سُبحَانَهُ :إِنَّا مِنَ الْمُجْرِمِينَ مُنْتَقِمُونَ .

яъни: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса. Аллоҳ таоло айтади: Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз. (Сажда сураси, 22-оят). Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в.:

فَقَالَ النَّبِيُّ : « لا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا »

(رَوَاهُ أَبُو دَاوُد).

яъни: “Мусулмон киши мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, - дедилар (Абу Довуд ривояти). Ривоят қилинишича, бир куни Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Динимизда ўз юртига қарши қурол кўтарган, мусулмонлар жамиятига қарши уруш эълон қилган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарган тоифани боғийлар (тажовузкорлар) деб номланади. Қуръони каримда уларга қарши курашишга амр қилинган:

وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِنْ بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا

 إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

سورة الحجرات/9

яъни: Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинг ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар. (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Дарҳақиқат, муҳтарам юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати ўлароқ аввалда ана ўшандай бузғунчи оқим ва тоифаларнинг таъсирига тушиб қолган, бугунги кунда адашганлигини тушуниб етиб чин дилдан  пушаймон бўлган фуқароларга нисбатан авф эълон қилинмоқда. Уларни жамиятда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаётга қайтишларига имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ, адашганлигини тан олмай, бузғунчи ғоя ва мафкурасидан воз кечмайдиган, экстремистик оқимларни қўллаб қувватлайдиган тоифаларга нисбатан юртбошимиз таъкидлаганларидек: “бир жаҳолатга қарши ўн маърифат” шиори остида кураш давом этаверади.  

Муҳтарам аҳли ислом! Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Авф ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади, у киши: “Одамларга илмдан фақат амир, ёки маъмур, ёки мутакаббир гапиради”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Яъни одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг, ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак бу унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.

Муҳтарам биродарлар! Қуйидаги ҳадиси шариф билан сўзимизга якун ясаймиз.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ لَمْ يَشْكُرِ الْقَلِيلَ،

 لَمْ يَشْكُرِ الْكَثِيرَ، وَمَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ، لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ، وَالتَّحَدُّثُ بِنِعْمَةِ اللَّهِ شُكْرٌ، وَتَرْكُهَا كُفْرٌ، وَالْجَمَاعَةُ رَحْمَةٌ، وَالْفُرْقَةُ عَذَابٌ (البيهقي في شعب الايمان).

яъни: Нуъмон ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: Ким озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ берган неъматни гапириш ҳам шукрдир, гапирмаслик куфрдир. Жамоат раҳмат, тафриқа эса, кулфатдир”.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни меҳр-оқибатда ҳаёт кечирмоғимизга муяссар айлаб, тафриқага берилишимиздан ўзи асрасин. Омин!  

15 июндан бошлаб 2017-2018 ўқув йили учун мазкур олий ўқув юртига абитурентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш бошланди. Белгиланган тартибга кўра, унга фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларини тамомлаганлар ҳужжат топшириши мумкин. Олий мадрасага ҳужжат қабул қилиш 15 июль куни соат 20:00 га қадар давом этади.

Абитурентлар қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:

2017 йил 23-24 июль

фиқҳ ва ақоид, араб тили (оғзаки ижодий)

2017 йил 25 июль

Ўзбекистон тарихи  (тест)

2017 йил 3 август

Мандат ҳайъати

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

- ректор номига ариза;

- маълумоти ҳақида ҳужжат: ўрта махсус ислом билим юртини битиргани ҳақидаги диплом (асл нусхаси);

- соғлиги ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл);

- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

- 6 дона фотосурат (3,5х4,5 ҳажмдаги);

- яшаш жойидан маълумотнома;

- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;

- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).

 

“Мир Араб” олий мадрасаси манзили: Бухоро вилояти, Когон тумани, Орифон қишлоғи, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси. 

Мурожаат учун телефон: +99893 658 55 15

Вторник, 11 Июль 2017 00:00

Тадқиқот хиёнатни фош қилди

Ажрашгандан сўнг дарров эрга тегиш мумкин эмаслигининг сабаби илмий жиҳатдан ўрганилди.

АҚШлик олимлар Қуръони каримдаги эридан ажрашган ёки эри ўлган аёлнинг тўрт ойу ўн кун идда сақлаши ҳақидаги оятнинг ҳикматини аниқлади.

2011 йилдан бошлаб олимлар Қуръони карим кўрсатмасига биноан шариат аҳкомига кўра эри ўлган ёки эридан ажралган аёл 4 ойу 10 кун ёки уч марта ҳайз кўргунига қадар турмушга чиқа олмаслигини, буни шариатда “идда” деб аталишини тадқиқ этдилар. 

АҚШнинг биологик тадқиқотлар лабораторияси директори ва Калифорния университетининг заҳарли моддаларга оид фанлар профессори, доктор Жамолиддин Иброҳимнинг таъкидлашича, “Аёлларнинг иммун тизимини тадқиқ этиш жараёнида уларда наслга оид хотирани сақлаб қоладиган махсус ҳужайра мавжуд экани аён бўлди. Аёл эри билан қовушганида аёлнинг организмига тушган сперматазоидларни унинг танасидаги тўқималар  насл сифатида сақлаб туради. Ана шу тўқималар репродуктив органларда фаоллигини сақлаб қолади”

Тадқиқотлар кўрсатишича, агар ана шу уч ой вақт ичида аёл бошқа турмуш қилса, бу аёлнинг иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатиб, унинг танасида саратон ўсмасини пайдо қилиши мумкин экан.  

Бу илмий тадқиқот кўп эрга тегадиган аёлларда учрайдиган кўкрак ва тухумдон саратонининг сабабини аниқлади.

Аёллар икки сабабга кўра идда ўтиради:

эри ўлгани сабабли идда сақлайди;

ажрашганидан сўнг идда сақлайди.

Бу борадага шариатимиз ҳукмлари Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам. Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари  ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур” (Талоқ сурасининг 4-ояти).

Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар...” (Бақара сурасининг 228-ояти)

Сизлардан вафот этиб, хотинларини қолдирган бўлсалар, (бева хотинлари) тўрт ойу ўн кун ўзларини кузатиб (идда сақлаб ўтирадилар)...” (Бақар сурасининг 234-ояти).

Келиб чиқиши яҳудий бўлган америкалик эмбриолог Роб Гиллҳам (Robert M. Gillham) айнан аёлларнинг иддаси ҳақидаги оятларнинг ҳақиқатига гувоҳ бўлганидан сўнг ислом динига кириб мусулмон бўлди.

Альберт Эйнштейн номидаги институт олимларини ажрашган аёлларнинг идда ўтириш муддати ҳақидаги шариат кўрсатмаси қизиқтириб қолди. Улар ушбу мавзу юзасидан тадқиқот олиб бориб аёлнинг танаси эркакнинг “тамға”сидан ана шу муддат ичида буткул халос бўлишини аниқлашди.

Миср миллий маркази қошидаги тиббиёт университети профессори, доктор Абдулбосит ас-Саид эмбриолог Гиллҳамнинг илмий ишини шарҳлар экан, “Жинсий яқинликдан сўнг аёлнинг танаси эркакнинг “тамға”сидан ҳар ойда 30 фоиздан халос бўлиб боради. Тўлиқ тозаланиши эса Қуръони каримда кўрсатилганидек, уч марта ҳайз кўриш давомида бўлади”, деди.

Ушбу тадқиқот Қуръони каримнинг нақадар буюк китоб эканини тасдиқловчи яна бир далил бўлди.

Эмбриолог тадқиқотини дастлаб мусулмонлар яшайдиган ҳудудда, кейин эса номусулмонлар яшайдиган ҳудудда олиб борди. Ушбу жараёнда Гиллҳам муслима аёллардан фарқли ўлароқ бошқа аёлларнинг ўз танасида бир вақтнинг ўзида бир неча эркакнинг турли хил хромосомаларини кўтариб юрганига гувоҳ бўлди.

Хусусан, у ўз хотинида турли эркаклардан ўтган уч хил хромосомани кўриб, хотинининг хиёнатидан воқиф бўлди. У уч нафар фарзандидан фақат биттаси унинг биологик жиҳатдан боласи экани ҳақидаги қарорга келди. “Муслималар – ер юзидаги энг пок аёллардир”, дея хулосасини баён этди эмбриолог. 

Аслида бу жаҳон эмбриологиясида биринчи учраган ҳодиса эмас. Ўз вақтида канадалик дунёга машҳур олим,  анатомия ва эмбриология соҳаси бўйича етакчи мутахассис, дунёнинг саккиз тилига таржима қилинган “Инсон эмбриологияси”  китоби муаллифи Кейт Мур: “Агар 20 йил олдин Қуръони каримни билганимда Нобель мукофотини олар эдим”, деган эди.

Эмбрионнинг ривожланишини ўрганган илмлари бир ярим минг йил бурун Қуръони каримда қанчалик аниқлик билан ёзилганига гувоҳ бўлди. Кашфиётлари натижасини Мур янги китобига жамлаб уни “Инсон эмбриологияси исломий қўшимчалар билан” деб атади. 

Фактларнинг кўрсатишича, кўплаб илм-фан намоёндалари ўзлари кўп йиллар давомида тадқиқ этиб ечимини топдим деган масалалар Қуръони каримда баён этилганини кўриб ҳайратга тушмоқда. Натижада шунга ўхшаш кашфиётлар ва ихтиролар қилган турли соҳа олимлари Қуръон каримни пухта ўрганишга киришган. Уларнинг аксари Қуръони карим оятларининг илмий тасдиғига гувоҳ бўлганларидан кейин ҳақиқий динга эътиқод қилмоқдалар.  

Интернет материаллари асосида Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

 

Бугун, 10 июль куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан, Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрига жўнаб кетди.

Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида икки диний идора ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириши режалаштирилган.

Шунингдек, сафар давомида вакилларимиз Озарбайжоннинг бир қатор давлат ташкилотларида ҳам бўлиб, у ерда учрашувлар ўтказиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжонга ташрифи 13 июль кунига қадар давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими 

Жобир ибн Ҳаййан (Jabir ibn Hayyan) – алкимёни кимёга айлантирган мусулмон олими. IX асрда у ҳозирги кунда замонавий илм-фанда қўлланилаётган жараёнларни ихтиро қилди. Улар: кристаллаш, эриш, қайта ишлаш,  буғланиш, шўрланиш, дистиллашдир. Ҳаййан  сульфат ва нитрат кислоталарини кашф этди ва дистиллаш аппаратини ихтиро қилди. Шу туфайли бутун дунёда хушбўй ичимликлар ва  муаттар атир-упалар пайдо бўлди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top