ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
muslim.uz
Кўнгилларни шодлантирган Рамазон
Маҳзун кўнгилларга бир дам бўлсада илиқлик бахшида этмоқлик, меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож кишиларга саҳоват кўрсатишлик қанчалар шарафли тадбир эканлигини яхши биламиз. Агар бундай амаллар савоблар 70 баробаргача кўпайтирилиб берилгувчи улуғ Рамазон ойи ва Ҳайит айёмларида бажарилса нур устига аъло нур бўлади. Ушбу муборак ойда Тошкент шаҳридаги масжидлар имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида шаҳримиздаги “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар, имконияти чекланган кишилар, шунингдек кам таъминланган, ёрдамга, меҳр-муруватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий эътибор кўрсатилмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, улуғ айёмда пойтахтимиздаги масжидлар томонидан жами 200 дан ортиқ ногиронлар аравачалари муҳтож кишиларга топширилди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Яхшиликда мусобақалашинглар” дея марҳамат қилган. Рамазон савобли амалларни қилиш учун мусобақа ойидир десак муболаға бўлмайди. Албатта бунда илоҳий кўрсатмалардан чиқмаслик талаб этилган. Имом Бухорий ривоят қилган, Салмон Форисий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи меҳр-мурувват улашиладиган (ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар оладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киришига сабаб бўладиган) мавсуми эканлигини” айтганлар. Бу динимзнинг одоби ва бугунги кунда муқаддас ислом динининг мусаффо фитратидир. Кўрсатилган меҳр-мурувватлардан мамнун бўлганлар, Рамазон ва Ҳайит айёмларини қутлуғ бўлишини сўраб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини, қолаверса, бу какби хайрли амалларга ҳиссалари қўшилган барча кишилар ҳаққига дуои хайрлар қилишди.
Рамазон хитойда
Пекин университети қошидаги Жэньминь тадқиқот марказининг маълум қилишича, Хитойда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони ортиб бормоқда. Хитойдаги жами мусулмонларнинг 22,4%ини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Шунингдек, тадқиқот марказининг кузатувига кўра, Рамазон рўзасини тутувчиларнинг сони ҳам тобора ортиб бормоқда.
Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 1,8 %ини ташкил этувчи 23,3 млнга яқин мусулмон истиқомат қилмоқда. “Pew Research Center” тадқиқот марказининг таҳлилларига кўра, 2030 йилга келиб Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони 30 млндан орттиши кутилмоқда.
Даврон НУРМУҲАММАД
Россия Федерациясида жума намозларида юртимиз имомлари маъруза қилдилар
Рамазон ойи давомида Россия Федерация шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб бериш учун юртимиздан жўнаб кетган қориларимиз хатми Қуръонларни зўр иштиёқ билан давом эттирмоқдалар.
Куни кеча вакилларимиз таровеҳ намозларини адо этиб бераётган масжидларда жума намозларини ўқиб бердилар. Қориларимиз жума маърузаларида Рамазон ойининг фазилатлари, Рамазон рўзаси ҳақида Қуръон ва ҳадисларда келтирилган оят ҳамда ҳадислар асосида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, маъруза давомида мусулмонларнинг турли бузғунчи оқимлар гирдобига тушиб қолмасликлари, бунинг учун амалга ошириш лозим бўлган ишлар ҳақида айтиб ўтдилар.
Жума намозларида фақат эркаклар йиғилишини инобатга олиб, жума намозидан сўнг аёллар учун алоҳида йиғилиш ўтказилиб, уларни ҳозирги глобаллашув ва таҳликавий даврда ёшлар ва аёлларни турли нотўғри ақидавий ҳуружлардан сақланишлари ҳақида гапириб ўтилди. Бунда уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашрларидан бўлган “ИШИД фитнаси” китоби яхши қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Ҳаж ва умра вазири Мадинаи мунавварага ташриф буюрди
Ҳаж ва умра вазири Доктор Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бинтин умра зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар савиясини янада оширишни назорат қилиш мақсадида Мадинаи Мунавварадаги “Масжидун Набавий” ҳудудидаги Ҳаж ва умра вазирлигига қарашли йўл-йўриқ кўрсатиш марказларига ташриф буюрди.
Вазир Бинтин Рамазон мувсумида умра зиёратчиларининг ибодатларини осон ва қулай бажаришларида кўрсатилаётган хизматлар савиясини янада ошириш ҳамда муборак Рамазон мавсумида “Масжидун Набавий”даги ҳудудий кузатув қўмиталари фаолиятини фаоллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс АҲМЕДОВ
тайёрлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.