muslim.uz
Умра-2017 Рамазон мавсуми бошланди
Бугун, 13 июнь куни Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти зиёратчиларидан иборат гуруҳлар жорий йил Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун махсус ташкил этилган чартер рейсларда Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Муборак сафар олдидан зиёратчиларимиз учун Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида ифторлик ва саҳарлик дастурхони ёзилди. Нуроний отахон ва онахонларимиз дастурхон атрофида дуога қўл очиб, аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб, қолаверса, бу каби шароитларни ташкил этилишига сабабчи бўлган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда шу каби эзгу ишларни давом эттираётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳақларига дуолар қилинди.
Зиёратчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимлари кузатиб қўйдилар.
Юртдошларимиз “Умра-2017” Рамазон мавсумида Мадина шаҳридаги “Мавадда Нур” меҳмонхонасида 3 кун бўлиб, бу муддатларда Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида зиёрату ибодатларда бўладилар.
Сўнгра, умра амалини адо этиш учун Макка шаҳрига бориб, у ерда беш юлдузли, барча қулай шароитларга эга бўлган “Аброж ал-Меридиан” меҳмонхонасида 7 кун давомида истиқомат қилишлари белгиланган.
Мазкур сафар давомида зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, қўли ширин ошпазлар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
“Умра-2017” Рамазон мавсумида жами 650 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Британия парламентида мусулмонлар сони ортмоқда
Британия парламентияга бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, 650 депутат мандатидан 15 тасини турли партиялардан номзодини илгари сурган мусулмонлар қўлга киритди, эътиборли жиҳати, уларнинг 8 нафари аёллардир, деб ёзади «Ал-Арабия».
2015 йилги сайловларда мусулмонлар атиги 8 ўринга бўлишган эди.
Расмий манбаларга кўра, британия аҳолиси бугунги кунда 63 миллиондан иборат. Шундан 3,5 миллиони, яъни мамлакат аҳолисининг 5,5 фоизи мусулмонлардир.
Осмоннинг ҳам дарвозаси бор
“Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар” (Ҳижр сурасининг 14-15-оятлари).
Араб Амирликларида яшовчи олим, профессор Аднан Шариф инсоният тарихидаги биринчи фазогир ҳақида мақола эълон қилди. Ҳижр сурасининг 14-15-оятларини келтириб олим ёзадики, 1961 йил мусулмон бўлмаган фазогир Юрий Гагарин фазога кўтарилганда иллюминатордан боқиб, Ер сайёрасини кўрганда ҳайратланиб бундай деган эди: “Мен нимани кўряпман? Мен туш кўряпманми ёки кўзларим боғланиб қолдими?” Маълум бўлишича, бу гаплар Парвозни бошқариш марказида ёзиб олинган экан. Бу ҳақда Ғарб оммавий ахборот воситаларида кўп ва хўб ёзган. Аммо собиқ шўро давлатида бу хабар кенг ёйилмаган...
Профессор Шариф Гагариннинг шу сўзлари ёзиб олинган боис айнан ўша сўзларни иқтибос қилиб келтиради. У Қуръони карим, фазо ва астронавтика билан шуғуллунадиган йирик олим.
Ана энди 1400 йил бурун нозил қилинган муқаддас Қуръони каримга эътибор қилинг. Ҳижр сурасида (Улар) унга (Қуръонга) имон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг йўллари (тажрибадан) ўтган эди (13-оят). Аниқликни кўряпсизми? 1961 ймл коммунистлар даври эди. Бу лойиҳа устида ишлаган кўплаб олимлар ва фазогирлар, гарчанд, инқилобдан олдин черков ва масжидлар, илоҳиётшунос олимлар бўлган эса-да, мусулмон эмас эди. Демак, 1400 йил бурун фазога ким кўтарилиши аниқ бўлган – Америка ёки Россия.
Оятнинг маъноси қуйидагича давом этади. “Борди-ю, уларга (атеист коммунистлар) осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, (улар): “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар”. Қуръони каримда келган иборани Гагарин русчада “Мен нимани кўряпман. Туш кўряпманми ёки кўзларим боғланиб қолдими”, дея ифода этмоқда.
Буюк Яратувчи бу ҳодиса қачон ва қаерда юз беришини тақдир қилган, Шу боисдан бунинг ҳаммаси Ўзига аён эди. Биз бу ҳақда сўз юритаётганимизнинг сабаби ана шу исбот-далил Исломнинг ҳақиқат дини эканини ва Қуръони карим – Раббимизнинг каломи эканини тасдиқлайди…
Ушбу воқеа икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони фазогир-учувчи Поповичга сўзлаб берилганида у бундай деган эди: “Ана шу тарихдан мени энг қизиқтиргани қайси, биласизми? Парвардигорнинг: “Уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсак...” деганидир. Бу каломнинг мени қизиқтириб қўйган жиҳати, олимлар ўша осмон дарвозасини топиш учун жуда ҳам кўп ҳисоб-китоб ишларини олиб борган”. Бир қарашда осмон очиққа, сиз истаган томонингиздан фазога кўтарилиб кетаверишингиз мумкинга ўхшайди. Аммо космик корабллар битта дарвозадан учиб чиқади ва битта дарвоздан қайтиб тушади. Лаҳзасига 11 км тезликда учадиган корабл бошқа жойга бориб урилиб ёниб кетмаслиги ёки тепадан нотўғри келгани оқибатида қайтариб фазовий бўшлиқ қаърига улоқтириб юборилмаслиги учун юзлаб ҳисоб-китоб ишлари олиб борилган. Тарихда ана шу ҳодисанинг иккиси ҳам юз берган.
Бундан ташқари, Ториқ сурасининг 11-оятида “Қасамёд этаман ёмғирли осмон билан” дейилади. Биз бугун, XXI асрга келибгина ушбу оятнинг мазмунини идрок этяпмиз. Уяли алоқалардан, эҳтимол, қанчадир сигнал кўтарилади ва қайтиб келади. Альфа-, бета-, гамма-нурланишлари билан ҳам худди шундай ҳодиса юз беради – улар бизнинг сайёрамизга тушмасдан фазога қайтиб кетади. Демак, осмон ўзига қайтариб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам дарвозага тўғри йўналмасдан қайтган космик корабл орқага қайтариб улоқтирилади ва ёниб кетади. Бундан муваффақиятли парвоз этиш ва эсон-омон қайтиб келиш учун ҳисобни аниқ олиш кераклиги аён бўлади.
Ана шу аниқлик Қуръони каримда аниқ ёзиб қўйилган! Агар бизни ҳар доим ҳайратга солиб келган фазога, юлдузларга, юлдузли осмонга оид оятларни ўқиб-ўрганиб, уларнинг маъноси ҳақида жиддий фикр юритилса, ўша ҳисобларни топса бўлади.
Ана шу ажойибу ғаройиботларга тўла оламни яратган Буюк Раббимизнинг донишмандлиги қошида ҳайратга тушамиз. Аллоҳ таоло ана шу мўъжизаларни Ўзининг ижоди – инсоннинг севинчи учун яратган.
Бутун олам биз учун яралган...
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади
Имону ихлосу дуода гап кўп
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари пойтахтимиздаги “Ислом ота” масжидига бориб хатмул Қуръонда иштирок этдилар.
Файзли масжид остонасида муфтий ҳазратларини масжиднинг имом-хатиби Абдуҳаким қори кутиб олди. Одатдагидек, саф тортиб ўтирган намозхонлар бу ажойиб ташрифдан беҳад мамнун бўлдилар.
– Муфтий ҳазратлари ҳар доим: “Ишларингиз яхшими, камчиликларингиз йўқми, намозхонларнинг кайфияти жойидами, маҳалла-кўй ободми?” деб куйинчаклик билан ҳолимиздан хабар олиб турадилар, – деди Абдуҳаким домла. – Азизлар, Рамазон ойининг 16 сидан 17 сига, душанбага ўтар кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим нозил бўла бошлаган. Муфтий ҳазратлари ана шундай қутлуғ кунда бизнинг ёнимизда бўлиш ниятида ташриф буюрдилар, қадамларига ҳасанотлар бўлсин, – дея дуо қилди.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расули акрамга дуруду саловатлар, ўтганларга саломлар йўллаганидан кейин муфтий ҳазратлари сўзларини бундай бошладилар:
– Муҳтарам биродарлар, буюк неъмат ичидамиз. Бу неъмат – тинчлик-хотиржамлик неъмати. Жаннатмонанд юртимиз тинч бўлгани туфайли республикамиз масжидларида Аллоҳнинг каломи ўқилаётир. Шу жумладан, “Ислом ота” масжидида ҳам ҳурматли қориларимиз Қуръони карим тажвидини, тартилини, оҳангини жойига қўйиб ўқиб бермоқда. Сизлар ҳам астойдил ихлос билан соме бўлиб турибсиз. Аллоҳ бунинг учун барчангизга ажру савоблар ато айласин.
Камина ходимингиз Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига бориб, ўша вилоятлардаги масжидларда ўқилаётган хатмул Қуръонларда қатнашиб қайтдим. Хатмларда одамлар имон, эътиқод, ихлос билан ўтирибди. Сиз ҳам ана шундай самимият ила ўтирибсиз. Сизни ҳам, уларни ҳам ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Ўзларингиз севинч билан, самимият билан келяпсиз. Ана шу самимият – динимизга муҳаббатингиз ифодаси бўлади.
Давлатимиз раҳбари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади.
Муҳтарам президентимизнинг тадқиқот марказида бораётган ишлар билан танишгани келганида маслаҳат тариқасида айтган мана бу гаплари хотирамга маҳкам ўрнашиб қолди: “Бу марказнинг биносини чиройли қилиб қурамиз. Бу иш қўлимиздан келади. Аслида ана шу – асосий ишимизнинг дебочаси бўлади. Бу ердан буюк олимлар етишиб чиқиши, улуғ муҳаддисларни шу ерда етиштиришимиз, дунёнинг турли мамлакатларидаги илм талабида бўлган ёшлар шу манзилга қараб интилиши керак. Имом Термизий маркази ҳам шундай. Қаршидаги Насафий марказида ақида илми билан шуғулланадиган олимлар етиштирамиз. Ахир ақида динда тойилишнинг олдини оладиган муҳим йўналиш эмасми?..”
Насиб этса, пайшанба куни хайрли ишларни режалаштирганмиз. Сиз эса ўша куни хатмул Қуръонни якунлайсиз. Агар ишларимиз режадагидек борса, ўша куни биз ҳам ҳурматли қориларимиз билан сизнинг ёнингизга келамиз, биргалашиб юртимизнинг тинчлигини бардавом қилишини, элимизнинг фаровонлигини зиёда этишини, юртбошимизнинг ва юртдошларимизнинг бошини омон қилишини сўраб дуолар қиламиз.
Муфтий ҳазратларининг маърузасидан сўнг хатмул Қуръон ўзгача бир жўшқинлик ила давом этди. Қориларнинг илҳоми жўшиб хатмни янада ширалироқ овозда, янада баландроқ пардада ўқидилар. Намозхонларнинг юз-кўзларида эса ана шундай фараҳбахш кунлар шукронаси барқ уриб турар эди. Айниқса, муфтий ҳазратларининг дуонинг фазилати ҳақидаги сўзлари уларни тўлқинлантириб юборди ва ҳар бири имону ихлос билан ҳазратдан дуо олиб қолишга шошилдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Хайрли ишларга шошилинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжид имом-хатиблари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига, иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар Бектемир тумани “Алибек” жоме масжиди жамоаси томонидан ҳам Рамазон ойи муносабати билан тумандаги кам таъминланган оилаларга ва имконияти чекланганларга хайр-эҳсон қилинди.
Шунингдек Бектемир тумани бош имом-хатиби Искандар Халилов томонидан Рамазон ойи муносабати билан ҳомийларни жалб этган ҳолда имконияти чекланганларга ногиронлик аравачаси ҳадя қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.