muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойи ибодат ойи, Қуръон ойи бўлиш билан бир қаторда мутасаддилар учун масъулият ойи ҳамдир. Масжидларда намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, таровеҳ намози ва Хатми Қуръонларнинг тинч-осуда ўтишини таъминлаш мақсадида вилоят вакиллиги, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда масжид имом-хатиблари барча керакли ишлар, зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, 

27 май Рамазон ойининг илк кунида Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов, вилоят бош имом хатиби ўринбосари Ёқубжон Мансуров биргаликда Самарқанд шаҳридаги  "Домла Камолиддин", “Абдуллоҳ ибн Аббос”, “Хўжа Исҳоқи Валий” масжидига ташриф буюрди. 

"Домла Камолиддин" масжидида Пешин намозини, “Абдуллоҳ ибн Аббос” масжидида Аср намозини адо этиб берган вилоят бош имоми З.Эшонқулов ибодат ниҳоялангач йиғилганларга Рамазон ойининг фазилатлари, шукроналик ҳисси билан яшаш, бу ойдан унумли фойдаланиб қолиш борасида оят ва ҳадислар асосида қисқача маъруза қилиб берди. Маъруза якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг салом ва табриклари жамоатга етказилди. 

 Шундан сўнг масжид имом хатибларига масжид ҳовлиси ва таҳоратхонасини тоза - озода тутиш, таровеҳ намозини адо этишда намозхонларга қулайликлар яратиб бериш, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш тўғрисида бирқанча кўрсатмалар бериб ўтилди. 

“Хўжа Исҳоқи Валий” масжидида Рамазон ойи учун кўрилган тайёргарликларни кўздан кечириш билан бир қаторда масжид шарқидан янгидан бунёд этилаётган хонақодаги қурилиш жараёни билан танишилди. Янги масжид биносида ишлар ниҳояланиш арафасига келиб қолган бўлиб, имом-хатиб ва меъморлар Рамазон ҳайитига намозхонларга туҳфа тариқасида масжидни фойдаланишга топширишни режалаштираётганларини маълум қилдилар.    

Вилоят вакиллиги раҳбарияти томонидан муборак ой давомида кўплаб масжидларга ташриф буюриш режалаштирилган бўлиб, бундан масжидлардаги шароитлар билан яқиндан танишиш, муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш, Рамазон ойининг тинч-осуда ўтишига эришиш кўзда тутилган. 

Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Абду Дарун” жоме масжидида ўтказилаётган Хатми Қуръондан фотолавҳалар

 

Усмонхон Муҳаммадиев,

ЎМИ Самарқанд вилояти

вакиллиги мутахассиси

Воскресенье, 28 Май 2017 00:00

“Суннатларнинг онаси”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларнинг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  тўғриларига ўтирди.  Икки тиззасини У зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга Ислом  ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; “Ислом Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур  Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни  тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”. “Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.

“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди. “Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар. “Тўғри айтдинг”, деди.

У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди. “Эҳсон Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.

“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди. “Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар.  “Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди.  “Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар. 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим.  Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим. “Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Дақийқ ал-Ийд айтади: “Бу ҳадис жуда  муҳим ҳадис бўлиб, у барча зоҳирий ва ботиний амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки, бу ҳадис барча суннат илмларини  жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.

“Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро, бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зарр, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар ривоят қилганлар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар;

Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро, Жаброил алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.

Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни, Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса, шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардор эканини ҳис қилиб туришидир.

Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақатгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ғайбий ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.

Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек, бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим  одамга савол бериши керак. Чунки унинг  саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг  моҳиятини билиб оладилар.

Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.

Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек, бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро, бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.

Жалолиддин  Ҳамроқулов

"Новза" жоме  масжиди имом-хатиби,

ТИИ ”Таҳфизул Қуръон” кафедра мудири

Воскресенье, 28 Май 2017 00:00

Гуллар шаҳрида улуғ ой таровати

Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилди. 

Бугунги кунда она юртимиз, Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганини, диёримизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз авваламбор Яратганимизнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда

Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 19 май куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.

Ушбу қарор ҳар бир фуқаро қалбини тоғдек кўтарди. Ундаги белгиланган мақсад ва вазифаларни тўла бажариш қай бир соҳада бўлишидан қатъий назар, ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоқда.

Хақиқатда муборак Рамазон ойининг кириб келиши иншааллоҳ юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этади деб умид қиламиз. Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қуръон хатмиларига қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз. Зеро, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”- деганлар.

Агар мулохаза қилсангиз мустақилликдан олдин улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Ваҳоланки ҳозирда юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.

Диний қадриятларимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз бизларга лозим бўлади. Неъматларга шукр этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амалларни бажариш ҳам муқаддас ойнинг талабларидандир.

Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш ҳам ушбу қутлуғ ойнинг фазилатидандир.

Одатда мўмин киши нима иш қилса, Аллоҳ таолонинг розилигини топишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ҳам Унинг розилигига эришиш ҳамда берилган неъматни зиёда бўлишига сабаб бўлувчи омилдир.

Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари беғуборлик билан жаранглайди. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.    

 

А.ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Муборак Рамазоннинг биринчи кунги рўзасини тутдик. Бугунги об-ҳаво кечагидан иссиқроқ бўлган эса-да, очликни ва чанқоқни унчалик сезмадик. Чунки ниятимизга қараб Аллоҳ таоло куч-қувват ва сабр-бардош бериб қўйган. Мана, ёруғ юз билан, хурсандчилик билан ифторлик қилиб иккинчи таровеҳни ўқиш учун масжидга ошиқяпмиз.

“Маҳкамбой ҳожи ота” масжиди ҳам намозхонлар билан тўлди.  Хуфтоннинг вақти яқинлашиб қолди ҳамки, одамлар оқими келишда давом этмоқда. Хатм ул-Қуръон бошлагани заҳоти масжид ва унинг атрофини раҳмат фаришталари ўраб олади, Аллоҳнинг раҳмати ёғилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шу ҳолат қуйидагича баён этилган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар олдида уларни зикр қилади», дедилар»

(Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Масжид имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла жамоага таровеҳнинг ана шундай фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берганидан сўнг қорилар Хатмни бошлашди.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top