muslim.uz
Рамазон – тақво ойи
Аллоҳ таоло бандаларига буюрган ва уларни қайтарган амалларда инсонларнинг дунё ва охиратдаги саодатли ҳаётлари кафолатланган. Ана шундай ибодатлардан бири Рамазон ойида рўза тутиш ҳисобланади. Рўза тутиш орқали инсон гуноҳларига тавба қилади ва ибодат қилиш баробарида жамиятга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Рўзанинг бир қанча фойдалари бор. Жумладан:
- Рўза тутиш тақвога васила ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдан умид қилиб ва рўза тутмаса азобга қолишдан қўрқиб кундуз кунлари ҳалол бўлган амаллардан ҳам тийилади. Ҳалолдан тийилган кишининг ҳаромдан сақланиши эса турган гап. Демак, рўза Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, деб марҳамат қилади. “...тақволи бўлсангиз”, ибораси рўза тутиш ҳикматини баён қилиш учун келтирилган сабаб жумла ҳисобланади. Инсон рўза тутиш орқали гуноҳлардан сақланади. Шаҳватини синдиради ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Рўза тақвога сабаб бўладиган энг катта омил ҳисобланади.
- Рўза тутиш орқали шайтонни бўйсиндирилади. Шайтон залолат, иғво ва шаҳватларга чорлайди. Инсон ейиш ва ичишни камайтириш билан шаҳватлардан тийилади. Сафийя розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривоятларида: “Шайтон инсоннинг қон томирида юради. Очлик билан унинг йўлларини торайтиринглар”, дейилган.
- Рўза инсон табиатини бўйсундиради ва шаҳватини синдиради. Инсоннинг қорни тўқ бўлганида турли хил гуноҳларни хоҳлайди. Қорни оч бўлганда эса нафсу ҳавоси хоҳлаган нарсалардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қодир бўлса уйлансин. Зеро у кўзни тўсувчироқ ва фаржни сақловчироқ. Ким унга қодир бўлмаса рўза тутсин. Чунки рўза унинг учун бичилишдир”, дедилар.
- Рўза тутиш инсонни камбағалларга меҳрибон ва раҳмли бўлишга ундайди. Чунки рўза тутган инсон бир кунгина очлик нималигини ҳис қилса доим қорни оч юрадиганлар ҳақида ўйлайдиган бўлади. Қалби юмшайди, фақир-мискинларга эҳсон қилади ва уларга раҳмли бўлади. Бу билан Аллоҳ таоло тарафидан ҳам юксак ажр-мукофотларга эришади.
- Рўза тутиш орқали инсон ўзига берилган неъматга шукр қилишни ўрганади. Рўза тутиш сабабли энг катта неъматлар ҳисобланадиган ейиш ва ичишдан тийилиш юзага келади. Неъматлардан маълум муддат тийилиш уларнинг қадрини билишга сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, бандалар бу амални адо қилиш орқали тақво ва Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига етади. Натижада Аллоҳ улардан рози бўлган ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлган инсонлар жумласидан бўладилар. Рўза ўз эгасини энг юқори даражаларга кўтаради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида: “Рўза сақлагувчи”, деганлар. Рўза гуноҳлардан сақлайди, охират азобидан сақлайди, еб-ичишда чегарадан чиқиш оқибатида келиб чиқадиган турли касалликлардан сақлайди.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ойбек ҲОШИМОВ тайёрлади
“Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”
Муборак рамазон ойининг қутлуғ кунларида хайрия тадбирлари ўтказиш, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли фаолият кўрсатиш барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимиздир. Зеро, рамазон ойи рўза тутиш билан бир қаторда бағрикенглик, бирдамлик, тинчлик-осойишталикка сабаб бўлувчи меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда қилинадиган меҳр-мурувватга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чорлаб: “Эҳсонларнинг афзали рамазон ойида қилинганидир”, деб марҳамат этганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадиси муборакда рамазон ойида қилинган хайр-саховатлар бошқа ойларда қилинган хайр-саховатлардан афзаллигини билдириб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг сахийси эдилар. Айниқса, муборак рамазон ойида, Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”, деганлар.
Ривоятларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ойини “сабр ойи” деб номлаган бўлсалар бошқа бир ривоятда рамазони шариф инсоннинг ирода ва сабрининг ярми эканини таъкидлаб: “Рўза сабрнинг ярмидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатлари ҳар бир инсоннинг қалбидан жой олиши таҳсинга лойиқ. Шу маънода, қалблари таскинга муҳтож, эҳтиёжи чекланганларга эътибор қаратишдан кўра аъло фазилат бўлмаса керак.
Айнан шу неъматларга ҳамоҳанг вилоятимиздаги барча масжидларда таровеҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан тингламоқдалар. Қайси бир масжидга назар солсангиз муборак рамазон ойи шукуҳи давом этмоқда. Ана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва осойишталик неъматидир. Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик ила адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари жаранглайди.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир ўринбосари
Азҳар университети
Азҳар дунёдаги энг қадимий университетлардан бўлиб, Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида жойлашган. Азҳар университетига 988 йилда Фотимийлар томонидан асос солинган ва у бевосита Азҳар масжиди билан боғлиқдир.
Азҳар масжиди Фотимийларнинг расмий масжиди бўлиб, 975 йилдан бошлаб унда шиа йўналишида маърузалар ўқилган. 988 йилга келиб, вазир Яқуб ибн Калас ташаббуси билан у ерда ўқув ишларига асос солиниб, устоз ва талабалар жалб қилинган.
Қоҳира, Осиё ва Африканинг туташган ерида жойлашгани боис, Азҳарга ўқиш учун хориждан кўплаб талабалар келишган. Бошланғич таълим тўғридан тўғри масжид ҳовлисида бўлган. Кейинчалик эса хориждан талабалар кўпайгач, улар учун алоҳида ётоқхоналар қурила бошлаган.
Ўқитиш учун жалб қилинган устозлар ва иқтидорли талабаларга маош ва стипендиялар жорий қилинган.Унда шиалар билан бир қаторда суннийлар ҳам таълим олганлар.
1171 йилга келиб Салоҳиддин даврида Қоҳирада Фотимийлар ҳукумати ағдарилгач, Азҳар олдинги нуфузини йўқотди ва шофеъий мазҳабига асосланган маориф марказига айлантирилди. Азҳарнинг бой кутубхонасидаги китобларнинг кўпи сотиб юборилган ёки йўқотилган. Маълумотларга кўра у адабиётларнинг адади 120 мингдан 2 млн.гача бўлган.
Бошқа томондан эса Салоҳиддин Азҳарга таълим беришлик учун тиббиёт фанлари олими Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий ва яхудий фалсафачиси Маймонид кабиларни тиббиёт ва астрономия бўйича жалб қилгани айтилади.Бу эса ўз даврида Азҳарда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор берилганлигига далолат қилади.
XIII асрга келиб, Азҳарда суннийликнинг тўрт мазҳаб вакиллари, шиалар ва суфийлар бирга таълим олардилар.XIV-XV асрларда Азҳар яқинида унга боғлиқ бўлган бир неча мадрасалар бино қилинган.
1517 йил Қоҳира, Усмонлилар таркибига киргач, ҳукумат Азҳарга ёрдамни тўхтатиб қўйган. Пировардида таълим соҳасида пасайиш юзага келиб, баъзи мадрасалар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.Шунга қарамасдан Азҳар, Яқин Шарқдаги шаръий билимлар ва араб тили филологияси бўйича асосий таянч бўлиб қолаверган.
У нафақат Миср, балки Африка давлатларидан ҳам талабалар таҳсил оладиган мусулмон оламининг илм маркази эди.XVIII асрга келиб эса Азҳар асосан суннийлик маориф марказига айланган.
XIX асрнинг охирги чорагида, Азҳар ўқув тизимида замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ишлари амалга оширилиб, Азҳар университет мақомига эришган. 1955 йилда Покистонлик ёзувчи ва журналист аёл Заиб Нисса Ҳамидуллоҳ, Азҳар университетига таклиф қилинган биринчи аёл бўлди.
Орадан олти йил ўтиб, Азҳар университетида аёллар алоҳида таълим олишлари учун бўлим очилди. Бу бўлимдаги талабалар ҳам, устозлар ҳам фақат аёллар бўлиб, улар учун алоҳида ётоқхона ва шарт шароитлар муҳайё қилинган. Бу ётоқхоналарга эркаклар ва бегоналарнинг кириши таъқиқланган. Бу анъана ҳозиргача сақланиб келмоқда.
Шу ўринда ўғил болалар ётоқхонаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсак. Бу ётоқхона тўрт қаватдан олти қаватгача бўлган бинолар мажмуасидан иборат шаҳарча бўлиб, ҳар уч талаба учун бир хона ажратилган. Хоналар ёруғ ва шинам. Ундаги ҳар бир талаба учун алоҳида крават, стол-стул ва шкафлар мавжуд.
Ҳар бир қаватда таҳоратхона, ҳаммом ва овқат пишириш хоналари мавжуд. Фаррошлар доимо тозалик ишларига қараб турадилар. Ётоқхона ҳовлисида эса манзарали дарахт ва гуллар боғбонлар назорати остида парвариш қилинади.
Бир нечта спорт заллари, шифохона, китоблар дўкони, кир ювиш ва дазмоллаш хонаси, сартарошхона, озиқ-овқат дуконлари мунтазам ишлаб туради. Ётоқхонада талабалар учун уч маҳал бепул овқат бериш йўлга қўйилган. Бундан ташқари ётоқхона маъмурияти томонидан ҳафтанинг дам олиш кунларида Мисрнинг диққатга сазовор обидаларини тамоша қилиш учун саёҳатлар уюштирилади.
Тур тоғи, Фиръавн ҳаммоми, эҳромлар, Искандария ва денгиз соҳили каби жойларга бориш талабаларга янада кўтаринкилик бағишлайди. Жума кунлари Азҳар шайхининг шахсан ўзи келиб ётоқхона масжидида маъруза қилиб, талабалар билан учрашувлар ўтказади.
Ётоқхонага аёллар ва бегона кишилар умуман киритилмайди. Мабода талабанинг ота онаси ёки танишлари сўраб келсалар, эшик олдидаги меҳмонлар учун ажратилган хонада улар билан учрашув уюштирилади ва уларни ётоқхонага киритилмасдан ортга қайтарилади.
Эшик олдида ётоқхона талабаларининг хавфсизлиги учун махсус қоровуллар 24 соат мобайнида сергак туришади. Хуллас, талаба илм олиши ва ўзини эркин ҳис қилиши учун керакли барча нарса муҳайё қилинган.
1932 йилдан бошлаб ўқиш асосан уч йўналишда олиб борилди, улар: “араб тили, илоҳиёт (теология) ва шариъат” факультетларидир.
Бу факультетлар Азҳар масжиди яқинида жойлаштирилган. Бундан ташқари у ерда болалар учун бошланғич таълим мактаби ҳам бўлган. 1961 йили “Азҳарни ривожлантириш қонунлари”га кўра унга тиббиёт, қишлоқ хўжалига ва яна бошқа факультетлар ҳам қўшилган. Шундан сўнг уларнинг сони тўққизтага етди. Улар:
- Усул факультети;
- Шариъат факультети;
- Адабиёт факультети;
- Маъмурий бошқарма ва савдо факультети;
- Политехника факультети;
- Қишлоқхўжлиги факультети;
- Тиббиёт факультети;
- Педагогикка факультети;
- Аёллар факультетларидир.
Азҳар университетида 20 мингдан зиёд ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд. Улардан Ислом академиялари, тадқиқот марказлари, Ислом институтлари ва таълим муассасалари фойдаланишади. Азҳар университети ўз нашриётига эга. Ундан талабалар учун ўқув қўлланмалари, китоблар ва журналлар нашр этилади.
Аёллар бўлимида бешта факультет бўлиб, улар:
- Араб тили факультети;
- Ислом маданияти факультети;
- Тиббиёт факультети;
- Ижтимои фанлар факультети;
- Политехника ва савдо факультетларидир.
Бу факультетлардаги барча устозлар фақатгина аёллардан иборат.
Ҳозирга келиб Азҳар университетида етмиш еттита факультет мавжуд. Бундан ташқари Азҳар университетида инглиз тилида юз баллик таълим ҳам жорий қилинган. Азҳар университетининг дипломи халқаро диплом саналиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тан олинади.
Азҳар университетида таълим олиш мисрлик ва давлат томонидан расмий равишда борган талабалар учун бепул. Бунга қўшимча биз юқорида айтиб ўтган ётоқхона, бепул ўқув китоблари ва степендия билан ҳам таъминланади.
Азҳар университетига таълим олишни истаган хорижлик талабалар, кириш учун керакли ҳужжатларни тўлдиргач, улардан Қуръони карим ва араб тилидан имтиҳон олинади.Олган натижаларига қараб, уларни махсус курсларга жойлаштирилади.
Азҳар университети бугунлик кунда Ислом ва араб дунёсидаги энг катта таълим даргоҳи бўлиб, у Миср Араб Республикасининг ўзига хос брендига айланган.
Азҳар университетида ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан таълим олишлик учун талабалар келишади.
Бугунлик кунда кўзга кўринган кўплаб Ислом олимлари ва давлат арбоблари Азҳар университети талабаси бўлишган. Жумладан: Ибн Ҳайсам—физика олими. Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий—тиббиёт олими. Умар ибн Фарид—сўфий ва шоир. Ибн Халдун—фақиҳ ва тарихчи. Муҳаммад Абдо—Ислом ислоҳотчиси ва жамоат арбоби.
Муҳаммад Айяд Тантовий(1810-1861)—араб филологи. Муҳаммад Абу Заҳро (1898-1974)—илоҳиётчи ва ёзувчи. Муҳаммад Асад(1900-1992)—илоҳиётчи, сиёсий арбоб ва дипломат. Али Жумъа—Миср Араб Республикаси муфтийси. Юсуф Қарзовий—Фатво ва илмий баҳслар бўйича оврупа мажлиси раиси. Рамазон Бутий—доктор, мутафаккир олим. Саййид Муҳаммад Тантовий— доктор, устоз, Азҳар (собиқ) шайхи. Аҳмад Тоййиб— доктор, устоз,(ҳозирги) Азҳар шайхи. Ваҳба Зуҳайлий—муфассир ва тўрт мазҳаб фиқҳи бўйича етук мутахассис олимларнинг номларини келтириб ўтишимиз мумкин.
Имом Бухорий халқаро маркази Манбашунослик бўлим бошлиғи
Олимхон Исахон ўғли Юсупов.
Шарофатли умматлар
Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Рамазонинг учинчи куни салқингина бўлиб, майингина шабада эсиб турди. Насиб этса, бугун тўртинчи таровеҳни ўқиймиз.
Тасвирга олиш аппаратларимиз “Мунаввар қори” жоме масжидига йўналтирилган. Файзли масжид секин-аста одамлар билан гавжумлашмоқда.
Ана имом-хатиб ҳам келиб жамоага юзланиб ўтирди. У киши қориларнинг баланд мақоми ҳамда Хатмга сомеъ бўлганларнинг юксак даражалари ҳақида сўз юритаркан, жумладан, Имом Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қориларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қилганларидан хабар бериб: “Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар”, деганларини келтириб ўтдилар.
Қадрли ойдаги қутлуғ ташриф
Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда, ўзгача тароват ила давом этмоқда. Юртдошларимиз гўзал ва шинам масжидларда эмин-эркин, тинчлик-хотиржамликда ибодатларни амалга оширмоқдалар. Ҳар бир намозхон қалбида розилик, шундайин диёрни насиб этган, уни офияту ноз-неъматлар билан ўраган Аллоҳ таолога шукроналик жўш уруб турубди.
Шундайин муборак дамларда самарқандликлар яна бир хурсандчилик, яна бир фарахбахш дамларга мушарраф бўлишди. 28 май Рамазон ойининг 2- куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Самарқандга ташриф буюрди.
Ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми қўним топган Имом Бухорий мажмуасига келган меҳмон, бу даргоҳга сўнги пайтларда амалга оширилган бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан яқиндан танишди.
Таровеҳ намозини айнан “Имом Бухорий” жоме масжидида адо этган И.Иномов у ерда бўлаётган хатми Қуръон ва намозхонлар кайфияти билан танишиб, йиғилганларга муфтий ҳазратларининг саломларини етказди ҳамда тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш каби долзарб мавзуларда сўз юритди.
Қадрли меҳмон маъруза давомида Рамазон ойи фазилати, бу ойнинг Қуръон ойи дейилишининг сабаби, унда қилиниши, эътибор қаратилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Самарқанд вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.