muslim.uz
Азиз ва мукаррам инсон
Барча инсонлар Аллоҳ таолонинг наздида бир хил мақомда бўлиб, фақатгина уларнинг азиз ва мукаррамлиги тақвоси биландир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир», (Ҳужурот, 13).
Ҳатто, динимизда мусулмон бўлсин ёки бўлмасин ҳар қандай инсон одамийлик жиҳатидан юқори қадрланади. Бу борада Абдураҳмон ибн Абу Лайло (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Саҳл ибн Ҳаниф ва Қайс ибн Саъд Қудисияда ўтирганларида олдиларидан тобутни олиб ўтдилар, икковлари ҳам ўринларидан турдилар, шунда бу мусулмоннинг тобути эмас-ку, нега турдингиз? деб сўралганда, икковлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларидан тобут олиб ўтилганда ўрниларидан турдилар, Расулуллоҳдан бу яҳудийнинг тобути, яҳудий бўлса ҳам турамизми? деб сўралганда, Расулуллоҳ “У инсон эмасми”? дедилар, деб жавоб бердилар.
Ислом дини келганида инсоннинг улуғлигини бадном қиладиган қуллик тузуми ҳукм сурарди. Ислом дини инсонийликка хилоф бўлган, адолатсизликка асосланган қуллик тузумини тадрижий йўл билан муолажа қилди.
Аввало, пул тўлаб озод этилувчи қулларга молларнинг закотларидан насиба борлигини баён қилди: Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”, (Тавба, 60).
Иккинчидан, қасамнинг каффоратига қул озод қилишга буюрди: Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир”, (Моида, 89).
Учинчидан, қул эгаси қулини урса унинг каффоратига уни озод қилишга буюрди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким қулини муштласа ёки урса унинг каффорати уни озод қилиш”, деганларини эшитганман деди” (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қулимни ургандим, орқамдан “Эй, Абу Масъуд албатта Аллоҳ сен уни жазолашга қодир бўлганингдан сени жазолашга қодирроқдир”, деган овозни эшитиб, бурилиб қарасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эканлар. “Ё, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ учун уни озод қилдим”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар шундай қилмаганингда албатта дўзах сени ушларди”, дедилар (Муслим ривояти).
Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисда қул озод қилиш, ғазабни ичга ютиш, кечиримли бўлиш ҳамда банда бандага ҳукм қилганидек Аллоҳ ҳам унга шундай ҳукм чиқаришига танбеҳ ва насиҳат бор”, деган.
Усмонали ОРАЛОВ
Жиззах тумани “Яккақайрағоч”
жоме масжиди имом хатиби
Шифо истаб кимга мурожаат қилай
Халқимизда даво учун ёки кўз тегмаслик учун Қурьон оятларидан дам солиш одати мавжуд. Бинобарин, Қурьони карим шифо бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло: «(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз» (Исро,82) деб мархамат этган. Қурьондаги хар бир оят ҳиссий ва маьнавий, зоҳирий ва ботиний касалликларга шифодир.
Инсондаги руҳий таьсирнинг яхши ва ёмон жиҳатнинг ғолиблигига қараб кўз тегиши, атрофдагиларга ёмон таъсир этиши мумкин. Зеро, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўз тегиши ҳақиқатдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўз тегишига қарши “Фалақ” ва “Нос” сураларини ўқиб паноҳланганлар. Шунингдек, ким бирон нарсани кўриб, кўзи қувнаса, “Машааллоҳ, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дейиши мустаҳаб амалдир.
Афсуски, кўз тегишидан паноҳланишнинг одамлар қўллаётган тумор, кўзмунчоқ, қалампир, тақа, исириқ кабиларни тақиш ёки осиб қўйиш каби усуллари тобора авж олиб, кўпайиб бормоқда. Бундай қилиш Аллоҳдан ўзга нарсадан паноҳ сўраш бўлгани учун шариатимизда ҳаром ва ширк саналади.
Бир куни бир одам олдимга дам солиб қўйишимни, илтимос қилиб келди. Ранглари сўлик, кўзларидан нур қочган эди. Келиб ўтириб олгандан сўнг дардини айта бошлади. Ишлари юришмай қолганини, соғлиғининг мазаси йўқ эканлигини айтди. Бир фолчининг олдига борганини, у аёл эса унга илму-амал қилингани, олди олинмаса, тез орада вафот этишини “башорат” килганмиш. Илму-амални қўшниси қилганини ҳам айтиб ўтган. Ўзим сизни даволайман, ўқиб қайтариқ қиламан деб, у бечорадан катта миқдорда пулини олган. Фолчи дам солиб берган нарсаларни қўшнисининг дарвозаси тагига сепган. Буни қўшниси кўриб, ўртада адоват пайдо бўлган. Натижада эса, ҳолат янада ёмонлашган. Бормаган муллам, фолчим қолмади, деб сўзини давом эттирди.
Мен унга муқаддас динимиз кўрсатмаларини айтиб бердим. Унинг қилган ишлари гуноҳ эканлиги, бу шариатимизга кўра қаттиқ тақиқланган амал эканини айтдим. Дарров тавба килиши кераклигини, шунда ҳаммаси ўз изнига қайтишини тушунтирдим.
Гапларимни қабул қилди ва тавба қилишни, бундан буён беш вақт намозни канда қилмаслигини айтди. Орадан бир канча вақт ўтиб, у билан кўчада учрашиб қолдик. Юзлари тўлишган, ранглари тоза бўлиб, хурсанд ҳолда эди. Саломлашганимиздан сўнг, менга ўз ташаккурини изҳор этди. Ишлари юришиб, соғлиғи ҳам яхшиланганини айтганда қалбимда илиқлик пайдо бўлди. Зеро, бир адашиб, йўлини топа олмаётган одамга ёрдам берганимдан Аллоҳга шукроналар айтдим. Афсус, бу одамга ўхшаб адашиб, йўлини топа олмаётган, дардини илмли кишиларга эмас, аксинча, илмсиз, жохил кимсаларга дуч келиб, сарсон-саргардон бўлиб юрганлар канча. Шифо Аллоҳдандир. Нима иш қилаётганимизни бир ўйлаб, кимларга мурожаат қилиш кераклигини ҳам мушоҳада қилиб кўрайлик.
Бахтиёрхон УМАРАЛИЕВ
Зарбдор тумани “Қусом ибн Аббос”
жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ ибн Салом
“Кимни жаннат аҳлидан бўлган бир кишига қараш хурсанд қилса, Абдуллоҳ ибн Саломга қарасин”.
Ҳусайн ибн Салом Ясриб яҳудийларининг олимларидан эди. Мадина аҳли дини ва миллати бошқалигига қарамай, уни улуғлаб ҳурмат қилар эди. У тақводорлиги ва инсонлар орасини ислоҳ этиши билан танилган, тўғрилик ва ростгўйлик билан сифатланган эди.
Ҳусайн осуда умр ўтказар, ҳаёти мазмунли ва фойдали эди. У ўз вақтини уч қисмга тақсимлаган эди:
канисада ваъз ўқир ва ибодат қилар;
боғидаги хурмо дарахтларини парвариш қилар;
Таврот ўқир эди.
Ҳар сафар Тавротни ўқиганда Маккада зоҳир бўладиган сўнгги пайғамбар башорати берилган хабарни узоқ мушоҳада этиб қолар эди.
Келиши яқин бўлган бу пайғамбарнинг сифатлари ва аломатларини пухта ўрганар ва севинчдан қаттиқ таъсирланар эди. Чунки Тавротда ёзилган башоратларга қараганда, янги пайғамбар ўз шаҳридан кўчиб Ясрибга ҳижрат қиларди.
Ҳар қачон бу хабарларни ўқиганда ёки хаёлидан ўтказганда, пайғамбарнинг чиқишига гувоҳ бўлгунгача умрини узайтиришини ва у билан учрашиб бахтли бўлишини, унга имон келтирганларнинг аввалгиси бўлишини Аллоҳдан сўрар эди.
Аллоҳ таоло Ҳусайн ибн Саломнинг дуосини қабул қилди. Ҳидоят ва раҳмат пайғамбари юборилгунга қадар умрини узун қилди. Пайғамбар билан учрашиш, суҳбатлашиб роҳатланиш ва Пайғамбарга нозил қилинган ҳаққа имон келтириш насиб этди. Исломга кириш қиссасини Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитамиз.
“Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам зоҳир бўлганини эшитганимда исми, насаби, сифати, вақти ва маскани ҳақида суриштира бошладим. Пайғамбарнинг васфлари билан бизнинг китобларимиздаги пайғамбар васфларини солиштирдим, токи, муваффақиятга ишониб, даъватининг ростлигини билгунимча. Сўнг бу ишларни яҳудийлардан бекитдим ва тилимни у ҳақда гапиришдан тийдим. Токи, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага чиққан кунгача. Ясрибга келиб Қубога тушганларида олдимизга бир киши келиб у зотнинг инсонлар орасида келганликларини овоза қила бошлади. Мен ана шу соатда боғимдаги хурмонинг устида эдим. Аммам Холида бинти Ҳорис қуйида эди. Хабарни эшитган заҳоти: “Аллоҳ буюкдир” “Аллоҳ буюкдир” деб қичқирдим. Менинг такбиримни эшитган аммам; “Аллоҳ умидингни пучга чиқармасин, Аллоҳга қасам, агар Мусо ибн Имроннинг келганини эшитганингда бундан ортиқ ҳеч нима қилмаган бўлар эдинг”, деди. Мен унга айтдим: “Эй амма, у, албатта, Имрон ўғли Мусонинг биродаридир ва унинг динидадир. Дарҳақиқат Мусо юборган нарса билан юборилгандир. Аммам сукут қилиб туриб: Албатта, у ўзидан аввалги нарсани тасдиқловчи ва Роббининг рисолатини етказувчи деб сизлар хабар берган пайғамбарми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, худди шундай”, дедим.
У киши: «Ундай бўлса у ўша экан», деди. Сўнг мен Расулуллоҳнинг олдиларига югуриб бордим. Инсонларни у зотнинг эшиклари олдида тўпланган ҳолда кўрдим. Мен ҳам издиҳомга қўшилдим, ҳатто олдиларига бориб қолдим, У кишидан эшитган нарсаларимнинг аввалгиси ушбу сўзлардир: “Эй инсонлар, саломни ошкора қилинг, очларни таомлантиринг, тунда инсонлар уйқудалигида намоз ўқинг – шунда жаннатга саломат кирасиз”.
Мен у зотни диққат билан кузатдим ва доимо бирга бўлдим, албатта, юзларидан ёлғончи эмасликларига ишондим. Сўнгра яқинлашиб бордим-да: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчисидир», деб гувоҳлик бердим. Сўнг мен томонга қараб: «Исминг нима?» дедилар: “Мен Ҳусайн ибн Салом” дедим. Балки «Абдуллоҳ ибн Салом», дедилар. Сўнг ҳузурларидан уйимга келиб аҳлим ва болаларимни исломга чақирдим. Уларнинг барчаси исломга кирди. Қари бўлишига қарамай, аммам Холида ҳам исломга кирди.
«Токи, изн бермагунимча менинг ва ўзингизнинг исломга кирганингизни яширинглар», дедим. Улар «хўп», дейишди, Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у зотга: «Яҳудий қавми бўҳтончи ва ёлғончи қавмдир. Яҳудийларнинг бошлиқларини чақириб мени бир хонага яширишингизни, исломга кирганимни билишларидан аввал уларнинг орасидаги мавқеим ҳақида сўрашингизни ва уларни исломга чақиришингизни хоҳлардим. Шубҳасиз, улар исломга кирганимни билишса, мени айблашади, мени ҳар хил камчиликлар билан ҳақоратлашади ва менга туҳмат қилишади», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир хонага киритдилар. Сўнг уларни чақирдилар-да исломга ва иймонга даъват эта бошладилар. Ўзларининг китобларидаги хабарларни билдирдилар. Улар Расулуллоҳ билан ҳақ тўғрисида тортиша бошлади. Мен эшитиб турган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг иймонга келишларидан ноумид бўлганларидан сўнг улардан: Ҳусайн ибн Саломнинг орангизда мавқеи қандай?» деб сўрадилар. Улар: “У бизнинг саййидимиз ва бошлиғимизнинг ўғли ва бизнинг олимимиз ва олимимизнинг ўғли”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У исломга кирса сиз ҳам исломга кирасизми?» деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ асрасин, исломга кириши мумкин эмас, Аллоҳ уни исломга киришидан сақлаган” дейишди. Уларга чиқиб айтдим; «Эй яҳудийлар жамоаси. Аллоҳдан қўрқинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга олиб келган динни қабул қилинг. Аллоҳга қасамки, у Аллоҳнинг Расули эканини биласиз, исми ва сифатлари ёзилган манбани топгансиз. Мен гувоҳлик бераман, албатта, у Аллоҳнинг Расулидир ва унга имон келтираман. Уни тасдиқ этаман, уни эътироф этаман”. Улар: “Ёлғон гапирдинг. Аллоҳга қасам, албатта, сен бизнинг энг ёмонимизсан ва ёмонимизнинг ўғлисан ва жоҳилимизсан ва жоҳилимизнинг ўғлисан” дейишди. Мени айбламаган бирор айб қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим: “Сизга айтмаганмидим, яҳудийлар бўҳтончи ва ёлғончи қавмдир, албатта. улар алдовчи ва бузуқлик аҳлидир”.
Абдуллоҳ ибн Салом исломни чанқоқ киши сув ичганидек қабул қилди. У Қуръонга қаттиқ берилган эди. Тиловатдан тўхтамасди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эрта-ю кеч эргашиб юрарди. Ўзини жаннат учун амал қилишликка бошлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар орасида хушхабарни айтдилар. Хушхабарни Қайс ибн Аббод ва бошқалар ривоят қилган. Ровий айтди: “Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларидаги илм халқаларини бирида ўтирган эдим. Халқада инсонларни тўлқинлантирадиган қалбларни роҳатлантирадиган шахс бор эди. Инсонларга ёқадиган таъсирли ҳадислар айтарди.
У ўрнидан туриб кетганидан сўнг қавм айтди: “Кимни жаннат аҳлидан бир кишига қараши хурсанд қилса бу кишига қарасин”. Мен: «Ким бу одам?» дедим. Қавм: “Абдуллоҳ ибн Салом”, дедилар. Мен ўзимга “Аллоҳга қасамки, унга эргашаман”, дедим ва ортидан кетдим. У шаҳар четигача борди ва манзилиги кирди. Мен киришга изн сўрадим. Рухсат берди. Кириб ўтирганимдан сўнг:
– Эй жияним, нима ҳожатинг бор, – деб сўради.
– Масжиддан чиқаётганингизда одамлар сиз ҳақингизда “Кимни жаннат аҳлидан бўлган бир кишига қараш хурсанд қилса, мана бу кишига қарасин” деётганларини эшитдим. Сиз ҳақингизда билишни ва сизни жаннат аҳлидан эканингизни қандай билганларини билиш учун сизга эргашдим, – дедим.
Абдуллоҳ ибн Салом:
– Жаннат аҳлини Аллоҳ билувчидир, эй болам, – дедилар.
Мен:
– Тўғри, лекин улар бекорга бундай дейишмаётгандир, – дедим.
Абдуллоҳ ибн Салом:
– Унинг сабабини сенга айтиб бераман, – деди.
– Мен айтинг, Аллоҳ сизни мукофотласин! – дедим.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик кезларида бир кеча ухлаётган эдим, олдимга бир киши келиб: “Тур”, деди. Мен турдим, қўлимдан тутди, чап томонимда йўл бор эди, мен ундан юришни хоҳладим. Киши менга: “У ёқдан юрма, у сен учун эмас”, деди. Шу пайт ўнг томонимда ёруғ йўлни кўрдим. Киши:”Ундан юр”, деди. Гўзал, ям-яшил кенг-мўл боққа боргунча юрдим. Унинг ўртасида темирдан бўлган устун бор эди. Илдизи ерда учи осмонда эди. Уни энг ниҳоясида тилладан бўлган ҳалқа бор эди. Менга: “Унга кўтарил”, деди. Мен: “уддалай олмайман”, дедим. Олдимга хизматчи келиб мени кўтарди, бас, устун олдига етгунимча кўтарилдим. Икки қўлим билан ҳалқани ушладим. Тонг отгунча унга осилган ҳолимда қолдим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб у кишига кўрган тушимни айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сен чап томонингни кўрган йўлинг дўзах аҳлидан бўлган чап томон эгаларининг йўлидир. Ўнг томонингда кўрган йўлинг жаннат аҳлидан бўлган ўнг томон эгаларининг йўлидир. Яшиллиги ва порлоқлиги билан сени завқлантирган боғ исломдир. Устун – дин, ҳалқа – мустаҳкам дастакдир, то вафот этгунимга қадар уни маҳкам ушлашда бардавом бўласан”, дедилар. Ана шу дастакни, ислом аҳкомларини маҳкам тутиб яшаш умримнинг мазмунидир, – деди.
Боқижон Раҳимов,
«Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячиси
Саҳобаларни қандай таниймиз?
“Саҳоба” сўзи луғатда дўст, ҳамроҳ, йўлдош каби маъноларни билдиради. Бу сўзнинг истилоҳий маъносида кўплаб тарифлар берилган. Уларнинг орасида ҳадис уламолари берган таъриф энг мукаммалидир. Ҳадис уламолари Ибн Салоҳ, Ибн Касир, Ибн Ҳажар ва имом Суютийлар “саҳоба” сўзига қуйидагича таъриф беришган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан то вафот этгунларича У зотга имон келтирган ҳолда йўлиқиб шу ҳолда вафот этган кишига “саҳоба” дейилади.
Бу қисқалигига қарамасдан жуда кўплаб маъноларни ўз ичига олади. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатида доимий юрганларнинг саҳобалигига шубҳа йўқ. Аммо атрофларида у зотни кўрган-у, овозларини эшитмаган ёки кўзи ожизлиги сабаб кўролмай қолган ёхуд у зотдан бирор бир ҳадис ривоят қилмаган кишилар бор эди. Ўша замонда ҳали балоғат ёшига етмаган ёшлар, ҳаётида бир лаҳзагина кўришиш бахтига эга бўлганлар бор эди. Бу таърифдаги “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумла умумий бўлиб, юқоридагиларнинг барчасини ҳам қамраб олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, гаплашиб юрган, ўтмишдаги пайғамбарларга имон келтирган, аммо у зотга имон келтирмаган ёки вафот қилганларидан сўнг имон келтирганлар ёхуд тили билан имон келтириб, қалбида тасдиқламаган мунофиқлар[1] “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумладаги саҳобалар қаторига қўшилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириб, адашиб муртад бўлган, сўнг яна имонга келган кишилар бўлган эди. Улар ҳам “У зотга имон келтирган ҳолда вафот этган”лиги учун саҳоба дейилади. Бундаги асосий шарт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида имонга келган бўлишидир.
Охирги замон пайғамбарига ишониб, кутиб яшаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан аввал кўриб вафот этганлар, у зотни вафот қилганларидан сўнг кўрганлар ҳам “пайғамбарлик келганидан токи вафот этгунларича” деган қайд билан саҳоба дейилмайди.
Кўриниб турибдики, ўша замонда яшаган кишиларнинг саҳобалигини аниқлаш масаласи жуда ҳам мушкул иш саналади. Шунинг учун ҳам уламолар саҳобаликни аниқлашнинг муайян йўлларини белгилаганлар.
- Саҳобалигида шак-шубҳа қолмаган даражада танилиб кетиш. Масалан, ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳу кабиларнинг саҳобалигига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
- Юқоридагидек шуҳрат топмаган бўлса-да, лекин ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издоши экани ҳақида кенг миқёсда хабарлар тарқашидир. Бунга етмиш минг киши ҳисобсиз жаннатга кириши ҳақидаги хабарда номи зикр қилинган Уккоша ибн Миҳсан мисол қилинган.
- Саҳобалиги маълум бўлганлар бирор киши ҳақида гапирганида “У саҳобалардан эди” деб гувоҳлик бериши.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонида яшаган одам “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман” ёки “у зотнинг фалон ишни қилганларини кўрганман” қабилидаги сўзлар билан ҳадис ривоят қилиши. Бу ҳадис матн ва санад жиҳатидан қабўл даражасида бўлса, шу ҳадис ровийси ҳам саҳоба бўлади.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонида яшаган одам: “Мен саҳобаман” ёки “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фалон ишда бирга эдим” деб, ўзининг саҳобалигига ўзи гувоҳлик бериши. Бунда ҳам мазкур ҳадис ва унинг ровийси муҳаддислар тарафидан зийраклик билан ўрганиб чиқилади, саҳобалигини инкор қиладиган маълумот топилмаса, саҳобалар қаторида саналади.
- Адолатли тобеъин бирор ҳадис санадида ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бир кишини келтириб, “Шу одам саҳоба эди” деб гувоҳлик берса, унинг гувоҳлиги қабул қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ана шу тахлит танилади. Бундан ташқари, ислом оламининг забардаст уламолари ва тарихчилари саҳобалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус китоблар ёзган. Масалан, Абу Нуаймнинг “Маърифат ус-саҳоба”, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Исоба фий тамйиз саҳоба”, Ибн Абдулбаррнинг “Истиоб фий маърифат ил-асҳоб”, Ибн Асийрнинг “Усуд ул-ғоба фий маърифат ис-саҳоба”, Имом Заҳабийнинг “Тажрийд асмо ис-саҳоба” каби машҳур асарлар мавжудки, бугунги кунда ана шу китобларда номлари келтирилган шахслар ҳам саҳобий деб тан олинган.
Абдулбоқий ТУРСУНОВ,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] . Уларнинг мунофиқлиги Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзлари ёки саҳобалардан ишончли санадлар ила келган мутавотир ривоятга қараб аниқланади. Бировни мунофиқликда айблашга саҳобалар ўзларича ботинишмаган.
“Ҳеч нарсага ўхшамаслигини қалбга жо айлаб...”
Болалик олами – беғубор. Уларнинг наздида, онаси дунёдаги энг меҳрибон аёл. Отаси эса мислсиз паҳлавон.
Тўнғич фарзандимиз кичик ёшида ажойиб саволлар берарди.
– Дадажон, аждаҳони енга оласизми? – дерди у болаларга хос самимийлик ила.
– Ҳа, болам, уни ёлидан тутиб отиб юборамиз, – деб кўкрак кериб қўярдим.
– Уҳ, динозаврни ҳам енгасизми? – дерди тўлқинланиб.
– Динозавр нима бўлибди, мана бундай қилиб бир тепамиз, учиб кетади, – дердим. У менинг тепкимни еган динозаврнинг учиб бориб бирор тошгами бошқа нарсагами урилиб йиқилганини тасаввур қилиб қиқирлаб куларди.
Мен унга бундай катта гапларни айтар эканман, унинг мени аждаҳо-ю динозавр билан ҳеч қачон юзлаштира олмаслигига ишончим комил эди. Ҳа, мен ўта ростгўй эдим, ахир, йўқ нарсани енгишдан осон иш бор эканми. У бўлса ҳамон савол беришда давом этарди:
– Худони ҳамми?
– Астағфируллоҳ. Худо аждаҳони ҳам, динозаврни ҳам, бизни ҳам яратган. У бизга ҳаммадан меҳрибон... Ҳеч қачон, ҳеч кимга бундай савол бермагин, хўпми? – дердим ваҳимага тушиб.
– Хўп бўлади. Ўзи, Худо жуда катта бўладими, оёқлари билан анави уйни босиб ўтиб кета оладими, – деб тўққиз қаватли уйга ишора қилар эди.
– Унинг қўллари ва оёқлари одамнинг ёки бошқа бирор мавжудотнинг аъзосига ўхшамайди. Унинг қиёфаси қандай эканини фақат Ўзи билади, – дер эдим.
Шу билан гапимиз тугарди-ю, назаримда, бола қандайдир мавҳумот ичида қолгандек бўларди.
Бир оз улғайганидан сўнг Худонинг зотидан фикр юритмаслик мусулмон одоби эканини тушуниб қолди. Аммо, барибир, шайтон инсоннинг ақлига Аллоҳ қандай экан? Борлигининг ибтидоси ва интиҳоси йўқ бўлган зот қанақа экан? деган саволларни солади. Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида бундай андишадан қутулмоқни: “Шайтон инсонга “уни ким яратди, буни ким яратди, ерни ким яратди, кўкни ким яратди?” деб васвасага солади. Одам “Ҳаммасини Аллоҳ яратди” деб жавоб бергани заҳоти “Аллоҳни ким яратди?” деб туғёнини кучайтиради. Одам боласи ўша заҳоти “Мен Аллоҳга ва Расулига иймон келтираман” дея Аллоҳга сиғинсин” (Табароний), деб тушунтирганлар.
Улуғларимиз инсон ўз миясига бундай хаёллар келишига қаршилик қила олмаслигини айтаркан, бу каби ўйлар ақлига келгани заҳоти уларни тарк этишга ҳаракат қилиб: “Ё Роббим, мени бундай ўй-хаёллардан Ўзинг асра!” дея дуо этсин, дейдилар.
Муқаддас китобларимизда Аллоҳ таолони бир яратиқ каби тасаввур қилиш куфр экани айтилган. Масалан, “Аллоҳ Арши аълодаги курсига ўтирди” дейилса, ҳеч нарсага ўхшамаган Аллоҳни инсонга ёки бошқа бирор мавжудотга ўхшатиш бўлиб қолар экан. Аллоҳ қандай қилиб азалий дея фикрлаш ҳам Аллоҳ қандай пайдо бўлди? Уни ким яратди? каби саволларнинг туғилишига сабаб бўларкан... Шунинг учун Аллоҳ яратган нарсаларни тафаккур қилиб, Унинг зотини тасаввур қилмаслик керак экан.
Аллоҳ яратган асарларнинг моҳиятини англаш борасида фикр юритиб, Унинг қудратининг буюклигини, санъатининг улуғлигини англамоқ Аллоҳнинг зикридир, дейди олимларимиз. Хусусан, Имом Раббоний ҳазратлари Аллоҳни исмлари ила зикр этаркан, Унинг ҳеч бир нарсага ўхшамаслигини қалбга жо айлаб зикр қилишни тавсия қилган эканлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.