muslim.uz
Имом Термизий
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулмий аз-Заририй ал-Буғий ат-Термизий ҳозирги Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида 209 ҳижрий санада таваллуд топдилар. Куниялари Абу Исо, исмлари Муҳаммад, оталарининг исмлари Исо, боболарининг исмлари Савра, нисбатлари Жайҳун дарёси билан ўралган қадимги Мовароуннаҳрнинг Термиз шаҳри номи биландир.
У зотнинг устозлари кўп бўлиб, улардан энг машҳури Имом Бухорийдир. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Куфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Имом Термизий китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган олти нафар имом ичида тўртинчи ўринда турадилар.
У зотнинг китоблари бўлмиш «Сунани Термизий» эса «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларидан кейинги ўринларда туради. У зот ҳадисни жамлашликда ва уни аниқлашда, ёдлашда ва зикр қилишда алоҳида бир мақомга эга эдилар. У кишининг шогирдларидан бўлган Абу Саъд Идрийсий устозларини сифатлаб, ёдлашлари, зеҳнлари тўғрисида зарбулмасаллар битилганини айтадилар.
Шогирдларидан яна бирлари: «Имом Бухорий вафотларидан кейин Хуросонда Абу Исо ат-Термизийдек илмда, зеҳнда, тақвода, зоҳидликда бирор киши топилмас эди», деб айтади.
Имом Термизий кўп йиғлаганларидан ҳаётларининг охирги икки йилида кўзлари ожиз бўлиб қолган.
Ибн Атийя: «Менинг ҳузуримда Имом Бухорий ва Муслимнинг китобларига қараганда Имом Термизийнинг китоблари нурлироқ ва тушунарлироқ», деб айтадилар. «Нима учун?» деб сўралганида, Атийя: «Чунки иккита Имомнинг китобларидан фақатгина илм ва маърифат аҳлларигина фойдалана олишади, холос», деб айтган эканлар.
Шайхлардан бири Имом Термизийга 40 та ғариб ҳадисни айтиб, имтиҳон қилишлик учун сўраганида, бирорта ҳарфда ҳам хато қилмасдан аввалидан охиригача ўқиб берганларини кўриб, сенинг мислингдаги кишини кўрмаганман, деб айтдилар.
Имом Термизий кўп китобларнинг муаллифидир. Айниқса, «Сунан» китоблари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган. Ундаги ҳадислар саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларга бўлинган ҳолда келтирилиши ҳадис илмида ўзига хос янги йўналиш бўлди. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Жомиъ ас-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтадилар. У зотдан бизга қуйидаги китоблар мерос бўлиб қолди:
«Китобу азим» («Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ»), бу китоб «Саҳиҳ ат-Термизий» номи билан машҳурдир, «Шамоилу Набавия», «Илалу муфрад», «Илалу фий охири жомиъ», «Китобу зуҳд», «Китобу тарих», «Асмоу саҳоба», «Асмо вал куна», «Китобу фий асари мавқуфа».
Имом Термизийнинг «Саҳиҳ» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилган.
Устозлари бўлмиш Имом Бухорий Термизийга қарата: «Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим», деб айтган эканлар.
Имом Термизий қуйида исмлари келадиган шайхлардан ҳадислар эшитиб, улардан ривоят қилдилар: Абдуллоҳ ибн Муовия Жумаҳий (243 ҳижрий санада вафот этганлар), Али ибн Ҳожар Марвазий (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Марвазий (240 ҳижрий санада вафот этганлар), Қутайба ибн Саъид Сақафий Абу Рожо (150 ҳижрий санада туғилиб, 240 санада вафот этганлар), Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр Зуҳрий ал-Маданий (150 ҳижрий санада туғилиб, 242 санада вафот этганлар), Муҳаммад ибн Абдулмалик Абу Шавориб (244 ҳижрий санада вафот этганлар), Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳотам ал-Ҳиравий (178 ҳижрий санада туғилиб, 244 ҳижрий санада вафот этганлар), Исмоил ибн Мусо Фазорий ас-Саддий (245 ҳижрий санада вафот этдилар).
Имом Термизий ҳижрий 279 йили вафот этган, қабри ҳозирги Сурҳандарё вилоятининг Шеробод туманидадир.
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти кефедра мудири
“Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Умр ғанимат
Инсонга берилган энг қадрли немат умрдир. Шу боис, уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлашимиз зарур. Инсон умри чекланган. У маълум йил, ой, кун, соат, дақиқа ва лаҳзалардан иборат, холос. Лўнда қилиб айтганда, вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар бир сония, дақиқа, соат, кун умримизнинг қисмларидир. Ўтиб кетган вақтни ортга қайтариш иложи йўқ. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билайлик, йўқса, зараримизга ишлайди. Зеро, салафи солиҳлар: “Вақт қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, албатта, у сени кесади”, дейишган. У зотлар ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Шу эътибордан бўлса керак, улар қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни қилишган. Улуғ зотларнинг ҳаёт йўлари доимо биз учун ибратдир. Бунинг янада самарали бўлиши учун қуйида у зотларнинг ҳаётидаги баъзи мисоллар билан танишсак мақсадга мувофиқ бўлади:
– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг қисқа умри (40 йил) давомида 500 та китоб таълиф қилган.
– Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошганди. Шунингдек, у зотнинг қисқа 63 йиллик умри мобайнида амалга оширган ишлари бутун умрига таққосланса, 63 йилдан ҳам бир неча баробар ортади.
– Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) оламдан ўтгач, барча илмий ишлари яшаган кунларига бўлинганида, кунига 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани, ҳаёти давомида тайёр ишни кўчириш эмас, балки ўзининг меҳнати билан ҳар куни 11 бетдан асар ёзиш керак. Албатта, буни бошидан ўтказган киши билади, жуда қийин, деярли иложи йўқ иш. У зот вафот этгач, кишилар қаламларининг тўпланган қириндисидан сув иситиб, у зотни ювишган.
– Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) зикр қилишича, Курз ибн Вабра Қуръони каримни кечаси ҳам, кундузи ҳам тўрт марта, Ибн Идрис (раҳимаҳуллоҳ) эса уйида тўрт минг марта хатм қилган. Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) Рамазонда олтмиш марта, Имом Бухорий эса ўттиз марта хатм қилган. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) кунда уч юз ракат намоз ўқир эканлар.
– Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.
– Ҳозирда ҳам кунда Ихлос сурасини минг марта ўқийдиган, Қуръони каримни хатм қиладиган, ўн беш минг тасбеҳ айтадиган кишилар учрайди.
– Абу Талҳа Ансорий (раҳимаҳуллоҳ) қирқ йил рўза тутганлар. Ибн Мусаййиб (раҳимаҳуллоҳ) олтмиш маротаба ҳаж қилганлар. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) олтмиш ёшида минг масалага далил асосида фатво берганлар.
– Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ)нинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берганлар. Имом Қатода (раҳимаҳуллоҳ) бир туя китобни ёд олганлар. Имом Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деганлари ривоят қилинади.
– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.
– Имом Ибн Жарир Табарий Қуръони каримни 30 минг вароқ тафсир қилишни қасд қилиб, асҳобларига: “Қуръонни тафсир қилишда ҳаракат қилмайсизларми?”, деганида, улар: “Бу иш ниҳоясига етмасданоқ, умрлар ўтиб кетади”, дейишди. Шунда аллома тафсирларини 3 минг вароқ атрофида қисқартиради. Шунингдек, Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб, ҳозиргача бўлган тарихни ҳам 30 минг вароқ ёзишни қасд қилганида, улар юқоридаги гапни такрорлашди. У зот: “Албатта, биз Аллоҳникимиз, ғайрат-интилиш ўлди” дея уни 3 минг вароққа қисқартирганлар. Имом Хатиб (раҳимаҳуллоҳ) Самсимий бундай деганини эшитадилар: “Ибн Жарир қирқ йил атрофида ҳар куни қирқ вароқ китоб ёзарди”. У зот (224–310 – 86 йил) ҳаёти давомида ёзиб қолдирган китоблари 358 минг вароқни ташкил қилади. Агар балоғатгача бўлган ёшини тахминан, 14 йил деб эътиборга олиб, уни 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда, у зот умрининг ҳар бир кунида 14 вароқдан китоб ёзгани келиб чиқади. Шундай қилиб, у зотнинг балоғат ёшидан ташқари, яъни 72 йил умрини 14 га кўпайтирсак, тасниф қилган китоблари мажмуаси келиб чиқади.
– Алишер Навоий ҳазратлари устози Лутфийни ҳайратга қолдириб, «Оразин ёпқоч» билан бошланувчи ғазалини ўқиганида, 11 ёшли ўткир саводи ва зеҳни билан кўпларни лол қилган оддийгина Алишербек деган болакай эди.
Уламоларимизнинг ҳаётида бундай мисоллар жуда кўпдир. Улар юқорида таъкидланганидек, вақт қадрига етганларидан шундай юксак мақомларга эришганлар. Шу туфайли илмнинг асл манбаи бизгача етиб келди. Алҳамдулиллоҳ, унинг нуридан баҳраманд бўлиб турибмиз. Кунлар ойларни, ойлар йилларни эргаштириб ўтаверади, умр эса тугаб бораверади!!! Шу боис, биз бу зоти бобаракотлардан ўрнак олишимиз лозим.
Арбоблар ҳаётида ҳам бундай ҳолатлар жуда кўп учрайди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз:
– Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиб, ўзаро урушларга барҳам бериш учун курашганида, эндигина 24 ёшга қадам қўйган эди.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобур 5–6 ёшлигиданоқ от чоптирган, қилични маҳорат билан ўйната олган, камондан ўқ узишда чаққон ва мерган, шунингдек, отаси вафотидан сўнг подшоҳ бўлиб, Самарқанд тахтини эгаллаганида, атиги 12 ёшда эди.
– Бувиси (Бибихоним)ни ҳоли-жонига қўймай, унга фалак илмига доир саволларни тўхтовсиз берган, кўпроқ вақтини бобоси ва отасининг кутубхонасида ўтказган, юлдузлар сирини билишга қизиққан Улуғбек ўша пайтда 5–6 ёшли бола эди.
– Форобий жуда ёшлигиданоқ тил ўрганиш билан шуғулланиб, умри давомида 70 дан ортиқ тилда мулоқот қила олган.
– Лермонтов 10 ёшида, Пушкин эса, 9 ёшида шеър ёзишни ўрганган.
– Моцарт музика чолғуларини чалишни ёшга тўлганидаёқ ўзлаштирган ва 3 ёшида дастлабки аcарини ёзган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик, тижорат каби ҳалол касб-кор қилиши айни муддаодир. Мазкур мисоллардан ибрат олиб, ҳаётимизни гўзал ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилайлик, умрнинг қадрига етиб, турли беҳуда гап-сўз, ҳар хил асоссиз миш-миш, иғво ҳамда бўҳтондан йироқда бўлайлик. Шунда умримиз баракали бўлади, унинг ҳар лаҳзаси Аллоҳ рози бўладиган амаллар билан тўлади, инашоаллоҳ.
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Худкушлик - шафқатсиз жиноят. Исҳоқжон Бегматов, ("Тўхтабой" жоме масжиди имом хатиби)
Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)
Буюк саҳобий Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Сулайм ибн Ҳаззор ибн Ҳарб Ашъарий бўлиб, Яманда туғилган. Онаси Зобя бинти Ваҳб мусулмон бўлгач, Мадинада оламдан ўтган.
Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ашъарийларнинг Мадинага келишларини шундай хотирлайди: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: "Эртага олдингизга Исломга сизлардан кўра кўнгли юмшоқроқ бўлган бир қавм келади", дедилар. Кўп ўтмай ашъарийлар келди. Уларнинг ичида Абу Мусо Ашъарий ҳам бор эди. Мадинага яқинлашганларида "Яқинда дўстларимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг жамоаси билан кўришамиз..." дея шеър айтишарди. Етиб келишгач, қўл бериб кўришдилар. Улар қўл бериб саломлашишни жорий қилдилар..." (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Мусо Ашъарий Мадинага келган куниданоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан доимо бирга бўлишга интиларди. У зотнинг ҳар бир кўрсатмаларини астойдил бажарарди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам унинг бундай итоати ва муҳаббатини қадрлар: "Эй Аллоҳ, Абдуллоҳ ибн Қайснинг гуноҳларини кечиргин ва уни қиёмат куни мукаррам ўрин (жаннат)га киритгин", дея ҳаққига дуо қилардилар. Айниқса, Набий алайҳиссалом унинг ихлос билан қилаётган ибодатини кўриб қолсалар, жуда қувонардилар. Бурайда розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: "Бир кеча масжиддан чиқаётсам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшик олдида турган эканлар. Бу пайт ичкарида бир киши хушуъ билан намоз ўқиётган эди. У зот: "Эй Бурайда, уни риё қиляпти деб ўйлайсанми?" дедилар. Мен: "Аллоҳ ва Унинг Расули билади", дедим. Шунда у зот: "Йўқ, унинг ибодати риёдан холи, у кўп тавба-тазарру қилувчи мўмин бандадир. Унга Оли Довуднинг оҳангидан берилгандир", дедилар. Мен масжидга қайтиб кириб, эътибор бериб қарасам, намоз ўқиётган киши Абу Мусо экан. Унга бўлган воқеани айтиб бердим".
Дарҳақиқат, Абу Мусо бошқа саҳобалардан ширали овози билан ажралиб турарди. Пайғамбарлар ичида Довуд алайҳиссалом хушовозлиги билан машҳур бўлганлар. Ривоят қилишларича, у зот Тавротни тиловат қилганларида учиб кетаётган қушлар ҳам маҳлиё бўлиб тўхтаб қолар экан. Абу Мусо Ашъарий Қуръон тиловат қилганида эса унинг олдидан ўтиб кетаётган ҳар қандай инсон юришдан албатта тўхтаб, қироатини мароқ билан тингларди. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам: "Унга Оли Довуднинг овозидан берилган", дея марҳамат қилганлар.
Умар розияллоҳу анҳу эса Абу Мусони кўрганларида ёнларига чақириб: "Эй Абу Мусо, Раббимизнинг каломидан тиловат қилиб, бизларни шавқлантир", дердилар.
Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий ушбу саҳобани шундай ёдга оларди: "Абу Мусонинг овозида санжда ҳам, танбурда ҳам, найда ҳам бўлмаган бир шира бор. У имомликка ўтган пайтлари гўзал қироатини кўпроқ эшитишни истаб Бақара сурасини ўқисайди, дердик".
У улкан илми, тинимсиз ибодати, тақвоси, ҳаёси ва зоҳидлиги билан танилган эди. Сафвон ибн Сулайм "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида масжидда туриб Умар, Али, Муоз ва Абу Мусодан бошқа ҳеч ким фатво бермасди", деган. Машҳур тобеин Шаъбий эса: "Бу умматнинг қозилари Умар, Али, Зайд ва Абу Мусодир", деган. Асвад ибн Язид Абу Мусонинг Куфадалик даврини: "Куфада Али ва Абу Мусодан кўра олимроқ кишини кўрмадим", дея эслаган.
Абу Мусо катта илм захирасига эга бўлса-да, илм йўлида ҳамиша бардавом эди. Мадинага келди дегунча, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илмий мажлисларига ошиқар, у зотнинг насиҳатларини эшитиб, қаттиқ таъсирланарди.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Абу Мусо Ашъарийни шаръий илмлардан таълим бериш учун Басрага юбордилар. У зот Басрага келиб, ўзига хос илмий мактабга асос солди. Кўп вақтини Қуръони карим ва шаръий илмларни ўргатишга сарфлади. Ҳар гал намоздан сўнг инсонларга юзланиб, уларга бирма-бир Қуръон ўқитди. Йиллар ўтиб, тинимсиз ҳаракатлари самара бера бошлади. Басрада ҳам Қуръони каримни мукаммал ёд олган қорилар сони кўпайди. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тақдирлаш мақсадида Қуръон ҳофизларининг исмларини сўраганларида Абу Мусо Ашъарий Басранинг ўзида уч юздан ортиқ қори борлигини ёзиб юборган.
Шунингдек, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом суннатларини ўрганиш ва ҳадисларни ривоят қилишга ҳам катта эътибор қаратган. Ундан Бурайда ибн Ҳусайб, Абу Умома Боҳилий, Абу Саид Худрий, Анас ибн Молик, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Мусаййиб, Асвод ибн Язид, Абу Усмон Наҳдий, Абу Воил ва бошқа кўплаб саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилганлар. Муҳаддис уламолар у ривоят қилган 355 та ҳадисни ўз китобларига киритишган. илм эгаллаш ва унга амал қилишда бутун умматга гўзал ўрнак бўлган ушбу саҳобадан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин.
Абдулатиф ТУРСУНОВ
Тошкент ислом институти ходими
Нима учун чумоли ер остига тўплаб қўйган донлар ердан ўсиб чиқмайди?!
Олимлар тадқиқот олиб боришларича, чумоли ўзига керакли бўлган дон ва уруғларни ер остига тўплаб, жамғарганидан кейин уни иккига бўлиб қўяди. Чунки дон ва уруғлик иккига бўлиб қўйилса, ҳар қанча ер унумдор бўлмасин у ўсиб чиқмайди. Лекин чумоли кашнич донини тўрт бўлакка бўлганини кўргач, олимлар таажжубга тушишди. Бу хусусда керакли тадқиқот олиб боргач қуйидаги нарсани кашф қилдилар. Кашнич дони агар иккига бўлинса ҳам ўсиб чиқаверар экан. Лекин тўрт бўлакка бўлинса ўсиб чиқмас экан. Чумолига бу нарсани таълим берган Аллоҳ ҳар қандай айб нуқсонлардан покдир.
«Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир». (Тоҳа сураси, 50 оят)
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.