muslim.uz
Мустақиллик неъматининг динимиз асосларини тиклашга очиб берган улкан имкониятлари
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли имом-хатиблар, қадрли устоз-мураббийлар ва азиз меҳмонлар!
Барчангизни қадимий ва навқирон Бухоро заминида сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунман. Маълумки, ушбу кўҳна диёрдан илм-фанга беқиёс ҳисса қўшган, исломий билимларда жаҳонга машҳур бўлган улуғ алломалар етишиб чиққан. Анъанага айланган ушбу диний соҳа ходимларининг йиллик анжумани мана шундай қутлуғ шаҳарда ўтказилишида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Азиз-авлиёларнинг қадамжоларини зиёрат қилган ҳар бир инсон ана шундай зотларга ҳар жиҳатдан муносиб бўлишга интилади.
Раҳматли Юртбошимиз Ислом Каримов ҳар сафар Бухоро заминига ташриф буюрган чоғларида, албатта, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилардилар. Бу Юртбошимизнинг аждодлар хотирасига бўлган юксак эътибори ва диний қадриятларга бўлган эҳтиромининг ёрқин ифодаси эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида:
اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ
яъни “Ўтганларингизни қилган яхшиликлари билан хотирланг”, деб марҳамат қилганлар.
Биринчи Президентимиз “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб мудом таъкидлайдиган, мустаҳкам эътиқодли мусулмон сифатида Ислом дини равнақи йўлида улкан ишларни амалга оширди. Жумладан, 1989 йили – ҳали собиқ мустабид тузум пайтидаёқ муқаддас Қуръони карим оятлари маънолари ўзбек тилига таржима қилиниб, кўп минг ададда нашр этилди. Шу тариқа халқимиз асрлар оша эътиқод қилиб келган Ислом динининг бирламчи манбаини ўз она тилида ўқишга, маъноларини тафаккур қилишга муяссар бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Мусулмонлар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Истиқлол йилларида улуғ аждодларимизнинг хоки поклари мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, уларнинг маънавий мерослари халқимизга етказилди. Айниқса, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Имом Бухорий, Имом Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдухолиқ Fиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби алломаларнинг таваллудлари кенг нишонланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом”, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Бухородаги Минораи Калон Сурхондарёдаги Ҳаким ат-Термизий, Фарғонадаги Аҳмад Фарғоний, Хивадаги Ичанқалъа, Қаршидаги “Кўк гумбаз” ва Тошкент вилоятидаги Зангиота каби қадамжолар обод этилди.
Мустақиллик йилларида аждодларимиз номларини улуғлаш, бой маданий меросларини чуқур ўрганиш, улар абадий ором топган масканларни обод манзилларга айлантириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилди. Эътироф этиш жоизки, бундай хайрли ишлар бугун ҳам давом эттирилмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шеробод туманидаги Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳидаги улкан бунёдкорлик ишларини жадал давом эттириш вазифаси кун тартибига қўйилди.
Шунингдек, 2016 йил 18–19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг сессиясида, ҳукуматимиз томонидан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш йўлида буюк аждодларимиз меросини ўрганиш учун Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини ташкил этиш таклифи берилди. Ушбу таклиф барча мусулмон мамлакатлар вакиллари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Аллоҳга шукрки, истиқлол шарофати ила миллий-диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидлари амалга ошди. Мустабид тузум даврида Ўзбекистонда бор-йўғи 89 та масжид чекланган шароитда фаолият юритган бўлса, ҳозирда республикамизда 2040 та масжид мусулмонлар учун хизмат қилмоқда. Ҳар йили мамлакатимизда бир неча янги масжидлар барпо этилмоқда, юзлаб жомелар қайта таъмирланмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрининг ўзида “Яккасарой”, “Авайхон”,“Пул емас ота” каби масжидлар тубдан қайта қурилди. Раҳматли Юртбошимиз раҳнамолигида “Минор” жоме масжиди бунёд этилди. Мана, бу йил ҳам Сурхондарё вилоятида “Оқ булоқ” жоме масжиди, Сирдарё вилоятида “Ховос” жоме масжиди, Жиззах вилоятида “Хўжа Нуриддин” жоме масжиди, Тошкент вилоятида “Ўсмат ота” жоме масжиди, Самарқанд вилоятида “Имоми Аъзам”, “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидлари ва Тошкент шаҳрида яна бир муҳташам “Ислом ота” жоме масжиди замонавий лойиҳа асосида бутунлай янгидан бунёд этилди. Шу кунларда ҳам Тошкент шаҳридаги “Олтинтепа” жоме масжидида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Жойлардаги диний вазиятни янада яхшилаш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 14 та диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу вакилликлар самарали фаолият олиб бормоқда.
Мустақиллик йилларида масжидлардаги имом-хатибларни танлаш ва тайинлаш ишига алоҳида эътибор қаратилди. Авваллари диний тайёргарлиги йўқ шахслар ҳам имомлик қилаётгани кузатиларди. Бугунги кунда барча масжидларимиз малакали ва диний маълумотга эга кадрлар билан таъминланди.
Яна шуни мамнуният билан қайт этиш керакки, истиқлол туфайли оммавий ахборот воситаларида диний ходимларнинг чиқишлари жорий этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон телеканалида “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари мунтазам эфирга узатилмоқда.
Бундан ташқари диний адабиётларни нашр этишга кенг йўл берилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашрлари – “Ислом нури” газетаси 30 минг тиражда, “Ҳидоят” журнали 85 минг тиражда чоп этилмоқда. Шунингдек, йилига 100 номда диний-маърифий китоблар нашр этилмоқда. Қуръони карим оятларининг маънолари таржимаси, ҳадислар тўплами, олим ва фиқҳ илми пешволарининг асарлари таржима қилинди. Эндиликда уламоларимизнинг нодир қўлёзма китобларини таҳқиқ қилишга киришилди. Жумладан, “Жомеъ аҳкомус сиғор” каби асарлар таҳқиқ қилиниб, чет-эллик ҳамкорларга ҳадя қилинди.
Шундай ишларни мушоҳада қилар эканмиз, диёримиз масжидларини тўлдириб, ибодат қилаётган намозхонларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Айниқса, Рамазон ойида республикамиздаги мингга яқин жомеда хатми Қуръон ўқилиши ва икки мингдан зиёд масжидда таровиҳ намози адо этилиши катта бахтдир. Шундай улуғ ишларга ўзимизнинг 1200 нафар қори йигитлар жалб этилгани улкан саодатдир.
Яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистон мамлакатлари ўртасида диний соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро фикр алмашиш мақсадида, Қозоғистон мусулмонлари идора вакиллари юртимизга ташриф буюришди. Меҳмонлар истиқлол йилларида мамлакатимизда дин соҳасида амалга оширилган ишлар ҳавас қилса арзийдиган экани ва улардан фақат ибрат олиш кераклигини эътироф этишди.
Муҳтарам анжуман қатнашчилари!
Бугун ёшларимизнинг диний таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.
Мустақиллик йилларида республика бўйича жами 10 та диний таълим муассасаси, жумладан, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг иккитаси хотин-қизлар ўқув муассасасидир.
Юртимизда қорилар тайёрлаш тизими ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу борада Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида режали ишлар олиб борилмоқда. Ушбу билим даргоҳида етишиб чиққан қориларимиз Европа, Россия ва ҳатто АҚШ каби мамлакатларда ҳам диний-маърифий тадбирларда хатми Қуръон қилиб бермоқдалар.
Диний билим юртларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, замонавий шарт-шароитларни ташкил этиш, синфхоналар ва талабалар турар жойларини яхшилаш бўйича режали ишлар амалга оширилди. Шунингдек, фанлар бўйича малакали ўқитувчи кадрлар етиштирилди, ўқув жиҳозлари ва дарсликлар билан таъминланди.
2003 йил 22 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори диний кадрларни тайёрлашдаги ишларни янги поғонага кўтарди. Унга кўра, диний ўқув юртлари битирувчиларига бериладиган диплом давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди. Шу билан бирга, битирувчиларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди.
Ислом динининг мазмун-моҳияти, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларнинг меросини ўрганиш ва ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан Имом Бухорий халқаро маркази ташкил этилди. Ушбу марказда имом-хатибларнинг касб малакасини ошириш, уларнинг ҳам дунёвий, ҳам диний илмларини ҳозирги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда чуқурлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Бугунги кунга қадар марказда касб-маҳоратни ошириш ўқувларида республиканинг етук олим ва мутахассислари, давлат ва жамоат арбоблари, дин уламоларини жалб этган ҳолда 38 та босқич машғулотлари якунланди. Уларда таҳсил олган имом-хатиблар дунёвий билимларга ҳам эга мутахассис сифатида иш фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро миқиёсдаги ўрни ҳам юксалиб бормоқда. Юртимиз уламолари ҳамда имом-хатиблари чет-эл давлатлари таклифларига биноан халқаро анжуманларда фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан, АҚШ, Россия, Хитой, Индонезия давлатлари мезбонлик қилган тадбирларда вакилларимиз муваффақиятли қатнашдилар.
Шунингдек, шу йил Хитой давлатида ўтказилган анжумандаги вакилларимиз чиқишидан кейин Россия муфтийлар кенгаши раиси Равиль Гайнуддин Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга катта баҳо бериб, ибрат олса бўладиган жиҳатлар кўп эканини эътироф этди.
Рамазон ойидаги тадбирларда бошчилик қилиш учун диний ходимларимиз учун АҚШ, Европа, Россия ва МДҲ мамлакатларидан таклифлар келмоқда. Бир неча диний ходимлар ушбу мамлакатларда Рамазон ойидаги тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.
Ўзбекистонда ҳаж ва умра сафарлари 2006 йил Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонларига мувофиқ тузилган “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг қарорлари ва тавсиялари асосида ташкил этилмоқда.
Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигининг таклифига биноан, Ўзбекистон ҳаж делегацияси аъзолари хизмат сафарида бўлиб, муборак сафарлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиб боришмоқда. Натижада, ҳаж ва умра сафарларини муваффақиятли ўтказишга эришилди. Саудиядаги ҳожиларга хизмат кўрсатувчи муассаса томонидан Ўзбекистон делегацияси фаолиятини юксак баҳоланди ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди.
Яна бир нарсани қайд этиш керакки, Ислом маърифатини халққа етказиш ва ғоявий таҳдидларга қарши кураш борасида Ўзбекистонда қилинаётган ишларни бутун дунё эътироф этмоқда. Айниқса, уламоларимиз томонидан ёзилган, Ироқ ва Сурия ҳудудидаги террорчиларнинг қора мақсади фош этилган “ИШИД фитнаси” номли китоб ўзбек ва рус тилларида нашр этилди ва халқаро жамоатчиликнинг юқори баҳосига сазовор бўлди.
Мана шундай ишларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари – Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси, Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши аъзоси этиб сайланди. Шунингдек, Халқаро ислом фиқҳи академияси ва Халқаро мусулмон уламолари ҳайъати аъзоси этиб тайинланди. Бундан ташқари юртимиз дин пешволари дунёдаги энг обрўли 500 уламо қаторидан жой олиб келишмоқда.
Муҳтарам анжуман қатнашчилари,
Мана шундай кенг имкониятлар, тўкин-сочинлик ва хотиржамлик мавжуд бўлган юртни, бугунги таҳликали дунёда топиш қийин бўлса керак? Бунинг учун эртаю кеч, туну кун Парвардигорга шукрона келтиришимиз ва бундай кунларнинг қадрига етишимиз керак. Зеро, Қуръони азиймуш-шонда шундай келтирилади:
رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ
яъни, “Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19).
Яна бир ояи каримада Ҳақ таборака ва таоло: “Шукр қилувчиларни, албатта мукофотлаймиз” (Оли Имрон, 145), деб марҳамат қилади.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир кишига: “Неъмат шукрга боғланган, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Инсондан шукр узулмагунча Аллоҳ таолодан зиёда қилиш узилмайди”, деб насиҳат қилганлар.
Имом Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу айтади: «Одам боласининг бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукрлар айласин. Агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин!».
Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилмоқ неъматнинг барқарорлигига, балки у неъматнинг янада зиёда бўлмоғига сабаб эканини айтиб ўтдик. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун «Аллоҳга ҳамд бўлсин» деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади» – деганлар.
Демак, сизу биз мана шундай неъматларни бардавом ва янада зиёда бўлиши учун Парвардигорга доим шукрона келтириб яшашимиз керак ҳамда аҳолимиз ва мўмин-мусулмонларни шукр қилиб яшашга даъват этишимиз лозим.
Бугун дунёдаги воқеа-ҳодисаларга разм солсак, тўс-тўполонлар оқибатида ибодат қилиш у ёқда турсин, оддий кун кечиришнинг ўзи катта муаммо бўлиб қолаётганининг гувоҳи бўламиз.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаётган имом-хатибларимиз олдига қуйидаги вазифаларни адо этиш талаби қўйилади:
Биринчи, имом-хатиблар меҳроб ва минбар эгаси эканликларини ёдда тутиб, жума мавъизасида дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, Яқин Шарқда бўлаётган ғалаёнлар ва турли фитналарнинг ортида қандай ғаразли кучлар турганини, қонли тўқнашувлар қайси юртда бўлмасин, Ислом динига бутунлай зид эканини мўмин-мусулмонларга етказишда давом этсинлар.
Иккинчи, ақидапараст оқимлар ғояси халқимиз эътиқод қилиб келаётган мотуридия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини аниқ мисол ва ишончли далиллар асосида ёритиш имом-хатиблар зиммасидадир. Биз – уламолар Ислом динидан зўравонлик мақсадида фойдаланишга уринаётган кимсаларни кескин қоралашимиз ва Муқаддас динимизни доимо ҳимоя қилишимиз зарур.
Учинчи, халқимиз, айниқса, ёшларни тинчликнинг қадрига етишга чақириш, уларга дунёда кечаётган даҳшатли воқеаларнинг асл сабабларини тушунтиришда имом-хатиблардан янада фаоллик талаб этилади. Маҳалла гузарлари, ўқув юртлари, тўй ва марака маросимларда имом-хатиблар дин пешвоси сифатида тарғибот қилишлари керак.
Муҳтарам азизлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳидаги берган тавсиялари ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлари вазирлари кенгаши сессиясидаги маърузаларидан келиб чиқиб, имом-хатибларга қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратишни мақсадга мувофиқ, деб биламан:
Биринчи, жума мавъизаларида Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларимиз асарларидан кенг фойдаланиш. Шунингдек, буюк аждодларимиз асарларини, уларнинг бутунжаҳон тамаддунига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг оммалаштиришга алоҳида аҳамият бериш.
Иккинчи, Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш ва мўмин-мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар йўлида тинмай меҳнат қилиш. Бу борада ёшларда илм-фанга интилиш туйғусини кучайтириш, ислом қадриятларини тўғри англаш ҳамда муборак динимизнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш каби ишларида тинмай ғайрат қилиш.
Учинчи, дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорликка рахна соладиган янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбияга эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини доимо ёдда сақлаш.
Сўзимнинг якунида, азалий қадриятлар ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган Ислом динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз эканини яна бир бор таъкидлайман.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари! Тинчлик-осойишталик бор жойдагина одамлар ҳаловат топади, хотиржам ибодат қилади ва ўз келажагига ишонч бўлади. Ушбу хайрли мақсад йўлидаги фаолиятимизда Аллоҳ таборака ва таоло мададкор бўлсин!
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг
2016 йил 2 ноябрь куни Бухоро вилоятидаги “Мустақиллик ва диний қадриятлар ривожи” мавзусидаги диний ходимларнинг республика анжуманидаги нутқи
1-тур учрашув натижалари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “8 декабрь – Конституция куни” муносабати билан навбатдаги футбол турнири бошланди. Бўлиб ўтаётган футбол турнири ўзига хос янгиликка айланди. 1-тур ўйинлари давомида “Минор” жамоасидан Санъатуллоҳ Қорахоний энг зўр ҳамда “Мовароуннаҳр” жамоасидан Баҳриддин Парпиев энг чиройли гол муаллифи бўлди.
1-учрашув натижалари қуйидагича:
“Дўстлик” (ТВИ) 4 - 5 “Ҳазрати Имом” (ЎМИ)
“Минор” (ТШИ) 6 - 4 “Мовароуннаҳр”
“Бухорий авлодлари” (ТИИ) 4 - 3 “Кўкалдош”
Эслатиб ўтамиз, кейинги тур ўйинлари жорий йилнинг 4 ноябрь (жума) куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жамоалар беллашади.
“Бухорий авлодлари” (ТИИ) - “Дўстлик” (ТВИ)
“Ҳазрати Имом” (ЎМИ) - “Минор” (ТШИ)
“Кўкалдош” - “Мовароуннаҳр”
ЎМИ ахборот хизмати
Аллоҳ фасод ишларни суймайди
Барчамизга маълумки, бугунги кунга келиб бутун дунёда фитна-фасод кўпайди, қиёфаси бошқача тус олди. Ёвуз кучлар мусулмонлар тинчлигига футур етказиш мақсадида уларнинг орасида фитна уруғини сочмоқдалар. Фисқу фасод ва бузуқ эътиқодларни диний шиорлар, исломий қадриятлар номи остига яшириб, ўзларининг асл мақсадларига нишон қилиб олмоқдалар. Мана неча йиллардирки, турли номлардаги тўда, гуруҳлар террор, одам ўлдириш ҳамда худкушлик амалиётлари билан инсонларни қўрқувга солиб, уларнинг тинчини бузмоқда, онани фарзанддан, фарзандни яқинларидан жудо айламоқда. Уйлар, масжидлар, қадамжолар, шифохоналар, мактабу мадрасаларни вайрон қилмоқдалар. Энг ачинарлиси, жаҳон кўз ўнгида худдики бу ишларни мусулмонлар амалга оширган, мусулмон инсон жоҳил, тўпори, зулму зўравонликка ўч қилиб кўрсатилади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг илоҳий китоби бўлмиш Қуръони каримга бир бор эътибор қаратсалар, тасаввурлар нотўғрилиги маълум бўлади. Яъни мусулмонлар эмас, балки: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин буни ўзлари сезмайдилар”.
Ислом шариати дин, жон, обрў, насаб ҳамда молни муҳофаза этиб, зулм, бузғунчилик, одам ўлдириш, инсонларга нафақат тил, қўл, балки имо-ишора билан ҳам озор етказишдан қайтарган. Бировнинг молини талаш, унинг мулкига зиён етказишдан қайтарган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўмин- мусулмонларни ер юзида бузғунчилик қилиш, одамлар орасида фитна-фасод уруғини сочиш, уларга зулм қилиш энг катта жиноят эканлигини таъкидлаб, қуйидагича баён қилган: “Яна «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! (дедик)” (Бақара, 60). “Ўзингиз Аллоҳнинг ерида туриб, Аллоҳнинг ризқидан еб, яна Аллоҳ суймайдиган ишларни қилманг” маъносида хитоб қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қасас сураси, 77-оятида шундай дейди: “Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”.
“Ер юзида бузғунчилик қилиш” деганда, одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш тушунилади. Яна бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 27-оятида шундай дейди “… Ва Ер юзида бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албата, зиён кўрувчилардир”.
Ўз ватанига қарши борадиган, инсонлар ўртасида фисқ-фасод уруғларини сочадиган, жамиятда бузғунчилик қиладиган, ўзларича чин мусулмонликни даъво қиладиган бу бузғунчи фасодчилар қандай қилиб мусулмон бўлсинлар? Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалам: “Тили ва қўли билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деганлар. Улар аксинча, ўз мақсадлари йўлида динни ниқоб қилиб, инсонлар орасига фисқ-фасод уруғларини сочиш, бегуноҳ инсонларни қонини тўкиш каби разил ишларга қўл урмоқдалар.
Пайғамбаримиз саллолоҳу аллайҳи васалам ҳам жамиятга тахдид солувчи фитна-фасод, бузғунчилик ҳақида шундай деганлар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зарар беришдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”
Ҳозирги пайтда ер юзида бузғунчилик қилаётган, динни ниқоб қилиб, ўз мақсадини амалга ошираётган турли террорчи оқимлар, шу жумладан, бутун дунёга машҳур, ҳозирда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини босиб олган Ишид номли террорчи тўдани мисол қилиб кўрсатсак бўлади. Бу тўда нафақат ён атрофдаги давлатларга, балки бутун дунёга хавф солмоқда. Аммо ИШИДнинг ваҳшийларча ҳаракати, мусулмонларни шавқатсизларча қатл қилиши, уларнинг асл башарасини очиб беради. Яъни уларнинг қилаётган бу қабиҳ ишларини мусулмон уламолар Ислом динига зид эканлигини таъкидлашган. Уруш ва қон тўкишларни Аллоҳ ҳаром қилган ойларда ва Рамазон ойида ҳам ИШИД жангларни тўхтатмагани бунинг яққол исботидир. Бу каби разил, қабиҳ ишлар мусулмон кишининг эмас, балки Аллоҳ таолога очиқ ойдин қарши чиқаётган мунофиқ кимсанинг ишидир. Уларни “инсон”, “одам” деб аташга ҳам инсонинг тили бирмайди, балки улар қутурган, ваҳший ҳайвон кабидирлар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 204-оятида шундай дейди: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”.
Улар ўзларича инсонларни “Тўғри йўл”га, “Ислом”га даъват этадилар-у, аммо қалбларида заррача бўлса-да, иймондан асар йўқ. Мана шу каби кимсалар сабаб инсонлар ўртасида фитна-фасод уруғи кўпаяди. Лекин бундай уруғ кўпайишига нафақат улар, балки уларга кўр-кўрона қўшилиб кетаётганлар ҳам сабабчидир. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36-оятида: “Эй инсон! Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, дея марҳамат қилган. Аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилганидан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган кимсалар, ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Зеро, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган инсон Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги буйруқ ва қайтариқларга тенг амал қилиши, нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам фойда келтириши, Ҳисоб кунидаги ҳисоб-китобларга солиҳ амалларни тайёрлаб бориши керак.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2-курс талабаси
Йўлчиева Машкура
Калифорниядаги масжидда очиқ эшиклар куни бўлди
Американинг Калифорния штатидаги Анахейм шаҳрида Ислом ва мусулмонлар ҳақида салбий фикрларни бартараф этиш мақсадида хоҳловчилар учун очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
“Очиқ эшиклар куни” таҳсинга сазовор даражада бўлиб ўтди, Аллоҳнинг уйига ташриф буюрувчилар сони бир неча ўнталикни ташкил этди. Турли дин вакиллари ва атеистлар (динсизлар) учун масжид бўйлаб саёҳат уюштирдилар, мусулмонларнинг жамоат бўлиб намоз ўқишларини томоша қилишга рухсат берилди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга сидқидилдан жавоб берилди.
Масжид имоми Мустафо Умар: “Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда мусулмонларга нисбатан бўлган нафрат туфайли уларга тажовуз кўрсатилмоқда, шу боис ҳам ўзга дин вакилларига мусулмонлар аслида кимлар, Ислом дини нималарга чорлаши ҳақида тўғри тушунча беришимиз керак”, деди.
“Мусулмонлар аслида ОАВда тасвирланганидек эмас экан. Мен бу ерда уларнинг ҳақиқий ким эканларини кўрдим, бундан буён мен ОАВда уларга қарши айтиладиган гапларга қўшилмайман”, деди маҳаллий аҳолидан бири Карлос Мессершми
Халқаро алоқалар бўлими
04.11.2016 й. Етимларга ғамхўр бўлайлик
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Етим сўзи арабча бўлиб “ёлғиз, якка” маъносини англатади. Шариатда отасини йўқотган балоғат ёшига етмаган шахсларга нисбатан айтилади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладики:
(" لا يُتْمَ بَعْدَ احتِلامٍ" (رواه الطبرانى
яъни: “Эҳтилом бўлгандан кейин (болағат ёшига етган) етим бўлмайди” деганлар.
Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилган етимлар ҳам мавжуд экани маълум. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда хусусан етимларга ғамхўрлик қилиш уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган:
(يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة البقرة/215
яъни: “Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”.
Маълумки, фарзандни моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни шариатимиз жамият зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимоти бизларга таълим беради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга Аллоҳ таоло етимликда қандай парвариш этилгани тўғрисида эслатиб шундай дейди:
(أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ (سورة الضحى/6-11
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.
Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот:
(" أَنَا وَ كَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَ أَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَ الْوُسَطَى وَ فَرَّجَ بَيْنَهُمَا " (رواه البخاري
яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”
Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.
Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.
Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:
وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا (سورة النّساء/06)
яъни, “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир ” . (Нисо сураси, 6-оят).
Фатавоий Оламгирия китобида: “Етим 18 ёки 19 ёшдан ўткандан кейин унга отасидан қолган меросни ҳаммасини берилиши шарт” дейилган.
Афсуски, ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳаққини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам оз бўлсада учраб турибди. Нафақат етимларни, ҳатто ёруғ дунёга келтириб вояга етказган кекса ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб қўяётган фарзандлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўз тинчларини ўйлаб бундай ғайриинсоний ишларга қўл ураётган фарзандлар унутмасинларки, кексайган вақтларида ўзларига ҳам фарзандларидан шундай жавоб қайтиши муқаррардир.
Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!
Динимиз таълимотида оила ва фарзандларининг нафақалари ва тарбияларига умрини бахшида қилган кишиларга жуда юқори даража ва мартабалар, ажру савоблар берилажаги тўғрисида башоратлар бор. Оят ва ҳадисларда фақат етим-есирларга эмас, балки барча моддий-маънавий ёрдамга муҳтож кимсаларга мурувват кўрсатиш, бақадри имкон ёрдам қўлини чўзишга даъват этилади. Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Демак, динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинган.
Бежизга Қуръони каримнинг бир неча оятларида, кўплаб ҳадиси шарифларда уларнинг ҳаққига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда.Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг ҳолидан ва етим болалар аҳволидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам ва шафқат кўрсатайлик. Маълумки, мамлакатимизда эзгуликка муҳтож ташна қалбларга,етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, хабар олиб туришлари ҳам айни савоб ишлардандир.
Бизнинг аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган халқ бўлган. Шундай экан биз ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмайлик.
Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.
Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда яшаётган етимларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Мурувват” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.