Мақолалар

Аллоҳ фасод ишларни суймайди

Барчамизга маълумки, бугунги кунга келиб бутун дунёда фитна-фасод кўпайди, қиёфаси бошқача тус олди. Ёвуз кучлар мусулмонлар тинчлигига футур етказиш мақсадида уларнинг орасида фитна уруғини сочмоқдалар. Фисқу фасод ва бузуқ эътиқодларни диний шиорлар, исломий қадриятлар номи остига яшириб, ўзларининг асл мақсадларига нишон қилиб олмоқдалар. Мана неча йиллардирки, турли номлардаги тўда, гуруҳлар террор, одам ўлдириш ҳамда худкушлик амалиётлари билан инсонларни қўрқувга солиб, уларнинг тинчини бузмоқда, онани фарзанддан, фарзандни яқинларидан жудо айламоқда. Уйлар, масжидлар, қадамжолар, шифохоналар, мактабу мадрасаларни вайрон қилмоқдалар. Энг ачинарлиси, жаҳон кўз ўнгида худдики бу ишларни мусулмонлар амалга оширган, мусулмон инсон жоҳил, тўпори, зулму зўравонликка ўч қилиб кўрсатилади. Ваҳоланки, мусулмонларнинг илоҳий китоби бўлмиш Қуръони каримга бир бор эътибор қаратсалар, тасаввурлар нотўғрилиги маълум бўлади. Яъни мусулмонлар эмас, балки: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин буни ўзлари сезмайдилар”.  

Ислом шариати дин, жон, обрў, насаб ҳамда молни муҳофаза этиб, зулм, бузғунчилик, одам ўлдириш, инсонларга нафақат тил, қўл, балки имо-ишора билан ҳам озор етказишдан қайтарган. Бировнинг молини талаш, унинг мулкига зиён етказишдан қайтарган. Қуръони каримда        Аллоҳ таоло мўмин- мусулмонларни ер юзида бузғунчилик қилиш, одамлар орасида фитна-фасод уруғини сочиш, уларга зулм қилиш энг катта жиноят эканлигини таъкидлаб, қуйидагича баён қилган: Яна «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! (дедик) (Бақара, 60). “Ўзингиз Аллоҳнинг ерида туриб, Аллоҳнинг ризқидан еб, яна Аллоҳ суймайдиган ишларни қилманг” маъносида хитоб қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қасас сураси, 77-оятида шундай дейди: “Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”.

“Ер юзида бузғунчилик қилиш” деганда, одамлар орасида фитна-фасод қўзғаш ва бошқа бузуқ ишлар билан машғул бўлиш тушунилади. Яна бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 27-оятида шундай дейди “… Ва Ер юзида бузғунчилик қиладиган кимсалардир. Улар, албата, зиён кўрувчилардир”.

Ўз ватанига қарши борадиган, инсонлар ўртасида фисқ-фасод уруғларини сочадиган, жамиятда бузғунчилик қиладиган, ўзларича чин мусулмонликни даъво қиладиган бу бузғунчи фасодчилар қандай қилиб мусулмон бўлсинлар? Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалам: “Тили ва қўли билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, деганлар. Улар аксинча, ўз мақсадлари йўлида динни ниқоб қилиб, инсонлар орасига фисқ-фасод уруғларини сочиш, бегуноҳ инсонларни қонини тўкиш каби разил ишларга қўл урмоқдалар.

Пайғамбаримиз саллолоҳу аллайҳи васалам ҳам жамиятга тахдид солувчи фитна-фасод, бузғунчилик ҳақида шундай деганлар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зарар беришдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”

Ҳозирги пайтда ер юзида бузғунчилик қилаётган, динни ниқоб қилиб, ўз мақсадини амалга ошираётган турли террорчи оқимлар, шу жумладан, бутун дунёга машҳур, ҳозирда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини босиб олган Ишид номли террорчи тўдани мисол қилиб кўрсатсак бўлади. Бу тўда нафақат ён атрофдаги давлатларга, балки бутун дунёга хавф солмоқда. Аммо ИШИДнинг ваҳшийларча ҳаракати, мусулмонларни шавқатсизларча қатл қилиши, уларнинг асл башарасини очиб беради. Яъни уларнинг қилаётган бу қабиҳ ишларини мусулмон уламолар Ислом динига зид эканлигини таъкидлашган. Уруш ва қон тўкишларни Аллоҳ ҳаром қилган ойларда ва Рамазон ойида ҳам ИШИД жангларни тўхтатмагани бунинг яққол исботидир. Бу каби разил, қабиҳ ишлар мусулмон кишининг эмас, балки Аллоҳ таолога очиқ ойдин қарши чиқаётган мунофиқ кимсанинг ишидир. Уларни “инсон”, “одам” деб аташга ҳам инсонинг тили бирмайди, балки улар қутурган, ваҳший ҳайвон кабидирлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 204-оятида шундай дейди: “Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг дунё ҳаёти тўғрисидаги гапи Сизга қизиқарли бўлади. Дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ қилади, ваҳоланки, ўзи (Исломга нисбатан) душманларнинг ашаддийсидир”.

Улар ўзларича инсонларни “Тўғри йўл”га, “Ислом”га даъват этадилар-у, аммо қалбларида заррача бўлса-да, иймондан асар йўқ. Мана шу каби кимсалар сабаб инсонлар ўртасида фитна-фасод уруғи кўпаяди. Лекин бундай уруғ кўпайишига нафақат улар, балки уларга кўр-кўрона қўшилиб кетаётганлар ҳам сабабчидир. Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36-оятида: “Эй инсон! Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, дея марҳамат қилган. Аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилганидан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган кимсалар, ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Зеро, Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган инсон Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги буйруқ ва қайтариқларга тенг амал қилиши, нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам фойда келтириши, Ҳисоб кунидаги ҳисоб-китобларга солиҳ амалларни тайёрлаб бориши керак.    

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти 2-курс талабаси

Йўлчиева Машкура

 

4871 марта ўқилди

Мақолалар

Top