www.muslimuz
НАМОЗ ТАҚВИМИДА НАМОЗ ВАҚТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛИШИ МУМКИН
Куни кеча 9 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор масъул ходимлари, ТИИ устозлари ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти мутахассислари ўртасида намоз вақтларини белгилаш масаласи юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Диний Идорадан Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков, Котибият бўлими бош мутахассиси, устоз Муҳаммад Аюб Ҳомидов, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти устозлари Фарҳод Жўраев, Фахриддин Маманосиров, Яҳё Раззоқов, ёш тадқиқотчилардан Ҳасанхон Абдулмажидов биргаликда Юнусобод туманида жойлашган расадхона (Обсерватория) биносига ташриф буюришди. У ерда меҳмонларни еткачи мутхассис Собитхон Илёсхонов бошчилигидаги соҳа вакиллари кутиб олдилар.
Йиғилишда янги тақвимда намоз вақтларини қайд этишда қабул қилинган илмий асосларга таянган ҳолда асосан бомдод, аср ва хуфтон намозларининг вақтини янада аниқроқ белгилаш масаласи ўртага ташланди.
Собитхон Илёсхоновнинг таъкидлашича, у бир гуруҳ тадқиқотчилар билан бирга бир йил давомида тонг отиши ва шафақ ғойиб бўлиш вақтини ўлкамизнинг турли минтақаларидан туриб кузатган. Улар ушбу кузатувлар ва бошқа илмий манбалардан келиб чиққан ҳолда намоз вақтларини Қуёшнинг Ер сатҳига кўра градусига қиёслаган ҳолатда уч хил вақтда белгилаб чиқишган. Ушбу вақт белгилари йиғилишда очиқ муҳокамага қўйилди ва мавзу устида баҳс қилинди. Кўпчилик бир овоздан 15 градус деб белгилашни мақъул топди.
Шунингдек, аср намозининг вақти ҳам қайта кўриб чиқилди. Шунга кўра, бу йилги намоз тақвимида бомдод, аср ва хуфтон намозларининг вақтида бироз ўзгариш қабул қилинади. Аниқроғи, уларнинг вақти фаслга қараб ўзгариб туриш хусусиятига эга бўлади.
Ушбу йиғилиш тафсилоти ва хулосалари ҳақида мутахассислар тарафидан алоҳида мақола ва тушунтиришлар эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Хабарни аниқлаб, кейин тарқатайлик!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
(Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда.) (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Маълумки, қадимдан хайрли ва бунёдкорлик ишларига тош отадиган ва уни кўролмайдиган кучлар, гуруҳлар, шахслар доимий равишда ҳаракатда бўлган. Инсонийликка, эзгу ва савоб ишларга қарши бўлган, уни тўхтатишга ҳаракат қиладиган ғаддор шахслар жамиятда топилган. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси диёримиздаги мўъмин-мусулмонларга хизмат кўрсатадиган, уларнинг диний масалаларида кўмакчиси, бу борадаги кундалик ибодат ва бошқа маросимларини тўлиқ бажаришларида фаол ёрдам бермокда.
Айрим ижтимоий тармоқларда вазиятни тўлиқ ўрганмасдан ҳамда мутасадди ташкилот ва шахслардан суриштирмасдан бир нохуш хабар тарқатилган. Жумладан, Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидининг фаолиятига доир маълумотлар келтирилиб, гўёки ушбу кунларда масжид имоми тилхат ёзиб бергани, унда бир миллион сўм пул тушумини ташкил қилмаса, ўзига нисбатан чора кўрилиши, ҳаттоки масжид фаолияти тўхтатилиши ҳақидаги “тилхат” намунаси келтирилган.
Мақолада келтириб ўтилган ҳолат аслида 2018 йил март ойида содир бўлган. Аввало шуни таъкидлаш лозимки, масжидлар нодавлат ва нотижорат ташкилот булиб, ўз-ўзини молиявий таъминлайди. Табиийки, бу масалада масжидга тақдим қилинаётган ҳадя ва эҳсонлар муҳим рол ўйнайди.
Ҳозирги кунга қадар ушбу масжид молиявий харажатларини ўзи қопламайдиган қўшимча иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлган масжидлар қаторига киради.
Бироқ масжиддаги молиявий муаммолар сабаб унинг имомига ёки ноибига нисбатан чора кўрилмаган.
Шу йилнинг май ойида Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. “Вақф”нинг асосий фаолияти аҳолининг кам таъминланган ва иқтисодий ночор қатламни иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу жумладан, Республикамиздаги масжид имом-хатиблари ва ходимларининг маоши ҳамда ижтимоий ҳимоясини ҳам таъминлашдан иборат.
Айнан Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидида 2018 йилнинг июн ва июл ойларида жума намози тушумларидан жами 206 минг сўм пул масжид ҳисоб рақамига келиб тушган. Ушбу маблағ “Вақф” хайрия жамоат фондининг ҳисобига ўтказилган.
Энди қуйидаги рақамларга эътибор қилайлик:
“Вақф” хайрия жамоат фонди июл-август ойларида ушбу Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидига жами 1 миллион 600 минг сўм миқдорида маблағ ўтказган. Ҳисобни тушунган ҳар қандай киши орадаги тафовутни бемалол била олади. Айни шу ҳолат мамлакатимиздаги барча масжидларга ҳам қўлланилмокда. Демак, ҳозирги кунда моддий тарафдан муҳтож масжидларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан етарли миқдорда ёрдамлар кўрсатилмоқда. Дарҳақиқат, “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишдаги бирламчи вазифалардан бири ўз ижросини топмоқда.
Азизлар! Юқоридаги оятда келтирилганидек, бирон хабарни эшитсак ёки ўқисак, “...аниқлаб кўринглар” амрига амал қилайлик!
Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси
Матбуот хизмати
Халқимиз қалбига шодлик олиб кирайлик
27 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш баёнининг 8-бандида суициднинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бир қатор топшириқлар белгилаб берилди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги барча масжидларнинг имом-хатиб ва иқтидорли имом ноиблари 7-9 август кунлари пойтахтнинг уч тумани – Сирғали, Миробод ва Чилонзор туманларидаги барча маҳаллаларда хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганишлари белгилаб берилди.
Бугун 9 август куни Олмазор туманидаги “Сирож солиҳ” жомеъ масжиди имом хатиби Қодиров Ҳасанжон бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирғали тумани “Дарё бўйи” маҳалласида яшовчи аҳолининг аҳволи билан танишдилар. Тадбир давомида фуқароларнинг муаммолари, таклиф-мулоҳазалари ўрганилиб, “Вақф” хайрия жамоат фонди билан биргаликда маҳалладаги ёрдамга муҳтож оилаларга 5 литр семичка ёғи, гурунч, шакар, чой ва макарон каби рўзғор учун керакли бўлган маҳсулотлар берилди. Бундан ташқари ишчи гуруҳ энг ночор, ёрдамга муҳтож оиланинг хонадони томини ёпиб берадиган бўлишди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўтказилган тадбирлардан лавҳалар
“Жиноятчиликнинг олдини олиш долзарб вазифа” шиори остида Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сирғали ва Миробод туманларида имом-хатиблар тадбирлар ўтказмоқдалар. Аҳолининг кайфиятини кўтариш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кўламли ишлар қилинди.
Сергели тумани “Ёрқин Ҳаёт” МФЙда яшовчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож ҳамда нотинч оилалар билан Олмазор тумани “Сафобой ота” жоъме масжиди ноиби имом Нодир Зиятов суҳбатлар ўтказди. Жумладан, Кипчоқ кўчаси 135-хонадонда яшовчи ака-укаларнинг мерос масаласида анчадан бери нотинчлиги, ўзаро келишмовчилик туфайли оилада давомли жанжал бўлиб турган. Мана шундай оила муносабатларидаги мехр-оқибатни ва жигарларнинг бир бирига бўлган ҳурматсизлиги оқибатида ўзаро келишмовчилик ва тушунмовчиликлар вужудга келган. Имом хатиб уларга насиҳат қилиб, диний тарафлама ҳар хил мисоллар билан тушунтириш ишлари олиб борди. Натижада ака-ука Амоновлар оиласи бир тўхтамга келиб, ярашди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қўқон шаҳрида замонавий туризм маркази ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2018-2020 йилларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кафолатли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги:
- Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин ва бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
- муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.
- Фарғона вилояти ҳокимлигига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан келишган ҳолда лойиҳанинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Қўқон шаҳри секторлари ва маҳаллалари бўйича 2018-2019 йилларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини, банд бўлмаган аҳолини касбга қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича манзилли дастурни бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳридаги собиқ ўрмон хўжалигининг 17 гектар майдони ҳудудида “Ҳунармандлар маркази”, меҳмонхоналар, миллий таомлар ресторани, гипермаркет ва туристик инфратузилманинг бошқа объектларини қуришни назарда тутувчи туризм марказини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси учун салоҳиятли инвесторларни жалб этиш ва 2018-2019 йилларда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўрадилар.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ҳунарманд” уюшмасининг Қўқон шаҳрида тажриба тариқасида қуйидагиларни назарда тутадиган “Усто-шогирд, Қўқон тажрибаси” лойиҳасини 2018-2019 йиллар мобайнида амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:
Қўқон шаҳрида юз нафар ишсиз ёшларни ҳунармандлар ва бошқа касб вакиллари бўлган устозларга бир календарь йилга шогирд сифатида бириктириш ва улар билан меҳнат шартномаси тузиш;
касб-ҳунарларни тўлиқ эгаллаган шогирдларни кейинчалик мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган шартлар асосида камида икки нафар шогирдни бепул ўқитиш шарти билан мустақил ишни давом эттириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан таъминлаш.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.