Ўзбекистон янгиликлари

Қўқон шаҳрида замонавий туризм маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2018-2020 йилларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кафолатли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги:
- Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин ва бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
- муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.
- Фарғона вилояти ҳокимлигига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан келишган ҳолда лойиҳанинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Қўқон шаҳри секторлари ва маҳаллалари бўйича 2018-2019 йилларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини, банд бўлмаган аҳолини касбга қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича манзилли дастурни бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳридаги собиқ ўрмон хўжалигининг 17 гектар майдони ҳудудида “Ҳунармандлар маркази”, меҳмонхоналар, миллий таомлар ресторани, гипермаркет ва туристик инфратузилманинг бошқа объектларини қуришни назарда тутувчи туризм марказини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси учун салоҳиятли инвесторларни жалб этиш ва 2018-2019 йилларда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўрадилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ҳунарманд” уюшмасининг Қўқон шаҳрида тажриба тариқасида қуйидагиларни назарда тутадиган “Усто-шогирд, Қўқон тажрибаси” лойиҳасини 2018-2019 йиллар мобайнида амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

Қўқон шаҳрида юз нафар ишсиз ёшларни ҳунармандлар ва бошқа касб вакиллари бўлган устозларга бир календарь йилга шогирд сифатида бириктириш ва улар билан меҳнат шартномаси тузиш;

касб-ҳунарларни тўлиқ эгаллаган шогирдларни кейинчалик мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган шартлар асосида камида икки нафар шогирдни бепул ўқитиш шарти билан мустақил ишни давом эттириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан таъминлаш.

ЎМИ Матбуот хизмати

3526 марта ўқилди

Янгиликлар

Top