muslim.uz
Мавританияга 300 минг нусхада Қуръони карим туҳфа этилди
Саудия Aрабистонининг Ислом, даъват ва иршод ишлари вазирлиги Мавританияда ҳар йили ўтказиладиган Қуръон ва Суннати набавия танловининг барча иштирокчиларига 300 000 га яқин Қуръон нусхаси тарқатилишини эълон қилди.
Мазкур мусобақа Саудия Aрабистони Ислом, даъват ва иршод ишлари вазирлиги ҳамда Мавритания Ислом ва таълим-тарбия ишлари вазирлиги, Қуръони каримни ёдлатиш хайрия марказлари ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
Ушбу 300 000 дона Қуръон китоби Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуаси томонидан чоп қилинган.
Китобларнинг маълум қисми шу йилнинг 10 март куни якунланган Қуръони карим ва суннати набавия мусобақаси иштирокчиларига тақдим қилинди. Китобларининг қолган қисми эса Мавританиядаги Қуръони каримни ёдлатиш бўйича фаолият олиб борувчи хайрия марказлари ва жамиятларида таҳсил олаётган талабаларга ҳадя этилади.
Ушбу Қуръони карим нусхаларининг 250 мингги Қуръони каримнинг Варш ривоятидаги Нофеъ қироати ва яна 50 минг нусхаси эса Қолун ривоятидаги Нофеъ қироатидан иборат. Ҳадя этилган бу Қуръони карим нусхалари мавританиялик қорияларнинг Нофеъ қироатида ўқишларини осонлаштиради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қорақалпоғистонда ҳам диний соҳа ходимлари ва талабалар рағбатлантирилди
Кеча, 11 март куни “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан Нукус Муҳаммад Ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчи, техник-ходим ва талабалари ҳамда масжид имом-хатибларини моддий рағбатлантириш мақсадида хайрия тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида фонд томонидан 2 нафар энг фаол ва жонкуяр ўқитувчига 5 миллион сўмдан жами 10 миллион сўм, 2 нафар энг аълочи ва намунали талабага 3 миллион сўмдан жами 6 миллион сўм, 4 нафар техник ходимларига 1,5 миллион сўмдан жами 6 миллион сўм ва олис ҳудудлардаги кам даромадли 12 та масжид имом-хатибларига 5 миллион сўмдан жами 60 миллион сўм, умумий ҳисобда 82 миллион сўм моддий рағбатлар ўз эгаларига тақдим этилганлиги ҳақида сертификатлар топширилди.
"Вақф" фонди Матбуот хизмати
Яхшиликка чақириш — уммати муҳаммадиянинг сифати
“Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг I-босқичи якунланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг I-босқичи барча таълим муассасалар кесимида ўтказилди.
Интеллектуал беллашувда Республикада фаолият юритиб келаётган 3 та олий ва 10 та ўрта махсус таълим муассасанинг барча курс талабаларидан тузилган жамоалар тўрт шарт бўйича беллашдилар. Унинг якунида мазкур босқичда фахрли биринчи ўринни эгаллаган жамоалар Республика босқичи йўлланмасини қўлга киритдилар.
Ғолиб бўлган жамоалар Таълим муассасаси ва ҳомийлар томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
“Жаҳолатга қарши – маърифат” интеллектуал беллашувининг Республика босқичи 2023 йил 16 март куни Хоразм вилоятидаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлиб ўтади.
ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Муфтий ҳазрат: Мазҳабга эргашиш ихтилофлардан сақлайди! (2-қисм)
Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу мавзудаги чиқишлари давомида машҳур саҳоба Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ижтиҳод қилиш (ҳукм чиқариш) бобидаги ҳозиржавобликлари Расул алайҳиссаломни жуда ҳам хурсанд қилгани баён этилади.
Мужтаҳид уламолар Қуръон ва ҳадисга таяниб ижтиҳод қилганлари ҳамда бир вақтда барча зарур илмлар – тафсир, ҳадис, оятлар нозил бўлиш сабаблари, араб тили грамматикаси кабиларни пухта билганлари келтирилади.
Диёримизда асрлар давомида Ҳанафий мазҳабига амал қилингани, шунинг учун ўтмишда бундай ихтилофлар бўлмагани ҳақида сўз юритилади.
Ҳозирги кунда мазҳабни рад этадиган ёки тўртта мазҳабни қориштирадиганлар пайдо бўлаётгани афсус билан қайд этилади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида диёримиздаги мазҳабсизлик оқибатида нохушликлар содир бўлгани, бир масжид жамоасида келишмовчиликлар юзага келгани, шу боис ҳам, бир мазҳабга эргашиш шаръий ва ҳаётий зарурат экани жонли мисоллар билан ифода этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.