muslim.uz

muslim.uz

Беш ёшли боламнинг “Аяжон, ёлғон гапирманг, Аллоҳ кўриб турибди” деган гапидан уялиб кетдим. Аслида унинг соғлигини ўйлаб, ширинлик бермаслик мақсадида шоколад тугаганини айтган эдим. Демак, фарзандим ёлғон, алдаш ёмон одат эканини тушуняпти. Шундай экан тарбияни, аввало, ўзимдан бошлашим керак.

Балки сиз фарзандингиз ота-оналар йиғилиши ҳақида сўз очса, “вақтлари йўқ дейсанми, бирор нима деб баҳона топарсан”, – дея қўл силтарсиз. Ёки ўқитувчи берган вазифаларни тайёрлаб ўтирган болангизни “Эртага яхшиси мазам бўлмай қолди, дея бормай қўяверасан” – деб уй ишларни бажаришга мажбурларсиз. Тўғри, булар оддийгина мисоллар холос. Аммо ҳаммаси оддийликдан бошланади-да. Шунинг ўзи бола онгида “ёлғон гапирсам бўлаверади, аям айтяпти-ю” деган тушунчани туғдирмайдими? Бу мурғак қалбнинг маънавий қарашларига ҳали шаклланиб улгурмасиданоқ болта урилмайдими?

–Фарзандларимизга бирор нарса ваъда қилдикми, албатта, уни бажаришимиз керак, - дейди. – Акс ҳолда биз ёлғончи бўламиз. Имом Аҳмад  ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан  қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “мана буни ол” деса-ю ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дейдилар. Ёлғон гапириш мўминликка хос бўлмаган амалдир. Бу йўсиндаги тарбия фарзандингизнинг сизга бўлган ишончини йўқотади. Ҳар бир ўғил-қиз учун энг идеал одами, табиийки, бу унинг ота-онасидир. Бола улғаяр экан уларнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатларидан ўрнак олади.

Афсуски, кузатишларга кўра, инсонлар ҳаракатининг кун давомидаги кўп фоизи ёлғондан иборат экан. Шу ўринда псилохология ҳам ҳақиқатдан кўра, ёлғонга ишониш инсонларда осонроқ кечишини таъкидлайди. Бу сизни таажжублантириши табиий. Шу он хаёлингизда “мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман-ку, ёки ким менга ёлғон гапириши мумкин...” деган ўйлар кечаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Хулоса чиқаришга шошилманг. Ўша ёлғон ортидан ака-ука, опа-сингиллик ришталарининг узилиши, оилалардаги ажралишлар, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тўғри йўлдан адашиши каби ачинарли ҳолатлар афсуски жамиятимизда йўқ эмас.  

Динимиз ҳар бир мусулмонни ростгўйликка чақиради. Рост гапирган инсонга ҳамиша яхшиликлар ёғилиши, жаннат эшиклари очилиши ҳадисларимизда келтирилади. Донишмандлардан бири бундай деган экан: “Агар ёлғон ҳам ҳақиқат сингари бир хил бўлганда-ку, аҳволимиз анча енгиллашарди. У ҳолда биз ёлғон сўзлаётган одамнинг гапини тескари тушуниб қўя қолардик. Лекин ҳақиқатнинг акси бўлган ёлғоннииг минглаб қиёфаси бор ва унинг ҳад-чегараси йўқдир”.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар. Тасаввур қилинг, инсонни доимо ҳимоялаб турадиган фаришталар ҳам ёлғончидан узоқлашар экан.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА,

журналист

Марокаш қироли Муҳаммад VI бин Ҳасан Қатарда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатидан сўнг Марокаш миллий терма жамоаси футболчиларини қабул қилди. Шу билан бирга қирол бундай халқ қаҳрамонларини тарбиялаган оналарни ҳам таклиф этди. Подшоҳ футболчиларнинг оналари билан суҳбатлашди, сўнг ҳамма билан биргаликда суратга тушди. Қабул якунида Марокаш миллий терма жамоа футболчилари ўзларининг 25 миллион доллар мукофот пулларини камбағал ватандошларига хайрия қилишга қарор қилганини маълум қилишди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими
И.Аҳмедов тайёрлади

Пятница, 23 Декабрь 2022 00:00

Хушёрликни бир дам йўқотмайлик!

Огоҳлик – давр талаби

Бугунги ахборот техноогиялари асрида турмушимиз қанча фаровонлашган бўлса, шунча хавф-хатар ҳам кўпайиб боряпти. Олдингидай душманни четдан ахтаришга ҳожат қолмади. Ғанимлар ёнимизда, ҳатто карманларимизда изғиб юрибди. Баъзан кафтдеккина мобил қурилма бизнинг ағёримизга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу матоҳ фарзандларимизни ҳам чалғитиб, уларни турли бузуқ ақидаларга бошламоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Набий алайҳиссалом фарзандларига, набираларига, умуман, ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. У зотнинг тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбиясида ўша услубни қўллашган.

Биз – болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам уларнинг оғзига тутамиз. Лекин тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакам дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга ҳар доим ҳам интилмаймиз.

Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўяди. Бироқ энг муҳим нарсани унутади. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию устбутликнинг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни хоҳлайди, эътибор хоҳлайди.

Агар биз ўша меҳри бера олмасак, бошқалардан олса, тўғри бўладими? Эртага ўзларини ғаразли мақсадларига йўғрилган, Ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожиа бўлади.

Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Ҳозирги кунда баъзи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини бузиб, ўз ғояларига мослаштиришмоқда. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Масалан, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳид” сўзларини нотўғри талқин қилиб, ёшларимизни чалғитмоқдалар.

Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга юқоридаги сўзларнинг асл маъносини тушунтириб беришимиз лозим. Шунда ёшлар xавф-хатар юқоридаги сўзларда эмас, балки бу сўзларни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.

Ўша тоифалар ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179-оятида бундай марҳамат қилади: «…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир».

Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учиб, юртини ташлаб ватангадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишининг олдини олишимиз шарт.

Хуллас, барча мусулмонлар учун муқаддас тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсад йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ҳушёрликни бир дам йўқотсак, пайт пойлаб юрган бузғунчилар кирдикорларини бошлашади. Шу боис огоҳ бўлишимиз шарт.

 

Мансур ЎРОЛОВ

Тошкент шаҳри “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Фозил қори Акромов, 1-курс талабалари Сайдуллоҳ қори Солижонов ва Сирожиддин қори Жалилов 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.

Қуръони каримни ўқиш жараёнини Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Зафар қори Маҳмудов, Абдулбосит қори Қобилов, Яҳё қори Абдураҳмонов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Исломхон қори Убайдуллаев, Адҳам қори Юсупов, Содиқжон қори Қурбонов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.

Хатм якунида Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Олий Маъҳадда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Фозил қори, Сайдуллоҳ қори, Сирожиддин қори ҳамда уларнинг устозларига ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда ғайрат ва шижоат тилади. Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси, Шайх Зайниддин жоме масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдураҳмонов ҳам сўзга чиқиб, қорилардаги ва уларнинг устозларидаги шижоат ва ҳимматга Алоҳдан барака сўради, бу каби меҳнатлар икки дунёда улкан ажру мукофотларга эриштиришини таъкидлади.

ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон Бухарбаев, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси бўлими бошлиғи Жаҳонгир қори Рўзиев, Тафҳизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, кафедра ўқитувчилари Яҳё қори Абдураҳмонов, Аҳмадхон қори РашидовЗафар қори Маҳмудов, Исломхон қори Убайдуллаев, Абдулбосит қори Қобилов, Адҳам қори Юсупов, Содиқжон қори Қурбонов ва барча иштирокчилар биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ҳамда Фозил қориСирожиддин қори, Сайдуллоҳ қори ҳақига дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.

Фозил қорига ректор Уйғун домла Ғафуров, Сирожиддин қорига, проректор Умиджон домла Ходжаев, Сайдуллоҳ қорига проректор Ёқубжон домла Бухарбаев Олий маъҳад жамоаси номидан 3 та ноутбукни ҳадя сифатида топширди.

Шунингдек, қориларни тадқирлаш мақсадида Қуръон мухлислари сифатида “Vip brand” кийим дўкони томонидан тақдим қилинган ваучерларни Яҳё домла Абдураҳмонов қориларга топширди. Қорилар ҳамда ота-оналари мазкур дўкон филиалларига исталган вақтда ташриф буюриб, ўзларига мос кийимларни танлаб олишлари мумкин бўлади. Чунки фарзандларни қори бўлиб етишишида устозлар билан бир қаторда ота-оналарнинг ихлоси ва ҳиммати биринчи ўринда туради. Албатта, қориларнинг ота-оналар ҳам мукофотларга энг лойиқ инсонлардир.

Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланди. Айни пайтгача Қуръони каримни бир кунда ўқиб берган қори талабалар сони 30 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов, Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев, Сардорбек қори Жиямуратов, Сирожиддин қори Шодмонов, Азимжон қори Мадаминжонов, Илёсбек қори Шарофиддинов, Нуриллоҳ қори Сайдуллаев, Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, Абдуллоҳ қори Комилов, Саидбурхон қори Фазлиддинов, Абдулҳай қори Жўрақулов, Аҳлиддин қори Қурбонов ва Нурисломхўжа қори Умбаров, Убайдуллоҳ қори Ҳабибуллаев, Баҳодир қори Иброҳимов ва Машрабжон қори Абдураззоқхўжаев Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Ҳуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси

Зафар қори Маҳмудов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top