muslim.uz
Мусулмонни кофирга чиқарманг (видео)
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий мақбарасига ташриф буюрди
Давлат раҳбари зиёратгоҳда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Туркияда Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди
Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, “Ўзбекистон-Туркия” дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Дин ишлари (Diyanet) бошқармаси мутасаддилари, “Pegasus” авиакомпанияси ҳамда 30 дан ортиқ туристик агентлик вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарларда жойлашган осори атиқалар ва қадамжолар фотокўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига “Табаррук зиёрат” туризми концепцияси, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий ва Бурҳониддин Марғиноний каби йирик уламоларнинг ислом дунёсидаги ўрни ҳақида маълумот ҳавола этилиб, “Етти пир” зиёратгоҳларининг имкониятлари танитилди.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига Туркиядан мамлакатимизга келадиган сайёҳлар учун яратилган имкониятлар, қулайликлар, туристик маршрутлар, жумладан, икки томонлама мунтазам авиақатнов йўналишларини диверсификациялаш ва сонини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ҳусусида маълумот тақдим қилинди.
Конференция якунида мамлакатимизга туркиялик сайёҳлар сонини ошириш бўйича муҳим тавсиялар шакллантирилди, хусусий агентликлар билан Туркиянинг узоқ ва яқин ҳудудларидан уюшган ҳолда зиёратчилар ташрифларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар?
“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.
Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир”(Имом Бухорий ривояти).
Салафи солиҳлар—Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафдан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
خير الناس قرني ثم الذين يلونهم ثم الذين يلونهم ثم يفشو الكذب حتي يشهد الرجل و لا يستشهد و يحلف الرجل و لا يستحلف
Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.
Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.
Салафийлар
Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар ақоидини қайта жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.
Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “САЛАФИЙЯ”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври—ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир.
Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади.
Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).
Хўш, бунга нима сабаб бўлган?
Бунинг сабаби: Ибн таймия кучли тақво ва ўткир илм билан танилган ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оилада ўсиб унади. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан, деб тан олинарди. Отасининг вафотидан кейин, унинг таълим ва тадрис ишларига мутасадди бўлган Аҳмад ибн Таймия мухолафатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшга яқинлашганда бошлаган. Унгача эса, у ўз даврининг етук ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири, деб атрофга танилиб бўлган ва бир неча фойдали диний асарларини ёзишга ҳам улгурган эди.
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.
Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар. Уларнинг фикрича, салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотнинг турли шакллари авж олди. Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидадир, деб таъкидлайдилар.
Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар:
– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар;
– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;
– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;
– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.
Ҳадисларда шундай матнлар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.
Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.
Ибодулло Усманов,
Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме масжиди имом хатиби
Қозонда фатво беришнинг замонавий услубиёти муҳокама қилинди
Яқинда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Мўғулистон, Белоруссия мусулмонлари диний идоралари вакиллари ҳамда Туркия дин ишлари бўйича Олий Кенгаш раҳбарлари фатволар бериш услубиёти бўйича семинарда иштирок этиш учун Қозон шаҳрида йиғилдилар. Унда Ўзбекистон мусуломонлари идораси Фатво маркази Бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров ҳам иштирок этиб, фатво масаласида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Ислом таълими бўйича Кенгаш раиси, Россия Ислом институти ва Қозон Ислом университети ректори Рафиқ Мухаметшиннинг сўзларига кўра, бугун турли мамлакатлардан келган мусулмонлар уламоларининг иштирокисиз, фатво чиқаришсиз ҳал қилиб бўлмайдиган масалаларга дуч келишмоқда. Татаристон муфтийсининг таълим бўйича ўринбосари семинар тажриба алмашиш ва алоқаларни ўрнатиш учун яхши майдончага айланишига умид билдирди.
Mynamaz.ru хабарига кўра, ўз навбатида, Туркия дин ишлари бўйича Олий Кенгаши раиси Абдураҳмон Хачқалий турли мамлакатлар вакиллари учун умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш муҳим эканини таъкидлади.
"Бизнинг дин ишлари бошқармамиз турли диний идоралар ва таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилади. Умид қиламанки, бизнинг амалга оширилаётган лойиҳаларимиз ва фаолиятимиз нафақат таълим соҳасида фойда келтиради, балки барча одамларга динни тўғри тушунишни олиб келади, турли радикал ҳаракатларга қарши туриш ва олдини олишда ўзига хос чекловчига айланади", - деди Хачқалий.
Унинг сўзларига кўра, фатволар ва уларнинг чиқарилиши мусулмонлар ҳаётида катта аҳамиятга эга, мусулмон уламоларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиради, замонавий мусулмонларнинг ҳаётини осонлаштиради. Ваҳоланки, ҳар бир фатвонинг асосий мақсади шариатнинг тўғри меъёрига келишдир. Шу билан бирга, мутахассиснинг фикрига кўра, фатво ёзиш ва қабул қилиш учун мутахассис маълум малакага эга бўлиши керак, чунки фатво маълум асосларга, маълум бўлиши керак бўлган қоидаларга асосланади.
Семинар давомида иштирокчилар фатволар бериш услубиёти ва уларни замонавий муаммолар бўйича қўллаш амалиёти, ислом ҳуқуқий меросидан фойдаланиш имкониятлари кўлами, турли мазҳабларнинг фатвосидан фойдаланиш тамойиллари кўриб чиқилди, шунингдек, мусулмон олимлари ўз ишлари давомида дуч келадиган замонавий муаммолар билан ўртоқлашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.