muslim.uz
Имом-хатиблар фаол бўлиши лозимлиги таъкидланди
Бугун, 7 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги Политехника институтида Фарғона вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими мудири Муҳиддин Ҳакимов, Диний идора Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев қатнашди.
Йиғилишда вилоят имом-хатиблари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, келгуси фаолиятни самарали ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда сўзга чиққан мутасадди раҳбарлар бугунги кунда мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлаётгани каби диний-маърифий соҳада ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда имом-хатиблар доимо фаол бўлишлари лозимлигини қайд этишди. Ҳозир дунёдаги вазият ҳар бир кишини огоҳлик ва хушёрликка ундаётгани, илм аҳли эса халқни эзгуликка чорлашда бардавом бўлиши, айниқса, ижтимоий тармоқларда турли ёт ғояларга қарши илмий жавобларни бериб боришлари, ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этишлари муҳимлиги таъкидланди. Бу борада ислом динининг асл манбалари Қуръони карим ва Суннати Набавияга бевосита таянган, илмий, асосли равишда шаклланган Ҳанафия мазҳаби ва Мотуридийлик таълимотини мусулмон халқимизга кенг етказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар масжид ва маҳаллаларда ўтказилаётган суҳбатларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этишлари, уларни юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида имом-хатиблар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолимизнинг диний саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар иштирокида кун тартибидаги масалалар бўйича йиғилиш ўтказилди.
ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими
Болалар фаровонлиги йўлида Меморандум имзоланди
Бугун, 7 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода жаноблари билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари юртимизда болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилаётгани, ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда диёримизда бола ҳуқуқлари, фаровонлиги, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилинаётганини қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзлари давомида Ислом динида ҳам болалар ҳуқуқи масаласига жуда катта эътибор қаратилиши, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, имом-хатиб ва имом ноиблари жойлардаги мулоқотларда болалар таълим тарбияси, одоб-аҳлоқи ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича чиқишлар қилишаётгани, жоме масжидларда ёшлар маънавиятини яхшилаш, илм-маърифатини ошириш, муносиб шарт-шароитлар яратишга оид жума мавъизалари ҳам ўқилаётгани ҳақида сўзлаб бердилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг аҳамияти жуда катта экани, айниқса, ҳамкорлик дастурларида болалар ва оналар фаровонлигини ошириш, барқарор тараққиёт мақсадлари, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган мақсадларга эришиш борасидаги фаолият эътиборга молик эканини таъкидлади.
Шунингдек, Давронбек Махсудов ўз сўзи давомида ЮНИСЕФ томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар болаларга тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлашга, энг муҳтож оилалар ва ногирон болаларга урғу берган ҳолда миллий ҳамкорларнинг салоҳиятини оширишга қаратилгани, мазкур саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш жабҳаларига йўналтирилгани таҳсинга лойиқлигини таъкидлади.
БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода самимий қабул, хайрли тилак ва мазмунли нутқ учун миннатдорчилик билдирди. Мунир Мамадзода ўз сўзи давомида болалар ҳуқуқларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиғини асраб-авайлаш борасидаги яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, янгиланаётган Ўзбекистонда бу борадаги хайрли ишларни янада ривожлантиришга имконият ва шароитлар яратилаётгани, ҳамкорликдаги дастурларни амалга оширишда замонавий ахборот технология ва методлардан фойдаланиш зарурлиги, дастурларнинг кенг ёйилиши ва амалга ошишида диний соҳа вакилларининг аҳамияти ниҳоятда катталигини қайд этди.
Самимий мулоқот чоғида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорликка оид Меморандум имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жаҳолатга қарши маърифат
Билим юртида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди
Бугун Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Унда билим юрти устоз-ўқитувчилари, гуруҳ раҳбарлари, талаба-ёшлар ва ота-оналар қатнашди.
Очиқ эшиклар кунини ўтказишдан асосий мақсад талабаларнинг тарбиясига икки томонлама ҳам таълим муассаси ҳам ота-оналар томонидан этиборни янада кучайтириш бўлиб, мазкур тадбирда ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбия олаётган ўқув даргоҳи билан яқиндан танишиб, уларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Шу билан бирга учрашув давомида ўқув жараёнида талабаларнинг фаоллиги, давомати ва дарсни ўзлаштириши, уларни янада руҳлантириш ва рағбатлантириш, гуруҳ раҳбарлари ва ота-оналари билан биргаликда доимий иш олиб бориш орқали талабаларни икки тарафлама назорат қилишни йўлга қўйиш, 2022–2023-йилларга мўлжалланган шартнома тўловлари ва муддатлари билан таништирилди.
Қуръони Карим тиловати ва дуо билан бошланган тадбирни билим юрти ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А. Ережепов кириш сўз билан очиб, бугунги куни юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ҳукуматимиз томонидан Ислом билим юртларига қаратилаётган эътибор ва уларда яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапириб ўтди.
Ундан сўнг билим юрти ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари С. Қудайбергенов сўзга чиқиб, талабаларнинг ўқиш фаолиятидаги одоби, хулқ-атвори ва дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳақида ота-оналарига маълумот берди.
Сўнгра ота-оналар фарзандлари таълим олаётган билим юртининг шарт-шароитлари билан яқиндан танишди. Бу ердаги ўқув хоналари, компьютер хоналари, кутубхона, ошхона, спорт зал, мини футбол майдончаси, ётоқхона ва ювиниш хоналарида яратилган шароитлар билан танишиб, фарзандлари қаерда ва қандай шароитда таълим олаётганини кўриб гувоҳи бўлишди.
Тадбир сўнггида ота-оналар мазкур яратилган имкониятлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва билим юрти раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Билим юрти матбоут хизмати
«Чол ва денгиз»ни ўқиганмисиз?
Фикримча, Эрнест Ҳемингўйнинг “Чол ва денгиз” асари бош ғояси инсон матонати ҳақидамас, кўпроқ одамнинг нега яратилгани ҳақидаги саволга жавоб қидиришдир.
Катта балиқ – Ҳақ ва ҳақиқат. У эса ҳар қармоққа илинавермайди. Балки асарда келтирилганидек, ҳафтасига учталаб лаққа тутганлар нафслари учун хурсанд бўлишар. Аммо, эътибор қилинг, чолга қирқ кун (!) шогирд тушиб, бирор нарса тута олмагани учун ота-онасининг истаги билан бошқа қайиққа ўтказилган бола иши юришиб кетганига қарамай, нега имкон топган заҳоти чолнинг ёнига югуради? Чунки у чолнинг қирқ кунлик сабоғидан сўнг уйғонди! Ўзини англаш тотини туйди. Бу чилла эмасмиди?!..
Чолни моддият, табиий эҳтиёжлар мутлақо қизиқтирмай қўйган. Масалан, “Овқатланишнинг ўзи аллақачоноқ унинг жонига теккан ва чол ҳеч маҳал денгизга ўзи билан егулик олиб чиқмас эди”. Зеро, чол ва у орқали муаллиф қидирган ҳақиқат жисмий эмас, балки руҳий озиқ, озиқ бўлганда ҳам улкан, ноёб бир топилма бўлиши керак эди. Қаҳрамон руҳияти у “топилма”га шунчалик ташнаки, уни тутгач (топгач) энди ҳеч қачон қўйиб юбормасликка тиришди. Ҳатто “ўлжа”сининг этларини наҳанглар ғажиб кетгани ҳам унинг учун фожеа бўлмади. Зеро, манзилга етганида топган хазинаси қилтаноқларининг ўзиёқ чолнинг ўзи ва қайиғидан, демакки, унинг оламидан бир неча баробар катта эканини кўрган, англаган, бошқаларга ҳам кўрсата олган эди.
Асардаги рамзлар, айтайлик, чол қайиғидаги дағал матодан ясалган елканни ҳақиқат ялови, деб олсак, унинг қирқ ямоқ бўлиб кетгани, аммо қанча кўп йиртилиб, тешилган бўлса, шунча кўп ямалгани ва ҳилпираб тургани, денгиздаги турли шиддатларга дош бера олиши тусмолимизни тасдиқлайди.
Бир ўринда “умидсизлик ҳалокат, бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик гуноҳ” дейилади. Ёдингизда бўлса, ҳазрати Одам ва шайтони лаин ерга бадарға қилинди. Аммо Одам Худонинг раҳматидан ноумид бўлмади. Шайтон эса умидини узди. Муаллиф ана шу ҳодисани бағоят инжалик билан ифода қилмоқда. Қаҳрамон муттасил фикрлайди. Айниқса, унинг қуйидаги эътирофи таҳсинга сазавор: “Мен жуда кўп нарсаларни тушунмайман, – деб ўйлади у. – Аммо бизга қуёш, ой, юлдузларни ўлдиришга тўғри келмагани қандай яхши”. Сўзининг давомида киноя билан: “Денгиздан бор-йўқ ризқимизни қоқиштириб олаётганимиз ва яна ўз биродарларимизни ўлдираётганимиз ҳам етиб ортади...” дейди.
Демак, унинг фикри тиниқиб, эртага ҳар бир нарсанинг ҳисобини бериши зарурлигини идрок қиляпти. Бу эса, инсоннинг руҳи бирламчи экани ва у мудом ўзининг БУТУНИ томон талпиниб туриши, керак бўлса, бу йўлда одамни денгизнинг ўртасига қадар судраб кета олишини англаган ва англата олган ёзувчининг улкан маҳоратидан далолатдир.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.