muslim.uz
Гўзал хулқингиз туфайли Исломни қабул қилдим
– Маҳмуд, либосларни текшириб бўлдик. Сафарга отланяпман. Қарздорлар рўйхатини сенга ташлаб кетаман. Ким қарзини сўраб келса, дарҳол пулини қайтар. Қарздорларга эса кенглик қил. Яна бир нарсани эсдан чиқарма: баъзи кийимларнинг сифати яхши эмас. Уларни сифатлиларига қўшиб сотма. Мижозга молнинг айбини айтиб, ярим нархига сот. Харидор кийимнинг айбини кўрмаслиги мумкин. Лекин Аллоҳ билади, У Зот ҳолимиздан хабардор. Тижоратимизда Парвардигорга осий бўлсак, баракадан маҳрум бўламиз.
* * *
– Менга айт-чи, бу кўйлакнинг нархи қанча?
– Икки минг дирҳам.
– Қиммат экан. Юртингизда меҳмонман. Карвоним Яманга қайтиш арафасида. Меҳмонни ҳурматлаб, уни менга минг дирҳамга берсанг.
– Меҳмон экансиз, кўйлакни сизга бир ярим минг дирҳамга бераман. Ундан камига сотсам, дўкон эгаси мени койийди.
Яҳудий кўйлакни олибоқ йўлга тушди. У кетганидан кейин Маҳмуд сифатсиз кўйлакни яхши кўйлак нархида адашиб сотиб юборганини пайқаб қолди. Ўзини койиркан, хўжайинга нима дейишини ўйлаб хавотирга тушди.
* * *
Сайфуддавла юртига қуруқ қўл билан қайтди.
“Энди келмаса керак”, деган важҳ билан унга аталган молни ўзга тижоратчига сотиб юборишганди. Кейинги савдогача ҳали олти ой бор эди. Сайфуддавлани бу ҳол қаттиқ ташвишга солди. Сабаби, дўконида фақат бир ойга етадиган моли қолган эди.
Сайфуддавла сафардан қайтиб, дўкондаги ишлар ҳақида сўради. Ишчисининг сифатсиз кўйлакни қиммат нархда сотиб юборганини билгач, харидор ҳақида суриштирди.
Маҳмуд кўйлакни яҳудийга сотгани, у мусофир бўлиб, карвони билан кеча Яманга қайтганини айтди. Сайфуддавла яҳудийни топиш учун карвон ортидан боришга тайёрлигини билдирганда, Маҳмуд ҳайратланиб: “Минг дирҳамни қайтариш учун ёлғиз ўзингиз саҳрода катта масофани босиб ўтасизми?” деди. Сайфуддавла: “Ҳа, гарданимда минг дирҳамдан қарз билан Аллоҳ таолога йўлиқолмайман”, деди.
Сайфуддавла карвонни топиш, пулни яҳудийга қайтариш учун йўлга чиқди. Ҳаво иссиқ, масофа олис эди. Сайфуддавла йўлда учратган ҳар бир карвондан яҳудий ҳақида суриштирди. Фақат сафарнинг учинчи куни яҳудийлар карвонига дуч келди. Улар орасида ўша яҳудийни топди ва унга бундай деди:
– Алҳамдулиллаҳ, ахийри сизни топдим. Сиз харид қилган кўйлак сифатсиз эди. Мана бу минг дирҳамни олиб қўйинг.
– Лекин мен кўйлакдан айб топа олмадим.
– Ёрдамчим ҳам хабарсиз ҳолда уни қиммат нархда сотиб юборибди.
– Минг дирҳам учун шунча машаққат чекиб юрибсизми?
– Ҳисоб кунида ушбу гуноҳни кўтариб туролмайман.
– Аллоҳга қасам, сиздек хулқли кишини ҳали кўрмадим. Ким сизни бундай қилишга ундади?
– Ислом дини. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олcалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар” (Мутоффифин сураси, 1–3-оятлар). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизни алдаган бизлардан эмас”, деб огоҳлантирганлар. Нега жим турибсиз, пулингизни олинг.
– Аллоҳга қасам, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Мени бу гўзал хулқингиз ва сўзларингиз билан хижолат қилдингиз.
– Нима демоқчисиз?
– Мен кўйлак харид қилишда қалбаки пуллар бергандим. Шу боис аввал юкимни шай қилиб, дўкондорга дирҳамни берибоқ йўлга отландим. Шундай қилсам, сотувчи қалбаки пулларнинг фарқига бормайди, дедим. Сизни кўрганимдан кейин сохта пулларни бериб, кўйлакни қайтариб оласиз деб ўйладим ва дўстларим олдида шарманда бўлишдан қўрқдим.
– У ҳолда нима учун ҳозир пулларнинг сохта эканини эътироф этмоқдасиз?
– Сизнинг гўзал хулқингизни кўриб, ёмон хулқимдан уялдим.
Ислом динига кираман: “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман!”
Шу тариқа яҳудий мусулмон бўлди ва карвонини ташлаб Сайфуддавла билан Шомга, янги динни ўрганиш учун кетди.
Ургут тумани бош имом-хатиби
Абдуғани ҲАСАНОВ
тайёрлади.
Соҳа ходимлари ҳам хайрия тадбирига ўз ҳиссаларини қўшмоқда
Қишнинг қировли кунларида бева-бечоралар, боқувчисидан айрилган ва ёрдамга муҳтож оилаларга амалий ва маънавий томондан ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш инсонийлик фазилатлардан бири саналади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган «Меҳр ҳаракати» доирасидаги хайрия тадбирида Қорақалпоғистон Республикасидаги барча идора, кархона ва ташкилотлар томонидан ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ёрдамлар берилмоқда.
Ушбу хайрия тадбирига диний ташкилотлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Бахраматдин Разов ҳомийларни жалб қилган ҳолда Нукус шаҳридаги ёрдамга мухтож 20 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандларига қишки иссиқ кийимлар, иситиш ускуналари ва уй-рўзғор буюмларидан ёрдамлар берди.
Аллоҳ таоло Бақара сураси 271-оятда: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир», деб марҳамат қилади.
Ояти каримада айтилганидек, бир-биримизга ёрдам қўлимизни чўзиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, амалий ва моддий ёрдамлар бериш инсонийлик бурчимиз.
Хайрия тадбири давом этмоқда
Давудбой БЕКАНОВ
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.
Наманган вилояти масжидларида ёнғин хавфсизлиги ҳолати кўздан кечирилди
Наманган вилояти масжидларида қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ишлар амалга оширилди.
Наманган вилояти масжидларида қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги барча масжидлар вилоят вакиллиги ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия, ҳудудлардаги ФВБ мутахассислари ва шаҳар-туман бош имом-хатиблари томонидан жойида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар ўз ўрнида бартараф этилди.
Барча масжидларда намозхонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида масжид хонақоҳларини ва маъмурий биноларни истиш ҳамда таҳоратхоналарни мунтазам иссиқ сув билан таъминлаш юзасидан амалий ишлар ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоят масжидлари қиш мавсумини беталофат ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳолатга келтирилди. Вилоятдаги мавжуд масжидларнинг 63 таси табиий газ билан иситилади. Қолган 129 та масжидда муқобил ёнилғи (кўмир) билан иситилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
ЎЗЛАРИДАН ЎЗЛАРИГА РАДДИЯ
Ибн Таймия айтади: «Кимики Китоб ва Суннатдан Саҳобаларга эргашмай, Уларнинг йўлларисиз ҳукум оламан деб ўйласа бидъат ва залолат аҳлидандир».
Яъни: Тўрт мўътабар мазҳаб имомлари айнан Китоб-суннат ва Саҳобаи киромлар йўлини лозим тутишгандир.
Ибн Таймия р.ҳ.нинг «Фатвой Мисрия» китобиниг мухтасаридан.
Хулосаи калом: Хозирги кунимизда китоб-у суннатдан ўзича ҳукм олса жоиз бўлади деб, пуч даъвога даъват этаётган баъзи сохта шайхларни, сохта фатволаридан сақланишга даъват этиб қолган бўлар эдик.
Таржимон: Муҳаммад Аюб Фахриддинов
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.