muslim.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Куфр ва иймон (Аудио)
Раҳмат ойи – Рамазон: Фитр садақаси (Аудио)
Соғлигимизга ўзимиз масъулмиз
Ислом динида инсоннинг юқумли касалликларга сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши сабр қилса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилса, у бу ажрдан бебаҳра қолади. Маълумингизким, охирги пайтларда дунёда ҳар куни кўплаб инсонлар коронавирусни юқтириб олмоқдалар. Минг афсуски, уларнинг маълум бир миқдордагилари оламдан ҳам ўтмоқда.
Таъкидлаш зарурки, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳатто пандемияга қарши муваффақият билан курашаётган кучлик тиббий технологиялар билан таъминланган давлатларда ҳам коронавирусга чалинганлар сони кескин ошаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Касалланиш ҳолатларининг асосийси карантин талабларига риоя қилмаган беморларга боғланиб қолмоқда.
Ушбу ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз Раҳбари “Ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт”, деб бугунги куннинг энг устувор тамойилини таъкидладилар.
Бу ўз навбатида халқимиздан жорий этилган барча тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этади. Республикамизда карантин чекловлари юмшатилиши баробарида зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур.
Афсус билан қайд этиш керакки, айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузмоқда.
Ушбу синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан бири — cўнгги вақтда айрим фуқароларда кузатилаётган бепарволикдир. Айрим ҳудудларда карантин чекловлари юмшатилгани сабабли гигиена қоидаларини унутиб қўймайлик. Бу биринчи навбатда ниқоб, масофани сақлаш ва қўлларни совунлаб ювиб туриш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва уч кишидан ортиқ тўпланмаслик билан боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, карантин чекловларини ўрнатишдан бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вирус тарқалишининг олдини олиш. Шундай пайтларда ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилиш зарур.
Афсуски, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари ҳам учраётгани кишини қаттиқ ташвишга солади. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.
Уламолар иттифоқ қилган қоидалардан бири шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилгандир, улар – жони, дини, насли, моли ва ақлини ҳимоя қилишдир.
Қуръони каримда: “...ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар...” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Инсон ўз жонни асраб-авайлаши тўғрисида бошқа диний кўрсатмалар ҳам мавжуддир. Шу эътибордан жойларда жаноза каби диний маросимни амалга оширишда Республика махсус комиссиясининг карантин бўйича талабларига, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги фатвосига амал қилмоқлик зарурдир.
Бундай шароитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг бошқа мусулмон мамлакатларида каби қабул қилган Фатво ва қарорларига зид равишда хонадон ва масжидларда жамоавий намозларни адо этишга ҳаракат қилиш, кўп одамларни тўплаш мусулмонларнинг жони ва соғлиғини хатарга қўйишини унутмаслигимиз керак.
Ислом динида инсонлар ўз раҳбарларига, айниқса ҳозирги каби таҳликали даврда ҳар бир мусулмон диний масалаларда уламоларнинг, саломатлигини сақлашда эса табиб-шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя этиши талаб қилинади. Касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат, шифокорлар ва уламолар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилиш зарур.
Вазиятни тўғри тушунган ҳолда ўзимизнинг итоатимиз, чиройли сабримиз, хайрли амалларимиз билан бундай синовли кунларни енгиб ўтсак, албатта тўкин, тинч ва хотиржам кунларга ҳам етамиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишлигимиз шарт. Энг аввало соғлик ва саломатликни асраш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз зарурдир.
Олимжон ОБИДЖОНОВ,
Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом-ноиби
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ашёлари сақланадиган шаҳар...
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.