muslim.uz
Раҳмат ойи – Рамазон: Рўзага оид савол-жавоблар (3-аудио)
Рамазон сабоқлари: илм-маърифат юксаклиги ва иймон бутлиги
Бугун инсониятни табиий офатлар, ёнғинлар, сув тошқинлари, тождор вирус сингари турли хил ғам ташвишлар қамраб олмоқда. Уларга қарши курашда манман деган давлатлар ҳам ожизлигини ҳис қилмоқда. Бундай воқеа ҳодисалар сабабини ҳар ким ўзича таҳлил қилиб хулоса чиқариши табиий. Бу борада энг тўғри тўхтамга келишлик менимча ота-боболаримиз амал қилган мезонлардир. Бу — кишилик жамияти ривожининг тилсим калити бўлган илм-маърифат, иймон ва тафаккурдир.
Бир пайтлар ёлғон гаплар, сохта гувоҳликлар, лафзсизликлар, ота-онага оқ бўлиш, қариндошларга сийлаи раҳим қилмаслик, ўз жонига қасд қилиш, молнинг закотини чиқармаслик кабилар катта гуноҳ саналган. Бугун биз бундай қайтариқлардан юз буриш учун нималар қиляпмиз? Ёки содир этилаётган бу каби хатоликларга бефарқмизми?
Доно халқимизнинг “Сабабсиз оқибат бўлмайди”, — деган нақли бежизга айтилмаган. Бугунги кунда кишилар руҳиятидаги маънавий қашшоқлик, иймон сустлиги, инсоният таълим-тарбияси учун зарурий манбалардан йироқлашиш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Хўш, бундай чекинишларнинг давоси борми?
Бор албатта! Бунинг ягона йўли киши ўз маънавий дунёсини бойитиши учун аввало китоб муталаасига меҳр қўйишидир. Бугунги авлод учун қолдирилган маънавий меросларни қунт билан ўрганишимиз лозим. Бир сўз билан айтганда илм, илм ва яна илм. Чунки инсониятни барча фалокатлардан қутқарувчи омил бу — илм-маърифат юксаклиги ва иймон бутлигидир. Ана шунда шахс комиллик даражасига етишади.
Ўз руҳиятидаги қашшоқликни илм-маърифат билан бойитиб, маънавий баркамоллик чашмасидан сув ичган имом ал-Бухорий, имом ат-Термизий, имом Мотрудий, имом Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби юзлаб алломалар Ватанимиз шуҳратини бугунгача юксалтириб келмоқда. Қуръон ва муқаддас суннатга бўлган самимий муҳаббати, илмга чанқоқлиги, тафаккурининг чексизлиги туфайли ҳар бири илм-маърифат салтанатида ўз мактабини яратдилар. Уларга илҳом бахш этган, йўлини ойдин ёритиб турган, бошига мушкулот тушганида, душманлари панд берганида Роббисига дуо қилса, унинг ижобатига руҳий мадад бўлган зот Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Бугунги мутолаамизда ана шу муборак сиймога Рамазон баракоти ила юзланамиз. Хўш, севимли пайғамбаримиз ҳаётда қандай киши бўлганлар? У кишининг муборак сийратлари ва сувратларидаги мукаммаллик, инсоният ва руҳият оламига хос комиллиги нимада?
Саволимизга ойдинлик киритиш мақсадида Аллоҳнинг каломига мурожаат қиламиз. Қуръони Каримнинг “Қалам”сурасидаги 4-оятда бундай дейилади: “Ва албатта сен улкан хулқдасан” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”).
Ушбу муқаддас оятдаги таъкид туфайли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча одоб-ахлоқни, илм-маърифатни ўзларига сингдирганлар. Бу хусусда пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман” дейдилар. Ана шундай гўзал хулқ соҳибининг нурли сиймолари Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” асарида бундай таърифланади:
“Ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг набиралари ҳазрати Иброҳим ибн Муҳаммад айтадилар: “Хазрати Али разияллоҳу анҳу қачон жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини баён қилсалар, дер эдилар:
Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам на кўп узун бўйлик на паст бўйлик эдилар, балки ўрта қадлик одамлардан эдилар. Муборак сочлари на зиёда буралган ва на зиёда ёзилган эди, балки иккисининг ўртасида бўлиб, озроқ буралган эди. На муборак баданлари зиёда семиз гўштлик ва на муборак чеҳралари зиёда юмалоқ эди, балки озроқ мудаввар (юмалоқ) эди. Чеҳралари қизилга мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Икки суякларининг қўшиладиган бошлари йўғон эди ва икки кифтлари жам бўладиган ерлари ҳам йўғон гўштлик эди. Баданларида тук йўқ эди, Фақат сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Қачон йўл юрсалар, қадамларини ердан қувват билан узиб олар, гўёки пастликка кетиб турган каби кўринар элилар. Қачон бир тарафга бурилсалар, бутун баданлари билан бурилар эдилар, фақат бўйинларини буриб қўймас эдилар. Икки елкаларининг ўртасида муҳри нубуват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди. Ва ўзлари барча пайғамбарларнинг охиргиси эдилар. Ҳаммадан зиёда сахий диллик зот эдилар. Ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи, мулойим табиатли ва хонадонлари шарафли бир зот эдилар. Кимики жанобни бирдан кўриб қолса, ҳайбатлари босар эди, кимики яхши таниб , суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. Маддоҳлари (у зотни мадҳ қилувчилар): “Мен бу жанобга ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрганман ва на ўзларидан кейин кўрганман”, дер эди”.
Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар:
“Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмлари шу қадар марғуб, жамил ва гўзал эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ таъоло кумушдан қуйганмикин, деб қолар эди. Муборак сочларида бир оз буралганлик бор эди”.
Умримиз давомида руҳиятимиз ва тафаккуримизни маънавий бойитишга ибрат бўладиган муқаддас динимиз асосчисининг мукаммал вужудлари мана шундай эди. Барча муҳаддислар, муаррихлар, алломалар фозилу фузалолар ушбу мукаммал ахлоқ ва вужудга содиқ бўлишга интилиб яшадилар. Мана шу самимий муҳаббат ва ихлос уларни дунёда илм-маърифатни юксалтиришга мушарраф қилди.
Улар умрлари давомида қийинчиликка, тангчиликка учрасалар, кишиларга камбағаллик, офат, вабо етганини кўришса, Ватанни ёв босса севимли пайғамбаримизнинг муборак руҳларига саловот йўллашарди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан маънавий кўмак кутардилар. Азиз авлиёларнинг дуо учун кўкка кўтарилган қўлларини Аллоҳ Ўз севимли пайғамбарининг руҳи поклари ҳурматидан қуруқ қайтармасди. Дуолар баракотидан барча мушкулотлар ҳал бўларди. Бугун биз ана шундай комилликка муҳтожмиз.
Бугунги синовли, ер юзида табиий офатлар пўртана қилаётган шароитда буюк алломалар одатидек салавот айтишлик, муборак Рамазон файзини тилашлик, қалбимизни, тафаккуримизни илм чироғи билан ёритишни Яратгандан сўрашлик қандай гўзал ва мароқлидир.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг
мустақил тадқиқотчиси
"Меҳр" карвони Сирдарёда
2020 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ташаббуси билан Сирдарё вилояти “Сардоба” сув омборидаги тошқинда талофат кўрган юртдошларимизга “МЕҲР” карвони Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳамда Боёвут туманига етказилди. Ушбу инсонпарварлик ёрдами бевосита вилоятнинг туман ва шаҳарларида хизмат қилаётган диний соҳа ходимлари томонидан ташкил этилди. Унда уй жиҳозлари ва техника воситалари, мебел, кўрпа-тўшак ва ётоқ тўпламлари, жуда кўп миқдорда аптисептик ва шахсий гигиена воситалари, эркаклар ва аёллар, болалар учун кийим-кечаклар, шунингдек, бирламчи эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари – жами 900 миллион сўмдан ортиқроқ моддий ёрдам – ўрин эгаллаган.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ҳамда вакиллик ходимлари, имом-хатиблар тошқиндан талофат кўрган, бошпанасиз қолганлар билан улар жойлаштирилган масканларга бориб учрашдилар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қалбларига таскин улашиш мақсадида маърифий суҳбатлар ўтказдилар. Муборак Рамазон ойи билан қутлаб, бу синовлар ўтиб кетишини таъкидлаб далда бердилар. Сабр билан бу кунларни енгишлари, матонат ва иродалари янада мустаҳкам бўлишига ишонч билдирдилар. Яқин кунларда улар учун барпо этиладиган янги қишлоқ, янги шаҳарча ва қўрғонларда яна учрашишликка умид қилиб, Аллоҳ таолога хайрли дуою фотиҳалар қилдилар. Ўз навбатида сирдарёликлар ҳам бутун халқимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси 271-оят).
Қилинган эзгу ишлар, эҳсонларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишдан мақсадимиз шуки, мўмин-мусулмонлар доимо қийинчилик онларида, мушкул дамларда биродарларига ёрдам қўлини чўзишни ўзларининг бурчи деб билишларини, шунингдек, юртдошларимизнинг ҳар қандай синовли кунларни бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб енгишга уринишлари, бир-бирини қўллаб-қувватлашга, кўмаклашишга ошиқишларини кўрсатишдир. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига, қай ташкилотига назар солманг, ҳамма Сирдарё аҳолисига кўмакка ошиққан, ҳаттоки кичкинтойларнинг ҳам ўз жажжи биродарларини ҳушнуд этиш учун ўзларининг севимли ўйинчоқларини бераётганлари таҳсинга лойиқ, десак муболаға бўлмайди. Нуроний отахонлар, муштипар онахонлар, қўйингки, барча-барчанинг дуолари оғир кунларда синовга учраган юртдошларимизга аталган. Бугунги кунда ҳар бир кишининг асосий мақсади қийинчилик вақтида биродарларига озгина бўлсада қувонч улашиш, дилларга хурсандчилик олиб киришдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилишга шошилинг, чунки балолар(офатлар) садақа томонга қадам қўя олмайди ва яна садақа қилишга шошилинг, чунки садақа балони қайтаради ва балонинг (ерга) тушишини тўхтатади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Амалга оширилаётган хайрли ишлар, чин дилдан улашилаётган совғаю эҳсонлар, ихлосла қилинаётган эзгу дуолар сабаб Аллоҳ таоло бу синовли кунларни тез орада ортда қолдирсин, юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларимизга қут барака, офият ато қилсин!
fitrat.uz
Оилавий ажримлар нега кўпаймоқда
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.