muslim.uz
Жоҳор штати муфтийси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди
2019 йил 19 ноябрь куни Малайзиянинг Жоҳор штати муфтийси Ҳожи Аҳмад Файсал бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келди. Ҳожи Аҳмад Файсалга 7 та малайзиялик диний арбоблар ҳамроҳлик қилди. Улар:
- Ҳожи Баҳрин бин Жалол –Жоҳор штати Фатво қўмитаси котиби.
- Профессор Ҳусайн бин Салмон –Жоҳор штати Фатво қўмитаси аъзоси.
- Ҳожи Аноар бин Саримий – Жоҳор штати Бош қозиси (Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси).
- Ҳожи Рамли бин Жусоҳ – Жоҳор штати Фатво қўмитаси аъзоси (Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси).
- Хайрул Низам бин Мад Саид – Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси.
- Ҳожи Моҳд Азҳар бин Самадун – Жоҳор штати исломий-диний кенгаши котиби.
- Алина Вонг хоним бинти Абдулла – делегация аъзоси.
Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров ва Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Абдулҳаким Арипов кутиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ушбу мартабали меҳмонлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда Иброҳим домла Иномов Диний идорани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошқариши, уларнинг қўл остиларида нуфузли дин арбоблари ва ислом уламолари фаолият юритиши, диёримизда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани, бугунги кунда 2000 дан ортиқ масжид, 2 та олий ислом билим юрти, 9 нафар ўрта махсус ислом билим юртлари ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолият олиб бораётгани, ўтган давр мобайнида жуда ҳам катта ишлар қилингани, муҳтарам Президентимизнинг тарихий фармонлари эълон қилингани, унга кўра Ўзбекистон халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ташкил этилгани, диний соҳа ходимларига бир қатор имтиёзлар берилгани, диний таълим муассасалари ва илмий мактабларда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилгани ҳақида гапирдилар.
Ҳар йили мамлакатимиздан минглаб фуқаролар умра ва ҳаж зиёратига боришини, миллионлаб китоб, журнал ва газеталар чоп этилишини эътироф этди. Шунингдек, идора таркибида Ислом дунёсини ёритувчи хабарлар, нашрлар, савол-жавоблар ва қизиқарли мавзудаги мақолалар бериб бориладиган сайтлар мавжуд эканини айтди.
Малайзиялик меҳмон доктор Файсал ўз навбатида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбариятига қимматли вақтларини аямасдан қабул қилгани учун ташаккур билдирди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳақида берилган маълумотлар жуда фойдали бўлганини айтиб, Жоҳор штати муфтияти билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш истагида эканликларини билдирди. Доктор Файсал ташриф давомида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни, Имом Бухорий, Хожа Нақшбанд ва бошқа зотларнинг хоки покларини зиёрат қилганидан жуда ҳам бахтиёр эканини сўзлаб берди.
Меҳмонлардан Ҳожи Баҳрин бин Жалол Хожа Нақшбанд юрти бўлган Ўзбекистонда нақшбандия тариқати билимдонлари бор-йўқлиги, улар билан алоқа боғлаш имконияти ҳақида сўради. Иброҳим домла Иномов, Бухорода ташкил этилган Тасаввуф илми мактабида мана шу илм чуқур ўргатилиши, у ерда етук устозлар мавжудлиги ҳақида маълумот берди.
Ҳусайн бин Салмон эса, Малайзияда фатво идорасининг ақида бўлими энг кўп ишлайдиган бўлим экани, аҳолининг эътиқодини соғломлаштириш билан шуғулланишини айтиб, Ўзбекистонда бу масала қандай эканини сўради. Иброҳим домла Иномов, ақида масаласининг нафақат Малайзия ва Ўзбекистонда, балки мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида энг долзарб масалалардан эканини, Ўзбекистонда ҳам аҳолига соф эътиқод асослари етарлича тушунтириб борилиши, ҳаттоки, имом-домлаларнинг барча таълим муассасаларида маърифий суҳбатлар ўтказиши ҳақида айтиб берди. Ҳаттоки, ҳозирги пайтда ногиронлиги бўлган кишиларга сурдо таржималари ташкил этилгани ҳақида маълумот берди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида катта таассурот олганларини изҳор қилиб, миннатдорлик билдиришди.
Учрашув якунида томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Намоз сабоқлари: Азон ва азон дуоси (Аудио)
Аллоҳу акбар!
Аллоҳу акбар!
Аллоҳу акбар!
Аллоҳу акбар!
Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳ!
Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳ!
Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ!
Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ!
Ҳайя ъалас-солаҳ!
Ҳайя ъалас-солаҳ!
Ҳайя ъалал фалаҳ!
Ҳайя ъалал фалаҳ!
Аллоҳу акбар!
Аллоҳу акбар!
Лаа илаҳа иллаллоҳ.
Маъноси: Аллоҳ улуғдир!
Аллоҳ улуғдир!
Аллоҳ улуғдир!
Аллоҳ улуғдир!
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрорман! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрорман!
Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига иқрорман! Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига иқрорман!
Намозга шошилинг!
Намозга шошилинг!
Нажотга шошилинг!
Нажотга шошилинг!
Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир!
Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!
Бомдод намозининг азонида Ҳайя ъалал фалаҳ! сўзларидан кейин икки марта «Ас-солату хойрум минан-навм! («Намоз уйқудан афзалдир!») калималари айтилади.
АЗОН ДУОСИ
Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммаҳ. Вас-солатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ. Вад-дарожатал ъалиятар рофиъа. Вабъас-ҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ. Варзуқна шафа-ъатаҳу явмал қиямаҳ. Иннака ла тухлифул миъад!
Маъноси: Ушбу комил даъватнинг ва вақти ҳозир бўлган намознинг Парвардигори, ё Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила, фазилат, баланд ва олий даража ато эт. Уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомда тирилтир. Бизга Қиёмат куни унинг шафоатини насиб эт. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмайсан.
ЎМИ матбуот хизмати
Намоз сабоқлари: Намознинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислардан намуналар (Аудио)
«Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда умматларингга беш вақт намозни фарз қилдим. Ўзим аҳд қилдимки, ким шу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиб юрса, у кишини жаннатга киритаман. Ким ўз вақтида адо этиб юрмаса, у банда хусусида аҳдим йўқдир» (Ҳадиси қудсий).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларидан сўрадилар: «Бирортангиз уйингизнинг олдидан оқиб ўтадиган дарёда (ёки сойда) ҳар куни беш маҳал ювинсангиз, баданимда кир қолибди, деб айтасизми?» Саҳобалар: «Сира ҳам кир қолмайди», дейишди. Расули акрам: «Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшаш, Аллоҳ таоло намоз сабабли гуноҳларни кечиради».
«Аср намозини узрсиз қазо қилиб қўйган одам бола-чақасию мол-дунёсидан ажраган киши кабидир».
«Қоронғу кечаларда масжидга борган кишиларга, Қиёмат куни нурга эга бўлишлари хушхабарини етказинг».
«Сизлардан бирларингиз намоз ўқиган жойда таҳоратини бузмасдан ўтирган муддатда, фаришталар уни: “Илоҳо, бу кишининг гуноҳларини кечир ва унга раҳм айла”, деб дуо қилишади».
«Кечаси туриб ибодат қилган ва хотинини уйғотган, хотини туришни хоҳламаса, юзига сув сепган одамга Аллоҳ раҳматини ёғдирсин. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини уйғотган, эри туришни хоҳламаса, юзига сув сепган хотинга Аллоҳ раҳматини ёғдирсин».
«Намоз жаннатнинг калитидир».
«Намоз диннинг устунидир».
«Намоз мўминнинг меърожидир».
ЎМИ матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келадур (Аудио)
Намоз сабоқлари: Намоз (Аудио)
Намоз динимизнинг иккинчи рукни ҳисобланади. Намоз – Аллоҳ таоло бизларга берган ҳадсиз-ҳисобсиз неъматларга шукронадир. Намоз солиҳ амалларнинг энг афзалидир. Солиҳ амал туфайли банда Аллоҳ таолога суюкли бўлади.
Турли баҳоналар билан намоз ўқимай юрган киши Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмаган бўлади. Аллоҳ таоло амрига бўйсунмаслик катта мусибатдир.
Қуръони каримнинг кўплаб оятларида намоз ўқиш амр этилган:
«Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва руку қилувчилар (намозхонлар) билан бирга руку қилингиз (намоз ўқингиз)!» (Бақара сураси, 43-оят).
«Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз!» (Бақара сураси, 110-оят).
«Аллоҳ имонларингизни (Байтул Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 143-оят).
«(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!» (Иброҳим сураси,31-оят).
«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни баркамол адо этинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо этинг!) Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир. Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» (Исро сураси, 78–79-оятлар).
«Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг!» (Тоҳо сураси, 132-оят).
«Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар» (Муъминун сураси, 1–2, 9-оятлар).
«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят).
«Бас, (эй Муҳаммад!) Улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)! Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (намозлар) ортидан тасбеҳ айтинг!» (Қоф сураси, 39–40-оятлар).
«(Эй Муҳаммад!) Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг! Зотан, Сиз Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳимоямизда)дирсиз! (Тонгда уйқудан) турган пайтингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг! Шунингдек, тундан (маълум вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботгач, саҳарда) ҳам Унга тасбеҳ айтинг!» (Тур сураси, 48–49-оятлар).
«Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки, унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бардошсизлик қилувчидир. Қачонки, унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта ман этувчи (бахил)дир. Фақат намозхонлар бундан мустасно бўлган ҳолларида намозларида мунтазам (давоматли), (топган) мол-мулкларидан (ажратилган) маълум ҳақ борки, у тиланчи ва маҳрум кишилар учундир» (Маориж сураси, 19–25-оятлар).
ЎМИ матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.