muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ матбуот хизмати

 ҒУСЛ

Эр-хотин қовушганда, эҳтилом бўлганда, яъни, уйқуда ё уйғоқликда маний шаҳват билан чиққанда, аёллар ҳайз ва нифосдан тоза бўлганидан сўнг ғусл (бутун баданни сув билан ишқалаб ювиш) фарз бўлади.

Ҳар жума ва ҳайит намозлари учун ғусл қилиш суннатдир. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) доимо бажарган амаллардандир.

Ғуслнинг фарзлари: 

  1. Оғизни сув билан томоққа етказиб, ғарғара қилиб чайиш;
  2. Бурунни сув билан ачиштириб чайиш;
  3. Бутун баданни ишқалаб ювиш.

Ғусл қуйидаги тартибда қилинади.

  1. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейилади ва ғуслга ният қилинади.
  2. Қўллар ошиқлари билан ювилади.
  3. Икки йўл ювилади ва таҳорат олинади. Баданда маний бўлса, ювиб кетказилади. Аввал бошга, кейин ўнг ва чап елкага сув қуйиб, бутун бадан яхшилаб ювилади. Агар баданда игнанинг учидай қуруқ жой қолса ҳам, ғусл тугал бўлмайди.

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

 ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗЛАРИ

 

  1. Юзни пешонанинг сочлар чиққан жойи­дан ияк остигача ва икки қулоқ орасидаги қисмини ювиш.
  2. Қўлларни тирсаклари билан бирга қўшиб ювиш.
  3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш.
  4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

 

ТАҲОРАТНИНГ СУННАТЛАРИ

 

  1. Мисвок ишлатиш. Оғизни ювганда мис­вок ишлатиш суннатдир.
  2. Аввал қўлларни уч марта ювиш.
  3. Оғизни ва бурунни чайиш.
  4. Соқол орасини, қўл ҳамда оёқ бармоқлари орасини хилол қилиш.
  5. Аввал ўнг, кейин эса чап тараф аъзоларини ювиш.
  6. Юз, қўл ва оёқни уч мартадан ювиш.

Таҳоратдан сўнг:

“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ деб айтиш.

Маъноси: “Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчиси эканига иқрорман”.

“Аллоҳуммажъалний минат-таввабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн”.

Маъноси: “Ё Аллоҳ, мени тавба қилувчи ва покланувчи бандаларингдан қил”.

 

 

ТАҲОРАТНИ БУЗАДИГАН ҲОЛЛАР

 

  1. Баданнинг бирор жойидан қон ё йиринг чиқиб, чиққан жойи атрофига ёйилиши;
  2. Оғиз тўлиб қусиш;
  3. Икки йўлдан ел ё бирор нарса чиқиши;
  4. Милк қонаганда тупук ранги қизил бўлиши;
  5. Ҳушдан кетиш;
  6. Намоз ўқиётиб ёнидаги одам эшитадиган даражада кулиш;
  7. Ётиб, ёнбошлаб ва ортни ерга теккизмай суяниб ухлаш.

 

  1. Ғусл қилиш, хушбўйланиш, энг чиройли либосларни кийиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса ва имом маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса у киши уйга ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бўлган ҳолда қайтади”, дедилар. 

  1. Тонгда ушбу дуони ўқиш:

“Астағфируллоҳ аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”

“Ҳай ва қайюм сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин: “Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳ”, деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривояти). 

  1. Масжидга эртароқ, пиёда юриб бориш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга эрта борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек, ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек, ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжидга сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намознинг ажри берилади”, дедилар. 

  1. Масжидга киришда ушбу дуони ўқиш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни масжидга кирсалар, эшикнинг кесакисидан ушлаб:

“Аллоҳуммажъалний авжаҳа ман таважжаҳа илайка ва ақроба ман тақорроба илайка ва афзола ман саъалака ва роғиба илайк”

“Ё Аллоҳим, мени ўзингга юзланувчиларнинг юзланувчироғи, яқин бўлгувчиларнинг яқинроғи, сўровчи ва рағбат этгувчиларнинг афзалроғи қил”, деб айтар эдилар» (Имом Ибн Сунний ривояти). 

  1. Жума кечаси ва кундузи Каҳф сурасини ўқиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар. 
  1. Кўп дуо қилиш. Чунки жума кунида бир соат борки, унда дуолар ижобат бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом жума кунини зикр қилатуриб: “Унда бир соат бор. Бир мусулмон банда намозда қоим бўлса ва бу (ибодати) ана шу пайтга тўғри келиб қолса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради”, дедилар ва у фурсат жуда оз эканини қўллари билан кўрсатдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “У соат имом минбарга ўтиришидан намозини тугатгунгача бўлган вақт”, деган (Имом Муслим ривояти). 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш. Авс ибн Авс Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунларингизнинг энг яхшиси жума кунидир. Ана шу кунда менга салавотни кўпайтиринглар. Чунки менга шу куни салавотларингиз кўрсатилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, сизнинг суякларингиз чириб кетса, қандай қилиб кўрсатилади?” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти). 
  1. Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини ўқиш. Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума намозидан кейин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни кейинги жумагача ёмонликдан сақлайди», дедилар. (Ибн Сунний ривояти). 
  1. Жума намозидан кейин Аллоҳни кўп зикр қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Энди қачон намоз адо қилингач, ер-юзига тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топурсизлар” (Жумъа сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонлар қаторида бизни, аҳли-аёлимиз, фарзандларимизни ҳам жума кунининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top