muslim.uz
Фаришталар кимнинг ҳақига дуо қилади?
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳақига дуода бўлади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳақига дуода бўлади ҳамда у кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мевалар бўлади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Термизий ривояти).
Эй дўстим! Аллоҳдан сўрамоқчи бўлган ҳожатларинг борми? Ижобатидан умидвор бўлган дуоларинг борми? Кимнингдир дуосига муҳтожмисан? Бунинг учун сенда имкониятлар тўлиб ётибди. Етмиш минг фариштанинг дуосидан бебаҳра қолма. Озгина вақтингни ажратиб бундай катта имкониятдан фойдаланиб қол. Эртага боришни хоҳлаган жойинг жаннат учун бугун ҳаракат қилиб қол.
Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди
имом ноиби Саидхон Махсумов тайёрлади.
манба: vakillik.uz
Қурбонлик фазилати
Ислом оламида бешинчи аркон муборак ҳаж зиёрати адо қилинадиган зулҳижжа ойи яқинлашиб келмоқда. “Йўлга қодир бўлганлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир”, деган ояти каримага – Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ зиёратчилар ҳаж амалини бажаришга ошиқмоқдалар.
Зулҳижжа ойининг фазилатли қурбонлик кунларида қурбонликни ният қилганлар, ушбу ниятини адо қилганларга беҳисоб ажру савоблар ёғилиши бор. Ҳазрати Али к.в. Расулуллоҳ с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда “Кимки қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва гуноҳларини кечиради. Қурбонликни савдо қилаётганда, айтган сўзларини тасбеҳ ўрнига қабул қилади. Қурбонлик учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳам савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта ясатади ва улар қиёматгача унинг истиғфорини айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун бир қулни озод қилганлик савоби ёзилади”, дедилар.
Муборак ҳадисдан аён бўладики, қурбонлик учун қилинадиган ҳар бир ҳаракатга савоб бўлар экан. Мана шундай совоб илинжида бўлганлар қурбонлик учун қандай жонлиқ мумкин-у, қандай жонлиқ мумкин эмаслигини яхши билишлари лозим бўлади. Қурбонликка туя, сигир, қўй, эчки каби жонлиқлар сўйилади, лекин товуқ, ғоз каби паррандалар бўлмайди. Қурбонликка аталган ана шу жонлиқлар: туя, сигир беш-етти киши номидан; қўй, эчки бир киши номидан қурбонлик қилинади. Бу жонлиқлар ориқ, касал, чўлоқ, кўр, шохи синган, қулоғининг ярмидан кўпи кесилган, нуқсонли бўлмаслиги, ҳар жиҳатдан соғлом, семиз, айблардан холи бўлиши керак.
Қурбонликни ният қилганлар жонлиқни сўядиган вақтни ҳам яхши билмоғи лозим. Қурбон ҳайити ўқилгандан сўнг жонлиқлар сўйилади ва учинчи кун аср намозигача қурбонликлар адо қилинади. Ҳайитдан илгари сўйиб қўйса, ёки уч кунни ўтказиб сўйса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Баъзилар қассобларнинг қурбонлик кунларида уч кун одатдагидек мол сўйиб дўконга олиб келса, қурбонликка ўтиб кетаркан? дейдики, бу мутлоқо нотўғридир. Чунки қурбонликка ният бор, жонлиқни эҳсон қилиб тарқатиш бор, лекин одатдагидек мол сўйишда ният савдо учун бўлгани боис, улар қурбонликка ўтмайди.
Қурбонликни ҳайит кунидан бошлаб, уч кун ичида адо қилганларга Расулуллоҳ с.а.в. хушхабар этиб муборак ҳадисда: “Гувоҳлик бераман, ҳар ким қурбонлик қилса, қурбонликнинг ерга томган биринчи томчи қони учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг ўтмишдаги гуноҳларини мағфират этади”, дедилар.
Парвардигоримиз юртимиз, халқимиз учун келаётган Қурбон ҳайитини баракотли қилсин, барчамизни шундай улуғ кунлар фазилатидан насибодор айласин!
Ҳазрат Жаҳонов,
“Қизбиби” жоме масжиди имом-хатиби
манба: hazratnavoi.uz
Олтин куз – хайрли ишлар мавсуми
Аллоҳ таоло замонни яратиб, уни кун, ҳафта, ой, йилларга тақсим қилди. Ўз навбатида кун соатларга, ҳафта кунларга, ой ҳафталарга, йил эса фаслларга бўлинди.
Аллоҳ таоло фаслларни яратар экан, уларнинг ҳар бирига ўзига хос бўлган об-ҳаво, мевалар, полиз экинлари, манзаралар ва булардан бошқа бири иккинчисида топилмайдиган хусусиятларни берди.
Бугун фасллар ичида энг чиройлиси — олтин куз ҳақида сўз юритамиз.
Фасллар орасида кузнинг ўзига яраша ўрни ва аҳамияти бор. Айтиб ўтганимиздек, бу фаслда инсоннинг ризқи бўлган кўпгина анвои неъматлар пишади. Ҳавоси ҳам илиқ, мўътадил бўлади. Манзараси эса гўзал, дилларни яйратади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш куз узоқлаштиради», деганларини эшитдим» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳул Бухорий»га ёзган машҳур шарҳи «Фатҳул Борий» китобида юқоридаги ҳадисни бундай изоҳлайди: «Куз — йилнинг маълум бир қисмидир. Лекин, бу ерда у билан «йил» назарда тутилмоқда. Бу жойда бошқа фасллар: ёз, қиш, баҳор қолиб, айнан кузнинг зикр қилиниши унда мевалар пишиб, энг яхши фасл бўлгани учундир», дейди.
Куз фасли ҳамма қатори ўзбек халқи учун жуда қадрли. Чунки тинчлик, диёнат, истиқлол, ҳурлик ва қатор улуғ неъматлар ана шу олтин куз фасли бошланиши билан хотираларга мухрланган.
Юқорида таъкидланганидек, куз фасли ўзида жуда кўп яхшиликларни жамлаган. Қуйида улардан учтасига эътибор қаратамиз.
Куз – ибрат фасли
Оқил ҳикмат, жоҳил айб қидиради, деганларидек, фаслларда ҳам мўмин бандалар учун қанчадан-қанча яхшиликлар, баракалар, ибратлар, сир-синоатлар бор.
Аллоҳ таоло бу фаслларни бирин-кетин келтириши борлиқни тартиб-интизом устига қургани ва биз бундан ўзимизга керакли хулосаларни чиқаришимизга далолатдир. Ҳар фаслда иссиқ, совуқ, қор, ёмғир, шамол каби иқлим ўзгаришларининг бўлиши ақл эгалари учун ибрат бўлиши билан бирга, Буюк Раббимизнинг чексиз қудратини кўрсатади.
Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).
Бу ҳақида Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳ ҳам гўзал байт келтирган:
Падид этди жаҳон ичра фавосил,
Қилур ҳар фасл турлук нашъа ҳосил.
Аллоҳ таоло бу дунёни тўрт фаслдан иборат қилиб яратди. У зот баҳор кунларида ўлик ердан турли ўт-ўланларни чиқариб қўйдики, бу ҳол одам болаларининг қабрларидан туриб, тирилмоғига ишорадир. Ёз фаслида наботот олами тамом ўсиб, тўла етилади. Ҳаммаёқ ям-яшил кийимга бурканади. Бу одамларни фоний дунёда бироз тўкинликда яшашларига ишора. Куз келиб, бояги тамом етилган ўт-ўланлар буткул гуллари-ю меваларидан айрилиб, қурий бошлайди. Бу ҳам одам болаларининг ёшлиги ўтиб, қариликка қадам ташлашларига ишорадир. Қиш фаслида бояги тузук дунё бузилиб, сувлар музлаб, қор ёғиб, бутун ҳайвонлар устига машаққатлар ёғилади. Бу ҳам махлуқотнинг қиёматда қайта тирилиб, бошларига турли машаққат ва қайғулар тушишига ишорадир.
Куз – шукр фасли
Мусулмон киши доим шукрда бўлиши лозим. Неъматлар зиёда бўлганда шукри ҳам зиёда бўлиши керак.
وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ ۖ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا ۚ كَذَٰلِكَ نُصَرِّفُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ
«Пок юртнинг набототи Раббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир. Шукр келтирган қавмлар учун оятларимизни шундай хилма-хил баён қилурмиз» (Аъроф сураси, 58-оят).
Ояти каримада таъкидланганидек, набототларнинг униб чиқиши, уларнинг ҳосил бериши бизни шукрга, фикрга чорлайди.
Куз – ибодат фасли
Чунки бу фаслда йиғилган ҳосиллар, йиғим-теримлардан закоти ушри берилади. Бу билан одамлар орасида меҳр оқибат зиёдалашади. Аллоҳ таоло айтади:
كُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِه
ِ ۖ وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
«Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар. Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас». (Анъом сураси, 141 – оят).
Демак, биз кузда зиммамиздаги ҳақларни адо қилиб, тилимиз билан шукр этиб, амалда уни тадбиқини кўрсатиб, исрофгарчиликдан тийилишимиз даркор. Шунда Аллоҳ бераётган неъматларини яна зиёда қилиб беради.
Нуриддин Холиқназаров,
Андижон вилоят бош имом-хатиби
http://muslimun.uz
Қуръоннинг сифатлари
Қуръони карим, инсу жинс жам бўлиб унинг ўхшашини келтиришдан ожиз қолган, бутун инсониятнинг нусрат маёғи бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига ўзидан кейин маҳкам тутишга буюрган Аллоҳ таолонинг самовий китобидир.
Қуръони каримни тутиб, унга амал қилган кишининг Аллоҳга яқинлиги ортади, унинг тийнатида Қуръоний сифатлар гавдаланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир неча жойларида турли сифатлар билан васф қилган. Қуръон у:
- 1. Руҳдир. Аллоҳ таоло “Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг”.
Ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръонни “Руҳ” деб атамоқда. Руҳ ҳаёт негизи ҳисобланади. Уламоларимиз кишининг жисмоний тириклиги озуқа билан бўлса, руҳ ва қалб оламининг тириклиги маънавий озиқлар билан бўлади, маънавий озиқнинг энг олийси – олий Зотнинг Каломидир, дея Қуръон ила руҳларимизни озиқлантиришга чорлаганлар.
- Нурдир. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 15-16-оятларида: “…Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди” дея марҳамат қилган. Қуръонни мусҳафга қараб тиловат қилиш кўзни ўткирлаштиради, тиловати билан машғул бўлган кишининг зеҳни ўткирлашади. Бунинг сабаби Қуръоннинг нури ўтганидир.
- Энг тўғри йўлга бошловчидир. Аллоҳ таоло Исро сурасида: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур…” дея Қуръонни васф қилган. Қуръони карим қиёматгача унинг олдидан ва ортидан ботил келмайдиган китобдир. Ким уни тутса тўғри йўлни тутган бўлади.
- 4. У ҳидоят ва шифодир. «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир…” (Фуссилат сураси, 44-оят). Қуръон карим юқорида айтилганидек, ҳидоят – тўғри йўлга бошловчидир. Шунингдек, қалб ва жисм хасталикларига ҳам шифодир.
Азалийлигу абадийлик Ўзигагина хос бўлган Зот:
“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик.”, дея марҳамат қилган (Аъроф сураси, 96-оят). Алҳамдулиллаҳ, Раббимиз амри ила У юборган барча нарсаларга иймон келтирамиз. У буюрганидек, ибодат қиламиз ва раҳматидан умидвор, азобидан хавфда бўламиз.
Раббимиз каломини қанчалик маҳкам тутсак, бизга Аллоҳнинг баракоти шунча зиёдалашади. Айниқса, унинг тиловатини қилиб ёки тинглаб, маъноларини ўргансак, иншоаллоҳ, Қуръоннинг юқорида келтирилган сифатларига эришамиз ва икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз!
Барча ҳолатларимизда ҳожатбароримиз, тарбиячимиз бўлган Аллоҳ таоло Қуръони карим ила хулқланишимизда ҳам Ўзи тавфиқ ато қилгувчимиз бўлсин. Амин!
Муҳаммадий Эргашев
манба: nasihat.uz
Вилоят бош имом-хатиби марғилонлик имомлар билан учрашди
ЎМИнинг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодиров Марғилон шаҳридаги «Каптарли мозор» масжидида шаҳарда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари билан учрашди.
Йиғилишда муқаддас динимиз таълимотини халққа соф тарзда етказиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатиблар фаоллигини ошириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида халқни яхшиликка чақирувчи воиз, аввало, ўзи солиҳ бўлмоғи кераклиги, чунки у солиҳ бўлмаса инсонлар унинг атрофида жипслашмаслиги, бунинг натижасида оламнинг бузилишига сабаб бўлиши, сўзи эса инсонлар қалбидан жой ололмаслиги, инсон камтарин, мулойим бўлиши, аксинча мутакаббир, дағал ва тошбағир бўлмаслиги керакилиги ҳамда мажлисини одамлар малолланиб қоладиган даражада чўзиб юбормаслиги лозимлиги таъкидланди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан келган ривоятда: «Қалбларнинг тетиклик, қизиқишлик ва воизга юзланиш ҳамда юз ўгириш вақти бор. Шундай экан, инсонлар сенга қалбан юзланиб турган муддатда гапиргин”, дейилган.
Демак, воиз мазкур хислат ва фазилатларни ўзида мужассам эта олсагина унинг сўзи таъсирчан бўлади, дея қайд вилоят бош имом-хатиби.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал вилоят бош имом-хатиби вилоятнинг чегара ҳудуди бўлган Сўх туманига ташриф буюрган эди.
Вакиллик матбуот хизмати
манба: fargonaziyo.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.