muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда мамлакатимиз мусулмонларига Ҳаж зиёратини адо этиш учун бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Уларни Саудия Арабистонига етказилиши, саломатликларини доимий назорат қилиш, иссиқ иқлим шароитларидан келиб чиқиб таомланишлари масаласида тайёргарлик ишлари олиб борилган. Етти минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар жорий йилда Ҳаж ибодатини ўтайдилар. Уларнинг хавфсизлиги, ибодатларининг тўла-тўкис бўлишида ҳукуматимиз томонидан олиб борилган ишлар таҳсинга сазовордир.
Айни пайтда мамлакатимиз зиёратчиларининг бир неча гуруҳи Саудия Арабистонида бўлиб турибдилар ва уларнинг кайфиятлари юқори эканини кўриш мумкин.

Кеча, 1 август куни Наманган вилояти ва Тошкент шаҳридан 468 нафар зиёратчи Мадина шаҳрига етиб боришган бўлса, улар Мадина шаҳрида Масжидун Набавийдан юз метр узоқликдаги «Жавҳарат ал-Рашид» меҳмонхонасига жойлаштирилган.

Шу кунларда ушбу муборак шаҳарда 934 нафар юртдошларимиз ўз ибодатларини адо этмоқда.

Мадина шаҳрида ҳожиларимиз муқаддас зиёратгоҳлар: Масжиди Қубо, Масжиди қиблатайн ва Уҳуд тоғларини зиёрат қилгач, уч кечаю тўрт кундуздан кейин Макка шаҳрига йўл оладилар.
Бугун, 2 август куни Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятидан 460 нафар зиёратчилар Мадина шаҳридан Макка шаҳрига жўнаб кетдилар. Ҳозирда Макка шаҳрида 912 нафар зиёратчи ибодатларини адо этмоқдалар.

Ҳожиларимиз Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамдан 8000 метр узоқликда жойлашган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлашишдилар.

Мадина ва Макка шаҳарларида меҳмонхоналарда 24 соат давомида хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлиб, зиёратчиларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига «Фахрий фуқаро» унвони берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда айтиб ўтилган.

Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ушбу унвонни бериш тартибини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Шунингдек, агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатда ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақининг камида 8500 баравари миқдорида инвестицияни хўжалик жамиятларининг акция ва улушларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил қилиш шаклида киритса, кўп марталик уч йиллик визаларни уларнинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмаган ҳолда чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан олиш ҳуқуқи берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ислом динининг устунларидан саналган Ҳаж зиёрати Аллоҳ таоло ваъда қилганидек инсонларни ўтган ҳаётларидан хулоса чиқаришга ва гуноҳ ишлари учун тавба қилишлари, Ўзи кечиришини сўрашлари зарур бўлган ибодатдир.

Ҳаж мавсумининг кўнгилдагидек, хавотирсиз ва турли хавф-хатарларсиз ўтиши учун Саудия Арабистони ҳукумати турли чораларни кўрмоқда. Шундай ишлардан бири эса Каъбатуллоҳ устига ёпиладиган янги каъбапўшнинг ўрнатилишидир.

Аrabnews интернет нашрининг хабар беришига қараганда, Масжидул Ҳаромда Каъбани ҳаж мавсумига тайёрлаш ишлари ўз якунига етказилган.

Хабарда кисванинг пастки қисми тахланиб, ердан уч метр баландликка кўтариб қўйилгани, унга зарар етмаслиги учун икки метрлик оқ мато билан ўралган.

Қирол Абдулазиз мажмуасининг Каъба Кисва учун масъул раҳбари Аҳмед ал Мансурийнинг айтишича бу йилги каъбапўш мустаҳкам тикилган бўлиб, техник ишлар юқори аниқликда олиб борилган.

Зиёратчилар орасида кисвадан йиртиб олиш билан боғлиқ янглиш қарашнинг мавжудлиги, каъбапўшни оқ пахта мато билан ўраш сингари чораларни кўришга мажбур қилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни янглиш фикрларга бормаслик ва каъбапўшни йиртишга уринмасликка ҳамда ибодатларда бирор нарсани восита қилмасликка чақирамиз!

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 02 Август 2018 00:00

Ғийбатнинг зарарлари

Динимиз қайтарган гуноҳларнинг ортида албатта бир зиён бор. Ғийбат қилишдан қайтариқ ҳақида келган хабарларда қуйидаги зарарлардан огоҳ этиш бор:

  1. Дуонинг қабул бўлмаслиги. Кўп ғийбат қилувчи ўзининг бу ишига камдан кам ҳолда афсус-надомат қилади. Бардавом гуноҳ қилиб, унга афсусланмайдиган киши эса Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра бўлади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлмайди.
  2. Яхшиликларнинг қабул бўлмаслиги.
  3. Амаллар китобидаги яхшиликлар сони камайиб кетиши.
  4. Амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда учта офат бор. (Улар шуки): У (ғийбатчи)нинг дуоси ижобат қилинмайди. Яхшиликлари қабул бўлмайди. Ёмонликлари кўпайиб кетади».

  1. Ҳисоб-китобнинг қаттиқ бўлиши.
  2. Қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиши.
  3. Қиёмат кунида ўз гўштини ейиши.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож воқеасини баён қила туриб, шундай дедилар: “Меърожга чиққанимда бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг ёнбошларидан гўштлари кесиб олиниб, оғизларига солинар ва: “Биродарларинг гўштларидан еганингиз учун буни енглар”, деб айтилар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” − дедим, Жаброил: “Булар умматингизнинг ҳаммоз ва ламмозлари, яъни ғийбатчилари”, дедилар”.

  1. Жаннатга ҳаммадан кейин ва жаҳаннамга ҳаммадан илгари кириши.
  2. Ишонч ва эътиборнинг қолмаслиги.

Аллоҳ таоло бир айбимиз сабабли, шунча зарар кўриб қолишдан асрасин!

                                                                                                                        

“Ғийбат ўзи нима” китобидан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким саййидул истиғфор –Аллоҳумма анта роббий лаа илааҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри маа сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта» ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради”, дедилар.

اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لّا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ، وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، وأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ بِذَنْبِي فَاغْفِرلِي فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ

Маъноси: «Аллоҳим! Сен Парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сен мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди” (Бухорий ривояти).

ЎМИ Матубот хизмати

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top