muslim.uz
Ибодат жой танламайди. Кран бошқарувчисининг намоз ўқиши
Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрида қурилаётган баланд биноларнинг бирида ишлаётган кран бошқарувчиси ўз иш ўрнини тарк этмасдан намоз ўқиши тасвирланган видеолавҳа интернет тармоғида тарқалди. Бу ҳақда Спутник нашри маълум қилди.
Видеолавҳада кран бошқарувчиси 12-13 қаватли бино баландлигида туриб намоз ўқиган.
Интернет фойдаланувчиларининг баъзилари буни учун кран бошқарувчисини мақтаган бўлса бошқалар унинг хавфсизлик техникасини бузганликда айблашган.
Ушбу лавҳани қуйида кўришингиз мумкин.
https://youtu.be/Y-kWyHaEfcw
ЎМИ Матбуот хизмати
“Уммул хабоис” ёхуд барча ёмонликлар дояси
Нигерияда фермерлар ва чорвадорллар ўртасида келишмовчилик: мусулмон-насроний қарама-қаршилигими?
Нигерия маҳаллий полициясининг хабар беришича 22 июнь куни содир бўлган келишмовчиликлар натижасида 86 киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ турар жой бинолари вайрон қилинган. Фулани чўпонлари ва Бером деҳқонлари ўртасида келиб чиққан можарога жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан диний тус берилмоқда ва бу ҳолат узоқ йиллардан буён нма ён яшаб келган нигериялик мусулмон ва насроний жамоалари ўртасидаги қарама қаршиликларни кескинлаштирмоқда.
Аслида воқелик чўпонларнинг қорамоллари фермерлар ерига кириб кетгани ва бунинг натижасида бир мунча ҳосилнинг топталгани оқибатида тортишув келиб чиққан. ББС сингари оммавий ахборот воситалари таъкидлаган Ливиядан олиб кирилган қурол-яроқнинг аралашуви аянчли якунланган.
Ғарб мамлакатлари томонидан Ливияда нотинчлик ва фуқаролар урушининг сунъий яратилиши, ушбу ҳудудни бошқариб бўлмас даражага келтирди. Бунинг оқибатида эса Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол-яроқлар савдоси учун қулай шароит пайдо бўлди. Кўриб турибсизки қарийб 190 миллионлик аҳолиси бўлган Нигерия заминида ушбу аслаҳалар ёрдамида диний можаролар яратилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент шаҳри Бош имоми этиб тайинланди
Маълумки, Тошкент шаҳри Республикамизнинг пойтахти, қолаверса ҳар кун юзлаб, минглаб хорижий ва юртимиз меҳмонлари ташриф буюрадиган марказий шаҳар ҳисобланади. Ўз навбатида, пойтахтда фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам ҳар жиҳатдан билимли, тажрибали бўлишлари лозим. Ушбу шаҳарнинг бош имом-хатиби эса нафақат республика балки минтақа ва дунёда ўз ўрнига, обрў-эътиборга эга олим бўлишлигини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугун, 26 июнь куни пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида Тошкент шаҳар имомларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора раиси ўринбосари вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, ўз навбатида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Минор» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.
Йиғилиш ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қуръоний ишора
Қуръони Карим ер остида сув манбаи борлигига ишора қилган. Бу эса бугунги замонавий илм ҳам тасдиқлаётган, исботлаётган ҳақиқатдир. Қуръон нозил бўлган пайтларда бирор киши биз яшаётган тупроқ остида катта миқдорда чучук сув захираси борлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Олимлар “Ер сатҳининг тагида тўпланган чучук сув миқдори дарё ва кўллардаги биз кўриб турган чучук сув миқдоридан анча кўпдир” дейишяпти.
Агар биз Қуръонни синчиклаб ўқиб чиқсак, унда ер остида сув захираси борлигига ишора қилувчи оятни топамиз. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:
وَأَرْسَلْنَا الرِّيَاحَ لَوَاقِحَ فَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ وَمَا أَنتُمْ لَهُ بِخَازِنِينَ
“Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик. Сизлар уни тўплаб олувчи эмассиз”. (Яъни, Биз шамолларни ўлчов билан булутларни урчитувчи, бир-бирига қўшиб сув ҳосил қилувчи этиб юбордик. Асосан, ёмғирнинг ёғишига шамоллар сабаб бўлади. Улар маълум қоидаларга кўра эсади. Пайдо бўлган булутларнинг бир-бирлари ила қўшилишларидан сув ҳосил бўлади. Ана шундан кейин осмондан сув тушади, ёмғир ёғади. Аллоҳ таоло у сув билан ер юзини, одамларни сероб қилади. Деярли ҳамма ризқ осмондан тушган шу сувга боғлиқ бўлади. Инсон эса, Аллоҳ тайёр ҳолда унга осмондан тушириб берган сувни тўплаб олишга ҳам қодир эмас. Уни тўплашни ҳам булоқ, қудуқ, анҳор, ер ости кўллари ва бошқа воситалар орқали Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади.) (Ҳижр сураси, 22-оят).
Аллоҳ таоло шамолларни сувни туширишга сабаб қилиб қўйди. Кейин ўша сув тупроқ орқали ерга сингиб, ер остида йиғилади. Шундай жойларга йиғиладики, у ерда сув узоқ йиллар давомида айнимай, бузилмай, ичишга яроқли ҳолда туради.
Хўш, қани айтингчи, тупроққа сувни айнитмаслик хусусиятини ким берган?
Сувга узоқ йиллар давомида айнимаслик хусусиятини ким берган?
Албатта, Аллоҳ таоло берган!
Ҳа, Аллоҳ таоло тупроққа сувни бузмай тоза ҳолда ушлаб туриш хусусиятини берган. Олимларниг айтишича, бугунги кунда сувларни тозалашнинг энг афзал йўли уларни ер остидаги ўзига хос омборларга қўйиш экан. Субҳаналлоҳ!
www.kaheel7.com сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.