muslim.uz
Мурувватдан мамнун она
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир” (Сабаъ сураси, 39-оят), дейди. Инфоқ-эҳсон қилмаслик ва садақа улашмаслик ёки маблағи камайиб қолишидан қўрқиш Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилишдан юзага келади.
Халқимиздаги яхшилик қилиш, самимийлик, саховатпеша инсонларнинг етимпарвар ва камбағалпарварликлари бандаларга хос бўлган сифатлардан биридир.
Поёнига етиб бораётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида отинойиларимиз маҳаллалардаги аёллар билан уларнинг оғирини енгил қилиш, дардлари ва муаммоларини тинглаб ечимини топиш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар ва ногиронларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, улар имкон даражасида моддий ва маънавий қўллаб қувватланди.
Шайхонтоҳур тумани Белтепа мавзеси, 4-уй, 43-хонадонда истиқомат қилувчи 1979 йил туғилган Раҳмонова Озода 2 нафар вояга етмаган ногирон фарзандлари билан бошпанасиз эди. Шайхонтоҳур туманида фаолият юритувчи отинойилар мунтазам равишда Озода опа хонадонига ташриф буюриб, суҳбатлар ўтказиб, уларга моддий ва маънавий кўмак бериб келишган.
Давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Раҳмонова Озода опага ҳам Сергели туманидан қурилган янги уйлардан 2 хонали хонадон берилди. Озода опанинг қувончи чексиз ва президентимизнинг ҳимматидан жуда миннатдор. Уйларни топшириш маросимига отинойиларимиз ҳам таклиф қилинди. Маросим тантанали равишда ўтказилди. Озода опанинг маҳзун кунлари гувоҳи бўлган отинойиларимиз унинг бугунги хурсандчилигини кўриб, Яратганга шукроналар айтиб, мамнун бўлдилар.
Дилбар ОТАБОЕВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
Ривоят асосида ёзилган тафсир (1-мақола)
“Тафсиру маъсур” деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобеиндан нақл қилинган сўз билан баён этиш тушунилади. Бу ерда тобеин сўзини – агар уламолар ўртасида тобеиннинг фикри раъй дейилиши ёки маъсур дейилиши ихтилофли бўлса ҳам қўшиб қўйилди. Чунки Ибн Жарир сингари баъзи муфассирлар тафсири маъсурда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар билан кифояланмасдан, балки тобеинлардан қилинган ривоятларни ҳам келтирганлар.
Тафсири маъсурнинг вужудга келиш даври икки босқичдан иборат: биринчиси, ривоят даври бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобаи киромлар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир-бирларига, кейинчалик тобеинларга етказганлар.
Ўз навбатида, Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар.
Тобеинлар ҳам ўз даврида оятлардаги баъзи махфийликни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар устига ўзлари ҳам ижтиҳод ва раъй билан халққа тушунтирганлар.
Тафсирдаги шундай ўзгариш ва кенгайиш табааъ тобеинларнинг (тобеинлардан кейинги авлод) даврида ҳам давом этди.
Иккинчиси тадвин давридир. Бу даврда биринчи бўлиб тафсири маъсур (ривоятлар асосида тафсир) ёзилди. Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Қуръон тафсирини бир боб сифатида бўлса ҳам биринчи ёзган киши Мадина имоми Ал-имом Молик ибн Анас Ал-Асбаҳий эди.
Кейинчалик ҳадисдан тафсир ажратилди ва алоҳида китоб сифатида ёзилди. Қуръони карим тафсирини алоҳида китоб шаклида биринчи бўлиб ёзган киши Али ибн Абу Талҳа бўлиб, уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят асосида ёзди.
Кейин Қуръоннинг бир жузъига тафсир ёзилди, унинг муаллифи Абу Равқ, ундан кейин эса уч жузъига Ибн Журайждан қилинган ривоят асосида Муҳаммад ибн Савр тафсир ёзди.
Ибн Жарирнинг ёзган тафсири эса тафсири маъсурнинг энг мукаммали бўлди. Вақт ўтиши билан тафсири маъсурда ҳам иснодсиз ривоятлар қилиш бошланиб кетди ва саҳиҳ ривоят билан носаҳиҳни ажратиб бўлмай қолди, ҳатто бу нарса ёлғон ривоятларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлди.
Юқорида айтилганлардан маълумки, тафсири маъсур Қуръони карим оятини Қуръон ояти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати, саҳоба ёки тобеинларнинг ривояти билан тафсир қилишдан иборатдир. Шундай экан, Қуръонни Қуръон билан ёки ҳадис билан қилинган тафсир шубҳасиз қабул қилинади.
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган ривоятларнинг исноди ёки матни заиф бўлса, уни қабул қилинмайди, яъни мардуддир.
Аммо саҳобалар ва тобеинлардан ривоят қилинган ҳадислар билан тафсир қилинга бўлса, уларга халал аралашган бўлади ва заиф саналади. Чунки тафсир китобларида саҳобийлар номидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар борки, улар саҳиҳ эмасдир. Айниқса Ибн Аббос розияллоҳу ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳу номларидан жуда кўп ёлғон ҳадислар ривоят қилинган. Шунинг учун Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: “Ибн Аббосдан тафсир ҳақида юзтача ҳадис ривоят қилинган, холос” деганлар. Демак, Ибн Аббос розияллоҳу номларига нисбат берилиб, жуда кўп ҳадислар тўқилган. Тафсири маъсурнинг заиф саналишига учта сабаб бор:
- a) Тафсирда мавзуъ (ривоятга асосланилмаган, тўқилган) гапларнинг пайдо бўлиши;
Тафсирда мавзуъ гапларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ҳадисда пайдо бўлиши билан бир вақтда бошланди. Чунки тафсир билан ҳадис бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир-биридан мустақил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳадисда саҳиҳ, ҳасан, заиф, ровийлари орасида ишончли, шубҳали, ёлғончилари бўлганидек, тафсирда ҳам ва муфассирлар орасида ҳам шундайлари бор.
Мавзуъ ҳадис ва тафсирларнинг пайдо бўлиши ҳижратнинг қирқ биринчи йилидан бошланди. Бу даврга келиб мусулмонлар сиёсий жиҳатдан бир неча фирқага бўлиниб кетган эдилар. Бунинг устига қалби куфр билан тўла, аммо зоҳирда ўзини мусулмон ва динпарвар қилиб кўрсатувчи кимсалар пайдо бўлиб, бундай тафриқа замони уларнинг ғаразли мақсадларини амалга оширишга, динда бузғунчиликни кўпайтиришга, дин аҳлларини йўлдан оздиришга қулай имконият яратиб берди. Натижада кўплаб ботил ривоятлар тўқилди, бу ривоятларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумларга нисбат берилди. Масалан: шиалар ўз мазҳабларининг афзал эканини тушунтириш ва ҳазрат Алига нисбатан кишилар қалбида муҳаббат пайдо қилиш, хаворижлар эса “аҳли сунна вал-жамоа”ни айблаш мақсадида Қуръондан бирор оятни далил келтиришга зўр бериб уринар, бунинг учун эса ривоятлар тўқиб, бу ривоятларнинг нисбатини ишончли бўлсин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бирор саҳобийга боғлаб айтар, мақсади эса бидъат ва хурофот тарқатишдан бошқа нарса эмас эди. Айниқса, мавзуъ ривоятларнинг жуда кўпи ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга нисбат берилган эди. Бу икки улуғ саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан бўлгани учун мусулмонлар ҳеч шубҳа қилмасдан ишонардилар. Аммо эътибор бериб қаралса, Али розиҳяллоҳу анҳуга фақат шиалар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга фақат аббосийлар шундай нисбат берганлар.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туманидаги “Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
Янги уйлар ўз эгаларига топширилди
25 декабрь куни Самарқанд вилоятида имконияти чекланган юртдошларимизнинг 92 нафарига барча қулайликларга эга замонавий уйлар совға қилинди. Шундан Самарқанд шаҳрида ана шундай фуқароларнинг 33 нафарига уй берилгани уларга ҳақиқий туҳфа бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати маълум қилади.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча туманларида бўлиб ўтиб, эҳтиёжманд оилаларга арзон нархдаги уй-жойлар топширилди. Топшириш маросимларида имом-хатиблар ҳам иштирок этибмоқда.
Хабарда таъкидланишича, 2017 йил давомида Самарқанд вилоятида жами 2 мингга яқин намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар барпо этилиб, ўз эгаларига топширилган. Шулар орасида 142 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож фуқароларга уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловлари ҳомийлик маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилди.
Серфайз уйларга кўчиб ўтган юртдошларимизга янги хонадон муборак бўлсин.
Вакилларимиз хабар қилади: илғор имомлар тақдирланди
2017 йил 27 декабр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида йил якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Байрамона руҳда ташкил этилган тадбирда вакиллик раҳбарияти, ходимлари, устоз домлалар, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда йил давомида намуна кўрсатган имом хатиблар иштирок этдилар.
Дастлаб йил давомида олиб борилган ишлар бўйича ҳисобот ўқиб эшиттирилди. Жумладан, аҳоли билан олиб борилган ўрганиш ишлари, ҳал этилган қатор муаммолар, имом хатиблар салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “маънавият соат”ларининг самаралари, ФҲДЁ бўлимларида ёш оила қурувчилар билан ўтказилиб келинаётган учрашувларнинг ижобий натижалари ва ушбу тажрибанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эътироф этилганини таъкидланди, деб хабар беради вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шаржадаги Қосимия университети мусобақа эълон қилди
2018 йилнинг январида Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридаги Қосимия университети қорилар ва қориялар иштирокидаги IV Халқаро Қуръони карим ва суннати набавия мусобақасини ташкиллаштиради.
Мусобақа қуйидаги 5 йўналишда ўтказилади:
- Қуръони каримни 30 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Қуръони каримнинг 20 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Қуръони каримнинг 10 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.
- Суннати набавия йўналишида ҳадиси шарифларни ёддан айтиб бериш.
Мусобақа ғолибларига тақдим этиладиган мукофотлар миқдори 300 минг дирҳамни ташкил қилади.
“Қосимия” университети ректори Доктор Рашшод Солимнинг айтишича, ҳозирда университет томонидан халқаро мусобақани ўтказишга тайёргарлик ишлари якунига етказилди. Бу йил Шаржа шаҳри ҳокими “Қосимия” университетида Қуръони карим қироатлари, илмлари ва тафсирини ўргатишга доир янги дарслик “Қуръони карим” факультетини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Бу эса ўз навбатида БАА ҳукумати томонидан ёшларга Қуръони карим илмлари, қироатлари ва тафсирини ўргатишни янада такомиллаштиришга эътибор қаратаётганининг юксак намунаси саналади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.