muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 11 Июль 2016 00:00

Тунги тиловат фазилати

Қуръонни тунда, хусусан, тунги намозларда ўқишга кўпроқ эътибор қаратмоқ лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

 

...مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَآئِمَةٌ يَتْلُونَ آيَاتِ اللّهِ آنَاء اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ. يُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُوْلَئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ

 

            ...Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор. (Улар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар ва хайрли ишлар сари шошиладилар. Айнан улар солиҳ кишилардандир.(Оли-Имрон сураси, 113-114 оятлар.) 

في الصحيحين أنه صليالللهعليهوسلم قال: يَا عَبْدَ اللهِ لاَ تَكُنْ مِثْلَ فُلاَنٍ، كَانَ يَقُومُ اللَّيْلَ ثُمَّ تَركَهُ وروى الطبراني وغيره

 Икки саҳиҳ тўпламда шундай ҳадис мавжуд: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абдуллоҳ, фалончи каби бўлмагин. У кечасида уйқусидан турар сўнг у(Қиёмул лайл) ни тарк қилар эди”.[1]

 

عن سهل بن سعد رضي الله عنه عن رسول الله صلي الله عليه وسلم قال: شَرَفُ الْمُؤْمِنِ قِيَامُ اللَّيْلِ رواه الطبراني

 Имом Табароний ва бошқалар Саҳл ибн Саъддан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўминнинг шарафи кечани қоим қилишлигидадир”, деб марҳамат қилдилар. Бу борада ҳадис ва асарлар жуда кўп ворид бўлган.

 

Иброҳим Нахаъий: “Қуръонни тунда қўйни ийдириш муддатича бўлса ҳам ўқинглар”, деб айтар эди.

 

Язид Рақошийдан[2] қуйидагича ривоят қилинади: “Агар мен ухлаётиб уйғониб кетсам, сўнгра яна уйқуга ётсам кўзларим ухламайди”.

 

Тунги намоз ва тунда ўқилган Қуръоннинг бошқалардан устунроқ эканининг сабаби шундаки тунда инсон қалби хотиржам ва турли нарсалардан холи бўлади. Шунингдек ҳожати учун зарур бўлган тасарруфлардан фориғ бўлади. Ҳамда ибодатнинг савобини барбод қиладиган риё ва шу каби амаллардан омонда бўлади.

 

Шу билан бирга шариат кўрсатмаларида тунда турли яхшиликлар борлиги  ҳақида айтилади.  Зеро Исро воқеаси ҳам тунда содир бўлган. Ундан ташқари Имом Бухорий қуйидаги ҳадисни келтиради: “Роббиларингиз ҳар кеча туннинг ярми ўтган вақтда  дунё осмонига тушади ва: “Дуо қиладиганлар борми? Дуосини ижобат қиламан”, дейди”.

 

Ундан ташқари Имом Бухорий “Саҳиҳ” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг“Тунда Аллоҳ таоло ҳар дуоларни қабул қиладиган бир вақт бор” деганлари ривоят қилинади:

 

Тунда ўқилган намоз ва қилинган тиловат оз ёки  кўп бўлса ҳам унинг  фазилати ҳосил бўлаверади. Лекин қанча кўп бўлса шунча фазилат ошиб бораверади. Бироқ доимий тарзда, туни бўйи қоим бўлиш макруҳдир. Шунингдек ўзига зарар етадиган бўлса ҳам тунги намоз ва қироатни тарк қилиш жоиз.

 

Озгина амал билан ҳам кечанинг фазилати ҳосил бўлишига Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далолат қилади.

 

عبد الله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: مَنْ قَامَ بِعَشْرِ آيَاتٍ لَمْ يُكْتَبْ مِنَ الْغَافِلِينَ وَمَنْ قَامَ بِمِائَةِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْقَانِتِينَ وَمَنْ قَامَ بِأَلْفِ آيَةٍ كُتِبَ مِنَ الْمُقْسطِينَرواه أبو داود

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки тунда ўн оят тиловат қилса ғофиллардан деб ёзилмайди, агар юз оят ўқиса итоат қилувчилар қаторида ёзилади, кимки минг оят тиловат қилса адолат қилувчилардан деб ёзилади”. (Абу Довуд ривояти.)

 

Саълабий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Кимки  тунда икки ракат намоз ўқиса, Аллоҳ учун сажда қилгувчи ва қоим тургувчи бўлган ҳолда тунни ўтказибди”.

 

 

 

 

 


 


 

[1]  Имом Бухорий “тунда таҳажжуд ўқиш” бобида келтирган.

 

[2]Язид ибн Руқоший Басрий, куняси Абу Амр. Зоҳид тобеъинлардан бўлган. Ибн Ҳиббон: “У кечасида йиғлайдиган Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан эди”, дейди.  Ҳижрий йигирманчи йилдан аввал вафот этган.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов 

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби 

 Тошкент ислом институти кафедра мудири 

Пятница, 28 Август 2015 00:00

Имом ибн Можа

 

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий ал-Қазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири – Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари Робиа қабиласининг бошлиғи бўлиб, Можа исми билан танилган эдилар.

 

Имом Ибн Можа «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та китобдан бирининг соҳиби бўлмиш имомлардан эдилар.

 

У зот вояга етганда ҳадис тўплаш учун Ироқ, Басра, Куфа, Шом, Миср, Рай каби ўлкаларга сафар қилдилар. Дамашқдаги Ҳишом ибн Аммор, Аббос ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир, Маҳмуд ибн Холид, Мисрдаги Ҳарламата ибн Яҳё, Абу Тоҳир ибн ас-Сирота, Муҳаммад ибн Рамҳ, Муҳаммад ибн Ҳорис, Юнус ибн Абдулаъло, Хумсдаги Муҳаммад ибн Мусаффо, Ҳашшом ибн Абдулмалик, Бағдоддаги Абу Бакр ибн Абу Шайба, Аҳмад ибн Абда, Исмоил ибн Мусо, Абу Ҳайсама Зоҳир ибн Харб каби уламолардан дарс олиб, ҳадислар тўпладилар.

 

Имом Ибн Можа 32 та китоб ёзганлар. Шулардан машҳурлари: «Сунани Ибн Можа» (ҳадис китоблари), «Тафсири Ибн Можа» (тафсир китоблари), «Тарихи Ибн Можа» (тарих китоблари).

 

У зотдан Муҳаммад Исо ал-Абҳарий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қаттон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий, Абу Тоййиб Аҳмад ибн Руҳ ал-Бағдодийлар дарс олишган ва ҳадис ривоят қилишган.

 

Ибн Можанинг ўзлари ва китоблари тўғрисида уламолар кўп мақтовли сўзларни айтишган. Абу Яъло ал-Ҳалимий айтадилар: «Ибн Можага одамлар ишониб, ҳадис илмида у кишига суянадилар». Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний ўзларининг «Рисолати ал-мустатрофа» китобларида шундай келтирадилар: «Уламолар Ибн Можанинг «Сунан» китобларини ишончли, кучли ва фиқҳ илмида катта фойда беришини кўриб, олтинчи саҳиҳ китоб, деб тан олишди».

 

Ибн Тоҳир айтадилар: «Кимки Ибн Можанинг ҳадис китобларига қараса, боблари кўплиги, бир ҳадис қайта такрорланмаслиги ва ҳадисларнинг чиройли тартибда ёзилганлигини кўриб, ҳақиқатда у зотни ҳадис жамлашда ва китоб ёзишда қандай яхши йўл тутганларини билади. Бу китоб жуда машҳур бўлмаса ҳам, ўзига яраша обрў-эътибори бордир».

 

Абу Ҳасан Али Иброҳим ибн Салама айтадилар: «Имомнинг «Сунан» китоби 32 жуз бўлиб, унда 1500 та боб бордир. Ва бу китоб 4341дан кўпроқ ҳадисни ўз ичига олгандир».

 

Имом Ибн  Можа ҳижратнинг 273 йили вафот этдилар.

 

 

 

 

Понедельник, 24 Август 2015 00:00

Суннат ва ҳадиснинг фарқи

Ҳадис ва суннат сўзлари жуда кўп талаффуз қилинадиган ва уларни қандай маъноларни ифода этишини ҳам кўпчилигимиз биладиган сўзлардир. Бу сўзлар Расулулллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг гапирган гаплари, қилган ишлари ва тақрирларига далолат қилади. Кўп ўринларда бу калималарнинг бири иккинчисининг ўрнида ишлатилади. Яъни маънодош сўзлар каби қўлланилади. Лекин аслида бу иккала сўз бир-биридан фарқ қиладими ёки улар  иккиси ҳам бир маънони ифода қиладими? Келинг бу масалани баён қилиш учун шу борада ёзилган адабиётларга мурожат қилайлик ва унинг ҳақиқатини билишга уриниб кўрайлик.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг  “Суннат ва ҳадис” китобларига эътибор қиладиган бўлсак айни биз излаган нарсаларни тўлалигича топамиз. Бу китоб суннат ва ҳадис ўртасидаги фарқли ва муштарак жиҳатлар, суннатнинг ҳамиша ҳужжат эканлиги, ҳадиснинг ҳаммаси ҳам ҳамиша ҳужжат бўла олмаслиги ва шунга ўхшаш муҳим фиқҳий масалалларни ўз ичига олади. Қуйида шу китобдан олинган баъзи иқтибосларни келтириб ўтамиз.

 

 “Ҳадис ва суннат бири иккинчисидан буткул фарқли эмас. Яъни икковида қарама қаршилик маънолари йўқ. Балки ҳадис ва суннатнинг бири умумийроқ иккинчиси эса хосроқ маъноларни ифода қилади.....  гоҳида ҳадис бошқа бўлади у суннат бўлмайди. Гоҳида суннат бошқа бўлади у ҳадис бўлмайди. Баъзи ўринларда иккови ҳам жамланади у ҳадис ҳам суннат ҳам бўлади”.

 

Суннат ва ҳадиснинг фарқли жиҳатлари;

 

“Уч нав ривоятлар фақат ҳадисдир улар суннат эмас.

 

1.Мансух бўлган ҳадислар суннат ҳисобланмайди. Мусуомонлар унга амал қилмайдилар. Уни насх қилгувчи бўлиб келган ҳадисга амал қиладилар. Мисол: “Ўтда пишган нарсани ейдиган бўлсангиз таҳорат олингиз”. Бу аъло даражадаги саҳиҳ ҳадисдир. Лекин кейинчалик бу ҳукмга амал қилиш қолмади.  Кейинига севикли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам, Хулафои рошидинлар ва ҳамма саҳобалар ўтда пишган нарсани ер эдилар ва янгитдан таҳорат қилмай намоз ўқир эдилар. Бу ҳадис Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйдаги ҳадис билан мансух бўлган.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва мени ёнларига олиб ансорийлардан бўлмиш бир хотиннинг уйига кирдилар. Хотин у кишига бир қўй сўйди ва У зот қўй гўштидан едилар. Кейин бир идишда янги хурмо келтирди. Ундан ҳам едилар. Кейин пешин учун таҳорат олиб намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг хотин у кишига қолган гўштдан яна келтирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар. Кейин эса таҳорат олмасдан аср намозини ўқидилар”.

 

Демак ўт теккан нарсани егандан сўнг таҳорат қилиш ҳадис бироқ суннат эмас ва унга амал қилинмайди.

 

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган ҳадислар. Булар гарчи ҳадис бўлсада лекин суннат эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳлари тўттага чекланмаган. Бинобарин у зотнинг никоҳларида тўққизта хотин жам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу феъллари ҳадисдир суннат эмас. Бу феъл у зотнинг ўзларига хос.

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъайян фойдани кўзлаб бир гапни айтишлари ёки бир амални бажаришлари. Бу турдагилар ҳам ҳадис деб аталади суннат эмас.

 

Бунга мисол қилиб тик туриб бавл қилишни айтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир маротаба бир қавмнинг ахлатхонасига тик туриб бавл қилганликлари ривоят қилинган. Аммо бу ривоят ҳадисдир, суннат эмас. Яъни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам доим ўтирган холда бавл қилганлар ва шу амал суннат. Бироқ бу ривоятда келган тик туриб бавл қилишликлари фақатгина шу масалага ойдилик киритиш мақсадида бўлган холос. Инсон гоҳида шундай холатга тушадики ўтириб бавл қила олмайди. Масалан бавл қилиш жойи ахлатхона бўлиб ўтирганда бавл уст-бошига сочраши мумкин. Ёки бирор касаллик сабабли ўтира олмаслиги мумкин. Шу вақтда умматлар туриб бавл қилишликлари жоиз эканлигини баён қилиб қўйиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб бавл қилганлар.

 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар бир ҳадис шариатда амал қилинадиган хужжат бўлавермайди, бироқ ҳар бир суннат шариат ҳукмларига асос бўла оладиган далил ҳисобланади.

Жалолиддин Ҳамроқулов

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top