muslim.uz

muslim.uz

Неділя, 12 июнь 2016 00:00

Тақво аҳли бўлинг

Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад, гўзал ва муборак ҳамд бўлсин.Унинг Зоти азаматига ва салтанатининг буюклигига қандайин ҳамд сазовор бўлса, шундай ҳамду санолар бўлсин!

Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га, у зотнинг аҳли хонадонларига, асҳобларига ва барча издошларига салоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради:

 «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

 

Дарҳақиқат, инсон охират учун нима ҳозирламоқда? Дунёда қилган барча яхши ва ёмон амаллари охиратдаги ҳаётини белгилайди. Ифторлик садақа, закот берган, масжид қурган, рўза тутган, намоз ўқиган, умрага борган, ҳаж қилган, ибодат қилган бўлса, буларнинг савоби қаерга кетади? Охиратга кетади. Инсон дунёдалик вақтидаёқ қилган амалларини охиратга юборади. Аксинча, гуноҳ ишлар қилган бўлса, ароқ ичган, қимор ўйнаган, зулм, ҳақсизлик, зино, номуссизлик қилган бўлса, хуллас, Аллоҳ севмайдиган нимаики ишларга қўл урган бўлса, улар ҳам ҳаммаси охиратга кетади.

 

«Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир

 

Яна бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақатгина мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»

 

Ҳазрати Али: «Эй Раббим! Сен мен хоҳлаганимдек Парвардигорсан, сенга ҳамд бўлсин! Мени ҳам Ўзинг хоҳлаганинг каби қул қилгин», деган эканлар. Аллоҳ хоҳлагандай қул қандай бўлади? Бундай қул тақво аҳли бўлиши керак... Тақводор қул бўлгандан кейин Аллоҳ хоҳлаганидек қул бўлади. Бундай зотларни атрофимизда учратишимиз мумкин. Ҳеч кимни ранжитмайди, қўлида тасбеҳ, тилида зикру дуо, феъли гўзал, зариф, ширин сўз, яхшиликни севадиган, фариштадек... Бундай инсонлар ҳақида сўз кетганда: «Бу одам тақводордир», деймиз. Хўш, тақво нима дегани ўзи?

 

Тақво, бу арабчада сақланмоқ, қўрқмоқ деган маънони билдиради. Ўзаги «воқая»дир. Воқая қилиш бирор нарсадан асранмоқ, сақланмоқ дегани. Тақво бу инсоннинг ўзини ҳаром ишлардан сақлаши ва қўриқлаши. Нимадан асрайди? Ўзини Аллоҳнинг ғазабидан асрайди. Чунки Аллоҳ таоло куч-қудрат соҳиби. У охиратда инсонларнинг қилган амалларига яраша жавобини беради.

 

Қиёмат кунининг эгаси бўлганлиги учун Аллоҳ яхшиларни мукофотлаб, ёмонларни жазолагувчи зот ҳисобланади. Биз нима қилишимиз лозим? Аллоҳнинг азобидан сақланишимиз лозим!.. Чунки Аллоҳ ёмонларни жаҳаннамда азоблаб, ёқади. Кўзлар кўрмаган, ақллар бовар қилмаган қўрқинчли азобга гирифтор қилади. Шунинг учун ҳам Унинг азобидан сақланиш керак.

 

Ҳозир рамазон ойидамиз, суҳбатимиз рамазон ҳақида бўлади. Аллоҳ таоло фарз қилгани учун рамазон ойи рўзасини тутамиз. Аллоҳ таоло қуйидаги ояти карима билан рўзани бизга фарз қилди:

 

«Эй мўминлар! Тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди».

 

Бу ояти каримадан рўза тутишга қудрати етган ҳар бир мўъминга рўза тутиш фарз эканлигини билиб оламиз. Чунки «Бўйнингизга ёзилди», дейилмоқда. Бу бир...

 

Иккинчиси: «Сиздан олдинги умматларга ёзилгани каби, сизга ҳам ёзилди», деб буюрилмоқда. Маълум бўладики, рўза тутиш бу фақатгина бизга фарз бўлмаган, биздан олдинги умматларга ҳам амр қилинган экан.

 

Учинчидан: «Токи тақво аҳли – яхши бир мусулмон бўлсангиз». Демак, рўза тутган одам тақвога эришиши лозим! Тақво аҳлидан бўлган яхши бир мусулмон бўлиш керак!..

 

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти карималарида бизни тақво аҳли бўлишга чақириб: «Тақво аҳли бўлинг!» деб, унинг йўли қандай бўлишини ҳам кўрсатиб қўйибди. Ҳа, тақводор бир қул бўламиз, ёмон ишлардан сақланамиз, одобли, тарбияли, муборак, комил бир мусулмон бўламиз, аммо бунга қандай қилиб эришиш мумкин?

 

Унинг йўли ва чораси рўза тутмоқ. «Олдинги умматларга фарз қилинганидек, сизга ҳам фарз қилинди, токи сиз ҳам тақво аҳлидек тақводор инсон бўлсангиз». Демак, асл мусулмон бўлишнинг, Аллоҳ таоло севган бир тақводор мўъмин бўлишнинг йўли рўза тутмоқдир. Бу ояти карима, тақво сифатига эришмоғимиз учун, бизга рўза ёрдамчи бўла олишини очиқ кўрсатиб турибди.

 

Азиз ва муҳтарам биродарлар! Танамизда икки қўлимиз, икки оёғимиз, бошимиз, кўзимиз, қулоғимиз бор. Бундан ташқари, руҳимиз, яъни жонимиз ҳам бор... Руҳ тириклигида бу қош, бу кўз, яъни бу баданнинг қиймати бўлади, аммо руҳ жасадни тарк этиши билан бадан ҳеч нарсага ярамай қолади. Бир оз аввал гаплашаётган бир одам вафот этса, руҳи чиқиб кетса, энди гапирмайди, қимирлаётган бўлса, энди қимирламай қолади. Руҳ кетиши билан бу жасаднинг қиймати қолмайди.

 

Нафснинг истакларини шаҳавоти нафсония деб айтамиз. Шаҳавот - хоҳишлар, орзулар дегани. Нафс ичкаридан хоҳишлар ҳосил қилади ва айтади: «Вой, оч қолдим, вой, сувсадим! Вой, дам олишни хоҳлайман, ухламоқчиман!..» ва ҳоказо шунга ўхшаш орзулар.

 

Тўғри, бу истаклар табиий эҳтиёждир. Парвардигоримиз ҳеч бир нарсани ўринсиз яратмаган. Парвардигоримиз буларнинг вужудда бўлишини хоҳлаб яратган экан, ҳикматдан холи эмас, албатта, маънога эга... Раббимизнинг ҳикматсиз бирор иши йўқ.

 

Инсон ўз-ўзини назорат қилмоғи лозим! Инсон вужудининг назоратчиси бу нафс. Инсонга вужудининг эҳтиёжини билдириш жиҳатидан у лозимдир. Аммо бу нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳаддидан ошиб кетади. Яъни шаҳавоти нафсония нафс орзуларининг чегараси бўлмайди, давом этиб кетаверади. Чегарадан чиқиб кетганидан кейин инсонни гуноҳларга бошлайди. Масалан, ўғирлик қилдиради, бировнинг номусига кўз олайтиради, танбалликка даъват этади, кўп ухлашга гирифтор қилади, бошқалар ишласин, мен текинга яшайман, деб васвасага солади ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларга чорлайди.

 

Нафснинг ушбу ҳолатига нафси аммора деб аталади. У шундай нафски, инсонларни ёмонликка амр қилади... Инсон нафси тарбияланмадими, у албатта, разолатга бошлайди, жаҳолатга буюради. Юсуф сурасида:

 

«Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта, барча ёмонликларга буюргувчидир», деган оят бор.

 

Нафснинг ҳаддан ошиб кетаётган орзуларини тўхтатиш лозим! Ким тўхтатади? Болани отаси тўхтатади: «Футбол ўйнама! Кинога борма! Ўтир, дарсингни қил! Тур, ухлама!.. Уй вазифасини бажар, кейин ташқарига чиқиб ўйна!» ва шунга ўхшаш. Кимдир уни бошқариб туради.

 

Хўп, бола улғайиб кучли-қувватли йигит бўлди, ўз-ўзига буйруқ берадиган бўлиб қолган бўлса, уни ким идора этади?.. У инсоннинг нафсини ким бошқаради, тарбия қилади? Инсоннинг нафси тарбияга муҳтож! Агар нафс тарбия қилинса, инсон нажот топади. Қайси далилга кўра, қайси ҳужжатга кўра қутулади? Аллоҳ таоло бунга жавобан Қуръони каримда шундай буюради:

 

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини имон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди». Нафсини тарбиялаб поклаган, ислоҳ қилган қутулади. «Нафсини тарбия қилмаган эзгуликдан маҳрум қолади, Инсоннинг нафси тарбияланган бўлиши лозим!.. Бошлиқнинг, хўжайиннинг, хотиннинг, эркакнинг, ҳар бир кишининг нафси тарбияланиши лозим!.. Нафси тарбияланган одам комил инсон бўлади. Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Иброҳим Адҳам каби нафсини тарбиялаган комил инсонлар бўлишган. Ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин! Буларнинг барчаси тарихда номи қолган севимли буюк инсонлардир.

 

Шурайҳ ҳазратлари қози эдилар. Бир куни маҳкамага икки киши кириб келди. Бири мусулмон, иккинчиси - насроний эди. Шунда у кишининг юраги бир жиз этди ва «Иншоаллоҳ, мусулмон ҳақлидир», дедилар. Кўнгиллари тарафкашлик қилди. Қаранг, даъволарини айтиш учун даъвогарлар қозининг ҳузурига келдилар. Қозининг кўнгли эса мусулмон кишига майл этди. Мусулмонни севди, чунки у диндоши, йўлдоши, ҳамзикри эди.

 

Келганларнинг арзини эшитгач, бахтга қарши, мусулмон ҳақсиз, насроний ҳақ бўлиб чиқди.

 

Қози Шурайҳ даъвони битирдилар, аммо умрларининг охиригача изтиробда яшадилар:

 

«Нега қалбим мендан адолат сўраб келган икки кишининг биринчисига олдинроқ майл этди?» деб ўзларини айблаб юрдилар. Қаранг, инсоннинг нафси тарбиялангандан кейин ўз-ўзини қандай жиддий назорат қилади.

 

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳамма нарсага қизиқувчан ва ашёнинг асл маъносини идрок эта билган киши эдилар. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан сўрадилар:

 

«Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақвони кўп амр қилган. Тақво ўзи нима?

 

Қуръони каримни жамлаган, уни жуда ҳам яхши билган олим саҳобалардан бири бўлган Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу) жуда ҳам мазмундор жавоб берадилар:

 

Эй Умар, сен тиканли далада юрганмиcан?

 

Юрганман!

 

Қандай қилиб юрдинг?

 

Этакларимни йиғиб олдим. (Араблар узун кўйлак киядилар...)

 

Нега бундай қилдинг?

 

Тиканлар этакларимни йиртмаслиги ва оёғимга тиканлар кирмаслиги учун. Оёғимга тикан кирса, қонатади ва оғритади.

 

Тақво ҳам шундай! деб жавоб бердилар Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу).

 

Қаранг, қандай жавоб бермоқда? Тамсил йўли билан, яъни ўхшатиш билан, эсда қоладиган бир мисол билан тушунтирмоқда.

 

Шунинг учун гуноҳ тиканларини босмаслигинг керак! Гуноҳ тиканларига кўйлагингни илинтирмаслигинг лозим! Диққат билан юришинг даркор! Эҳтиёт бўлиб юрсанг, ҳаром ишни ҳам қилмайсан. Ҳушёр бўлсанг гуноҳкор бўлмайсан.

 

Аммо, инсонлар бу гуноҳларни билмаганликларидан қилмоқдаларми?

 

Ичкилик, қимор, ёлғон, фоизнинг (судхўрликнинг) гуноҳлигини ҳамма билади. Билмасдан қиладиганлари жуда ҳам оз. Аллоҳ ҳаром қилганлигини билган ҳамда тушунган ҳолда яна нимага бу гуноҳ ишларни қилмоқдалар? Чунки нафсга ҳоким бўлолмаганликларидан ўзларини тутолмайдилар. «Ўзимни тутолмадим, нафсимга ҳоким бўлолмадим, кечирасиз!» дейдилар. Ёки «Шайтонга эргашдим, нафсга бўйсундим», деб узрхоҳлик қилишади.

 

Демак, нафсга эргашмаслик учун мусулмон рамазонда бир ой таълим олади. Қандай таълим олади? Сув ичмаслик, овқат емаслик, хотинига яқинлашмаслик орқали билим ва малакасини оширади. Энди қуйидаги ояти кариманинг маъноси англашилаётгандир?

 

«...Сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам маълум кунларда рўза тутиш фарз қилинди».

 

Шуни унутмайликки, азиз биродарлар, рўза фақат шаклий ибодат эмас... Балки, рўзадан асл мақсад руҳиятни поклаш, тақвони кучайтиришдир.

 

Мисрлик бир имом домладан:

 

«Мисрликлар Қуръони каримни жуда ҳам чиройли ўқийдилар, бизга бирор оят ўқиб бермайсизми!» деб илтимос қилдик.

 

«Ўқийман, лекин бир шартим бор. Марҳамат қилиб, Қуръони каримни қулоқларингиз билан эмас, балки қалбларингиз билан тингланг!» деди у.

 

Чунки кўп инсонлар қулоқ билан эшитадилар, аммо қалб қулоқлари эшитмай қолади. Болага отаси насиҳат қилганида у эшитмайдими? Эшитади. Ундай бўлса, нега яна ёмонлик қилади?.. Демак, тўла қабул қила олмайди. Биз буни бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетди, деймиз. Аслида у қабул қила олмади, эшита олмади. Демак, англай олмади, эшитганни эса амалга ошириш лозим! Эшитганини қалбига жойлаштириши лозим! Ибрат назари билан кўриши лозим, кўрганини эса қалбга нақш қилиши лозим!

 

Шу сабабдан ҳам имом домла: «Мен Қуръон ўқийман, аммо, илтимос, мени қулоқларингиз билан эмас, қалбингиз билан эшитинг!» деб бежиз айтмаган. Худди шунингдек, муҳтарам биродарларим, сиз ҳам рўзани шаклий тутманг, оч қолдим, сувсадим деб ўйламанг! Рўзанинг маъносига етишга, унинг маънавий тарбиясини олишга ҳаракат қилинг!

 

Рўза сизу бизни иродаси кучли тақводор инсон ҳолига келтирадиган иш-ҳаракатдир. Таъбир жоиз бўлса, рўза асрлар бўйи давом этиб келган илоҳий замонавий иш-фаолият дейиш мумкин...

 

А.Усмонов

 

Қуйидаги шахсларга рўза тутмасликка рухсат берилган:

1. Касал киши. Касал кишига рўза тутмасликка рухсат этилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир(Бақара, 185).

 

Киши рўза тутиш сабабли касаллигининг кучайиши ёки тузалишининг секинлаши ёки бирор аъзосига талаф етишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин.

Касал киши касалидан тузалганидан сўнг Рамазон ойида тутмаган кунларининг рўзасини қазо қилиб тутиб беради.

 

2. Сафардаги киши. Сафардан мурод – намоз қаср ўқиладиган узоқликдаги масофани кўзлаб чиқишдир. Мусофир агар рўза тутиши машаққат бўлмаса, рўза тутгани яхши. Киши агар сафарга тонг отгандан сўнг чиқса, ўша куни оғзини очмаслиги керак.

Мусофир сафарда тутмаган кунлари рўзасини кейин тутиб беради.

 

3. Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Фақиҳлар ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутиш ўзи ёки боласига зарар етказишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкинлигига иттифоқ қилишган.

 

 

4. Кекса кишилар. Бунга кексайиб қувватдан қолган кишилар, тузалишига умид қолмаган беморлар, кекса кампирлар киради. Бундай     кишилар кейинчалик ҳам рўза тута олмаганлари сабабли қазо қилмайдилар, балки тутмаган ҳар кунлари учун фидя берадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир(Бақара, 184). Фидя миқдори фитр садақаси миқдори билан баробардир.

 

 

5. Ўта қаттиқ очиққан ва чанқаган киши. Агар рўзадор рўзасини очмаса, ҳалок бўлишига ёки ақли кетишига ёки баъзи сезгилари ишламай қолишига гумони ғолиб бўлса,  рўзасини очиши мумкин. Сўнг ана шу тутмаган кунлари рўзасини қазосини ўташи лозим.

 

 

6. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар. Ҳайз ва нифосдаги аёллар рўза тутишлари мумкин эмас. Улар покланганларидан сўнг қазосини тутиб берадилар

Понеділок, 13 июнь 2016 00:00

“Рўза тутинг – саломат бўласиз!”

  Рўзанинг фойдалари шу қадар кўпки, гапни қай биридан бошлашди билмайди одам. Рўза – охиратнинг бебаҳо  сармояси,  шу баробарида  унинг бу дунёда ҳам инсонга келтирадиган манфаатлари кўп. Қисқаси, рўза – икки дунё саодатининг калити! 

Келинг, шу ўринда рўзанинг нақд фойдаси ҳақида икки оғиз суҳбатлашайлик.   Бир ой тугал рўза тутган одам тани ва руҳидаги ижобий ўзгаришларни теран ҳис этади. Бу рўзанинг  нақд фойдаси бўлмай, нима?!

Тиббиёт оламлари аллақочон илмий исбот қилишганки, рўза ички ва ташқи аъзоларни муҳофаза қилади, зарарли моддаларни чақирувчи чўкиндилардан ҳимоялайди ҳамда организмнинг саломатлигига монелик қилувчи микроб ва бактериялардан халос этади.

Шифокорлар рўзанинг саломатликни мустаҳкамлаш бобидаги фойдаларини кўп гапиришган: “Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чириндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Баъзи хасталикларнинг давоси фақат парҳез бўлади. Рўза эса парҳезнинг бир тури, ҳатто ундан устун. Ичак ва йўғон ичакларида сурункали яллиғланиши бор беморлар ҳамда жигари хасталар ифтор вақти кўп таом тановул қилишмаса, рўзанинг фойдасини сезишади. Баъзида қичима касали борлар рўза шарофатидан тузалиб кетадилар. Чунки рўзада таомланиш бир тартибга тушганидан қичишиш сабаблари йўқолади”.

Рўзанинг асаб тизимига фойдаси ката экан. Доктор Муҳаммад Абу Шавқ “Рўза ва асаб тизими” номли рисоласида шундай ёзади: “Рўза нафс ва руҳни поклайди, қийинчиликларга чидаш ҳамда камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни муомалада ростгўйлик, омонатдорлик, ғазаб қилмаслик, ўч олмаслик каби хулқларга эриштиради.

Буларнинг барчаси инсонга тинчлик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Ўз навбатида, бу асаб тизимига таъсир кўрсатади. Организм асаб тизимига қараб сокин бўлади ёки қўзғалади. Асаб тизими тинч эмас экан, қолган аъзолар ҳам бир маромда фаолият кўрсатмайди. Бу ҳикматни қаранг, рўзадорни инсон суратидаги фаришта қилиб қўяди. Бу билан унинг ўзи саодатмандликка эришади ва ўзгаларни ҳам бахтли қилади”.

Гапида давом этиб, у яна бундай дейди: “Эй асабий таранглик ва чарчоқлик, уйқусизлик, тушкунлик ҳамда шу каби касалликлардан қутулиш мақсадида шифокорларга қатнаб юрувчилар, агар рўза ва унинг сизларга берган яхшиликларини маҳкам тутганингизда, узлуксиз даволанишга эҳтиёж сезмасдингиз”.

Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабидан ҳам касаллик сеза бошлайди. Рўза танадаги ёғларни йўқотади ва бу билан инсон қисқа вақт ичида ортиқча вазндан қутулади.

Рўза қон босими кўтарилганда, ўткир буйрак шамоллашида, пешоб йўлида тўпланган тошларни эритишда, жигар касалликларида, ўт қопининг шамоллаши ва тошларини туширишда, семизлик ва сиқилишга олиб келувчи сурункали юрак касаллигида, оқсил ва крахмал моддаларининг кўпчиш ҳолатига сабаб бўлувчи ошқозон безовталигида фойда беради. У яна ғайрат бағишлайди ва кексалик томон бўлган қадамни секинлаштиради.

Рўзанинг саломатликка етакловчи фойдалари, ҳатто мусулмон бўлмаган оврупалик, америкаликлар ва бошқалар томонидан ҳам исботланмоқда. Улар бу борада китоблар ёздилар. Рўза билан даволанишни хоҳловчилар учун шу йўл воситасида муолажа ўтказувчи сиҳатгоҳлар очдилар ва бедаво касалликларни рўза билан даволашда катта натижаларга эришдилар. Франциялик айрим шифокорларнинг айтишларича, йилига бир ой рўза тутиш бир йил давомида организмда тўпланган бефойда чўкиндиларни кетказади.

Рўзанинг саломатликка фойдалари ҳақида китоб ёзганлардан энг машҳури америкалик олим Мак Фаддендир. У мамлакатда донғи кетган шифохона очиб, унга ўз номини берган. Бедаво хасталикларни йўқотишда рўза воситасида катта натижаларга эришгач, “Рўза” номли китоб таълиф қилди. У ва бошқалар: “Рўза организм учун фойдали бўлиб, уни озиқ-овқат ва дорилардан қолган заҳар қуйқум­аридан тозалайди”, дейишган.

Доктор Мак бундай дейди: “Мен рўза воситасида кўп касалларни даволадим. Рўзанинг уларга таъсири касалликларига қараб бўлади. Унинг фойдасини кўпроқ ҳис қилган беморлар, асосан, ошқозонларидан шикоят қилганлардир. Уларнинг рўза воситасида шифо топишлари тез ва ҳайратда қоларлидир. Қонга боғлиқ касалликлар ва ревматизм каби томирга оид хасталикларни даволашда ҳам рўза катта фойда беради”. Шифокор рўза билан даволаган беморларнинг номлари, касалликлари ва касаллик тарихларини ҳам айтиб ўтган.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир инсон, шунингдек, касаллар ҳам рўза тутишга эҳтиёж сезади. Чунки таом ва дорилар организмда тўпланаркан, инсонни оғирлаштириб, ғайратини сусайтиради. Шунда у бемор каби бўлиб қолади. Агар рўза тутса, заҳарлар танасидан чиқиб кетиб, вазни енгиллашиб, бутунлай покланади, ғайрат-шижоатга тўлади.

Бу шахс рўзадорнинг рўзадан оладиган фойдалари тўғрисида кўп гапирган ва қувватини янгилаш учун ўзи ҳам бир неча бор рўза тутиб, бошқа йўл билан эришиб бўлмайдиган даражада кўп фойда кўрганини айтган. У ҳаммага рўза тутиш тавсиясини беради. Айниқса, унинг “Рўза бошқа даволаш воситалари ожиз қолган ҳамма дардга шифодир” ибораси жуда машҳурдир.

Доктор Алан Кот қанд ва бўғим касалликларини, доктор Карлсон ва Дженнингслар бошқа турли касалликларни даволашда рўзадан кенг фойдаланишган.

Тери таносил касалликлари бўйича мутахассис, америкалик доктор Роберт Бартол бундай ёзади: “Рўза микроблардан, айниқса, таносил касалликлари микробларидан халос бўлишнинг фаол воситаларидан эканига шубҳа йўқ. Чунки у эскирган ҳужайраларни бартараф қилиб, ўрнига янгиларини ҳосил қилади. Бу таносил касалликларини даволашнинг очлик назариясидир”.

Юқорида айтиб ўтилганлар рўзанинг саломатликка оид фойдаларидан баъзилари, холос. Кўриб турганимиздек, буни ҳатто мусулмон бўлмаган мутахассислар ҳам тан олишган.

 

“РАМАЗОНДА САЛОМАТЛИК” 

китоби асосида тайёрланди.

Неділя, 12 июнь 2016 00:00

Рўзани бузувчи ҳолатлар

Маълумки, рўза – ният қилиб, холис Аллоҳ таоло учун тонг отганидан қуёш ботгунича еб-ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан тийилишдир.

 

Рўзадор уч ҳолатда: рўза тутганини унутиб ё хато этиб ёки қасддан еб-ичиб, жинсий яқинлик қилиб қўйиши мумкин.

Агар рўзадор рўза тутганини унутиб еб-ичса ёки жинсий яқинлик қилса, рўзаси бузилмайди. Аммо, ана шу ҳолда унга рўзадор экани эслатилганида еб-ичишни давом эттирса рўзаси бузилади. Агар рўзадорлиги эсига тушиши билан оғзидагини чиқариб ташласа рўзаси бузилмайди; ютиб юборса каффорат лозим бўлади.

Чанг, пашша ё тутун рўзадорнинг оғзига кирса рўзаси бузилмайди. Аммо рўзадор тутунни ўзи ичига ютса рўзаси бузилади. Рўзадор кўнгли айниб қусса, эҳтилом бўлса, ётишида булғанса рўзаси бузилмайди.

Рўзадор тишлари орасидан қон чиқса ва ичига кетса, қон кам бўлса рўзаси бузилмайди, қон кўп бўлса: тупиги билан тенг ё ундан ғолиб бўлса рўзаси бузилади.

Агар рўзадор хато қилиб, масалан: оғзини чайгандан ичига сув кетиб қолса;

–         ухлаётганида сув ичса;

–         тонг отгани йўқ деб ўйлаб овқат еса ё аёли билан яқинлашса, ваҳоланки  тонг отган бўлса;

–         унга зўрлаб сув ичиришса ёки таом едиришса;

–         у ухлаётганида оғзига сув томизишса;

–         клизма қилса;

–         Истинжо қилганида сув ичига тортилса;

–         қулоғига ёғ томизса, бурнига дори томизса;

–         одатда ейилмайдагна нарсаларни еса, ютса;

–         томоғига қор ё ёмғир ёки кўп миқдорда (уч томчи) кўз ёши ёки тер кирса;

–         аёлини ўпганида ё ушлаганида шаҳват билан маний (уруғ) чиқса ёки ўзи илож қилиб манийни чиқарса;

–         ўзини зўрлаб қусса;

–         тиши орасидаги нўхатдай ё ундан катта гўштни еса;

–         рўзадор аёл ҳайз ёки нифос кўрса;

–         қўёш ботди деб ўйлаб оғзини очса, ваҳоланки қуёш ботмаган бўлса;

рўзаси очилади ва қазоси вожиб бўлади.

Рўзадор венасидан ё тери остига укол қилдирса, ҳанафий мазҳабида, рўзаси очилади. Чунки ҳар қандай укол жисмни қувватлантириш (озиқлантириш) ё қонни кўпайтириш ёки асабни тинчлантириш учун олинади. Тиббиёт мутахассисларининг айтишларича жисмга қилинган укол лимфа безлари орқали сўрилиб қон тизимига ўтади. Қон тизими орқали жисмнинг барча қисмига тарқалади. (“Азҳар” журналидан). 

Агар Рамазон рўзасини тутаётган киши  қасддан аёли билан жинсий яқинлик қилса ё таом, дори еса ёки ичса;

қон  олдириш ё сурма қўйиш каби рўзани бузмайдиган ишларни қилиб сўнг рўзам очилди деган ўйда қасддан еб-ичса қазо ва каффорат лозим бўлади.

Рўза каффорати олтмиш кун кетма-кет, узмай рўза тутишдир. Агар бунга соғлиги ярамаса олтмиш мискинга таом беришдир.

 

Муҳаммадшариф Жуман

 

 

Неділя, 12 июнь 2016 00:00

Ғанимат лаҳзалар

“...У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир...”

 

(Ҳадиси шарифдан) 

Кечагина кўзларимиз йўлингга нигорон эди. Ёш боладек қўлларимизни букиб-ёзиб, кун санаётгандик. Ҳам фараҳ, ҳам илиж билан овозимизда аллақандай қоришиқ туйғулар: “Рамазонга 5 кун” қолибди, дея кутаётгандик. Мана, кутиб олдик, унинг раҳмат дея аталган аввалги ўн кунлигидан насиба олсак олдик, олмасак йўқ. Ўртасига етдик. Мағфират даҳаси билан юзма-юз келдик.

 

Қалбимизга энг ҳассос, энг илоҳий туйғуларни олиб келган эй муборак моҳ! Сенинг ғаниматлигингни англадим. Зеро, аввалги раҳмат кунларини сониялар қадар тезлик билан ўтиб кетгани бугун дилимга алам солаётир. Нега устимга ёғилиб турган раҳматларнинг ҳаммасини йиғиб, амал дафтари деб аталувчи “қопимга” солиб олмадим, деган надомат дилимни ўртамоқда...

 

Бироқ яна бир таскиним бор, ҳали олдинда Мағфират даҳаси бор, дўзаҳдан озод бўлиш фурсатини-да бой бериб қўймаслигим лозим.

 

Ўтган ўн кун давомида ҳуркак нафсим анчайин тизгинланди, ўтган ҳар кундан бир ҳикмат топа олдим, алҳамдулиллоҳ! Маҳшар майдонида чанқоқ қолмаслик учун Рамазонда чанқоқ қолишни афзал билдим. Тарозуга амалларим қўйилганида уларнинг енгиллик қилиб қолишидан чўчиб, бирига ўн савоб бериладиган ойда кўпроқ хайрли ишлар қилишни кўзладим. Аллоҳнинг ўзи мукофотимни берсин, дея лаззатлардан юз бурдим. Зеро, ваъда қилинаётган мукофот шунга арзийди. Унинг олдида бу дунёнинг емоқ, ичмоқ каби лаззатлари нима деган гап?!

 

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яна бир ваъдаси бор: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса кам бўлмас” (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти), деган. Ана шу ваъдадан умидворман. Эҳсонларни яқинлардан бошлаб, рўзадорлар ажрича ажр олиш илинжида ифторлик бериш ниятидаман. Аллоҳ шунга қодир айласин илоҳим!

 

Эй, ойларнинг Султони! Сенда қалбимни қувончга тўлдирадиган яна бир лаззат бор: Бу саҳарлик ва ифторликнинг қувончи! Наҳорда туришга оғринадиган бу нафсимни ўзимга бўйинсундириб, саҳарлик учун кўз очарканман, қалбимни хушнудлик қоплаб олади. Зеро, нафсга бўйсунишнинг оқибати вой, нафсинг сенга бўйсунса, яхшиликдан умид бор!

 

Ифторга етгунча неча бор мени қутқуга соладиган нафсим устидан унинг сўзига кирмай яна бир бор ғалаба қиламан. Бу йўлда жиддий курашишга ҳам ҳожат қолмади. Унга секингина, Аллоҳнинг розилиги, унинг мағфиратини эслатаяпман. Анча йўриғимга юриб қолди, дарров кўна қолади. Ахир мени қутқуга солаётган фақат нафсимнинг ўзи. Унга кўп ишларда кўмакчи бўладиган шайтони лаъин кишанланган-да. Зеро, ҳадиси шариф шунга далолат қилади. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)айтадилар : “Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик истовчи, келиб қол! Эй ёмонлик истовчи, бас қил!”, деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

 

Бу илоҳий раҳмат ва мағфират онларида “яхшилик истовчи”лар қаторида туриш не гўзал бахт, не қадар улкан имкон! Ана шу яхшиликлардан умидвор ҳолда дуолар ижобат қилинадиган ифторлик чоғларида  қўл очаман: “ Биз ожиз бандаларга икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани фарз қилган эй Холиқи Зулжалол! Бу илоҳий онларнинг барча фазилатларидан насиба олишга қодир қил бизни!  Рўзанинг фарз эканига имон келтирдик, бу имонимизни жон чиқар онда ҳам саломат қил! Уни Сенинг розилигинг йўлида тутишни қасд этдик, ваъда қилган мукофотларинг билан бизни Қиёматда севинтир! Райён номли эшикдан жаннатингга киргиз. Рўза тутиб тақво ҳиссини туя бошлаган нафсимизни ўз ҳолига ташлаб қўйма. Уни ҳидоятга солиб тур. Зеро, Сенинг раҳмат ва мағфиратингсиз бизлар ўз жонига зулм қилганлардан бўлиб қоламиз!”

 

Нигора МИРЗАЕВА

 

Top