بسم الله الرحمن الرحيم
(“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”)
Ҳурматли жамоат! Динимизнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, инсон ҳаётининг ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатини бир хилда эътиборга олади. Яъни, инсон ҳаётда яшар экан, руҳиятини юксалтириши учун ибодат қилишга, моддий эҳтиёжларини қондириш учун эса, иқтисодиёт билан машғул бўлишга муҳтож бўлади. Шариатимиз бу табиий жараёнга тўсқинлик қилмайди, балки тартибга солади ва тўғри йўлни кўрсатади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاءِ وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنْطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالْأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ ذَلِكَ مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَاللَّهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الْمَآَبِ (سورة آل عمران الآية-14) .
яъни: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бунданда) чиройли жой (жаннат) бордир” (Оли Имрон сураси, 14-оят).
“Бу неъматларни ким зийнатли қилиб қўйди?” – деган табиий саволга кўпчилик уламолар: “Аллоҳнинг Ўзи бандаларини имтиҳон қилиш учун дунё матоҳларини марғуб ва жозибали қилиб яратган”, – деб таъкидлайдилар.
“Иқтисод” арабча “қасд” сўзидан олинган бўлиб, “захира қилиш”, “тўғри ва адолатли йўл тутиш”, “аниқ ҳисоб-китоб билан сарфлаш” деган маънолари бор. “Қасд” – исроф ва бахиллик ўртасидаги йўл ва барча ишда ўртача йўл тутишдир. Истилоҳда эса “иқтисод” сўзининг маъноси – мол-мулк касб қилиш, уни сарфлаш ва кўпайтиришнинг тартиб-қоидалари.
Қуръони каримда бандаларнинг иқтисодий алоқаларига тегишли бир қанча оятлар мавжуд. Масалан, савдо-сотиқ, ижара, гаров, омонат, орият, мукотаба битимлари, ўлжаларни бўлиш, мерос масалалари, қарз олди-бердилари ва бошқа мавзуларда сўз юритилган. Қуръони каримда шундай дейилган:
...كَيْ لَا يَكُونَ دُولَةً بَيْنَ الْأَغْنِيَاءِ مِنْكُمْ (سورة الحشر الآية-7).
яъни: “...(мол-давлат) сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун...” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Ушбу қоида Ислом динида иқтисодга оид улкан қоидалардан биридир. Дарҳақиқат, мол-давлат жамиятнинг ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Унда бойлар нимани хоҳласа қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади.
Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам иқтисодий фаолият билан шуғулланиб, ўзи, аҳли аёлидан ташқари бева бечора ва етимларга моддий ёрдам берган кишиларни Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидо қилганлар, кундузи рўзадор, кечаси ибодат билан бедор бўлганларга тенглаштирдилар:
"السَّاعِي عَلَى الْاَرْمَلَةِ وَالْمَسَاكِينِ كَالْمُجَاهِدِ فِي سَبِيلِ اللهِ أَوْ كَالَّذِى يَصُومُ النَّهَارَ وَيَقُومُ اللَّيْلَ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: “Бева ва мискинлар учун (ёрдам бериш мақсадида) ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи ёки кундузи рўза тутувчи, кечаси бедор бўлувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Мусулмон кишининг касби, даромад манбаи ҳалол бўлиши – шариатимиз талабидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейилади:
إِنَّ أَطْيَبّ مَا أَكَلْتُمْ مِنْ كَسْبِكُمْ وَإِنَّ أَوْلَادَكُمْ مِنْ كَسْبِكُمْ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ عَائِشَةَ).
яъни: “Сиз ейдиган нарсаларнинг энг покизаси – касбингиздан бўлганидир. Фарзандларингиз ҳам касбингиздандир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳадиснинг давомидаги “Фарзандларингиз ҳам – касбингиздандир” жумласи уларнинг моли сизга мубоҳдир, ундан ейишингиз мумкин деган маънода келган.
Барча мусулмонлар, жумладан тадбиркорлар ҳам, ҳаром луқмадан, шариатимиз ҳаром ҳисоблаган фаолият турлари (алдов, фирибгарлик, қимор, судхўрлик)дан сақланиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
"لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ جَسَدٌ غُذِّيَ بِحَرَامٍ" (رَوَاهُ الْاِمَامُ اَبُو يَعْلَى عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ).
яъни: “Ҳаром билан озиқлантирилган жасад жаннатга кирмайди” (Имом Абу Яъло ривояти).
Эътиборга молик жиҳати шуки, шариатимиз иқтисодий масалалар ва ўзаро шартномаларда аниқлик, шаффофлик ва омонатдорликни биринчи ўринга қўяди. Жанжалга олиб борувчи, мубҳамлик мавжуд бўлган шартнома ва савдо турларини ҳақиқий, деб ҳисобламайди. Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ شِرَاءِ مَا فِي بُطُونِ الْأَنْعَامِ حَتَّى تَضَعَ وَعَنْ بَيْعِ مَا فِي ضَرْعِهَا
(رَوَاهُ الْاِمَامُ ابْنُ مَاجَهْ).
яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг қорнидаги нарса (ҳомила)ни )токи туғмагунича( ва елиндаги сутни (соғилмагунча) сотиб олишдан қайтардилар” (Имом Ибн Можа ривояти).
Муҳтарам жамоат! Одатда, турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланадиган мусулмонлар шерикчилик қиладилар. Бу ишда ҳам асосий қоида – омонатдорлик ва шерикларнинг бир-бирига хиёнат қилмаслигидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қудсий ҳадисларида Аллоҳ таолодан ривоят қилиб айтадилар:
"يَقُولُ اللهُ تَعَالَى أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَيْنِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ فَإِذَا خَانَهُ خَرَجْتُ مِن بَيْنِهِمَا"
(رَوَاهُ الْاِمَامُ أَبُو دَاوُدَ، وَالْاِمَامُ الْحَاكِمُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Аллоҳ таоло айтади: “Мен бир-бирига хиёнат қилмайдиган икки шерикнинг учинчисиман. Агар бири иккинчисига хиёнат қилса, уларнинг ўртасидан чиқаман” (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
Шерикларнинг иши юришиб кетса, ҳаммаси жойида бўлади. Иш юришмаганда эса, турли келишмовчиликлар келиб чиқади. Бундай низолар келиб чиқмаслиги учун, ишнинг бошиданоқ ниятни тўғри қилиш лозим бўлади. Акс ҳолда ишлар орқага кетади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ اَلنَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اَللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَهَا يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اَللَّهُّ"
(رَوَاهُ الْاِمَامُ اَلْبُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Ким одамларнинг молини адо қилиш (қайтариш) ниятида олса, Аллоҳ ундан адо қилади (молни қайтаришига ёрдам беради), ким одамларнинг молини талофатга учратиш учун олса, Аллоҳ уни талофатга учратади” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ўзига яраша қийинчиликлар билан топилган мол-мулкни ўз ўрнига сарфламасдан, ноўрин жойларга ишлатиб, исроф қилиш, баъзида ҳатто ҳаром ишларга сарфлаш ачинарли ҳолатдир. Аллоҳ таоло молни сарфлашда ўрта йўлни тутганларни мақтаб шундай дейди:
وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان الاية-67).
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Динимизда мақталган сахийлик айнан исроф ва бахиллик ўртасида туради. Юқоридаги оятлар бизни ҳамма ишларда – тўй, аза, еб-ичиш, кийиниш, улов, маскан ва бошқаларда, ҳолимизга қараб, ўрта йўлни тутишимизни талаб қилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам дангасалик, боқимандалик ва тиланчилик каби, инсоннинг шарафини йўқотадиган ишларни қоралаганлар. Жумладан шундай марҳамат қилганлар:
لَأَنْ يَحْتَطِبَ أَحَدُكُمْ حُزْمَةً عَلَى ظَهْرِهِ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ أَحَدًا فَيُعْطِيَهُ أَوْ يَمْنَعَهُ (رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Сизлардан бирингиз (тирикчилик учун) бир боғ ўтин териб, елкасига ортиб юриши, бировдан тиланчилик қилиб, у бериб ёки бермаганидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, инсон меҳнати изидан кун кўриши, тирикчилик учун ҳатто ўтин териб сотиши тиланчилик, таъмагирлик қилишидан кўра яхшироқдир.
Ҳадиси шарифларда иқтисод қилган камбағал бўлмаслиги ҳақида маълумотлар келган. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
"مَا عَالَ مُقْتَصِدٌ قَطُّ"(رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْاِمَامُ الدَّرَاقُطْنِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ).
яъни: “(Нафақада) ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди” (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривояти).
Инсоннинг касбу кор қилиши ва тадбиркорлик билан шуғулланишидан асосий мақсади фақат мол-дунё тўплаш бўлмаслиги керак, балки касбу кор қилиш орқали халқи ва динига фойда етказиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ишсизларни иш билан таъминлаш бўлса, айни муддао бўлади. Бугунги кунда мана шундай фаол ва ҳалол тадбиркорларни Президентимиз бошчилигида давлатимиз ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлаб турибди.
Аллоҳ таоло барчамизни рушду ҳидоятда собитқадам қилиб, ҳамма соҳада иқтисод билан иш тутишга муваффақ айласин. Парвардигор Ватанимизни ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фаровон айласин! Омин!
Муҳтарам жамоат! Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Азизлар, бундай тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етайлик.
Маълумки, экстремистик кучларнинг асосий мақсади инсониятни қўрқитиш, динни ниқоб қилиб ўз қабиҳ мақсадига эришишдан иборат. Аслида, терроризм ва экстремизмнинг бирон динга алоқаси йўқ. Шу сабабли экстремистлар, террористлар бирон динни “ҳимоя” қилмайди ва бирор дин ҳомийси ҳам эмас. Улар бор-йўғи жаҳон аҳли ва жамоатчилигига хавф солаётган бузғунчи ва қотиллар тўдасидир. Шу туфайли уларга қарши халқаро майдонда кескин кураш олиб бориш ҳозирги даврнинг долзарб вазифалари, десак хато бўлмайди. Экстремистик оқимларнинг ягона хусусияти, уларнинг динда ғулув кетишларидир. Динда ғулувга кетиш эса, залолатга кетишнинг асосидир.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб бундай дейди:
لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ
яъни: “Динингизда ҳаддан ошмангиз” ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят).
Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмон тури - етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича тушунишдир. Бундан ташқари, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда динни яхши тушиниб етмасликдан бўлади.
Динда чуқур кетмаслик ва қаттиқлик қилмаслик ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:
هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ، هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ، هَلَكَ المُتَنَطِّعُونَ
яъни: "Аллоҳ таоло шариатида ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар" деб уч марта айтдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида бундай насиҳат қилганлар:
إياَّكم وَالغُلوَّ في الدينِ، َ فإنها أَهْلَكَ مَنْ كان قَبلَكم الغلوُّ في الدين
яъни: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Имом Насаий ривояти).
Ҳурматли жамоа, сўнги вақтларда ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан диний соҳага катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Аммо, яратилаётган шарт-шароитларга шукроналик келтириш ўрнига айрим динни ниқоб қилиб олган экстремистик ва халқаро террористик ташкилотлар аъзолари, юртимизда ислом динига эътиқод қилувчиларга эркинлик йўқ, деб ўзларининг ёлғон иддаоларини кенг аҳолига тарғиб қилишга уринишмоқда. Мазкур кайфиятдаги адашган оқимларга ҳозирда ислом оламида кенг тарқалиб келаётган мутаассиб кўринишдаги “Салафийлар”, “Ҳизбут таҳрир” каби диний экстремистик оқим тарафдорларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ҳозирги кунда бундай экстремистик оқим тарафдорлари ўз ғояларини “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Twitter”, “Telegram” каби ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилишга уриниб келмоқдалар. Бинобарин, улар динга оид бирор муаммонинг ечимини кўрсатишда фақат оят ёки хадисни узук-юлуқ ҳолда келтириб, унга зоҳиран ёндашиб, гўё, муаммога жавоб топиб берадилар. Шу йўл билан улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринадилар.
Бу кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ жоҳил ёшларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар.
Шу боисдан юқорида қайд қилинган оқим тарафдорларининг ёлғон иддаолари ва қарашларига алданиб қолмаслик мақсадида ҳушёрликни оширишимиз даркор. Мазкур тоифадаги адашганлар таъсирига биринчи навбатда униб-ўсиб келаётган авлодимиз тушиб қолишини инобатга олиб, фарзандларимизнинг юриш-туришига, билдираётган фикр ва қарашларига бепарво бўлмасдан, уларни мўтадил ислом руҳида тарбиялашимиз, ота-боболаримиз асрлар давомида эргашиб келган, диёримизда амалда бўлган Ҳанафий мазҳабининг ушлашга тарғиб этмоғимиз лозим.
Бугунги кунда ҳар бир инсон дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан огоҳ бўлиши, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиши, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг ҳам қонуний, ҳам шаръий вазифамиздир.
Аллоҳ таоло барчамизнинг имонимизни саломат айлаб, турли фитна, ғаламислик ва ихтилофлардан узоқ қилиб, Ўзининг рушду ҳидоятидан асло айирмасин. Омин!