Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِي هَدَانا لِلإسْلاَمِ، وَأنْعَمَ عَلَيْنَا بِالإِيْمَانِ، وكَرَّهَ إِلَيْنَا الكُفْرَ والفُسُوقَ وَالعِصْيَان، والصَّلاةُ والسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا وَحَبِيبِنَا مُحَمَّدٍ الذِي دَعَانَا إلَى التَّوحِيدِ وَالإيْمَانِ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَان.

Имон асослари

Муҳтарам жамоат! Албатта, Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:

“Ақида билмаган шайтона элдир,

Агар минг йил амал деб қилса елдир”.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳга кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Имон келтириш вожиб бўлган нарсалар қуйидагилар: 1. Аллоҳга 2. Унинг фаришталарига 3. Китобларига 4. Набийларига 5. Охират кунига. 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканилигига. 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига ва ҳоказо ақоид китобларида келган нарсаларга имон келтириш.

1) Аллоҳ таолога имон келтириш деганда Зотида, сифатларида, исмларида, феълларида, ҳукмларида Унинг ёлғизлигига, шериги йўқлигига имон келтириш тушунилади. Бунга доир Қуръони каримда бир неча далиллар мавжуд. Жумладан Аллоҳ таоло шундай деган:  

ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ 

яъни: “Ана ўша Раббингиз – Аллоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилингиз! У ҳар нарса устидан вакил (кузатувчи)дир” (Анъом сураси, 102-оят).

2) Фаришталарга ишониш ақидамиз арконларидан биридир. Уларга имон келтириш Аллоҳ ва унинг расули тавсифлаганидек бўлиши керак. Яъни, уларнинг сифатлари ҳақида ҳадисда шундай дейилади: Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Фаришталар инсон кўзига кўринмайдиган, хизматдан чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига буюрилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган зотлардир.

3) Илоҳий китобларга имон келтириш ўша китобларнинг барчаси Аллоҳнинг каломи эканига ишонмоқликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ

яъни: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди...” (Бақара сураси, 285-оят).

Пайғамбарларга нозил қилинган илоҳий китоблар тўртта бўлиб, улар Забур Довуд алайҳиссаломга, Таврот Мусо алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръон Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Булардан ташқари баъзи пайғамбарларга “Саҳифалар” нозил қилинган бўлиб, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган.

Илоҳий китобларга имон келтириш Қуръони каримга имон келтиришнинг бир бўлагидир. У доимо башариятни Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга солиб турганини билдиради ва мусулмонларни ушбу китобларга аҳил бўлган халқлар билан яқинлаштиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا

яъни: Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқонини (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг …, (Оли Имрон сураси, 103-оят) деб марҳамат қилган.

4) Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга ва уларнинг исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам имон келтирмоғимиз вожибдир. Пайғамбарлар омонатли, гуноҳдан маъсум зотлардир.

5) Ислом ақидаси бўйича бу дунё инсон учун синов майдони холос. Асосий ҳаёт эса Охират диёридир. Аллоҳ таоло айтади:

وَمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا لَهْوٌ وَلَعِبٌ وَإِنَّ الدَّارَ الْآَخِرَةَ لَهِيَ الْحَيَوَانُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ 

яъни: “Бу дунё ҳаёти фақат (озгина) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (ҳақиқий) ҳаёт (жойи)дир” (Анкабут сураси, 64-оят).

Охиратга, яъни қиёмат кунига ишониш имоннинг яна бир шартидир. Бу ҳақиқатни тасдиқ қилмаган инсон мўмин бўла олмайди. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида мўмин ва тақводорларнинг сифатлари зикр этилганида “ва улар охиратга ишонадилар” деб васфланади.

Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезонга (тарозуга), ҳавзга, сирот кўпригига, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир.

6) Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

إنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ

яъни: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик”, деган (Қамар сураси, 49-оят).

Ўзбек тилида “ўлчов” деб таржима қилинган сўз оятда “қадар” лафзи бўлиб келди. Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар:

“Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”.

“Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.

Тақдир азалда битилган эканлигига имон келтириш вожиб, дейилганда “ҳамма нарса Аллоҳ иродаси билан бўлса, у ҳолда бандага нима қолади?”, - деган савол пайдо бўлиши табиий.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади.

Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги, гавдасининг турлича, ҳуснининг чиройли ёки ҳунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега қоматинг узун, ёки пакана”? ёки “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг”? деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга имон келтириш ҳар бир мўмин мусулмонга вожибдир.

Иккинчи қисм — инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи ҳам шу ерда.

Мусулмончиликнинг соф ақидаси эса Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақидага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ яратган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ яратган нарсалардан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, яъни ҳар қандай ишни бажариб туриб: “Аллоҳ шуни хоҳлабдида шунинг учун қилдим, менда айб йўқ” дегани эмас. Чунки инсоннинг масъул бўлиб сўраладиган ишлари ҳам мана шу каби ўзининг амалига боғлиқ бўлган масалалардадир. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша ишни амалга ошириш учун икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналганлиги туфайли хоҳиш эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу ихтиёри туфайли амалга оширган ишидан жавобгар бўлиб сўралади. Сўфи Оллоёр бобомиз бу ҳақда “Саботул ожизин”да қуйидагиларни айтганлар:

“Ҳаромидин вале манъ этди бизни,

Берибдур ихтиёри жузъимизни”.

Яъни, Аллоҳ таоло бизларга ҳаромга қўл урмасликни буюрди, шунинг билан бирга жузъий ихтиёримизни ҳам ўзимизга берди.

7) Қиёматда инсонларнинг қайта тирилиши бор эканига имон келтириш динимиздаги энг катта асослардан бири бўлиб, уни инкор қилган киши мўмин ҳисобланмайди. Қуръони каримнинг йигирмадан ортиқ ўринда қайта тирилиш кунига ишониш Аллоҳ таолога ишониш билан ёнма-ён зикр қилинган ва мантиқий жиҳатдан унинг ҳақ экани исботланган. Аллоҳ таоло шундай дейди:  

وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُ قَالَ مَنْ يُحْيِي الْعِظَامَ وَهِيَ رَمِيمٌ  قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنْشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ

яъни:У Бизга: Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?– деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир(Ясин сураси, 78-79 оятлар).

Муҳтрам жамоат! Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлар биринчи бўлиб ақида масалаларини бузиб талқин этганлар. Шунинг билан улар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Баъзан гуноҳ ишларни қилган кишини ҳам мушрик ва кофирга чиқарган фирқалар ҳам бўлган.

Аҳли сунна вал-жамоанинг мотуридий йўналишига кўра имон зиёда ва ноқис бўлмайди. Балки, ҳар бир кишининг имони комил саналиши, тоат ва ибодат ёки гуноҳ-маъсият билан имоннинг айнан ўзи кўпаймаслиги ва камаймаслиги таъкидланади. Мисол учун, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا

яъни: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган кишилардир...” (Анфол сураси, 2-оят).

имом Мотуридий мазкур оят ҳақида шундай дейдилар: “Қуръон оятидаги “имонлари зиёда бўлади” жумласи адад ёки айни имоннинг ўзида зиёдаликни билдирмайди, балки унинг нури, шарафи, фазилати зиёда бўлганини билдиради. Масалан “жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма беш баробар даражаси афзалдур” ҳадисида ҳам айнан намознинг адади зиёда бўлиши назарда тутилмаган, балки шарафи ва фазилати зиёдалиги назарда тутилгандир. Худди шу каби имоннинг амаллар жиҳатидан зиёда бўлиши ҳам унинг шарафи, фазилати, камоли зиёдалашишига далолат қилади. Амаллар имон жинсидан эмасдир, у иқрор ва тасдиқлашдан иборатдир” (Таъвилоту аҳлис-сунна).

Аллоҳ таоло барчамизни имон-эътиқодда мустаҳкам қилсин.

ИЛОВА: Оилавий ажрим ва унинг салбий оқибатлари ҳақида

Оила жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила тинч, мустаҳкам, ҳалол-пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, сўнгги йилларда оилавий ажримлар кўпайиб кетди. Қуйида оилавий ажримнинг салбий оқибатларидан баъзиларини баён қиламиз:

  1. Ажрашган эр ва хотиннинг ҳеч бўлмаганда обрўси тўкилиши. Эрга нисбатан “битта хотинни эплай олмади, яхши одам бўлганда аёли билан чиройли муомала қилиб яшар эди”, деган гап-сўзлар, аёлга нисбатан эса “эрининг хизматини қилолмади, яхши аёл бўлганида эрининг измидан чиқмасдан, муроса қилиб, тинчгина яшар эди”, деган қарашлар келиб чиқади. Ажрим оқибатида “боши очиқ” аёл ва “бўйдоқ” эркаклар пайдо бўлади. Бу ҳолат одатда жамиятда зино ва ҳаёсизликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиб, маънавий муҳитни бузилишига олиб келмоқда. Оқибатда баъзи “боши очиқ” ёшгина аёллар ноқонуний иккинчи, учинчи ва ҳатто тўртинчи хотинликка ҳам рози бўлмоқдалар.
  2. Ўртадаги фарзандларни тирик етим бўлиб, сарсон бўлиши. Бечора фарзандлар ўртада сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмайди. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Отаси билан суҳбатлашса, “онанг ундай, онанг мундай” деганга ўхшаган гапларни гапириб болага онасини ёмонлайди ва ёмон кўрсатишга ҳаракат қилади. Онаси билан гаплашса, “отанг бундай, отанг ундай” деган гапларни гапириб болага отасини ёмонлайди. Натижада бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келади. Тарбияси бузилади. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлади. Афсуски, қаровсиз қолаётган, ота-онаси бор баъзи болаларни меҳрибонлик уйларига топшириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
  3. Ажрашувчи икки ёшнинг ота-оналарининг машаққат чекиши. Ота-она орзу ҳавас қилиб, қанча меҳнат-машаққат ва қийинчиликлар билан фарзандини тўй қилиб: “Зиммамдаги вазифани бажардим, боламни оилали қилдим” деб энди эркин нафас олиб турган пайтда фарзандини оиласи бузилса, ота-онага моддий ва маънавий жиҳатдан қаттиқ зарба бўлади. Ота-она ва бошқа барча қариндошлар руҳий изтиробга тушади.

Оилавий ажримни мазкурлардан бошқа бир қанча зарар ва зиёнлари мавжуд. Бир оила бузилиши сабабли кўплаб мусулмонларнинг ўрталарида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш - оила бузилишидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келади:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дейди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, ҳар бир янги қурилаётган оилаларни тинч, бахтли-саодатли яшаб кетишига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. 

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари ҳақида  

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2019 йил 26-27 январь кунлари Андижон вилоятида “Меҳр-мурувват карвони” ҳамда “Сиз бизга кераксиз” хайрия тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда 80 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 18 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари, 580 нафар гапиришида ва эшитишида нуқсони бор имконияти чекланган шахсларга хайриялар қилинди. Мазкур тадбирларда жами 100 848 450 (юз миллион саккиз юз қирқ саккиз минг тўрт юз эллик) сўмлик товар ва моддий бойликлар хайрия сифатида тақдим қилинди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

яъни: Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят). 

Муҳтарам имом-домла! Бундан кейин ҳар доим келгуси жумада бўладиган мавзуни жамоатга эълон қилиб борасиз. Келгуси жума маърузаси мавзуси “ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ОДОБИ” ҳақида бўлади.

Read 4783 times
Download attachments:
Top