Жума мавъизалари

     بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ للهِ الَّذِي عَرَّفَ عِبِادَهُ غَوَائِلَ الكِذْبِ وَآفَاتِهَا. وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنْ قَبَائِحِ الْخَدِيْعَةِ وَعَوْرَاتِهَا. وعلى آله وأصحابه أجمعين. اَمَّا بَعْدُ

АЛДОВ ва фирибгарлик – оғир гуноҳ

Муҳтарам азизлар! “Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади. Алдов, фирибгарлик, ўғрилик шу қадар кенг тарқалдики, у кириб бормаган жой, у кириб бормаган соҳа қолмади: имтиҳонларда, тижоратда ва ҳатто никоҳ муносабатларида ҳам одамлар ёлғонни кенг ишлатишмоқда.

Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.” (Бақара сураси, 188-оят).

Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзини пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ"

(رواه الامام البخاري)

яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:

    ﻣَﻦْ ﻏَﺸَّﻨَﺎ ﻓَﻠَﻴْﺲَ ﻣِﻨَّﺎ

(رواه الإمام الحاكم)

яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”,  дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Имом Табаронийнинг ривоятида эса:

 َﺍﻟﻤَﻜْﺮُ ﻭَﺍﻟﺨّﺪِﻳْﻌَﺔُ ﻓِﻲ ﺍﻟﻨّﺎﺭِ

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Макр ва алдов дўзахдадир” деганлари зиёда қилинган.

Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.

Фирибгарлик жиноятининг бугунги кунда кенг тарқалган яна бир кўриниши порахўрлик ҳисобланади. Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишдан тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббусларининг йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَعَنَ اللهُ الرَّاشِى وَالْمُرْتَشِى وَالرَّائِشَ الَّذِي يَمْشِى بَيْنَهُمَا

(رواه الإمام أحمد)

яъни: “Пора берганга ҳам, пора олганга ҳам, улар ўртасида воситачи бўлганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Имом Аҳмад ривояти).

Пора берувчи жамиятда белгиланган низомни бузган, адолатли қонун мажмуасини ўз фойдасига ишлатган, ҳақсизлик қилиб ишини бажариб кетган ҳисобланади. Пора олувчи виждонини еган, ноҳақликка, адолатсизликка рози бўлган, ўз манфаатини ўйлаган, халқ ҳақига хиёнат қилган бўлади.

Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулайм қабиласидан закот йиғишда Ибн Лутбия исмли бири кишининг хизматидан фойдаландилар. У закот йиғиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллламга ҳисоб-китоб бераётиб: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя улашишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, у Қиёмат куни елкасида бўкираётган туяни ёки мораётган сигирни ёки балаётган қўйни топади”, деб айтдилар”.  

Фирибгарликнинг бугунги кундаги яна бир кўриниши судхўрликдир. Ислом дини молни тижорат йўли билан кўпайтиришга ижозат беради. Аммо молни судхўрлик йўли билан кўпайтирмокчи бўлганларни қаттиқ қоралади ва судхўрликнинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

"إِذَا ظَهَرَ الزِّنَا وَالرِّبَا فِي قَرْيَةٍ ، فَقَدْ أَحَلُّوا بِأَنْفُسِهِمْ عَذَابَ اللهِ"

(رواه الإمام الحاكم)

яъни: “Агар зино ва рибо бирон қавмда тарқалса, улар ўзлари учун Аллоҳнинг азоби келишига йўл очибдилар”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Муҳтарам жамоат! Ҳаром луқмадан, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган кишиларнинг фарзандлари ўзлари орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади, Аллоҳ асрасин. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ

(رواه ابن حبان في صحيحه)

яъни: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар  (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Сўфи Оллоёр раҳимаҳуллоҳ  бу борада шундай деган:

Кўнгил Ҳақ файзига бўлсун десанг чок,

Ки, аввал мартаба халқингни қил пок.

Яъни, агар кўнглингни Аллоҳ таолонинг илҳоми кириши учун очиқ қилай десанг, унинг биринчи шарти томоғингни буткул ҳаромдан пок қилмоғинг кераклигидир. Чунончи:

Ема зарра ҳаром оғушта нондин,

Бўлур чоҳи нажас бир қатра қондин.

Яъни, ҳалқумни пок қилмоқлик аввал бошда ҳаром аралашган неъматларни емаслик билан бўлади. Агар еган неъматингда бир заррача ҳаром бўлса-да, ул таомни емаслик керак. Чунки, қудуққа бир томчи қон ёки хамр тушса, нажас қилар. Шунга ўхшаб кўп ибодатдан ҳосил қилган савобинг бир оз ҳаром аралашган неъматдан ейиш билан йўққа чиқар. Уламолар айтурларки, биров ҳаром луқма билан тоат-ибодат қилса, гарчи кечалари уйғоқ туриб, кундузлари рўза тутса-да, қабул бўлмас.

Оила ва фарзандларимизга оз бўлса ҳам ҳалол ризқ топиб беришга ҳаракат қилайлик. Зеро, барака ҳалолликда экани ҳамда дунё ва охират саодатига эришишнинг асосий омили покликда эканлигини асло унутмайлик.

ИЛОВА: РАЖАБ ОЙИ ФАЗИЛАТИ

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталиб қолган.

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзаларини қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса, Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақида Пайғамбаримиздан қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинган:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ. قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ رَجَبٌ قَالَ: اللهُمَّ بَارِكْ لَنَا فِي رَجَبٍ، وَشَعْبَانَ، وَبَلِّغْنَا رَمَضَانَ

(رواه الإمام ابن عساكر والبيهقي)

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ражаб ойи кирса, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва Шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар” (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган).

Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ Ражаб ойи фазилати ҳақида шундай деган:

عن عَامِرِ بْنِ شِبْلٍ رضي الله عنه، قَالَ: سَمِعْتُ أَبَا قِلابَةَ رضي الله عنه،  يَقُولُ: فِي الْجَنَّةِ قَصْرٌ لِصُوَّامِ رَجَبٍ

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба разияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Шундай экан, имкони бор кишилар Ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Демак, Ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан, одат қилиб олмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади.

Илова:  Ҳашар – элга ярашар!

Маълумки, баҳор кўклам фаслидир. Шу кунларда атроф-муҳит тозалигига яна бир карра эътибор бериш динимиз кўрсатмаларига мувофиқдир. Мана шундай хайри ишларни амалга ошириш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг 11-17 март кунлари Тошкент шаҳрида “Hashar Week” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур ҳашарда барчамиз фаол қатнашиб, уй-жойларимиз ва маҳалла-кўйимизда ободонлаштириш, ариқ ва сув ҳовузларини тозалаш, қабристон ва зиёратгоҳларни тартибга келтириш, шу билан бирга, бўш ерларга манзарали ва мевали дарахт кўчатлар экиш, гул кўчатларини ўтқазиш айни муддаодир.

Аллоҳ таоло барчамизни хайрли ишларда бардавом айлаб, юртимиз ободлиги йўлида олиб бораётган ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин.

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтган ҳафтада Бухоро вилоятида имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм, соғлиғини тиклаш, дори-дармон ва жарроҳлик амалиётлари учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган 38 нафар кишига 27 000 000 (йигирма етти миллион) сўм, жами 39 000 000 (ўттиз тўққиз миллион) сўм хайрия қилинди. 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ТАДБИРКОРЛИК – ЯРИМ РИЗҚ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Тезисга илова

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсинки, Парвардигорнинг бизга ато этган энг бебаҳо неъматларидан бири бўлмиш юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлигимиз барча соҳада ривожланиш ва тараққий этишимиз учун асосий омил ҳисобланади. Шундай экан, бу неъматнинг қадрига етишимиз, уни кўз қорачиғидек асраб авайлашимиз шу заминда яшаётган каттаю кичик фуқароларнинг бурчимиз ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

قَالَ رَسُولُ اللهِنِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيْهِمَا كَثِيْرٌ مِنَ النَّاسِ اَلصِّحَةُ وَالْفَرَاغُ

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Сир эмаски, ҳозирги кунда ахборот хуружи шиддат билан авж олиб бораётган бир даврда турли экстремистик кайфиятдаги шахслар томонидан оқибатини ўйламай йўл қўйилган биргина хато кўплаб нотинчликларга сабаб бўлиши мумкин. Айни пайтда ана шундай хатолар содир этилишини кутиб турган ғаламис кучлар ҳам борки, улар бундай фурсатни қўлдан бермай аҳоли орасида фитна оловини ёқишга ҳаракат қиладилар. Шу нуқтаи назардан мўмин-мусулмонлар Аллоҳ ва Расулининг тинчлик ва осуда ҳаёт учун қилган чақириғларига лаббай деб, жавоб бермоқлари дунё ва охиратда саодатманд бўлишларига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ ۖ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ

إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ (24) وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَّا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنكُمْ خَاصَّةً ۖ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ (25))

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай деб) жавоб қилингиз! Яна билиб қўйингизки, Аллоҳ инсон билан унинг дили (ўртаси)да “парда” бўлиб туради ва Унинг (ҳузурига) жамулжам бўлурсиз. Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 24-25-оятлар).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: Аллоҳ таоло бу оятда мўминларга мункар ишларни тарк этишга амр этиб, акс ҳолда бошларига оммавий бало келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳудди шунингдек, Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳу ушбу оятни Жамал воқеасидаги фитнага таъвил қилиб, “бу оятда айнан биз ирода қилинганимизни билмаган эканман”, деганлар (Тафсири Қуртубий).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: الْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ

яъни: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир” деган (Бақара сураси, 191-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилиб, турли фитналарда Ўз паноҳида асрасин!

Read 5028 times
Download attachments:
Top