Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсон зотини жуфти билан, эр ва хотин қилиб яратди, улардан насл тарқалиши ва кўпайишини ирода қилди. Инсоннинг жуфти билан, эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикмати шундаки, у ҳалол йўл билан, никоҳ орқали оила қуриши, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлаши керак. Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, набирали бўлиш ҳам инсон учун улкан неъмат ҳисобланади. Шу тариқа ер юзида инсон насли сақланиб, давом этиб боради.  Шу билан бирга, эрлар ва хотинлар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун улар ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:

 وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

яъни, “Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).

Бошқа бир оятда:

وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّهِ هُمْ يَكْفُرُونَ

 

«Наҳл»  Яяъни, “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!” дейилади. (Наҳл сураси, 72-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг хурсанд қиладиган, амр қилсанг итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

 Аллоҳ таоло инсон зотини яратгач, наслни давом эттириш учун уларни оила бўлиб яшашга ҳам чақирган. Оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Кўп ҳолларда эрнинг ота-онаси ҳам ёш келин-куёв билан бирга яшашади.

Оналар табаррук, улуғ зот. Ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар оғир гуноҳ. Шундай экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас» деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нега керак? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш қайноналарнинг оналик фитратига ҳам асло мос келмайди.

Бир оқил инсон «Агар келини билан аҳил яшайдиган, уни ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсангиз, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Буниси ҳам ҳолва экан. Яқинда мутахассислар қайнона ва келин мавзуида тадқиқот ўтказишиб, унинг натижаларини ўрганишса, оиладаги жанжалларнинг 50 фоизи қайнонанинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишониш қийин бўлса-да, на илож, рақамлар ҳақиқатни кўрсатиб турибди.

Унда нима қилиш керак? Унда исломий муносабатларга ўтиш, шариат кўрсатмаларига бўйсуниш керак, холос. Бу хушхулқли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик кўрсатиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга киришиш керак, деганидир.

Оиладаги тотувликка, оилани чинакам фароғат қасрига айлантиришга кўп ҳолларда қайнона ва келинлар ўртасида пайдо бўлиб қоладиган ихтилофлар, келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади. Бу эса икки ёшнинг, қолаверса катталарнинг ҳам турмушини оғуга айлантиради. Бундай кўнгилсиз воқеаларда ҳар икки томоннинг ҳам айби бор. Баъзи хонадонларга келинга худди хизматкор ёки қул каби муносабатда бўлишга ўрганиб қолинган. Куёв у ёқда қолиб, унинг яқинлари, ҳатто қайнинилар ва қайнсингилларнинг ҳам хизматини қилишга мажбурланади.

Аммо оила аъзолари, айниқса қайноналар «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқсон топиб, «ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади.

Энг алам қиладиган жойи, ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган можаро бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?».

Азиз намозхонлар! Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки талоқ ҳазил эмас, ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларза келишини тушунишмаса? Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир аёл сабабсиз эридан талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Эр-хотиннинг турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан «хато» топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.

Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Аллоҳ таоло бундай деб, марҳамат қилади:

 الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни, Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар. ( Оли Имрон, 134 оят)

Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда вақтинчалик ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» деганларидай, икки ошифта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши, шайтоннинг бўйнини синдириб, муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб яшнатиб юборади.

 «Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар – ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, ахлоқий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?! Бу ишда катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган қайноналарнинг қилмишлари кўпроқ сабаб бўляпти.  

Ислом шариати бўйича, аёлни уй-жой билан таъминлаш, ўз даражасида боқиш, кийинтириш ҳамда турмуш учун зарурий бўлган буюмлар, асбоб-анжомларни ҳозирлаб бериш, айни чоғда, жуфти ҳалолининг соғлиги учун қайғуриш, унинг таълим олиши, истироҳати ва бошқа шахсий эҳтиёжлари учун нафақа қилиш эрнинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканини ҳар бир мусулмон эр ва ҳар бир қайнота-қайноналар яхши билиб олмоқлари зарур. Лекин айрим қайноналар рўзғорнинг барча камию кемтигини келин томонга юклаб қўйиш пайида бўлишади, барча можаролар, “қилди-қилмадилар” мана шундан кейин бошланади. Шу билан бирга, бу талаблар бажарилган тақдирда ҳам уни миннат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, зиммасидаги вожиб амални адо этган киши ўз бурчини адо этган бўлади, холос.

Бир ота-онадан қизининг ўз қайнонасидан қилган шикоятига қулоқ солайлик. Уларнинг айтишларича, қуда хотин янги келинга: «Менга чўри бўлсанггина бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман», дер экан. Келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, орага талоқ тушибди. Келин ота-онасининг уйига қайтибди. Икки тараф хижолат. Бировнинг боқиб, тарбиялаб, вояга етказган қизини келин қилишга сўраб борган тараф ўғлига умр йўлдош топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота-онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?! Шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими?

Имомларимизнинг олдига оилавий муаммо билан савол сўраб келаётган кишиларнинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам онасининг ёки қайнонасининг зўрлаши сабабли оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар оналар боласига: «Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оқ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ» каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўладилар. Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, бош уришга мажбур бўлади. У Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота-она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг   китобларида алоҳида таъкидлаганлар.

Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга ҳам боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтлари бахтсизликка айланиб, ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра тақдирга там беришга мажбур бўлишади.

Муҳтарам жамоат! Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг бемаъни истак-хоҳишларидан воз кечишса, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, айниқса қайнона ва келин ўртасида ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-бирларимизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин, оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин. Омин!

Read 9994 times
Download attachments:
Top