Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚАЛБ КАСАЛЛИКЛАРИ МУОЛАЖАСИ  

 

الْحَمْدُ لله الَّذِي طَهَّرَ قُلُوبَ العَارِفِينَ بِذِكْرِهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي وُصِفَ بِخُلُقٍ عَظِيمٍ، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّيِّبِينَ الطّاهِرِينَ أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога Ислом ва имон неъмати билан сизу бизни неъматлантиргани учун чексиз шукроналар айтамиз! Зеро, Аллоҳ таоло бу дини орқали бутун инсоният ҳаёти даврида ҳам жисмонан, ҳам қалбан яхши яшаш учун барча мушкулотларнинг ечимини Қуръони карим ва суюкли Пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари орқали билдириб қўйган. Инсоният тобора ақли расо ва илм-тафаккурда чўққиларга чиқа бошлаган сари, ўзаро муомалаларда жамиятдаги муаммолар сони ва уларнинг тури кўпайса кўпаймоқдаки, лекин бутунлай йўқ бўлмаяпди. Чунки аксарият муаммолар инсоннинг қалби ва унинг касаллиги билан боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ  إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ (سورة الشعراء/الآية 89-88)

 

яъни:У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)(Шуаро сураси, 88-89 оятлар).

 Ер юзида яшаётган инсонларнинг ўз мезон ва андозалари бордир. Улар эркагу аёлдаги чиройли сурат ва гўзаллик, мол-дунёдаги кенгчилик ва мўлчилик, мансаб ва амалдаги фахрланишдир. Ушбу сифатлардан бирига эга инсонда албатта бошқалардан ўзини устун қўйиш ва ўзини кучли деб ҳис қилиш бор. Аммо еру осмонларни яратган Аллоҳ таолонинг Ўз мезон ва андозаси борки, у ҳам бўлса эрта қиёмат кунида инсонларнинг қалби ва амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Юқоридаги ояти каримада ҳам шунга ишорат қилинган.

Шуни таъкидлаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай деганлар:

"إِنَّ اللَّهَ لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ"

)رواه الامام البخاري و الامام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).

яъни: “Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбларингиз ва амалларингизга боқади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, Аллоҳ таоло:

﴿أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ(سورة الزمر/22)

яъни: “Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар сураси, 22-оят).

  Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло:

 

﴿أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ الله وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلاَ يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُون﴾ (سورة الحديد/16).

яъни: “Имон  келтирган  зотлар  учун  диллари  Аллоҳнинг  зикрига  ва  нозил  бўлган  ҳақ (Қуръон)га  мойил  бўлиш (вақти)  келмадими?!  (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқ (итоатсиз)дирлар!” - дейди (Ҳадид сураси, 16-оят).

Ушбу ояти каримани муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидагича шарҳлаганлар: “Аллоҳ таоло бу умматдан мўмин-мусулмонларни ўзларидан олдин китоб берилганларга ўхшамасликка чақирмоқда. Зеро уларнинг орзу ҳаваслари кўпайгач, Аллоҳ уларга нозил қилган китобни ўз қўллари билан ўзгартирдилар, уни арзон баҳога сотдилар, унга амал қилмасдан юз ўгирдилар, унинг ўрнига турли ўйлаб чиқилган фикрлар ва сўзларга эргашдилар, Аллоҳнинг динига амал қиламиз деб, ўзларидан бўлган кишиларга эргашдилар, Аллоҳни қўйиб, ўз роҳиблари ва пешволарига суяндилар. Шундай қилиш билан уларнинг қалблари касалликка чалинди ва панд-насиҳат олмайдиган бўлишди. Натижада на Аллоҳнинг хушхабарлари билан қалблари эриди, на ёмон амалларнинг жазоси билан қўрқитилганда эриди”.

Азиз жамоат! Қалбнинг қотишида кўплаб сабаблар бор. Уларнинг энг асосийларидан:

1) гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш;

2) фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик;

3) ҳаром амалларни хотиржам бажариш.

Зеро Аллоҳ  Қуръони каримда шундай деган:

﴿فَبِمَا نَقْضِهِم مِّيثَاقَهُمْ لَعنَّاهُمْ وَجَعَلْنَا قُلُوبَهُمْ قَاسِيَةً﴾ (سورة المائدة/13)

яъни: Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик(Моида сураси, 13-оят).

         Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз саркашликлари сабаб уларнинг қалбларини қотириб, бемеҳр ва бешафқат қилганининг сабабини келтирмоқда.

         Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини айтганлар:

«إِنَّ المُؤْمِنَ إِذَا أَذْنَبَ كَانَتْ نُكْتَةٌ سَوْدَاءُ فِي قَلْبِهِ، فَإِنْ تَابَ وَنَزَعَ وَاسْتَغْفَرَ، وَإِنْ زَادَ زَادَتْ، حَتَّى يَعْلُوَ قَلْبَهُ"

رواه الامام الترمذي عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).

яъни: “Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).

         Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши  бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади. Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратганлар.

"أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ"

(رواه الامام البخاري عن عن النعمان بن بشير رضي الله عنه).

яъни: Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ қалб касаллиги олти нарсадан пайдо бўлади деганлар:

  1. Тавба умидида гуноҳ қилавериш.
  2. Амал қилмаган ҳолда таълим олавериш.
  3. Амал қилганда ҳам ихлоссиз бўлиш.
  4. Аллоҳнинг ризқини шукр қилмасдан еявериш.
  5. Аллоҳнинг тақсимотига рози бўлмаслик.
  6. Ўликларни кўмиб ибратланмаслик.

         Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

"لا تُكْثِرُوا الضَّحِكَ، فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ" (رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Кулгуни кўпайтирмангизлар, зеро кўп кулиш қалбни ўлдиради (Имом Бухорий ривояти). Демак мўмин банда ҳуда-беҳуда нарсаларга кулиши, вақтини фақат ўйин-кулгуга сарфлаши ҳам қаблни қорайтириб, уни ўлдиради, ва натижада қалбда касаллик пайдо бўлиб, атрофдагиларга нисбатан шариатда тақиқланган нафрат, ҳасад, гумон каби хатти-ҳаракатларни содир эта бошлайди.

Ҳикоят қилинишича, олис бир қишлоққа табиблар бориб, шу ерлик аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлишибди. Табиблар шикоят билан келган беморларга бирма-бир ташхис қўйиб, муолажа қилишибди. Аммо шунча беморлар орасида бирортаси ҳам қалб касаллигидан шикоят қилмабди. Илгари бундай ҳолатга дуч келмаган табиблар бунинг сабабини ахтара бошлашибди. Қишлоқнинг ҳавоси ва сувида ёки яна қандайдир шифобахш жиҳатлари бордир, дея гумон қилишибди. Аммо бирорта ҳам тахминлари тўғри чиқмабди. Ниҳоят, бунинг сирини қишлоқ аҳлидан сўрашса, кексалари шундай дейишган:

“Биз ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек ва адоват каби иллатлардан ҳазар қиламиз. Бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Аксинча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун ҳам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ”.

Муҳтарам биродарлар! Қалб қасаллигининг давоси:

  • Кўп зикр қилиш,
  • тоатларни вақтида бажариш,
  • гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш,
  • яхшиликларни кўпайтириш,
  • ота-онани хизматларини қилиб, дуоларини олиш,
  • оиладаги ака-ука, опа-сингил, эру хотин ўзаро яхшилик билан яшаш,
  • жамиятдаги муҳтожларга ёрдам бериш,
  • етимларнинг бошини силаш,
  • қиёматни кўп эслаш,
  • ўлимни эсдан чиқармаслик.

Ҳар бир эзгу амалларимизни холис Аллоҳ учун бажариш орқали қалбни поклаб, қалблар Эгаси Раббимизнинг розилигига эришиш неъматини барчамизга насиб этсин!

 

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Беморларни зиёрат қилиш – инсоний бурч” мавзусида бўлади.

Read 4037 times
Download attachments:
Top