Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Етим сўзи арабча бўлиб “ёлғиз, якка” маъносини англатади. Шариатда  отасини йўқотган балоғат ёшига етмаган шахсларга нисбатан айтилади. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладики:

(" لا يُتْمَ بَعْدَ احتِلامٍ" (رواه الطبرانى

яъни: “Эҳтилом бўлгандан кейин (болағат ёшига етган) етим бўлмайди”  деганлар.

Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилган етимлар ҳам мавжуд экани маълум. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда хусусан етимларга ғамхўрлик қилиш уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларига аҳамият берилган жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида хайру эҳсонни кимларга ва қандай қилинишини айтиб, улар орасида етимларни алоҳида зикр қилиб ўтган:

(يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ   (سورة البقرة/215

яъни: “Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”.

 Маълумки, фарзандни моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш асосан отанинг вазифасидир. Бироқ тақдир тақозоси билан отаси вафот этган бўлса, гўдакнинг барча таъминотлари билан шуғулланишни шариатимиз жамият зиммасига юклайди. Етимларни кафолатга олиш ва уларга ғамхўрлик қилиш энг шарафли фазилат экани ҳақида ислом таълимоти бизларга таълим беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга Аллоҳ таоло етимликда қандай парвариш этилгани тўғрисида эслатиб шундай дейди:

(أَلَمْ يَجِدْكَ يَتِيمًا فَآَوَى  وَوَجَدَكَ ضَالًّا فَهَدَى  وَوَجَدَكَ عَائِلًا فَأَغْنَى  فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ  وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ  وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ  (سورة الضحى/6-11

яъни: (Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.

Етимни кафолатга олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот:

(" أَنَا وَ كَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَ أَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَ الْوُسَطَى وَ فَرَّجَ بَيْنَهُمَا " (رواه البخاري

яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”

Бошқа бир ҳадисда эса: “Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.

Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилар етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликни ва улар балоғат ёшига еткандан кейин, уларни ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:

 وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا (سورة النّساء/06)

яъни, “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир  ” . (Нисо сураси, 6-оят).

       Фатавоий Оламгирия китобида: “Етим 18 ёки 19 ёшдан ўткандан кейин унга отасидан  қолган меросни ҳаммасини берилиши шарт” дейилган.

Афсуски, ҳозирги кунда қариндош-уруғчилик ҳаққини унутиб етимларни қаровсиз қолдириб, уларни етимхоналарга олиб бориб ташлаётган инсонлар ҳам  оз бўлсада учраб турибди. Нафақат етимларни, ҳатто ёруғ дунёга келтириб вояга етказган кекса ота ёки онасини қариялар уйига олиб бориб қўяётган фарзандлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ўз тинчларини ўйлаб бундай ғайриинсоний ишларга қўл ураётган фарзандлар унутмасинларки, кексайган вақтларида ўзларига ҳам фарзандларидан шундай жавоб қайтиши муқаррардир.

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими?!

Динимиз таълимотида оила ва фарзандларининг нафақалари ва тарбияларига умрини бахшида қилган кишиларга жуда юқори даража ва мартабалар, ажру савоблар берилажаги тўғрисида башоратлар бор. Оят ва ҳадисларда фақат етим-есирларга эмас, балки барча моддий-маънавий ёрдамга муҳтож кимсаларга мурувват кўрсатиш, бақадри имкон ёрдам қўлини чўзишга даъват этилади. Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Демак, динимизда меҳрибонлик, сахийлик ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинган.

Бежизга Қуръони каримнинг бир неча оятларида, кўплаб ҳадиси шарифларда уларнинг ҳаққига риоя қилиш, отасиз қолган болаларга раҳм-шафқат кўрсатиш қайта-қайта таъкидланмаган. Уларнинг таълим тарбияси, инсоний фазилатлари баркамол бўлиши йўлида лозим бўлган барча ишлар амалга оширилмоқда.Улар балоғатга етиб жамиятда ўз ўринларини топишларида биз ҳам холисона кўмак беришимиз зарур. Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, юртимиздаги меҳрибонлик уйларининг ҳолидан ва етим болалар аҳволидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам ва шафқат кўрсатайлик. Маълумки, мамлакатимизда эзгуликка муҳтож ташна қалбларга,етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, хабар олиб туришлари ҳам айни савоб ишлардандир.

 Бизнинг аждодларимиз доимо етимларнинг бошини силаган, ота-онанинг ҳаққини адо этган, уларнинг ҳурматини жойига қўйган халқ бўлган. Шундай экан биз ҳам ўзаро меҳр-оқибатни унутмайлик.

Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.

Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда яшаётган етимларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Мурувват” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.  

Read 6431 times
Download attachments:
Top