Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً، وَجَعَلَ الْجَنَّةَ لِلْمُؤْمِنِينَ جَزَاءً وَمَصِيراً،
وَصَلِّ  اللَّهُمَّ وَسَلِّمْ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الْمَبْعُوثِ رَحْمَةً وَمِنَّةً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ اَمَّا بَعْدُ

УМР – ҒАНИМАТ!

Муҳтарам жамоат! Динимизда инсон умри ва вақтининг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида етарлича маълумотлар берилган. Зеро, инсон ўзига берилган умрдан унумли  фойдалана олса, бу унинг дунё ва охиратда саодатга эришишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда турли вақтларга қасам ичиш билан умр инсонга берилган неъмат эканига ишора қилган. Албатта, Аллоҳ таоло қасам ичган нарса қадри улуғ нарса бўлади. Маълумки, вақтнинг асосий ўлчови – кеча ва кундуздир. У иккиси одамлар умрларини солиҳ ва эзгу амаллар билан ўтказиши, Парвардигорга шукр қилишлари учун тинимсиз айланиб туради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

﴿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً

яъни: “У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).

Қуръони каримда инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилган. Уни беҳуда ишлар, кўнгилхушликлар ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

﴿الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ﴾  

яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).

Аллоҳ таоло инсонга умри давомида етарли имконият ва вақт беради ва бу марҳаматдан унумли фойдалана олмаганларнинг охиратда пушаймони қаттиқ бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

﴿وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ نَصِيرٍ﴾

яъни: “Улар у жойда: "Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин –бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!" – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас” (Фотир сураси, 37-оят).

Бу ояти кариманинг маъносини қуйидаги ҳадиси шариф ҳам таъкидлаб келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ عَمَّرَ سِتِّينَ سَنَةً أَوْ سَبْعِينَ سَنَةً فَقَدْ عُذِرَ إِلَيْهِ فِي الْعُمُرِ  (رواه الامام احمد عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ)

яъни: “Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил ёки етмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ унга умр тўғрисида узр қолдирилмайди(Имом Аҳмад ривоятлари).

Яъни, Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан охиратда унинг узр айтишига ва ўзини оқлашига бирон бир баҳона қолмаган.

Ҳадиси шарифларда вақт қадри алоҳида таъкидланган. Ҳатто, Қиёмат кунида инсондан сўраладиган дастлабки тўртта саволда ҳам умрнинг сўроғи бор. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:

لَا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ مَا عَمِلَ بِهِ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ (رواه الامام الترمذي عن أبي بردة رضي الله عنه)

яъни:Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди; умрини нима билан ўтказгани, ўрганган илмига қандай амал қилгани, мол-дунёни қай йўсинда топганию нималарга сарфлагани ва жисмини нимага фидо қилганидан сўралади(Имом Термизий ривоятлари).

Инсон учун ёшлик даври ҳам катта неъмат саналади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қиймати бор. У ҳаётнинг ғайрату шижоатга тўла ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга эришган бир давридир. Қуръони каримда шундай дейилади:

﴿اللَّهُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ ضَعْفٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً

يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْقَدِيرُ

яъни: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).

Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг куч-қудрати, тараққиёти ўша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Ёшлик билим-маърифат тўплайдиган даврдир. Халқимизда “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деган мақол бор. Умрнинг, хусусан ёшликнинг  қадрига етиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هِرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاءَكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِك) رواه الإمام الحاكم عن ابن عباس رضي الله عنهما(

яъни: “Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: қариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва  ўлимингдан аввал ҳаётингизни”, – дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари).

Тараққиёт тезлашгани сари вақт кушандалари ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳозирги кунда каттаю кичикнинг кўп вақти ижтимоий тармоқларга сарф бўлаётгани сир эмас. Биз бу воситани яхшиликка йўналтирилса, инсоннинг дунё ва охиратда саодатига сабаб бўлишини таъкидлаймиз. Лекин афсуски, тиллога тенг вақтимизни ижтимоий тармоқларда бекорга сарфласак, гуноҳ ишларга кетказсак, эртанги кунда қаттиқ пушаймонга сабаб бўлади. Айниқса, фарзандларимиз айни билим оладиган, китоб ўқийдиган вақтлари воқеий ҳаётдан узилиб, виртуал олам қобиғига ўралиб қолиши, мақсадларини йўқотиб қўйиши, аянчли ҳолатдир. Бу мусибатдан қутилиш чораларидан бири сифатида ёшларга жисмоний тарбия билан шуғулланиб туришни тавсия қилиш мумкин. Ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Инсонларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган. Демак ёшларимизни маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан асраш, ҳаётда зарарли бўлган амаллардан қатъий огоҳ қилишимиз лозим.

 Ижтимоий тармоқларда ва турли кўнгилочар компьютер ўйинларида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтириш соғлиққа ҳам зарар бериши шубҳасиз ва бунга мисоллар кўп. Ҳатто баланд жойда селфи қиламан деб пастга қулаганлар ҳам учраб турибди. Ҳамма нарсада меъёр яхши бўлгани каби, бу соҳада ҳам чегарани билиш керак. Ёшлар буни англай олишмаса, катталар ёрдам беришлари ва назорат қилишлари лозим. Албатта, ёшларнинг вақт қадрига етиб тартибли ва давомли билим олиши яхши натижалар беради.

Ислом тарихи вақтни қадрига етиш натижасида улкан ютуқларга эришган ва ўзидан ёрқин из қолдирган минглаб олимларнинг мисолларига тўлиб тошган. Биз фахр билан номларини зикр қиладиган аждодларимизнинг ҳаммалари вақтнинг қадрига етган, ёшлигида билим тўплаган зотлардир. Бу яхши одат уларга умрларининг охиригача ҳамроҳлик қилган. Шу сабабли улар ҳам биз каби умр кўришган бўлса-да, ўзларидан сон-саноқсиз китоблар ва катта билим қолдиришган. Биз ҳалигача улар қолдирган илмий меросни тўлиқ ўрганиб, ҳаётга татбиқ қила олганимиз йўқ!  Улуғ аждодларимизнинг ҳаёти биз учун катта ибрат мактабидир. Аллоҳ таоло бизни уларга лойиқ авлодлардан қилсин!

Аллоҳ таоло барчамизга умрнинг қадрига етиш, уни ўзи рози бўладиган гўзал ҳолат ва эзгуликда ўтказишни насиб қилсин, бу йўлда ҳаммамизга, хусусан ёшларга ғайрат-шижоат берсин! Омин!

  

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “МУСТАҲКАМ ОИЛА ЮРТ ТАЯНЧИ!” мавзусида бўлади.

   

Read 4371 times
Download attachments:
Top