Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ўтган жума маърузамизда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликкача бўлган сийратлари – ҳаётларидан айрим лавҳаларни тинглаган эдик. Бугун эса у зотнинг пайғамбарлик ҳаётларидан Макка ва Мадина даври ҳақида қисқача суҳбатлашамиз.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик келишидан олдинги уч йилнинг рамазон ойларида илоҳий илҳом ила Нур тоғидаги Ҳиро ғорига чиқиб, «таҳаннус» (руҳий покланиш ва каттаю кичик гуноҳлардан сақланиш) ва «муроқаба» (бутун мавжудот – Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш) ибодатлари билан машғул бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда пайғамбарликнинг дебочаси олти ой аввал содиқ – рост тушлар орқали пайдо бўла бошлади. Қандай туш кўрсалар, тонг зиёси каби аниқ рўёбга чиқар эди. Буларнинг барчаси Аллоҳ томонидан у зотни илоҳий ваҳийга ҳозирлаш эди.

Ниҳоят, ҳижратдан аввалги 13-йил, Рамазон ойи, Қадр кечаси, душанба тонги, бомдод маҳалида (милодий 610 йил август ойида) пайғамбар бўлдилар. Ўшанда у зотнинг ёшлари 40 ёшда эди.

У зотга илк ваҳий у зот Масжидул Ҳаромнинг шимоли-шарқий тарафида, тахминан 4 км узоқликда,  ердан 634 метр баландликда жойлашган Ҳиро ғорида эканларида нозил бўлди. Унда Алақ («Иқро») сурасининг илк беш ояти тушди:

(اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ، خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ، اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ، الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ، عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ  (سورة العلق/5-1

яъни, “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан. (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” .

Бу билан у зот набий бўлдилар. Набий деб, Аллоҳдан ваҳий келган пайғамбарга айтилади.

Орадан тахминан бир ойча вақт ўтгач, иккинчи ваҳий – Муддассир сурасининг илк етти ояти нозил бўлди:

(يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ، قُمْ فَأَنْذِرْ، وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ، وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ، وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْ، وَلَا تَمْنُنْ تَسْتَكْثِرُ، وَلِرَبِّكَ فَاصْبِرْ  (سورة المدّثر/1-8

яъни, “Эй (либосларига) бурканиб олган (Муҳаммад!) Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг! Раббингизни улуғланг, либосларингизни покланг, бутлардан йироқ бўлинг, (бераётган нарсангизни) кўп санаган ҳолда эҳсон қилманг ва Раббингиз учунгина сабр қилинг!”

Ушбу оят нозил бўлгач, у зот расул бўлдилар. Расул ўзи қабул қилиб олган ваҳийни бошқаларга етказишга буюрилган элчидир, таъбир жоиз бўлса, даъватчи пайғамбардир.

Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз алайҳи васалам одамларни ислом динига чақиришни бошлаганларида Макка мушриклари томонидан таъзиқ ўтказа бошланди. Улар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилишгача етиб боришди ва Бани Ҳошим уруғи раҳбари Абу Толибдан у зотни ўзларига топширишни талаб қилишди. Бани Ҳошим бунга рози бўлмагач, мусулмонларни «Абу Толиб маҳалласи»да 3 йил қамал қилишди ва талабни бажармагунларича улар билан қуда-андачилик, олди-сотди ва бошқа ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий алоқаларни узиш ҳақида аҳднома имзолашди. Эътиборлиси шундаки, Пайғамбаримизнинг қариндошлари бўлмиш Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғларининг ичидаги мусулмон бўлмаганлари ҳам у зотни бажонидил ҳимоя қилишди.

Нубувватнинг 10-йили бошида қамал якун топиб, мусулмонларга бироз енгиллик шабадаси етган эди ҳамки, уларни навбатдаги мусибатлар қарши олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб, қўллаб-қувватлаб турган икки ғамхўр инсон – амакилари Абу Толиб, унинг ортидан у зот алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари Хадича онамиз вафот топдилар. Мусулмонларга, хоссатан, Пайғамабаримизга душманларнинг зулмлари ниҳоятда кучайиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя истаб, Макканинг жануби-шарқий тарафидаги 110 км узоқликда жойлашган Тоиф шаҳрига бордилар. Бироқ, ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан, озору азиятлар кўриб қайтдилар.

Муҳтарам намозхонлар! Маълумингизким, Ислом динининг асосий манбаси Қуръони каримдир. Макка даврида Қуръони каримнинг 86 та сураси нозил бўлган. Уларда асосан эътиқодий ҳукмлар ҳамда ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг қиссалари баён қилинган. Маккада нозил бўлган суралар ҳажм жиҳатидан Қуръоннинг қарийб ярмини ташкил қилади.

Бу пайтда Маккадаги мусулмонлар Қуръон сураларини ва бошқа диний таълимотларни фақат махфий равишда ўрганишар ва бир-бирларига ўргатишар эди. Аммо Мадинада вазият бошқача эди, янги мусулмон бўлган мадиналиклар Исломни, Қуръонни ўрганишда етарли эркинликка эга эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Қуръон ва Ислом кўрсатмаларини ўргатиш учун Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни, унинг ортидан Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуни юбордилар. Қолаверса, янги нозил бўлган оятлар карвонлар орқали етказиб туриларди. Улар Маккадаги диндошларининг бемисл жабру ситамлардан азият чекаётганларини кўриб, уларни ўз юртларига таклиф қилишди. Аста-секин Маккадаги мусулмонлар Мадинага ҳижрат қила бошладилар ва икки ярим ой давомида бутунлай кўчиб ўтдилар.

Ниҳоят, Аллоҳдан изн бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам нубувватнинг 14-йили, Рабиул аввал ойининг бошида (милодий 622 йилда ) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар. Ўшанда у зот қамарий ҳисоб бўйича роса 53 ёшга тўлган эдилар. Шу билан пайғамбарликнинг биринчи даври  Макка даври тугади.

Муҳтарам жамоат! Мадинаи мунавварага кўчишнинг биринчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчилигида Мадина шаҳрига яқин бўлган Қубо қишлоғида тақвога асосланган илк масжид қурилди.

Аллоҳ таоло бу масжид ҳақида шундай деган:

(...لَمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ...  (سورة التّوبة/108

яъни, “... Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, ...”

Илк жума намози ўқилди. Ушбу жума намози ўқилган жойга кейинчалик масжид солиниб, “Жумъа масжиди” деб номланди.

«Сўкиш, ҳақорат қилиш» маъноларидаги «Ясриб» номи «Мадинатур Расул», «Мадинатун Набий» (Пайғамбар шаҳри) деб номланди ва бу ном кейинчалик қисқариб «Мадина», «Мадинаи мунаввара» деб айтила бошлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларни бир-бирига ёрдамлашадиган, молу мулкига шерик ва меросхўр бўладиган даражада биродар қилиб, оға-ини тутинтирдилар.

Мадинага кўчиб келинганининг иккинчи йили Ражаб ойининг ўртасида қибла Байтул Мақдисдан Масжидул Ҳаромга ўзгартирилди. Шу йили яна Рамазон рўзаси фарз қилинди, фитр садақаси вожиб бўлди. Рамазон ойининг ўн еттинчисида Ислом тарихидаги машҳур Бадр жанги бўлди.

Мадинага кўчишнинг учинчи санасида Шаввол ойининг еттинчисида Уҳуд жанги бўлди. Шу йили яна хамр (маст қилувч ичимликлар) истеъмол қилиш бутунлай ҳаром қилинди.

Мадинага кўчишнинг олтинчи санаси Зулқаъда ойида Қурайш мушриклари билан Мадина мусулмонлари ўртасида сулҳ битими имзоланди. Бу битим Ислом тарихида «Ҳудайбия сулҳи» номи билан машҳурдир.

Мадинага кўчишнинг еттинчи санаси бошида Пайғамбаримиз Ҳабашистон, Миср, Форс, Рум ва Умон подшоҳлари ҳамда Баҳрайн, Ямома ва Дамашқ амирларига уларни Исломга таклиф этиб, мактублар юбордилар.

Мадинага кўчишнинг еттинчи санаси Зулқаъда ойида Пайғамбаримиз икки минг саҳоба билан Маккага бордилар ва қазо умрани бажариб қайтдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алаҳиссаломнинг Мадинага кўчишнинг саккизинчи санаси Ислом тарихидаги машҳур Муъта жанги бўлди. Рамазон ойининг 17-си, сешанба куни Пайғамбаримиз 10 минг нафар саҳобалари билан Маккага бориб, уни жангу жадалсиз фатҳ қилдилар ҳамда Пайғамбаримизга ва барча мусулмонларга 20 йил давомида озору азиятлар бериб келган Макка мушрикларини авф этиб юбордилар.

Зулқаъда ойида Пайғамбаримиз Тоифдан қайтиб, Жиъронада ўлжаларни тақсим қилиб бўлганларидан сўнг умрага ният қилиб, у ердан Маккага қайтдилар ва умрани адо қилиб, Мадинага жўнадилар.

Мадинага кўчишнинг тўққизинчи йили бошидан Пайғамбаримизнинг ҳузурларига турли қабила ва юртлардан элчи-вакиллар кела бошлади.

Мадинага кўчишнинг ўнинчи йили Рамазон ойи. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан ҳар йили рамазонда бир бор ўтказганлари ҳолда, ушбу охирги рамазон ойида икки марта тўлиқ ўтказиб олдилар.

Зулҳижжа ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 100 мингдан ортиқ саҳоба билан Ҳажжатул вадоъ – видолашув ҳажини адо этдилар. Арафотда “Ҳажжатул вадоъ хутбаси” номи билан тарихда қолган оламшумул хутба қилдилар. Унда инсоният учун керак бўлган асосий нуқталарга қисқача тўхталиб ўтдилар. Жумладан шундай дедилар:

أَيُّهَا الناس، إنه لا نَبِيَّ بَعْدِي وَلا أُمَّةَ بَعْدَكُمْ، أَلَا فاعْبُدُوا رَبُّكُمْ وَصَلُّوا خَمْسَكُمْ وَصُومُوا شَهْرَكُمْ وَأَدُّوا زَكَاةَ أَمْوَالَكُمْ طَيْبَةً بها أَنْفُسَكُمْ وتَحُجُّونَ بَيْتَ رَبِّكُمْ وَأَطِيعُوا وُلاةَ أَمْرِكُمْ، تَدْخُلُوا جَنَّةَ رَبِّكُمْ

яъни, «Эй одамлар! Мендан кейин пайғамбар йўқ, сизлардан кейин бошқа уммат йўқ. Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, бир ой рамазон рўзангизни тутинглар, бойликларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб беринглар, Парвардигорингизнинг Байтини – Каъбани ҳаж қилинглар ва бошлиқларингизга итоат қилинглар. Шунда,  Парвардигорингизнинг жаннатига кирасизлар» (Ибн Жарир ва Ибн Асокирлар ривояти).

Муҳтарам намозхонлар! Вафотларидан икки ҳафта олдин, душанба куни Бақиъ қабристонидан бир жанозада иштирок этиб қайтаётганларида, йўлда бошларига оғриқ кирди. Уйларига киргач, иситмалари кўтарилиб, тўшакларига ётиб қолдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дард чекиб ётган бўлишларига қарамай, 11 кун давомида Масжиди Набавийда имом бўлиб намоз ўқиб бердилар.

Вафотларидан бир ҳафта олдин, душанба куни бошлари боғлиқ ҳолда, Фазл ибн Аббос ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумга суяниб, оёқларини судраб босганча бошқа аёлларининг изнлари ила Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг уйига кўчиб ўтдилар ва ҳаётларининг сўнги ҳафтасини шу ерда ўтказдилар.

Вафотларидан беш кун олдин, чоршанба куни дардлари зўрайиб, иситманинг шиддатидан беҳуш бўлдилар. Ўзларига келгач, устларидан сув қуйдирдилар ва масжидга кириб, минбарга чиқиб, саҳобаларга панду насиҳат қилдилар. Сўнг минбардан тушиб, пешинни ўқидилар, кейин яна минбарга чиқиб, панду насиҳат қилдилар.

Вафотларидан тўрт кун олдин, пайшанба куни қаттиқ дард чекиб ётган ҳолларида саҳобаларга васиятлар қилдилар. Хуфтон пайтига бориб, дардлари зўрайиб, масжидга чиқишга ҳам ҳоллари келмай қолди ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни намозга имомликка тайинладилар.

Пайшанба куни хуфтон намозидан, то вафот қилган кунлари – душанба кунининг бомдод намозигача бўлган намозларни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Масжиди Набавийда ўқиб бериб турдилар.

Вафотларидан икки кун олдин, шанба куни дардлари бироз енгиллашиб, икки киши ёрдамида пешин намозига чиқдилар.

Вафотларидан бир кун олдин, якшанба куни қолган қулларини озод қилдилар ва садақа қилдилар.

Ҳаётларининг сўнги куни, 12-Рабиул аввал, душанба. Саҳобалар бомдод намозида турганларида у зот ҳужранинг пардасини очдилар, жамоатга қараб, табассум қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз намозга чиқсалар керак, деган гумонда сафга қўшилиш учун ортга тисарила бошлади. Пайғамбаримиз эса қўллари билан «Намозингизни давом эттираверинг» дегандек ишора қилдилар ва пардани туширдилар.

Шу куни, чошгоҳ маҳали суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жон омонатини Парвардигорига топширишларидан олдин одамларга энг охирги васиятларини қилдилар:

الصلاةَ الصلاةَ وَمَا مَلَكَتْ أَيمانُكُم

яъни, “Намозни, намоз(ни муҳофаза қилинглар!) ва қўл остингиздагилар(нинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинглар!) ва:

مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ،

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي، وَأَلْحِقْنِي بِالرَّفِيقِ الْأَعْلَى، اللَّهُمَّ الرَّفِيقَ الْأَعْلَى

яъни,(Мени) уларга инъом қилганинг пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қил. Аллоҳим, мени мағфират қил, раҳматингга ол. Мени Рафиқи Аълога етказ. Аллоҳим, Рафиқи Аълога» деб, вафот этдилар” (муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда тўлиқ 63 йил ой умр кўрдилар. Вафот этган кунлари 12-Рабиул аввал милодий 632 йилнинг 6-июнига тўғри келади.

Муҳтарам жамоат! Мавлиди шариф ойида бутун Ислом олами билан биргаликда севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини янада чуқурроқ ўрганишга, у зотга кўпроқ дуруду салавот айтишга ҳаракат қилайлик. У зот алайҳиссаломнинг барча оламларга, бутун инсониятга, мўмин-мусулмонларга чинакам раҳмат бўлиб келганларини каттаю кичик ҳар бир мусулмонга, барча юртдошларимизга, хусусан, хонадон аҳлимизга ўргатайлик. У зот алайҳиссаломни таниш, севиш, у зотга эргашиш ва доимо салавот айтиш барчамизнинг мўмин-мусулмонлик бурчимиздир.

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиб қилсин, Ўзи севган бандаларидан қилсин, қиёматда у зоти бобаракотнинг шафоатларига мушарраф қилсин, омин.

 

Read 6502 times
Download attachments:
Top