Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Маълумингизким, ҳар йили юртимиз раҳбари томонидан янги қарши олинаётган йил учун алоҳида ном берилади. Бу билан, шу йилда мазкур мавзуга катта аҳамият қаратилиши эълон қилинади. Зеро, халқимизда Йўл билмаган манзилига етолмас”, деган гап бежизга айтилмаган. Ҳар бир иш, ҳар бир кун, ҳар бир йил режалик бўлса, кўзланган мақсадларга эришиш осон бўлади. Шунга кўра, янги қарши олинаётган 2017 йил ҳам юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Аллоҳ таоло бу йилни халқимиз учун манфаатли йил қилсин! Динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалардан ҳисобланади дейилган. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

(عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعَهُمْ ... (رواه الطبراني

яъни:  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, дедилар”. Имом Тобароний ривоят қилган.

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир тану бир жон бўлиб, ўзаро бир-бирига ёрдам бериб, манфаат келтириб яшашга тарғиб қилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

(عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: مَثَلُ المُؤْمِنينَ في تَوَادِّهِمْ وتَرَاحُمِهِمْ وَتَعَاطُفِهمْ، مَثَلُ الجَسَدِ إِذَا اشْتَكَى مِنْهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الجَسَدِ بِالسَّهَرِ والحُمَّى. (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ

яъни:  Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадисда барча мўмин- мусулмонлар ҳар доим бир бири билан ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдамда бўлишлари ҳамда бирор мўмин-мусулмонга етган мусибатга қолган мусулмонлар ҳам мазкур мусибат худди ўзларига етгандек бефарқ бўмаслиги лозим экани баён қилинмоқда.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик динидир. Доим инсонларга манфаат етказиш, доим яхшилик қилишга чорлаган диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳмат қилган:

وَافْعَلُوا الْخَيْرَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни:  “Ва эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж сураси, 77-оят)

Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин деганидир. Шунингдек, шоядки, нажот топсангиз! сўзи билан эзгу иш қилиш бандаларнинг нажот топишига сабаб экани баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг “шояд” дейиши аниқ амалга ошадиган нарсани ифодалайди. Яъни, эзгу иш қилган бандалар аниқ нажот қучади, деганидир. Чунки Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсалар амалга ошмасдан қолишининг мутлақо эҳтимоли йўқдир! Бандаларнинг нажот қучиши эса дунёда ҳам охиратда ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ таоло дунёнинг ҳам охиратнинг ҳам раббисидир. Шунинг учун У зот халқига хизмат қилган ва яхшилик қилган бандаларга дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот беради. Демак, жамиятда биз билан бирга яшаётган барча инсонларга яхшилик қилсак, уларни рози қилсак, оғирларини енгил қилсак, орзу интилишларини рўёбга чиқарсак, албатта ажру мукофотлар олар эканмиз.

Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларни қилишга шошилишни буюрган:

...فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ...

яъни: “...Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!...” (Моида сураси, 48-оят)

Ушбу оятга кўра, инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا

яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”. (Каҳф сураси, 30-оят)

Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз ва инсонлар манфаати йўлида қилган холис хизматларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳмат қилганлар:

(عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ ...( مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деётганларини эшитганман”, деди.

Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган хайрли ишларимиз, барча инсонларга қилган яхшиликларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши ҳамда унга ажр-савоб олишимиз учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Ҳар бир хайрли ишни амалга оширишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласак, ажр-савобга эришамиз. Агар ниятимизда Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмаса-да, бирор хайрли ишни амалга оширишга киришсак, гарчи мазкур ишни амалга оширишга эришсак-да, лекин унга бериладиган ажр-савобдан бебаҳра қолиб кетамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.

Масалан: Касб қилишдан мақсад диним касб қилишга буюрган, оиламнинг таъминоти менинг зиммамдаги фарздир, деган ниятда бўлиши ҳам мумкин ёки фақат мол-дунё орттиришни ният қилган бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу ҳолатларда ниятнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ таоло буларни ниятига кўра мукофотлайди. Ният ва ихлос агар инсоннинг ҳаёти давомида доим тўғри қўлланса, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ибодатга айланади.

Динимиз яхши ниятлар ва яхши амаллар динидир. Мусулмон киши яхши ниятли, солиҳ амаллар қилувчи саодатманд инсондир. У нияти орқали ҳаётининг ҳар нафасини, ҳар бир ҳаракатини Аллоҳ учун ибодатга айлантиради. Имонли банда шундайин бахтлики, у динимиз кўрсатмаларини бажара бориб, ниятини уларга мослаб ҳаёт кечирса, унинг оддий турмуши ҳам ибодатга, охиратда ажр-мукофотларга эришиш имкониятига айланади. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган:

(نِيَّةُ المُؤْمِنِ خَيْرٌ مِنْ عَمَلِهِ  (رواه البيهقى

яъни:  «Мўминнинг нияти унинг амалидан яхшидир» (Имом Байҳақий ривояти).

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Аллоҳ таоло фарз этган амалларни адо этиш энг афзал амал бўлади. Аллоҳ таоло ҳаром этганидан қайтиш парҳезкорлик (диёнат)дандир. Бу Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсаларда тўғри, рост ният қилишдир».

Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ва холислик билан адо этаётган хизматларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. Яъни, дунёвий ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажариб ибодатга айлантира оламиз, худди шунингдек, ихлоссиз қилинган ибодат сабабли ажр-савобдан бенасиб қолиб кетишимиз ҳам мумкин. Аллоҳ барчамизни бундай маҳрумликдан Ўзи асрасин!

Демак, Аллоҳ таоло йўлида қилган яхши амалларимизда, халққа қилган холис хизматларимизда, эзгу ниятларимизда асло умидсиз бўлмаслигимиз лозим. Чунки сизнинг қилган яхши ишингизни ва уларга кўрсатган ғамхўрликларингизни бандалар унутиб юборса ҳам Аллоҳ таоло асло унутмайди. Аллоҳ таоло Ўз шаънига муносиб албатта, тақдирлайди.

Амалнинг яхши бўлиши унинг шариатимиз кўрсатмасига зид бўлмаслигидадир. Ундаги ниятнинг тўғри бўлиши эса у амалдан Аллоҳ таолонинг розилиги ният қилинган бўлишидадир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Сўз амал билан бирга бўлмаса фойда бермайди. Сўз ва амал ҳам ният билан бирга бўлмаса, фойда бермайди. Сўз, амал ва ният ҳам агар суннатга мувофиқ бўлмаса, фойда бермайди”.

Азизлар! Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий  ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Бугунги кунда ҳукуматимиз Ҳурматли Президентимиз етакчилигида эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишга тинмай ҳаракат қилмоқда. Биргина Бош вазирнинг “виртуал қабулхонаси” орқали минглаб юртдошларимизнинг қийнаб келган муаммоларининг ўз ечимини топгани бунинг яққол далилидир.

Бунга жавобан фуқароларимиз халқимиз элимиз манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътиқодан қўллаб–қувватлашлари, жамиятимизнинг ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا ...

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унитмагин....”- дедилар. (Қасос сураси, 77-оят).

Муҳтарам жамоат! Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, ҳазрати инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкилини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عن أَبي هريرة  رضي الله عنه، عن النَّبيّ  صلى الله عليه وسلم، قَالَ: مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنيَا، نَفَّسَ الله عَنْهُ كُربَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ القِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّر عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ الله عَلَيهِ في الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِماً سَتَرَهُ الله في الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ، والله في عَونِ العَبْدِ مَا كَانَ العَبْدُ في عَونِ أخِيهِ، ... (رَوَاهُ مُسْلِمٌ

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. ...”, дедилар. (Имом Муслим ривоят қилган).

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин! Юртимизни тинч-осмонимизни мусаффо айласин! “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муяссар қилсин! Жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотларга Ўзи барака ато қилсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандаларидан қилсин! Омин Ё роббал оламин !

Read 5855 times
Download attachments:
Top