Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсонга саодатли ҳаёт йўлини баён қилиб берган. Маълумки, инсон доим жамият билан узвий боғланган ҳолда ҳаёт кечиради. Инсон ҳаёт экан, яшаш учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-бош, турар-жой каби таъминотларга эҳтиёж сезиши табиийдир. Бу нарсалар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Одамлар эса ҳар доим ҳам ўз мол-мулкини унга эвазсиз беравермайди. Бундай нарсаларга эришиш учун эса унинг бадалига муносиб бирор нарса бериши лозим бўлади. Аллоҳ таоло одамлар орасида савдо-сотиқ муомаласини жорий қилишининг ҳикматларидан бири ҳам шунинг учундир. Чунки бу ишлар олди-берди муомаласи қилинмасдан амалга оширилса, ҳар хил уруш-жанжаллар келиб чиқади. Савдонинг инсонлар ўртасида жорий бўлиши эса ҳеч қандай зарар ва қийинчиликсиз эҳтиёжни қондиришга ҳамда одамларнинг розилиги билан уларнинг мол-мулкидан фойдаланишга имкон яратиб беради. Бу билан ўғирлик, хиёнат, талон-тарож каби жиноятларнинг олди олинади ҳамда низолашиш алангаси ўчирилиб, инсоният ҳаёти тартиб-интизомда кечади.

Ислом дини инсонларни савдо сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулланишга тарғиб қилар экан, уларга бу соҳада тўғри ва ҳалол фаолият  олиб боришга буюргандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳмат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (النساء: 29

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.( Нисо сураси, 29-оят)

Ушбу оятдаги “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” сўзи оятнинг аввалига бевосита боғлиқдир. Яъни, молларни ноҳақ йўл билан ейиш одати бор жамиятлар, охир-оқибат ўзини ўзи ҳалокатга олиб боради.

Муҳтарам жамоат! Тижорат билан шуғулланиш фазилатли касб ҳисобланади. Бу ҳақида ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадис ривоят қилинган:

عنْ أبي سَعِيدٍ، عنِ النبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ "التّاجِرُ الصّدُوقُ الأمِينُ، مَعَ النّبِيّينَ والصّدّيِقينَ والشّهَداءِ".(رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Яъни, Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар. Термизий ривоят қилган.

Мусулмон киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши лозим бўлади.

Мусулмон кишининг адо қилаётган намоз, рўза, закот ва ҳаж ва шу каби амаллари ибодат бўлганидек, унинг тижорати ҳам ибодат мақомидадир.

Мазкур ибодатларнинг рукн, шарт, суннатлари, ҳамда уларни бузадиган ҳолатлари бўлгани каби тижорат касбининг ҳам рукн ва шартлари, шунингдек, таъқиқлари ҳам бордир.

Намозхон киши намоз, рўза ёки ҳаж ибодатларини адо қилиш учун буларга боғлиқ бўлган илмларни ўрганиши лозим бўлганидек, тижоратчи ҳам тижорат соҳасига боғлиқ бўлган илмларни ўрганиши лозим бўлади.

Муҳтарам жамоат! Бирор кимса тижорат касби билан шуғулланишни бошлар экан, илк қиладиган иши бу ишни яхши ният билан бошлашдир. Яъни: “Аллоҳ таоло биз бандаларни касб қилишга буюрган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тижорат билан шуғулланганлар”, деган ниятда касбга киришса, ундай киши фарзга ҳам, суннатга ҳам амал қилган бўлади. Шунингдек, ушбу улуғ амалларнинг савобини қўлга киритиш учун эса савдонинг шаръий қоидаларига риоя қилиши лозим бўлади. Тижоратчи ўз касбидан доим тақвони муқаддам қўйиши керак. Агар шу билан мол-дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсинки, динида ҳам, дунёсида ҳам яхши фойда кўрибди. Агар мол-дунё топмаса ҳам, ҳамд айтсинки, тақвоси сабабли, динини асрабди.

Умар розияллоҳу анҳунинг бир сўзлари ҳам жуда машҳурдир:

قَالَ عُمَرُ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: لاَ يَتَّجِرُ فِي سُوقِنَا إِلاَّ مَنْ فَقِهَ ، وَإِلاَّ أَكَل الرِّبَا

 أخرجه الترمذي بسند حسن

Яъни, “Бозоримизда фақат (тижорат илмини) яхши билган кишигина тижорат қилсин, акс ҳолда, судхўрлик қилиб қўяди”.

Али розияллоҳу анҳудан ҳам ушбу маънода қуйидаги сўз нақл қилинган:

قَالَ عَلِيٌّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: مَنِ اتَّجَرَ قَبْل أَنْ يَتَفَقَّهَ ارْتَطَمَ فِي الرِّبَا ثُمَّ ارْتَطَمَ ثُمَّ ارْتَطَمَ

 في كتاب نهج البلاغة

Али розияллоҳу анҳу айтган: “Ким (тижорат илмини) яхши ўрганмай туриб, тижорат қилса, у судхўрликка аралашиб қолади, сўнгра, яна аралашиб қолади, сўнгра, яна аралашиб қолади”.

Муҳтарам жамоат! Савдонинг илмидан бехабар кишилар ўзлари билмаган ҳолда, рибога аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Натижада мол-дунёсига талофат етиши, касбидан эса барака кўтарилиши каби нохушликларга дуч келади.

Аллоҳ таоло ояти каримада тижоратни ҳалол, судхўрликни эса ҳаром эканининг хабарини берган:

(...وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا...*( سورة البقرة/275

 Яъни, “Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган” (Бақара сураси, 275-оят)

Муҳтарам жамоат!   Аллоҳ таоло бошқа бир оятда савдогарларни ўлчаб бериш ёки тарозида тортиб беришда харидор ҳақидан уриб қолмасликка чақириб, тожирларнинг бу қилмишлари дўзахда азобланишларига сабаб бўлишидан огоҳлантиради:

وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ * الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُوا عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ * وَإِذَا كَالُوهُمْ أَوْ وَزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ * أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُمْ مَبْعُوثُونَ * لِيَوْمٍ عَظِيمٍ **يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ 

سورة المطففين:6

Яъни, “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифин сураси, 1-6 оятлари).

Мазкур оятларда кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилган. Улар тарозими, литрми ёки бошқача ўлчовми, ўзлари олаётганларида тўлиқ ва ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда эса, кам берадилар. Уларнинг бу қилмишлари Аллоҳдан, Қиёмат кунидан қўрқмаслик аломатидир. Лекин, ушбу оятда улар охиратда бу қилмишлари учун ҳисоб-китобга тортилиши аниқ экани ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Ушбу оятдаги “Вайл” сўзининг икки хил маъноси бор бўлиб: бири – “ҳолига вой, ҳалокат” маъноси бўлса, иккинчиси эса – дўзах водийларидан бирининг номидир.

Имом Розий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: Аллоҳ таоло ушбу оятларда ўлчовдан уриб қоладиганларга бир неча таҳдидларни жамлаган:

  1. Уларга вайл бўлсин, дейилди. (Яъни, уларнинг ҳолига вой бўлсин, уларга дўзахнинг Вайл водийси бўлсин!)
  2. 2. Қайта тирилишни ўйламайдиларми?, деб, савол тариқасида қайта тирилганда сўроқ-саволга тутилишини эслатиб қўйилди.
  3. Улуғ кунда, деб Қиёмат куни билан огоҳлантирилди. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кунни улуғ куни дейиши бу катта огоҳлантиришдир.
  4. Тик турадиган кунда, деб, “ҳали тик туриб жавоб берасан”, дейилди.
  5. Оламларнинг Роббиси ҳузурида жавоб берасан дейилди. Ҳа, оддий одамларга эмас, Оламлар Раббисига жавоб берасан, дейилди.

Бундан ортиқ таҳдид борми???

Шунингдек, Қуръони каримда икки сурагина “вайл” билан қўрқитиб бошланган:

( وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ (سورة المطففين:1

“(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!”. Мутоффифин сураси, 1-оят

( وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ (سورة الهمزة:1

Яъни, “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!”. (Ҳумаза сураси,1-оят)

Буларнинг бири – инсонларнинг мол-мулки муҳофазаси ҳақида бўлса, иккинчиси –  инсонларнинг обрўси муҳофазаси ҳақидадир.

Демак, инсонларнинг мол-мулклари ва обрўлари борасида жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Чунки инсонларнинг моли ёки обрўсини ноҳақ поймол қилган кишига “вайл” ваъда қилинмоқди. Аллоҳ Ўзи асрасин!

Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن رفاعة بن رافع رضي الله عنه قال: خرجتُ مع رسولِ الله صلى الله عليه وسلم إلى المصلى، فرأى الناس يَتبايَعُونَ، فقال: «يا مَعْشرَ التُّجَّار»، فاستجابوا، ورفَعُوا أعناقَهم و أبصارهم إليه، فقال: «إنَّ التُّجَّارَ يُبْعَثُونَ يوم القيامة فُجَّارًا إلا مَنِ اتَّقَى اللهَ، وبَرَّ وصَدَقَ

أخرجه الترمذي

Яъни, Рифоъа ибн Рофиъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиқдим. Шунда у зот савдо қилаётган одамларни кўриб: Эй тожирлар жамоаси!” дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарашди. Шунда у зот: Тожирлар қиёмат куни фожирлардан бўлиб қайта тирилтирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар (тожирлар)гина бундан мустаснодир”, дедилар”. (Термизий ривоят қилган)

Яна бир ҳадисда савдогарлар молини ўтказиш учун кўп қасам ичаверишдан қайтариб шундай дейилган:

عن أبي قتادة قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " إيَّاكُمْ وكَثْرَةَ الحَلِفِ في البَيْعِ فإنَّهُ يُنْفِقُ ثُمَّ يَمْحَقُ. (رواه مسلم

Яъни, Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Савдода кўп қасам ичишдан сақланинг, чукни у савдони юриштиради, сўнгра, баракани кетказади – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Савдоси юриши учун сотувчининг қасам ичиши гарчи савдосига ривож берса-да, лекин бараканинг кўтарилиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун бўлар-бўлмас ишларга қасам ичавериш мумкин эмасдир. Айниқса, молини ўтказиш ва дунё топиш мақсадида ёлғон қасам ичиш сабабли, охиратини куйдириб юборади. Аслида, барака ростгўйликда эмасми?!.

Агар савдо молининг айби бўлса, сотувчи уни айтиб сотиши лозимдир. Харидорни алдаб сотиши ҳаром ҳисобланди:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ. أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلاً فَقَالَ «مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ». قَالَ أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ. قَالَ «أَفَلاَ جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَىْ يَرَاهُ النَّاسُ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّى» (رواه مُسْلم

 Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уюм буғдойнинг олдидан ўтаётиб, унинг ичига қўлларини тиққан эдилар, у зотнинг бармоқлари ҳўл буғдойга тегди:  Шунда у зот: Эй, буғдой эгаси бу нима? – дедилар. У (сотувчи): “Эй, Аллоҳнинг расули, бунга ёмғир теккан эди” – деди. У зот: “Буни одамлар кўриб-билиши учун буғдойнинг устига қўймайсанми?!, ким алдаса, мендан эмас! - дедилар. Имом Муслим ривоят қилган.

Шунга кўра, сотувчи харидорга савдо молидаги айбларни айтиб сотиши вожибдир. Айтмаслиги эса хиёнатдир.

Муҳтарам жамоат! Савдо-сотиқ ва тижорат жамият аъзоларининг дунё ҳаётида бир-бирлари билан ўзаро муомала ва муносабат қилишларида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Агар у тартибга солиниб, тўғри йўлга қўйилмаса, жамиятнинг ижтимоий ҳаёти издан чиқиб кетади.

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бировнинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қайтарилган. Ўзганинг молини ноҳақ ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради. Агар бу нарсаларда адолат бузилиб, инсофсизлик вужудга келса, ҳар хил келишмовчилик ва ихтилофлар юзага чиқади.

Чунки тожирлар тижоратлари орқали ўзлари фойда кўришларидан ташқари, кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб, жамиятга ҳам катта фойда келтиради.

Муҳтарам жамоат! Тижорат билан шуғулланувчи кишилар гўзал ахлоқли бўлсалар, Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазовор бўлишади:

(عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «غَفَرَ اللَّهُ لِرَجُلٍ كَانَ قَبْلَكُمْ كَانَ سَهْلاً إِذَا بَاعَ سَهْلاً إِذَا اشْتَرَى سَهْلاً إِذَا قَضَى سَهْلاً إِذَا اقْتَضَى». (رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

Яъни, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан аввал ўтган бир кишини Аллоҳ таоло мағфират қилди. У бирон нарса сотганда мулойим эди, сотиб олаётганда ҳам мулойим эди, қарзини тўлашда ҳам мулойим эди, қарзини ундиришда ҳам мулойим эди”, дедилар”. (Байҳақий ривоят қилган).

Азиз биродарлар! Аллоҳга шукрки юртимизда тижоратчилар учун кенг имкониятлар яратиб қўйилган, Айниқса, сўнгги ойларда тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи қатор  Қонуний ҳужжатлар қабул қилинди. Шундай экан, тижоратчиларимиз фаолият асосидаги қонун-қоидаларни пухта билишлари ва уларга қатъий итоат қилишлари, давлат ва жамиятга зарар етказувчи қонунбузарликларга йўл қўймасликлари лозим.

Қадрли намозхонлар! Шуни ҳам унутмаслигимиз лозимки, тижоратимиз охират ишларидан бизни машғул қилиб қўймасин. Дунё тижоратимиз охират тижоратимиздан устун бўлиб кетмасин! Фақатгина моддий манфаатни назарда тутиб, маънавий ва руҳий манфаатдан кўз юмиб, ғафлатда қолиш – зулмдир. Чунки инсон модда ва руҳдан ташкил топган. Буларнинг иккиси ҳам етарлича озуқа билан таъминланмас экан, инсон ҳеч қачон камол топа олмайди.

Муҳтарам жамоат! Кунни тунга, тунни эса кунга улаб, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ўзининг меҳнати, билими ва тажрибаси билан турли соҳаларда тадбиркорлик ишларини олиб бораётган имонли, инсофли, мурувватли мулкдорлар, тижоратчилар, зироатчиларнинг олиб бораётган хайрли ишларига Аллоҳ таоло Ўзи барака берсин!

Read 5493 times
Download attachments:
Top