Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

САБР – НАЖОТНИНГ КАЛИТИ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رب العالمين، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ محمد الأمين وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

Ҳурматли жамоат! Маълумки, 2020 йилда дунёни қамраб олган COVID-19 Коронавирус пандемияси тинч ва осуда ҳаётга одатланган мамлакатлар аҳолиси учун жиддий синов бўлди. Коронавирус юқумли касаллиги  шиддат билан тарқалаётган пайтда ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўриши лозим. Шариатимиз кўрсатмасига кўра вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади.

Айни пайтда соғлиқни сақлаш мутахассислари фуқароларимиздан карантин қоидаларига, жумладан, имкон қадар уйдан чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, шахсий гигиена қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрашмоқда. Ушбу кўрсатмаларга амал қилиш ҳар биримиз учун жуда муҳимдир.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар аниқланиши билан баъзилар ўзларини бозорларга, дўконларга урди. Эрта-индин очарчилик бўладигандек, узоқ вақтга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишди. Ваҳоланки, бу маҳсулотлар у кишиларнинг бир неча ойлик истеъмолига ҳам етади. Табиийки, ортиқча маҳсулотларнинг сифати бузилиб, истеъмолга яроқсиз ҳолга келади. Бу эса, исроф ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда исроф ҳақида шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

яъни: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди” (Исро сураси, 27-оят).

Шундай экан, бундай пайтда киши оиласига кифоя қиладиган зарурий озиқ-овқатларни олиб, бошқалар ҳам олишига имкон қолдириши динимизда мақталган амал ҳисобланади. Ўзлари хуш кўрган нарсани ўзгаларга илинадиган мўминлар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ

яъни: “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, бошқа муҳтожларни ўзларидан устун қўядилар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар” (Ҳашр сураси, 9-оят).

 

Бу ояти каримада мадиналик мусулмонлар қанчалик олийҳиммат мурувватли ва сахий экани таъриф этилган. Зеро, динимизда киши муҳтож бўла туриб, нарсаларини ўзга муҳтожларга эҳсон қилиши саховат ва карамнинг энг юқори чўққиси ҳисобланади.

Азизлар бу синовли кунларда барчамиз сабр қилиб, бирдам бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, иншааллоҳ тез кунларда қийинчилик ортидан енгиллик ва фаровонлик келади. Чунки,  Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган:

فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا. إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا

яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз албатта, бир қийинчиликдан кейин икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

أبْشِرُوا أتاكُمُ اليُسْرُ، لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ

яъни: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (“Тафсири Табарий”).

Дарҳақиқит, Аллоҳ таоло бандаларини қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради. Аллоҳ таоло ояти каримада шундай марҳамат қилади:

سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا

яъни: “Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Аллоҳ таоло мана шундай оз муддатли қийинчилик кунларида сабр қилган, ибодатларда қоим бўлган, муҳтожларга ёрдам берган ва чиройли хулқларини сақлаб қолганларга охират саодатини ваъда қилади:

وَالَّذِينَ صَبَرُوا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً

وَيَدْرَءُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُولَٰئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ

яъни: “Парвардигорларининг розилигини истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир” (Раъд сураси, 22-оят).

Гоҳида инсон ёмонлик деб ўйлаган нарса унга яхшилик бўлиб чиқади. Қуръони каримда шундай дейилади:

عَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).

Дунёда хурсандчилик билан хафачилик доим ёнма-ён юради, лекин Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражалари кўтарилиши, қалблари покланиши ва гуноҳлари ювилиб кетишини хоҳлайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар. Жумладан:

ما يصيبُ المؤمنَ من شوكةٍ فما فوقها، إلَّا رفعه اللهُ بها درجةً، أو حطَّ عنه خطيئةً

(رواه الإمام مسلم)

яъни:Мўъмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради” (Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:

إن عِظَم الجزاء من عِظَم البلاء، وإن الله إذا أحب قوماً ابتلاهم، فمن رضي فله الرضا،

ومن سخط فله السخط

(رواه الإمام الترمذي والإمام ابن ماجه)

яъни: “Савобнинг улуғлиги бало-мусибатнинг катталигига қарабдир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларга синов юборади. Ким бунга рози бўлса, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади. Ким синов-мусибатдан ғазабланса, унга ҳам ғазаб бўлади (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, инсон мусибатларни Аллоҳ таолодан билиб, сабр-тоқатли ва шукрли бўлса, жазавага тушмаса, ўз ҳолатидан ғазабланмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги, ёрдами ва фазли бўлади.

Азизлар! Шуни ҳам яхши тушуниб олишимиз керакки, баъзи бир синов имтиҳонларни банда ўзига Аллоҳ таолонинг ғазаби деб билмаслиги керак. Балки яхши гумон қилиб, тезда бу балоларнинг кетиши ва изидан яхшиликлар олиб келишини умид қилиши лозим. Балоларни энг кўп даф қиладиган нарса Аллоҳ таолога яхши гумон билан дуо қилишдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

يقول الله تعالى: "أنا عند ظن عبدي بي، وأنا معه إذا ذكرني"

(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه) .

яъни:  “Аллоҳ айтади: “Мен бандамнинг Мен ҳақимдаги гумонидаман ва Мени эслаганида у билан бирга бўламан” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул-Борий” номли китобида юқоридаги ҳадисни бундай шарҳлаганлар:“Мен бандамни Мен ҳақимдаги гумонига қараб мукофотлайман. Агар у Менинг раҳматимни умид қилса ва уни афв қилишим ҳамда кечиришимни гумон қилса, унга умид қилган нарсалари берилади. Чунки бу неъматдан умид қилувчи инсон фақат мўмин инсондирки, у ўзига муносиб мукофот ато қилувчи Раббиси борлигини билади. Агар банда Менинг раҳматимдан умидини узса ва Мени жазолайди, азоблайди, деб ўйласа, унга шу иш бўлади”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва Абу Бакр разияллоҳу анҳу Макка мушрикларидан қочиб, Савр ғорида яширинганларида мушриклар уларни таъқиб қилиб келишади. Шу пайтда Абу Бакр разияллоҳу анҳу саросимага тушиб, йиғлаб юборадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Маҳзун бўлманг, албатта Аллоҳ биз билан. Аллоҳ учинчиси бўлган икки киши ҳақида нима гумонда бўласиз?” – дедилар. Яъни, Аллоҳ биз билан бирга, бизни ҳеч қачон ёрдамсиз ташлаб қўймайди, дея яхши гумонда бўлдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган ҳар бир мўмин-мусулмон ҳар қандай қийинчилик пайтларда ҳам умидсизликка тушмаслиги, одамларни ҳам саросимага солмаслиги, “Ушбу ишларда Аллоҳ бизга ёрдамчи бўлади”, – дея яхши гумонда бўлиши лозим бўлади.

Бало-офатлар ва турли касалликлар пайтида киши ўзини қандай тутиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидаги сўзларини айтадилар:

"إِنَّ الدُّعاءَ يَـنْـفَعُ مِمَّا نَـزَلَ ومِمَّا لمْ يَنْزِلْ، فَـعَـلَـيكُم عِبادَ اللهِ بالدُّعاءِ"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Албатта дуо нозил бўлган ва келажакда нозил бўладиган мусибатларда наф беради. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Дуога маҳкам бўлинглар!” (Имом Термизий ривоятлари).

Улуғлардан бирлари кишига синов ва турли касалликлар пайтида қуйидаги амалларни тавсия қилганлар:

"ومِنْ أَعْظَمِ عِلاجات المرضِ: فِعْلُ الخيرِ والإِحسان، والذِّكْـرُ، والدُّعاءُ، والتَّـضَرُّعُ، والابتهالُ إلى الله، والتَّوبةُ، ولهذه الأمور تأثيرٌ في دَفْعِ العِلَل، وحُصُولِ الشِّفاءِ"

яъни:  “Касалликни энг устувор давоси: яхшилик ва эҳсон қилиш, зикр, дуо, тавба-тазарруъ, Аллоҳга йиғлаб ёлборишдир. Мазкур амаллар касаллик даф бўлиши ва шифонинг ҳосил бўлишида жуда катта таъсирга эгадир”.

Билол разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:  

"عليكُمْ بِقيامِ اللَّـيْـلِ؛ فإِنَّـهُ دَأبُ الصَّالِحينَ قَبلكُم، وإِنَّ قِيامَ اللَّيلِ قُربَـةٌ إلى اللهِ، ومَنْهاةٌ عنِ الإِثْمِ، وتكفِيرٌ للسَّيِّـئاتِ، ومَطْرَدَةٌ لِلدَّاءِ عنِ الجَسَد"

(رواه الإمام الترمذي)

яъни:  “Кечаси қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинглар. Бу сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир.  Кечасида қоим бўлиш Аллоҳга қурбат, гуноҳдан тўсувчи, хатоларга каффорат ва жасаддан касалликни даф қилувчидир” (Имом Термизий ривоятлари.)

Муҳтарам жамоат! Мана шундай синовли кунларда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, боқувчисиз оилаларга кўмак бериш энг савобли амаллардан саналади.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳукуматимиз миқёсида бунга катта эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз “Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма бердилар. Ушбу фармон лойиҳасига кўра ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик каби чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Нуъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда истма ила безовта бўлишади”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг ҳаққи қай даражада улуғ экани, уларга ўзаро меҳр-шафқат ва ёрдам кўрсатиш лозимлиги баён қилинмоқда. Бир аъзо оғриганда бошқа аъзолар роҳатлана олмаганидек, бир инсонга қийинчилик етганида қолган мусулмонлар ўзларига етган мусибатдек қабул қилишлари, ёрдамга шошишлари лозимлиги таъкидланмоқда.

Қавму қариндош ва маҳалла ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб, машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ 

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривоятлари).

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилликлари томонидан қурбонликлар сўйилиб, гўштлари муҳтож оилаларга хайрия сифатида тарқатилди. Саховатпеша халқимиз томонидан ҳам тинимсиз хайриялар ташкил этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин мана шундай синовли кунларда яна бир камчилигимиз кўзга ташланиб қолмоқда. У ҳам бўлса айримларимиз томонидан имконияти бўла туриб ўзини муҳтож қилиб кўрсатиш, тамаъ қилиш ҳолатлари юзага чиқиб қолмоқда.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набийимиз алайҳиссолату вассалом: “Ким ўзида етарли нарса бўлатуриб одамлардан тиланса, Қиёмат куни юзи тирналган ҳолда келади”, – дедилар.

Энг муҳими, айни кунларда мўмин-мусулмонлар ваҳимага тушмасдан, босиқлик билан иш юритсак, Аллоҳга таваккул қилиб, гуноҳларимизга сидқидилдан тавба қилсак, Қуръони каримни хатм қилиб, Аллоҳга ёлборсак, иншааллоҳ, бу синов бошимиздан тез кунларда арийди.

Аллоҳ таоло дунё халқларини, жумладан, юртдошларимизни бундай касаллик ва офатдан тез кунларда халос қилиб, осуда ва фаровон турмуш тарзини насиб айласин! Омин!

 

 

 

Read 1954 times
Download attachments:
Top