Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَكْمَلَ لَنَا الدِّينَ وَأَتَمَّ عَلَيْنَا النِّعْمَةَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

Рамазон ҳайитингиз муборак!

Муҳтарам жамоат! Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказишди. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни "Ийди-Фитр", яъни Рамазон ҳайити каби улкан шодиёна кунда турибмиз.

   Рамазон ҳайитини дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказадиган муборак айёмдир. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон байрамида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:

قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ

 (سورة يونس/ 58)

 яъни: “Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят).

عَنْ أنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَدِمَ رَسَولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  الْمَدِيْنَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبونَ فِيْهِمَا فَقَالَ: مَا هَذَانِ اليَوْمَانِ؟ قَالُوا: كُنَّا نَلْعَبُ فِيْهِمَا فِى الجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهِمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الفِطْرِ

(رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ وَالإمام أَبُو دَاوُدَ).

яъни:  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай кунлар?” деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Муҳтарам юртдошлар! Инсон ҳаётида қийинчиликлар ва турли синовларга дуч келади. Бу билан Аллоҳ таоло инсонлардаги Ўзига бўлган имон-эътиқодни, сабр-бардошни синайди. Аллоҳ таоло айтади:

 وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ  

яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз*. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).

Инсон сабр ва матонат билан имтиҳондан ўта олса, мазкур ояти каримда баён қилинган илоҳий башоратга сазовор бўлади.

Хусусан, 2020 йил ҳам бутун инсониятга катта синовлар йили бўлди. Ҳозирда дунёни қамраб олган Коронавирус (COVID-19) пандемияси тинч ва осуда ҳаётга одатланган мамлакатлар, жумладан, бизнинг юрт аҳолиси учун ҳам улкан синов бўлди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида кучли шамол эсиб, аҳолимизнинг бино-иншоотларига, қишлоқ хўжалиги экинларига ҳамда шахсий мулкларига катта талофат етди.

Муҳтарам Юртбошимиз ўша куннинг ўзидаёқ Бухоро вилоятига етиб бордилар ва ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириб, зарур чора-тадбирларни белгилаш бўйича кўрсатмалар бердилар. Айниқса, давлатимиз раҳбари табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб: “Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талофат оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз”, дея далда бўлдилар.

Ушбу табиий офатдан кўп ўтмай яна бир фалокатга дуч келдик. Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасидан сув чиқиши юзага келди. Натижада Сардоба туманидаги аҳоли турар жойларига сув кириши, экин майдонларига зарар етиши кузатилди. Юртбошимизнинг бевосита кўрсатмаларига кўра олиб борилган тезкор чора-тадбирлар орқали қарийб 12 минг нафар аҳоли хавфсиз жойга кўчирилиб, уларга зарур шарт-шароитлар яратилди.

Ушбу синовли кунлар матонатли ва бағрикенг халқимизни янада жипслаштирди, десак муболаға бўлмайди. Турли вилоятлардаги юртдошларимиз талофатдан азият чеккан Сирдарё халқи билан бирга эканликларини изҳор этиб, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак бердилар.

Муҳтарам азизлар! Дарҳақиқит, Аллоҳ таоло ихлосли ва итоаткор бандаларини қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради. Аллоҳ таоло ояти каримада шундай марҳамат қилади:

سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا

яъни: “Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Аллоҳ таоло мана шундай оз муддатли қийинчилик кунларида сабр қилган, ибодатларда қоим бўлган, муҳтожларга ёрдам берган ва чиройли хулқларини сақлаб қолганларга охират саодатини ваъда қилади:

وَالَّذِينَ صَبَرُوا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً

وَيَدْرَءُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُولَٰئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ

яъни: “Парвардигорларининг розилигини истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир” (Раъд сураси, 22-оят).

Мана шундай оғир дамларда муҳтарам Юртбошимиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлаб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу умумхалқ ҳаракати, албатта, ўзининг ижобий самарасини берди. Чунки, ижтимоий кўмакка муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга саховат кўрсатиш динимизда энг мақталган савобли амаллардан бўлиб, халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ

(رواه الإمام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратда сатр қилади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Яна шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ўтган ҳайит билан бугунги ҳайитимиз ўртасида юртимизда барчамизни хурсанд қиладиган кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди, ривожланиш ислоҳотлари кунма-кун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шаҳар-қишлоқларимиз янада чирой очиб, обод бўлмоқда. Давлатимиз томонидан диний қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай неъматларга кўплаб шукрона қилмоғимиз керак бўлади.

Ҳайит куни – улуғ байрам, уни азага, мотомга, ҳафагарчиликка айлантириб олмаслигимиз керак. Баъзи жойларда эркак-аёллар тўда-тўда бўлиб фотиҳага юриш ва азадорларни хонадонларда зиёфатбозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Азадорлар ҳам одамлар келади деб ҳайит кунига маҳсус таёргарлик кўриб, имконияти йўқлар қарзга ботмоқдалар. Ўтганларни эслаш, уларни руҳини шод этиб, Қуръон тиловат қилиш, дуои хайр қилиш яхши амаллар хисобланади, лекин бу ишлар Хайит кунининг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

لَا يُصَلِّي قَبْلَ اَلْعِيدِ شَيْئًا, فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни:  “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Азизлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёнотини эълон қилди. Унда қўйидаги жумлалар ўз аксини топган:

Карантин талабларидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити арафасида ва ҳайит кунлари бажариладиган амаллар бўйича қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

  1. Ўтган марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар;
  2. 2. Ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин қоидаларига амал қилган ҳолда амалга оширсинлар.

Ушбу қарорларга амал қилган ҳолда арафа ва ҳайит кунларини ўтказишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳурматли азизлар! Маълумки, Шаввол ойи ҳижрий сананинг унинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиги ва имкони бўлган киши нафл рузасини тутса, Аллоҳ таоло у бандага кўп ажру мукофотларни беришини ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ"

 (أخرجه والإمام مسلم عَنْ أَبِي أَيُّوبَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, киши Рамазон рўзасини тутиб, шавволнинг олти кунида рўза тутса, бир йил давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан.

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда айтиб ўтилган. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمه

)رواه الإمام الطبراني عن ابن عمر رضي الله عنهما(.

яъни: “Кимки Рамазон рузасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, худди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Шаввволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.

Муҳтарам азизлар! Яна бир-бор диёримизда яшовчи барча мўмин- мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз ўзаро тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои ҳайрлар қиламиз! Барча раҳбарларимизнинг эл-юрт манфаати, юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган  эзгу ишларида Яратган ёру-мададкор бўлишини сўраб қоламиз! Омин!

Read 2317 times
Download attachments:
Top