Жума мавъизалари

 САФАР ВА УНГА ДОИР ОДОБЛАР

Муҳтарам азизлар! Инсон ҳаёти доим бир маромда, бир жойда кечмайди. У ҳар хил сабаблар билан узоқ яқинларга турли муддатларда сафар қилишга эҳтиёж сезади. Ҳақиқатда мусулмон киши ҳаж ва умра, илм талаби, ризқ излаш, яқин кишисини зиёрат қилиш ва ҳаказо сафарларга чиқади.

 Аллоҳ таоло бандаларини саёҳат қилиш, унинг неъмат ва яратганларидан ибратланишга буюриб шундай дейди:

 (قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ)

سورة العنكبوت 20   

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Ерда сайр қилиб, (Аллоҳ) қандай қилиб яратишни бошлаганини кўрингиз!” (Анкабут сураси, 20-оят).

Қуйидаги оятда эса саёҳат қилиб ўтган умматларнинг ҳолидан ибрат олишга чақирилади:

 (قُلْ سِيرُواْ فِي الأَرْضِ ثُمَّ انظُرُواْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ)

  سورة الأنعام11

яъни: “Айтинг: “Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқингиз. Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир)оқибати не бўлганини кўрингиз!”” (Анъом сураси, 11-оят).

Кейинги оятда турли мақсадларда саёҳат қилишга буюрилмоқда:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِن رِّزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ)

  سورة الملك 15  

яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).

Динимизда сафар машаққатлари эътиборга олиниб, бир қанча масалаларда енгиллик берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ وَخُلِقَ الْإِنْسَانُ ضَعِيفًا

яъни: “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда!” (Нисо сураси 28-оят).

Сафар рухсатлардан фойдаланиш учун шаръий сафар юзага чиқиш керак. Қисқа масофаларга сафар қилинса шаръий рухсатлардан фойдаланиб бўлмайди.

Имом Муслим ривоят қиладилар:

 وَعَن شُرَيْح بن هَانِئ قَالَ : أتيت عَائِشَة أسألها عَن الْمسْح عَلَى الْخُفَّيْنِ ، فَقَالَت : عَلَيْك بِابْن أبي طَالب فَاسْأَلْهُ فَسَأَلْنَاهُ فَقَالَ : " جعل رَسُول الله [ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ ] ثَلَاثَة أَيَّام ولياليهن للْمُسَافِر ، وَيَوْما وَلَيْلَة للمقيم " 

Шурайҳ ибн Ҳониъ айтадилар: “Оиша онамизнинг ёнларига маҳсига масҳ тортиш ҳақида сўраб бордим. У киши: “Али ибн Абу Толибдан сўрагин”, дедилар. Ҳазрати Алидан сўраганимизда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам маҳсига масҳ тортишни мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилиб белгилаб берганлар”, деб жавоб бердилар” (Эълоус сунан, Мусофирнинг намози, Қаср масофаси боби, 7-жилд, 259-бет).

 Сафар масофаси ҳақида “Жомеъус сағир китобида айтилади: “Туянинг юриши ёки пиёда юришда уч кечаю уч кундузлик йўлни қасд қилиб чиққан муқим киши шаҳрининг биноларидан ўтиб кетса (узоқлашса), намозни қаср қилиши лозим ва унга рўзани тутмасликка рухсат бўлади. Тоғда ҳам уч кечаю уч кундуз юриш эътиборга олинади, агарчи текисликда бу масофани камроқ вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам”” (“Хулосатул фатово”, Мусофирнинг намози, 22-фасл).

Уламоларимиз уч кечаю кундузлик йўл тақрибан ≈96 км масофага тенг дейдилар. Ҳозирги кунда тезкор уловлар ёки учоқлар билан мазкур масофани қисқа муддатда босиб ўтса ҳам, шаръий сафар ҳисобланади.

Яна муҳим нуқта шуки, мазкур масофани қасд қилиб йўлга чиққан киши бориб тушган манзилида 14 кун ва ундан кам яшаса, у мусофир бўлиб, намозларини қаср қилади ва бошқа рухсатлардан фойдаланади. Агар борган жойида 15 кун ва ундан кўп турса, у муқим ҳисобланиб, рухсатлардан фойдалана олмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам йўлда мусофир ҳисобланади.

Чет элларга турли мақсадлар билан борган ва у ерда 15 кундан ортиқ, балки йиллар давомида яшайдиган кишилар, ўзларини мусофир деб атасаларда, муқим ҳукмида бўладилар, рухсатлардан фойдалана олмайдилар.

Сафардаги рухсатлар қуйидагилар:

  1. Намозларни қаср қилиши.

Мусофир тўрт ракатли фарз намозларни қисқартириб, икки ракат қилиб ўқийди. Агар тўрт ракат қилиб ўқиса макруҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло томонидан берилган қулайлик ва имкониятдан юз ўгирган бўлади. Суннатларни тўлиқ ўқийди. Уч ракатли Шом ва витр намозларини ўзгартирмасдан уч ракат қилиб ўқийди.

  1. Иқтидо ва имомлик масаласи.

Мусофир муқимга тўрт ракатли намозда иқтидо қилса, тўрт ракатни тўлиқ ўқийди, аммо муқим мусофирга иқтидо қилса, мусофир салом бергандан кейин, муқим ўрнидан туриб, яна икки ракаат ўқийди. Мусофир киши имом бўлганда, иқтидо қилгувчиларга мусофирлигини билдириб қўйиш керак.

  1. Қазо намозлар.

Мусофир мусофирликдаги қазо бўлган намозларини, гарчи муқим бўлганидан кейин бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди. Муқимликдаги қазоларни эса, гарчи мусофирликда бўлса ҳам, тўлиқ қилиб ўқийди.

  1. Масҳ тортиш.

Мусофир маҳсига уч кеча-кундуз масҳ тортиши мумкин. Муқим эса бир кеча-бир кундуз масҳ торта олади.

  1. Мусофир кишига рўза тутиш фарз эмас.

Лекин сафари енгил бўлиб қийналмасдан рўза тута олса, тутгани афзал.

  1. Мусофирга жума намози фарз эмас.

Лекин жума намозига ҳозир бўлса, албатта жумани ўқийди ва бу пешинни ўрнига ўтади. Бошқа пайтларда мусофир пешин намозини ўқийди.

  1. Мусофирларга ийд намозлари ҳам вожиб бўлмайди.

Мабодо ийд намозига ҳозир бўлиб қолса, албатта, уни адо этади.

  1. Мусофирга қурбонлик вожиб бўлмайди.

Уламоларимиз сафарнинг фиқҳий ҳукмларидан ташқари бошқа одобларини ҳам санайдилар.

Имом Шофеъий назм йўли билан сафарнинг бешта фойдаси борлигини айтадилар: ғамнинг кетиши, тирикчилик қилиш, илм, одоб ва улуғлар билан суҳбат.

Мусулмон сафари давомида қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим бўлади:

  1. Яхши ният. Мусулмон тўғри ният билан сафарини ҳам ибодатга айлантиради. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Амаллар (савоби ёки гуноҳи) ниятларга қараб бўлади, деган сўзларига мувофиқдир (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
  2. Аллоҳ таоло рози бўладиган ва хуш кўрадиган ишлар учун сафар қилиш.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:

 مَا مِنْ خَارِجٍ يَخْرُجُ -يَعْنِي مِنْ بَيْتِهِ- إِلَّا بِيَدِهِ رَايَتَانِ, رَايَةٌ بِيَدِ مَلَكٍ وَرَايَةٌ بِيَدِ شَيْطَانٍ, فَإِنْ خَرَجَ لِمَا يُحِبُّ اللَّهُ -عَزَّ وَجَلَّ- اتَّبَعَهُ الْمَلَكُ بِرَايَتِهِ فَلَمْ يَزَلْ تَحْتَ رَايَةِ الْمَلَكِ حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى بَيْتِهِ, وَإِنْ خَرَجَ لِمَا يُسْخِطُ اللَّهَ اتَّبَعَهُ الشَّيْطَانُ بِرَايَتِهِ فَلَمْ يَزَلْ تَحْتَ رَايَةِ الشَّيْطَانِ حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى بَيْتِهِ

яъни:Ким уйидан чиқса унинг қўлида иккита (маънавий) байроқ бўлади. Бири фариштанинг қўлида, бири шайтоннинг қўлида. Агар Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган иш учун чиқса, фаришта ўз байроғи билан унга эргашади. У токи уйга қайтгунча фариштанинг байроғи остида бўлади. Агар Аллоҳ таолони ғазаблантирадиган иш учун чиқса, унга шайтон ўз байроғи билан эргашади. Токи уйга қайтгунича шайтоннинг байроғи остида бўлади(Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Сафарга чиқишдан аввал Аллоҳ таолога истихора қилиш (яхшилик сўраш) ва дўстлар билан маслаҳатлашиш.

Маслаҳат билан иш кўриш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир.

  1. Сафарга чиқишдан аввал қарзларни узиш ва омонатларни эгаларига қайтариш.

Қарзини қайтаришга қодир бўлмаса, қарз берган кишидан сафар учун рухсат сўрасин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларида Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳуни омонатларни эгаларига қайтариш учун Маккада қолдирдилар.

  1. Сафарга чиқаётган киши оила аҳлига васияти бўлса, қилиши зарур.
  2. Сафар учун солиҳ йўлдош танлаш.

Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ

яъни: “Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин” (Абу Довуд ривоятлари).

لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي الْوَحْدَةِ مَا أَعْلَمُ, مَا سَارَ رَاكِبٌ بِلَيْلٍ وَحْدَهُ

яъни: “Одамлар ёлғиз юриш ҳақида мен билган нарсани билганларида эди, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмаган бўларди” (Имом Бухорий ривоятлари)

  1. Сафарга етарлича тайёргарлик кўриш, кўзлаган манзилига етар даражада маблағ ҳозирлаш.
  2. Имкон борича саҳар вақти сафарга отланиш.

Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

اللَّهُمَّ بَارِكْ لِأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا

яъни:Эй, Аллоҳ! Умматимнинг саҳарига барака бергин”, деб дуо қилганлар. Бу ҳадиси шарифга амал қилган савдогар саҳобалар карвонларини саҳардан йўлга чиқаришарди. Тезда уларнинг молу мулклари кўпайиб кетди.

  1. Сафардан аввал нафл намоз ўқиш.

Ҳадисда зикр қилинишича, киши аҳлига шу икки ракат намоздан яхшироқ нарса қолдира олмайди.

     10. Сафарга чиқувчининг ҳаққига аҳли ва дўстлари дуо қилиши.

 Ўз ўрнида мусофирдан ҳам дуо сўраш мақбул. Чунки у дуоси қабул бўладиган ҳолатда бўлади.

    11. Йўлга чиққанда дуо қилиш.

Уйидан чиққанда шундай дейди:

بسم الله، توكلتُ على الله, ولا حول ولا قوة إلا بالله 

“Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳ, ва ла ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”

   12. Йўлда мусофирлар ўзларига бир раҳбар сайлаб олишлари.

Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

إِذَا كَانَ ثَلَاثَةٌ فِي سَفَرٍ فَلْيُؤَمِّرُوا أَحَدَهُم 

яъни: Уч киши сафарга чиқса, бирларини бошлиқ қилишсин”  (Имом Абу Довуд ривоятлари).

    13. Сафар давомида заиф тоифаларга риоя қилиш.

 Айниқса, жамоат жойлари ва транспорт воситалари ичида: Эшик ва деразаларни шерикларининг рухсати билан очиш, таомланмоқчи бўлса, атрофдагиларни таклиф қилиш, хос суҳбатларни баланд овозда гаплашмаслик, ёшлар иложи борича яхши жойларни кексалар, беморлар ва аёлларга бўшатиб бериш, ҳавони чекиш, ортган таом ва бадбўй ҳидли нарсалар билан ифлос қилмаслик.

    14. Сафар давомида гувоҳ бўлганларидан ибратланиш.

Аллоҳ таолонинг яратганларини тадаббур қилиш.

    15. Аёл кишилар сафарга чиқадиган бўлишса, ўзлари билан бирор маҳрамни ҳамроҳ қилишлари керак.

    16. Мусофир қайси шаҳарга борса, модомики шариатга зид келмас экан, ўша ернинг қонун-қоидалари ва урф-одатларига риоя қилиши.

Уларга зид иш қилмаслик керак бўлади.

    17. Сафар давомида шариатимиз рухсатларидан фойдаланиш.

 Чунки ҳар қандай сафар ҳам қийинчиликдан холи бўлмайди.

Демак, динимиз кўрсатмасига кўра ўрни келганда сафар қилиш ва дунёю дини учун фойда қозониш маҳбуб ишдир. Фақат сафарга чиқишдан аввал сафарнинг фиқҳий ҳукмлари ва одобларини яхши ўрганиб олишимиз зарур.

Аллоҳ таоло доимо ўзи рози бўладиган сафарлар қилишни бизга насиб қилсин! Ундаги нохушлик ва машаққатлардан ўзи паноҳ берсин! Омин!

Read 3377 times
Download attachments:
Top