Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

 

Муҳтарам жамоат! Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўнта жаннат башорат берилган буюк саҳобаларнинг бири, Хулафои рошидинларнинг иккинчиси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг энг суюкли саҳобаларидан биридирлар. У зотнинг тўлиқ исмлари Абу Ҳафс Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл Ал-Адавий Ал-Қурашийдир. Расули акрам алайҳиссалом Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни “Форуқ” – “ҳақ ила ботилни ажратувчи”, – деб айтганлар.

Умар разияллоҳу анҳу нубувватнинг бешинчи йилида ўттиз уч ёшларида мусулмон бўлганлар. Исломни қабул қилишларидан аввал Пайғамбаримиз  алайҳиссалом:

 اَللَّهُمَّ أَعِزَّ الإِسْلاَمَ بِأَحَبِّ هَذَيْنِ الرَّجُلَينِ إِلَيْكَ بِأَبِي جَهْلٍ أَوْ بِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ (رواه الإمام الترمذي)﴿

яъни: “Эй Парвардигор, мана шу икки кишидан – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобдан – қайси бири Ўзингга суюмлироқ бўлса, Исломни у билан азиз қилгин”, – деб дуо қилган эдилар (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳазрати Умар Исломга кирганларидан сўнг бутун куч-ғайратларини Ислом динига хизмат ва мусулмонларни ҳимоя қилишга сарф этдилар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Умар Исломга кирганидан бошлаб биз – мусулмонлар доим азиз бўлдик”, – деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тушимда менга бир қадаҳ сут олиб келинди. Қониб ичдим, ҳатто қонишлик тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Сўнг ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”. Саҳобалар: “Буни нимага таъвил қилдингиз, ё Расулуллоҳ?” – дейишган эди: “Илмга”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Дарҳақиқат, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан таълим олган саҳобалар ичида энг илмлиларидан эдилар. Ҳатто саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар Умар разияллоҳу анҳунинг илми тарозининг бир палласига, қолган одамларнинг илми тарозининг иккинчи палласига қўйилса, унинг илми оғир келар эди”, – деганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу тўғрисида ҳақли равишда шундай дегандилар:

 وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ ، مَا لَقِيَكَ الشَّيْطَانُ قَطُّ سَالِكًا فَجًّا إِلَّا سَلَكَ فَجًّا غَيْرَ فَجِّكَ (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)﴿

яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, шайтон бирор йўлда кетаётиб, сенга йўлиқса, сенинг йўлингдан бошқа йўлга юради” (Имом Бухорий ривоятлари).

Мўминларга бош бўлган пайтларида ҳам Ҳазрати Умар раҳбар сифатида аҳолининг таълим борасидаги ишларига катта аҳамият берар эдилар. “Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Шу билан бирга илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозеъли бўлинглар. Жабр-ситам кўрсатувчи уламо бўлмангки, жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин”, – дея насиҳат қилар эдилар. Навқирон ёшларга қарата эса: “Раҳбар бўлишдан олдин илм ўрганинглар”, – дер эдилар. 

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ўн йил мўминларнинг амири – раҳнамоси бўлдилар. У кишининг даврларида кўпгина диёрлар фатҳ қилиниб, Ислом зиёси билан бурканди. У Зотнинг ташаббуслари билан кўплаб шаҳарлар қурилди, ҳижрий тақвим асосида йил санасини ҳисоблаш жорий этилди, қозилик мансаби таъсис этилди, девон тузилиб, унинг ишини йўлга қўйилди ва тарихда биринчи марта қарияларга моддий таъминот тайинланди. Бундан ташқари жуда кўплаб оламшумул лойиҳалар инсонлар манфаати учун жорий қилинди. Милодий 20 асрнинг охирларида ғарблик мутахассислар томонидан инсоният тарихида жамиятларга энг кўп фойда келтирган шахсларнинг исм-шарифларидан тузилган рўйхатнинг тўртинчи ўрнида Умар разияллоҳу анҳунинг исмлари келтирилгани ҳам бежиз эмас.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу, мўминларнинг раҳнамоси Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг зиёратига келдилар. Салом бериб, кутиб турдилар. Халифа Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди. Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳуга: “Эй, мўъминларнинг амири! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш шамни ёқдингиз. Бунинг нима ҳикмати бор?” – дедилар. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу табассум билан: “Эй, Абдураҳмон! Ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқиш ҳалол бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман”, – дедилар.

Шунда Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳ! Умар ибн Ҳаттобни бошимиздан нари қилмагин”, – деб дуо қилдилар.

Сир эмаски, кейинги вақтларда халқнинг мулкига нисбатан беписанд бўладиган кимсалар йўқ эмас. Аслида мулк якка шахсники бўладими ёки давлат мулки бўладими ноҳақ ўзлаштириб олишлари шаръан ҳамромдир. Балки, давлат мулкида етимларнинг ҳам моли бўлиши жиҳатидан бу молларни ноҳақ ейиш дўзах ўтини қорнига солишдек экани айтиб ўтилган. Ҳар-хил ҳийлалар ишлатиб оммани мулкини ўзлаштиришга уриниш ёки ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни бировнинг ҳаққини ейиш саналади. Бундай шариатга зид ишлар Қиёмат куни катта жавобгарликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак.

Муҳтарам жамоат! Уламоларимиз Ҳазрати Умарнинг адолатларидан яна бири сифатида қуйидаги қиссани ҳам келтирадилар. Мисрда уюштирилган от пойгасида бир насроний, қибтий йигит Миср ҳокими Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ўғилларидан ўзиб кетади. Шунда Амр ибн Оснинг ўғли қибтий йигитга қараб:

– “Ҳали сен хожанинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми?!” деб, бир қамчи уради.

Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа Умар разияллоҳу анҳуга арз қилади. У Зот Амр ибн Оснинг ўзларини ҳам, ўғилларини ҳам чақиртирадилар. Улар етиб келишади. Катта мажлисда Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу:

– “Қачондан бери оналаридан ҳур туғилган одамларни қул, дейдиган бўлиб қолдинглар?”, – дейдилар.

Қибтийга қамчини бериб:

– “Бу хожанинг ўғлини яхшилаб савала”, – дейдилар.

Қулоқларига ишонмай турган Қибтий йигит волийнинг ўғлини бир қамчи уриб, қамчини халифага узатади. Аммо ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу:

– “Энди отасини ур”, – дейдилар.

Қибтийнинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб:

– “Бу сени отасига ишониб урган”, – дейдилар.

Қибтий йигит бу адолатга қойил қолиб, шу жойдаёқ калима келтириб, мусулмон бўлади ва ҳаққидан кечиб, Амр ибн Осни уришдан воз кечади.

Ҳазрати Умар унга:

– Аллоҳга қасамки, агар сен уни урганингда, ўзинг тўхтамагунингча ҳеч ким сени тўхтатмас эди, – дейдилар.

Бу билан Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу даврларида инсон қадри қай даражада аҳамиятли бўлганини билишимиз мумкин. Қибтий йигит қачондир қул бўлган эсада, аслида у ҳам инсон экани, унинг шаъни, қадр қиммати топташ мумкин эмаслигини атрофдагиларига яна бир бор кўрсатиб бердилар.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ғоятда тавозеъли, бетакаллуф киши эдилар. Бир куни одамлар маҳрнинг баҳосини орттириб юборганлигидан унга бир чегара белгиламоқчи бўлдилар. Минбарда туриб мана шу ҳақдаги гапларни айтгандилар, энг орқада турган аёллардан бири ўрнидан туриб: “Эй, мўминларнинг амири! Сиз Аллоҳ бизга ато этган ҳаққимиздан маҳрум қилмоқчимисиз?! Аллоҳ таоло:

 وَآتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنْطَارًا فَلا تَأْخُذُوا مِنْهُ شَيْئًا  (سورة النساء/20)

яъни: “Агар биронталарига тоғдек маҳр берган бўлсангиз ҳам қайтариб олманг...”, деган-ку?!” – деб танбеҳ берди. Шундан сўнг Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ўз фикрлари хато эканлигини таъкидлаб: “Аёл тўғри айтди, Умарнинг фикри нотўғри!”, – деганлар ва бояги чегара белгилаш тўғрисидаги фикрларидан воз кечганлар!

Бу воқеа мўминларнинг амири бўлган – Ҳазрати Умар ибни Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг халқ фикрини қай даражада эҳтиром этганликларини ва уларга қонун доирасида тўлиқ ҳуррият берганликларини кўрсатади. Ўз даврида фавқулодда улкан нуфузга эга бўлган Кисро ва Қайсарлар ҳокимиятини ағдарган ҳукмдор бўла туриб оддий бир аёлнинг танбеҳини тўғри қабул қилганлар. Шариат аҳкомлари олдида ўзларини оддий халқ билан баробар тутганлар.

Муҳтарам азизлар! Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу тақвода, парҳезда ва нафсини тергашда беназир инсон бўлганлар. Инсонларга хутба қилганларида кўпинча шундай деганлари ривоят қилинади:

"حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أنْ تُحَاسَبُوا، وَزِنُوهَا قَبْلَ أَنْ تُوْزَنُوا، وَتَهَيَّؤُوْا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ "يَوْمَئِذٍ تُعْرَضُونَ لاَ تَخْفَى مِنْكُمْ خَافِيَةٌ".

яъни: “(Қиёматда) ҳисоб қилинишингиздан аввал ўзингизни ҳисоб қилинглар, (амаллар) ўлчанишидан аввал уни ўзингиз ўлчанглар, амаллар намойиш қилинадиган “буюк кунга”га тайёргарлик кўринглар. “Ўша кунда сизлар (ҳисобот учун Аллоҳга) рўбарў қилинурсиз, сизларнинг бирор сирингиз махфий қолмас” (Ҳоққа сураси 18-оят).

У зотнинг Аллоҳ таолодан ғоятда хавфда бўлганлари сабабли ўзларини қаттиқ тафтиш қилар, баъзан: “Фурот дарёсига бир улоқ тушиб кетса, қиёмат куни бунинг ҳисобини Аллоҳ Умардан сўрайдими, деб қўрқаман”, – дер эдилар.

Муҳтарам жамоат! Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу имом бўлиб бомдод намозини ўқиб бераётганларида Абу Луълуа исмли мунофиқ заҳарланган ханжари билан у зотга суиқасд қилди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу жароҳатдан сўнг уч кун яшадилар.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг фоний дунё билан видолашиб, охиратга юзланаётган, жароҳат асоратидан бир ҳушёр, бир беҳуш бўлиб ётган пайтларида: “Одамлар намозни адо қилишдими?”,деб сўрардилар. Яна ҳушдан кетиб, бироздан сўнг ўзларига келсалар, яна: “Одамлар намозни адо қилишдими?” – деб сўрардилар. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ўлим олдидан намоз ҳақида сўзлаб, кўп насиҳат қилардилар. Амалдаги насиҳатлари эса жароҳатларидан қон оқиб турган бўлса ҳам намозни ўз вақтида адо қилиш билан бўлди.

Муҳтарам азизлар! Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганишда ҳаммамиз учун ибрат ва жуда кўп манфаатлар бор. Ҳар бир мусулмон киши ўзини тафтиш қилишида, охиратни ўйлаб иш кўришида шу зотга ўхшаса, ҳеч бўлмаса, ўхшашга ҳаракат қилса эди, жамият ҳам моддий, ҳам маънавий камолотга етган бўлар эди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг охирги пайғамбар ҳисобланадилар. У Зотдан кейин пайғамбар келмайди. Шундай бўлсада, Сарвари олам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг фазлларига ишора қилиб шундай деганлар:

 لَوْ كَانَ بَعْدِي نَبِيٌّ لَكَانَ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ (رواه الإمام الترمذي)﴿

яъни: “Агар мендан кейин пайғамбар бўлганида эди, Умар ибн Хаттоб бўларди” (Имом Термизий ривоятлари).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ҳижратнинг 23 йили (мелодий 644 йили) 63 ёшларида Мадинаи мунавварада вафот этдилар.

Аллоҳ таоло ушбу буюк саҳобадан рози бўлсин! Ислом Умматига қилган улкан хизматларини муносиб мукофотласин! Бизларни ҳам ушбу зотларнинг ҳаётларини ўрганиб, фарзандларимизга ўргатишимизни, қўлимиздан келганича билганларимизга амал қилишимизни насиб этсин! Қиёматда Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳудек саҳобалар билан бирга бўлиш бахтини ҳаммамизга насиб айласин! Омин!

 

 

Read 3980 times
Top