Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга  йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ  وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ  لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ  تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ  سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

 (سورة القدر/1-5)

яъни: “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: “Бу сизнинг умматингиз ажабланган нарсадан афзалдир”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва атрофларидаги саҳобаи киромлар жуда хурсанд бўлдилар.

Демак, Қадр кечаси учун алоҳида бир тўлиқ сурани нозил бўлиши – бу кечанинг нақадар улуғ эканига далолат қилади. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:

"لِلَّهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ, مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ"

(رواه الإمام أحمد عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким уннинг яхшилигидан маҳрум бўлса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўтказкан киши 83 йилу тўрт ой тўхтовсиз ибодат қилганни савобини олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар:

"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ"

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари).

Азизлар! Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Сабаби, бандалар Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида имкон қадар кечаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруълар билан ўтказиб, дунё ва охиратларига тегишли барча нарсаларни бундай дуолар ижобат бўладиган кунларда сўраб олсинлар.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Лайлатул қадрни қайси кеча эканини сўраганларида Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

"تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ"

(رَوَاهُ الشَّيْخَانِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا)

яъни: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларидан изланглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Қадр кечаси ҳақидаги далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси (йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечаси)ни Қадр кечаси эканига баъзи ишоралар борлигини баён қилганлар. Шунингдек, Қадр сурасининг тафсирида ҳам қадрнинг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишоралар борлигини айтганлар. Масалан, Қадр сурасида “Лайлатул Қадр” калимаси уч бора қайтарилган. Аслида араб тили фасоҳати қоидасига кўра бундай вазиятда замирлар (олмошлар) ишлатилиши керак эди. Лекин Қуръони карим биз билган ҳар қандай нисбий  қонуниятлардан устун туради. Буни билган уламолар айнан ушбу “Лайлатул Қадр” калимасининг уч марта қайтарилиши бежиз эмас, дейишиб, ундан айрим ишораларни чиқариб олдилар: Араб ёзувида “Лайлатул Қадр” калимаси тўққиз ҳарфдан иборат. Унинг уч марта қайтарилиши эса бу ҳарфларнинг йиғиндиси йигирма еттига тенг эканини билдиради. Бу билан Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканига ишора бўлмоқда, дейдилар.

Яна бундан ташқари ушбу сура ўттизта калимадан ташкил топган. Бу калималарнинг йигирма еттинчиси “هِيَ ” яъни “У” олмошидир. Ушбу олмошдан “Лайлатул Қадр” ирода қилинган. Демак, бу ўринда ҳам Қадр кечасининг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишора бор дейилган.

Шундай экан, мусулмон киши рамазон ойининг охирги ўн кунида жидди-жаҳд билан ибодат қилиши, хусусан 27 кечада эса бошқа кунга нисбатан янада шижоат ила ибодатга берилмоғи керак бўлади. Шояд, Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ила минг ойдан яхшироқ бўлган кечани топишга барчамизни муваффақ қилса!

Ойша разияллоҳу анҳо онамиз “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي"

(رواه الامَامُ الترمذى عن عائشةَ رضِيَ اللهُ عنها)

яъни: “Сиз: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, яъни, “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин” деб айтинг”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, бу кечада рўзадор бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам савобли ишларга чорлаши мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак.

Қадр кечасини нафл ва қазо намозлар, зикру тасбиҳлар, Қуръон тиловати, китобхонликлар каби савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб ибодатимиз сўнгида Аллоҳ таолога дуо-тазаррулар қилиб, Рамазон ойидан гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишимиз ва барча эзгу мақсадларимизга эришишимиз каби ҳожатларимиз ҳамда Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, ҳар хил бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашини Аллоҳдан сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 Шуни таъкидлаш керакки, Қадр кечасини исрофгарчилик ва маишатпарастлик ҳамда ва турли фойдасиз ишлар билан ўтказмаслик лозим.

Муҳтарам азизлар! Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ 

(رواه الإمام الطبراني)

яъни: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди) (Имом Табароний ривояти).

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.

Азизлар! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:

 “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “...Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш – суннатга хилофдир.

Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.

Саф борасида яна бир қанча ҳолатлар борки имомга иқтидо қилишдан тўсади:

  1. Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида арава (машина) ўтадиган умумий йўл бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи саф бўлмаса, йўлнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси дуруст эмас, натижада намози ҳам бекор бўлади.
  2. Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида қайиқ ўта оладиган ариқ бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат кўприк устидаги саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи кўприк орқали боғловчи саф бўлмаса, ариқнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси ва намози дуруст эмас.
  3. Очиқ жойларда, жумладан, масжид ҳовлисидан ташқаридаги сафлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда бўш жой бўлиши; Яъни, масжиднинг ҳовлиси (дарвозаси)дан ташқарида туриб иқтидо қилувчилар билан масжид ҳовлисида иқтидо қилганлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда узилиш пайдо бўлса, масжиддан ташқарида турувчиларнинг иқтидоси ва намози дуруст бўлмайди.

Рамазон кунларида ва жума намозларида юқорида саналган баъзи иқтидога халал берувчи ҳолатлар кўзга ташланади. Масалан, таровеҳ намозларида масжид ҳовлисидан ташқарида иқтидо қилувчиларнинг сафлари масжид ҳовлисидаги сафлардан узилиб қолади. Иқтидо дуруст бўлиши учун ана ўша сафлар уланиши керак.

Кунлар тобора исиган сари жума куни намозхонлар масжид ҳовлисидан ташқарида соя-салқинларда намозни адо қилишни хоҳлашади. Лекин юқорида айтилгани каби масжиднинг ҳовлисидан ташқаридаги сафлар ичкаридаги сафларга уланмаса, иқтидо дуруст эмас. Ҳеч бўлмаганда жуманинг фарзида (Бу озгина вақтни олади) соя салқинда ўтирганлар келиб масжид ҳовлисидаги ёки энг охирги сафларга қўшилишлари шарт. Суннатларни яна салқин жойларда ўқишлари жоиз. 

Аллоҳ таоло барчамизга муборак Рамазон ойининг қадрига етиш, Қадр кечаларини топиш ва дуоларимизни ижобат айлаш бахтини насиб айласин! Омин!

            

 

Read 4421 times
Download attachments:
Top