Жума мавъизалари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига ато этган чексиз фазлу марҳаматларидан бири шуки, йилнинг маълум ой ва кунларини тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти қилиб берди. Ана шундай фазилатларга бой, унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойлардан бири Зулҳижжа ойи, хусусан, унинг аввалги ўн кунидир. Маълумки, Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ саналади. 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

 

(وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ  (سورة الحج/28

 

яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганлар. Бу кунларда қурбонлик қилишни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар. Шунингдек, Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбири ташриқни айта бошлайдилар. Шунингдек, Қуръони каримда келган:

(وَلَيَالٍ عَشْرٍ (سورة الفجر/2

яъни: “Қасамёд этаман “Ўн кеча” билан” (Фажр сураси, 2-оят)ининг жумласини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид رضي الله عنه лар “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганликлари ворид бўлган.

Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ 

(رواه أبو بكر بن أبي شَيْبَة ، و عبد بن حميد وأبو يعلى، والبيهقي في الشعب بسند صحيح)

яъни: Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).

Муҳтарам азизлар! Дарҳақиқат, бу кунларда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш имконияти мавжуд. Шунинг учун бундай фазилатли кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганча тоату ибодат, зикру тасбиҳ ва хайру саховат қилиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

 

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنفِقُوا مِمَّا رَ‌زَقْنَاكُم مِّن قَبْلِ أَن يَأْتِيَ يَوْمٌ لَّا بَيْعٌ فِيهِ وَلَا خُلَّةٌ وَلَا شَفَاعَةٌ  وَالْكَافِرُ‌ونَ هُمُ الظَّالِمُونَ  (سورة البقرة/254

 

яъни: “Эй, имон келтирганлар! На савдо-сотиқ, на ошна-оғайничилик ва на шафоат (қилиш) бўлмайдиган кун (қиёмат) келишидан олдин сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан (шу дунёда) эҳсон қилингиз! Кофирлар эса, улар (ўзларига) жабр қилувчилардир” (Бақара сураси, 254-оят).

Шундай улуғ кунларда, айниқса, ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйларидаги норасида гўдаклар, ногиронлар шифохонасидаги ёрдамга муҳтож кишилар, ҳатто, руҳий хаста одамларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам айни савобдир. Бундай ишларни қилган киши савоб топишдан ташқари, ўзининг ҳолатига шукрона қилишга ҳам ўрганади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ дан шундай ҳадиси шариф ворид бўлган:

 

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ  فَهُوَ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اَللَّهِ عَلَيْكُمْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг маъноси шуки, агар инсон бемор бўлса, ҳаётда ундан ҳам оғирроқ хаста кимсалар бор эканлигини мулоҳаза қилиши лозим. Агар фақир бўлса, ундан ҳам камбағалроқ кишилар ҳам бор эканлиги ҳақида фикр юритиши керак. Агар бошига бирор ташвиш тушган бўлса, одамлар орасида ундан ҳам нотинчроқ кимсалар борлиги ҳақида ўйлаши керак. Шунда у ўзининг ҳолатига шукр қилади ва унинг қадрига етишга ҳаракат қилади.

Азизлар! Бу улуғ кунларда қилинган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Хусусан, нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(قال النبي صلى الله عليه و سلم: "صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ" (رواه الامام مسلم

яъни: Пайғамбаримиз ﷺ: “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар учун хурсандчилик кунлари бирин-кетин уланиб келади. Айниқса, Ўзбекистон аҳли учун ҳам ҳайит, ҳам мустақиллик байрами қўшалоқ келмоқда. Шундай экан, ушбу фазилатли кунларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, авваламбор, ота-онага меҳр-оқибатли бўлишда, қавм-қариндошларга хайр-саховат қилишда, бемор ва муҳтожларни зиёрат этишда ҳамда гина-қудратларни унутишда ибрат бўлмоғимиз керак.

 

Муҳтарам жамоат! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда махсига масҳ тортишга оид ҳукмлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Махсига масҳ тортиш тартиби:

  • махси таҳоратли бўлиб туриб кийилган бўлиши;
  • муқим киши махсига бир кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз;
  • мусофир эса уч кеча-кундуз махсига масҳ тортиши жоиз;
  • масҳ тортиш муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади;
  • махси устига бармоқлари билан чизиқ тортилади;
  • оёқларнинг бармоқлари учидан бошлаб тўпиққа қараб тортилади;
  • қўлнинг учта бармоғи билан масҳ тортиш фарздир;

 

Масҳ тортиш жоиз бўлмаган ҳолат ва уни бузувчи амаллар:

  • оёқларнинг учта бармоғи сиғадиган даражада тешилган махсига масҳ тортиш жоиз эмас;
  • ғусл вожиб бўлган кишига масҳ тортиш жоиз эмас;
  • таҳоратни бузувчи амалларнинг барчаси масҳни ҳам бузади;
  • махсиларни ечиш масҳни бузади;
  • масҳ тортиш муддатининг ўтиши ҳам бузади;
  • таҳоратли киши масҳ вақти тугаб махсини ечса фақат оёқларини ювади, лекин таҳоратнинг бошқа амалларини қайтармайди.

 

Аллоҳ таоло бу кунларни барчамизга хайру баракали, элимиз ва халқимиз учун тинчлик-омонлик кунлари қилсин! Кўп йиллар мана шундай улуғ айёмларга соғу саломатликда етмоғлигимизни насибу рўзи айласин! Омин!

25 август 2017 йил 35-сон тезисига

 

ИЛОВА

 

Муҳтарам имом-домла! Жорий 2017 йил Қурбон ҳайитининг биринчи куни  1 сентябрь (зулҳижжа ойининг 10 куни) жума куни эканлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3241-сон қарори эълон қилинди. Шу муносабат билан Қурбон ҳайитининг куни ва вақти тўғрисида жамоатга эълон қилишингиз сўралади.

Шунга кўра, 2017 йил 1 сентябрь жума куни Қурбон ҳайити намози Тошкент вақти билан 6:05 да, жойларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб, қуёш чиққандан сўнг 15 дақиқадан кейин ўқилади.

 

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин!

 

Тошкентдан бошқа шаҳарларда қуёшнинг чиқиш ва ботиш вақтларидаги фарқлар (дақиқа ҳисобида)

Қурбон ҳайити намози 1 сентябрь куни Тошкент вақти билан 06:05 да ўқилади

Шаҳарлар

Тошкентдан олдин

Шаҳарлар

Тошкентдан кейин

Қўқон

-7 = 05:58

Бекобод

+ 4 = 06:09

Наманган

-10 = 05:55

Жиззах

+ 6 = 06:11

Фарғона

- 10 = 05:55

Гулистон

+ 7 = 06:12

Андижон

- 11= 05:54

Денов

+ 7 = 06:12

 

 

Жомбой

+ 7 = 06:12

 

 

Самарқанд

+ 9 = 06:14

 

 

Шаҳрисабз

+10 = 06:15

 

 

Қарши

+12 = 06:17

 

 

Каттақўрғон

+12 = 06:17

 

 

Нурота

+14 = 06:19

 

 

Навоий

+19 = 06:24

 

 

Бухоро

+21 = 06:26

 

 

Хива

+35 = 06:45

 

 

Нукус

+ 42 = 06:47

 

Read 6658 times
Download attachments:
Top