Рамазон-2018

Раҳмат ва мағфират ойи

Рамазон рўзаси бандани ўз нафсини бошқара олиш, сабр-қаноатли бўлиш, алалоқибат  тақводор бўлишига хизмат қилади.

У Исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда “...сизларга ҳам саноқли  кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “...сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” (Бақара, 183-184) каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган. Диннинг устуни намоз, жамиятнинг таянчи закот, руҳники эса рўзадир. Шу сабаб Рамазон рўзаси, унинг фазилатлари ҳақида жуда кўп ўринларда таъкидлаб ўтилган. Уларда хабар берилганидек,  Рамазон раҳмат ва мағфират ойи. Чунки рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру-мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншоаллоҳ!

 

Бу ойда ер шарининг турли бурчагидаги мусулмонлар муштарак туйғу, бир орзу билан бирлашадилар. Аллоҳнинг раҳматига эришиш, мағфиратидан насиба олиш илинжида очликка, чанқоққа чидайдилар, жамоат бўлиб Аллоҳга таслим бўладилар. Унга бўлган муҳаббатлари сабаб  сабрнинг, тақвонинг энг гўзал намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари кенг очилади. Мўмин-мусулмонлар шу ой давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар...

 

Рўза ибодати динимизнинг бошқа аҳкомлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровеҳ намозлари ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, улар ўртасидаги меҳр оқибат, дину-диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.

 

Инсонлар йил мобайнида нафснинг иштиёқларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури имони анча хиралашиб қолади. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз васиятларида: “Тез-тез уламо ва фузалоларнинг илмий суҳбатларини топиб туринглар. Гоҳ-гоҳида Қуръон оятларининг тиловати ёки уларни қулоқ солиб тинглаш билан машғул бўлинглар. Шундай қилсангиз, занглаб қолган дилларингиз сайқалланиб, нури зиёда бўлиб туради”, деб марҳамат қилганлар. Рамазон ойи ҳам дилларимизда йиғилиб қолган ана шундай йиллик ғуборларни тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат фурсатдир. Бинобарин, масжидларда жорий этилган хатми Қуръонлар, таровеҳ намозлари бизга ана шундай имкониятни беради.

 

Мусулмон киши рўза тутаркан, руҳан покланади. Ақлни нафсдан ғолиб бўлишга ўргатади. Ўзини турли шаҳватлардан тияди.  Шу асосда қалбида бева-бечора, оч-наҳорларга нисбатан меҳр пайдо бўлади.  Бу жамланган хусусиятлар сабаб ҳам рўзадорга қиёмат кунида улуғ ажру савоблар ваъда қилинади.  

 

Ҳазрати Умома (розияллоҳу анҳу):

 

       Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), менга бир вазифа буюринг, – дебди.

 

       Рўза тутишда давом этинг, шубҳасиз, унинг савобининг тенги йўқдир, –  деб марҳамат қилганлар.

 

Савол уч бор сўралганида ҳам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввалги жавобни қайтарганлар.

 

Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:

 

1.                                  Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.

 

2.                                  Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.

 

3.                                  Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнатини оширади.

 

4.                                  Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.

 

5.                                  Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.

 

Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.

 

Рўза Аллоҳ учундир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган бир ҳадиси қудсийда: “Инсонийларнинг қилган барча амаллари ўзлари учун, фақатгина рўза мен учундир (менга оиддир). Рўзанинг мукофотини мен бераман. Рўза бир қалқондир, шунинг учун рўза тутган кунингизда рафас, яъни, жимоъ ҳақида фаҳш сўзларни сўзламангки, балки, жимоъга сабаб бўлар... Ҳеч қачон  бақириб чақирманг, хусуматлашманг ва тортишманг. Агар бошқа бир киши сизни уриб-сўкишга, сиз билан жанжаллашишга мойил бўлса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” денг”, дея марҳамат қилинади. Урушиш, ёмон сўзлар айтиш эса инсонни у кутаётган, умид қилаётган савоблардан маҳрум қилади.

 

         Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннатнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Бу ойда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Аллоҳ таоло бу ой орасида бир кечани нозил қилган бўлиб, у кеча минг кечадан яхшироқдир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (кўп файзлардан маҳрум бўлибди”.

 

         Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Жаннатда алоҳида бир эшик бўлиб, у Раййон (чанқоқлик йўқ) дейилади. Қиёмат куни бу эшикдан фақат рўза тутган кишиларгина кирадилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, бу ойда гуноҳлардан покланиб, қалб кўзимиз очилишини насиб айласин. Азизлар, келинг, бу ойда, дуолар мустажоб бўладиган ифтор чоғидаги дуоларимизда юртимизнинг тинчлиги, равнақи ва фаровонлигини сўрайлик! Негаки, тинчлик бўлмаса, ҳаётда ҳам, ибодатда ҳам ҳаловат бўлмайди. Аллоҳ таолога барчамизга бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳра олишни насиби рўз айласин!

 

 

Ўткир ҒУЗОРОВ

 

 

Read 50657 times
Top