www.muslimuz

www.muslimuz

Янги Ўзбекистонда илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимизни давлатимизнинг юксак унвон, медаль хамда орденлари билан мукофотлаш анъанасига катта эътибор қилинмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинган эди. Мазкур фармонга мувофиқ, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилган. 2021 йил 26 апрель куни матбуотда ушбу мукофот билан тақдирланганлар рўйхати эълон қилинди.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори, давлат ва жамоат арбоби, моҳир таржимон Шоазим Миноваров, директор ўринбосари, фазилатли Шайх Абдулазиз Мансур ва бўлим бошлиғи, оташқалб шоир Мирзо Кенжабек биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари ушбу юксак мукофот билан тақдирланганларни самимий муборакбод этадилар.

Мазкур фидоий ва жонкуяр инсонларга Аллоҳ таборака ва таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз, мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва оилавий бахт ёр бўлишини сўраймиз!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Башарият тарихидан маълумки, инсон ўзининг ҳалол меҳнати билан обрў-эътиборга, улуғлик мартабасига эришади. Халқимизнинг “Меҳнат инсонни улуғлайди” иборасига ҳамоҳанг бу ҳикматли сўзларнинг амалий тасдиғи Янги Ўзбекистонда янада яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз равнақи, элимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган кўплаб юртдошларимиз давлатимизнинг юксак унвон, медаль ҳамда орденлари билан мукофотлангани ҳам шундан далолат беради.

Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинган эди. Мазкур фармонга мувофиқ, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилган эди. 2021 йил 26 апрель куни матбуотда ушбу мукофот билан тақдирланганлар рўйхати эълон қилинди.
Мукофотланганлар орасида:

- Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари биринчи даражали;

- Тошкент шаҳридаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди имом-хатиби Абдулхамид домла Турсунов, Тошкент вилоятидаги “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имоми Яҳё қори Турдиев, Бухоро вилоятидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов иккинчи даражали;

- Самарқанд вилояти Ургут тумани бош имом-хатиби Шоди домла Ҳақбердиев учинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби бўлдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари ушбу юксак мукофот билан аввало, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини, таниқли уламоларимизни самимий муборакбод этадилар.

Мазкур фазилатли уламолармизга Аллоҳ таборака ва таолодан дин, халқ ва Ватан йўлидаги хизматларида улкан муваффақиятлар бардавом бўлишини тилаймиз, мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва оилавий бахт ёр бўлишини сўраймиз!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Вівторок, 27 апрель 2021 00:00

"ИСЛОМИЙ МОТИВАЦИЯ" ЛОЙИҲАСИ

Бир амалга 700 даража мукофот!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» ижодкорлари «Исломий мотивация» номли янги лойиҳани тақдим этади.

Тошкент шаҳридаги "Дорул омон" жоме масжиди имом-хатиби Абдулхамид домла Жуманов томонидан динимиздаги амалларнинг фазилатлари, уларга бериладиган ажр-савоблар миқдори, дунё ва охиратда эришиладиган даражалар ҳақида сўз юритилади.

Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани муваффақиятли этсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

ТЎРТИНЧИ ФАСЛ

АЛИЙ ИБН АБУ ТОЛИБ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

(халифалик даври: ҳижрий 35 йил зулҳижжа ойидан 40 йил 21 Рамазонгача; милодий 656-661 йиллар)

Ҳазрати Алийнинг ҳаётлари ва Исломга киришлари

Насаблари: Алий ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай.

У кишининг оналари: Фотима бинт Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай розияллоҳу анҳо.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу таваллуд топган йиллари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз ёшга кирган эдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғиллари, қизлари Фотиманинг умр йўлдошлари ва жаннат башорати берилган ўн кишининг бири эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ёшликларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида тарбия топдилар. Ўн ёшларйда мусулмон бўлдилар. У киши ёш болалардан биринчи Исломга кирган зотдирлар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлари асосида ўсиб-улғайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари даврида ўлимдан қўрқмасдан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига кириб, тўшакларида ётдилар. Шу билан бирга, у киши Исломда биринчи фидойи инсон сифатида, Аллоҳ йўлида ўзини фидо қилишга тайёр шахс сифатида танилдилар.

Вақт етиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган омонатларни олиб, ҳаммасини эгаларига топшириб, кейин Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу барча жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қатнашган энг катта қаҳрамонлардан бири эдилар. У кишининг шижоатлари зарбулмасал бўлиб кетган.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу фасоҳатда ниҳоятда юқори нуқтада, илмда етук олим эдилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақида жуда кўп ҳадислар келган.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишидан рози ҳолда вафот этдилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳар доим у киши билан бирга бўлдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир ишда у киши билан маслаҳатлашар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу пичоқланганларидан кейин ўзлари айтган олти кишилик маслаҳат кенгашининг ичида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Улар Умар розияллоҳу анҳудан кейин мусулмонларга ким халифа бўлишини хал қилишлари керак эди. Шунда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа этиб сайландилар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса у кишининг ёнларида давлат ишларини юритишда ёрдамчи бўлдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қамал қилинганларида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари у кишининг мудофаачиларидан бўлишди.

Халифаликлари

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.

Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.

Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.

Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳута халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг сиёсатлари

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:

- Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:

Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;

Умора ибн Шиҳобни Куфага;

Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;

Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;

Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...

Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.

- Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.

У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.

  1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
  2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.

Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.

Басрадаги туя жанги

(ҳижрий 36; милодий 656)

Муовия ибн Абу Суфён Шомнинг волийси ўлароқ ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилмади. У киши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўчи олинишини талаб қилар эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу эса вазият барқарор бўлмагани учун ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўчини олишни орқага сурган эдилар. Шундай қилиб Шом вилояти ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга итоат қилмасликни маъқул кўрди ва Муовия розияллоҳу анҳу у ерда мустақил бўлиб олди.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Шомга бориб, тушунмовчиликни ўз ўрнида ҳал қилишга тайёргарлик кўриб турганларида кутилмаган бошқа хабар келиб қолди. Унда айтилишича, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум бошлиқ кўпчилик маккаликлар Басрага қараб кетишаётган эди.

Бу хабар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни аввалгисидан ҳам қаттиқроқ ташвишга солди. У киши Шомни қўйиб, ушбу гуруҳга ҳақиқатни тушунтириш лозимлигини англаб етдилар ва улар томон юришга қарор қилдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва бир жамоа саҳобалар билан Маккадан Басрага бориб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдиришда иштирок этганларни қатл қилдирдилар. Бошқа шаҳарларга ҳам худди шундай қилишлари ҳақида мактуб юбордилар. Шунда ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Шомга юришни тўхтатиб, Басра томон юришга мажбур бўлдилар. Оиша онамизга ва у киши билан бўлганларга қилаётган ишларининг оқибати яхши бўлмаслигини баён қилиб одам юбордилар, шошилиш яхши эмаслигини айтдилар. Улар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг сўзидан қаноат ҳосил қилдилар ва сулҳ тузиш ниятида у кишининг лашкаргоҳи томон юрдилар.

Сулҳ ҳақидаги хабарни эшитган фитначилар талвасага тушиб қолишди. Улар сулҳ тузилиши ўзларининг адолатли жазога тортилишларини яқинлаштиришини яхши билишарди.

Фитначиларнинг бошлиқлари зудлик билан тўпланишди. Уларнинг ичида Аштар Нахаъий, Шурайҳ ибн Авфо, Солим ибн Саълаба, Ғулом ибн Ҳайсам ва бошқалар бор эди. Албатта, яҳудий фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ уларга бош-қош эди. Уларнинг ичида саҳобалардан бирор киши йўқлиги алоҳида диққатга сазовор эди. Бу фитнанинг табиатини ва қаердан, кимдан келиб чиққанини кўрсатарди.

Фитначилар нима қилиб бўлса ҳам тун қоронғисида орада уруш қўзғашга келишиб олишган эди. Тонг отмай туриб, ададлари икки минг атрофида бўлган фитначилар сулҳ тузиш орзусида ухлаб ётган кишилар устига бирдан ҳужум бошлашди.

Икки тараф жанг қилди. Алий розияллоҳу анҳу урушни тўхтатишнинг имконини тополмадилар. У кишини оғир юк босди.

Жанг жуда ҳам қизиб кетди. Бу асосан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳавдажлари юкланган туянинг атрофида бўлди. Шунинг учун бу жанг «Туя жанги» деган номни олди. Жангда Басра лашкари мағлуб бўлди. Алий розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳурматларини жойига қўйиб, Маккага қайтариб юбордилар. Бу мусулмонларнинг биринчи марта иккига бўлиниб қилган жанглари эди.

Жангда мусулмонлардан жуда кўп одамлар вафот этди. Шундан сўнг Басрада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилинди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу Шом томонга юришни давом эттирдилар.

Шомнинг шарқий тарафидаги Сиффин жанги

(ҳижрий 37; милодий 657)

Сиффин жанги ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўртасида бўлди. Бу икки саҳоба орасидаги элчиларнинг бориб-келишлари натижа бермади. Икки тарафнинг лашкари Фурот дарёси бўйидаги Сиффин пасттекислигида тўқнашди. Орада жанг бошланди. Икки тарафдан ҳам жуда кўп одамлар ўлдирилди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг лашкарлари ғалабага эришишига озгина қолганда, Шом аҳллари найзаларнинг учига мусҳафларни боғлаб, баланд кўтардилар. Улар Аллоҳ таолонинг Китобини ҳакам қилишни талаб этдилар. Буни Муовия лашкарининг қўмондони Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўйлаб топган эди. Бу билан у урушни тўхтатишни хоҳлаган эди. Шундай бўлди ҳам. Уруш тўхтади. Икки тараф ҳакамлари учрашдилар, лекин келишувга эришилмади. Ҳакамлик шартномаси ёзилди. Лашкарлар келган жойларига қайтдилар.

Нахравон жанги

Хорижийлар (ҳижрий 38; милодий 658)

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан кейинчалик хорижийлар (хавориж) деб номланган алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хорижий» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар Алий ҳакамликни (Аллоҳнинг ҳукми ўрнига банданинг ҳакамлигини) қабул қилгани учун у зотни кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Уларга ҳазрати Алийнинг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга хорижийларнинг ўзлари мажбурлашган эди. Энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошлашди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта лашкар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида, орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хорижийлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл уришганди. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, мусулмонларнинг қонларини ноҳақ тўкиш, йўлтўсарлик қилишга қўл уришаётган эди. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳумо ва у кишининг ҳомиладор аёли ҳам бор эди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Бориб уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо хорижийларга бу нарсалар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошлашди.

Хорижийлар биринчи бўлиб уруш бошлашди. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлди, холос.

Хорижийлардан жуда камчилик одам қутулиб қолди. Ушбу жангнинг натижалари жуда ҳам хатарли бўлди. Ўлмай қолган оз сонли хорижийлар ҳар тарафга тарқалиб кетишди: улардан иккитаси Умонга, иккитаси Кирмонга, иккитаси Сижистонга, иккитаси Арабистон яриморолига ва биттаси Яманга қочиб кетди. Улар борган жойларида ўз жамоаларини туза бошлашди.

Мисрдаги қўзғалон

Юқорида бўлиб ўтган ишлар Шом аҳлига шижоат бағишлади. Улар байъат қилмасликда яна ҳам бардавом бўлдилар ва ўз ишларини кенгайтирдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрди ва у ерни эгаллаб олди. Ҳижрий 38 (милодий 658) йилдан бошлаб ўша ерда ўз ҳукмини ўрнатди. Шу тариқа Муовиянинг ҳукмронлиги кенгая бошлади. Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварани, Маккани, Яманни ҳам эгаллаб олди. Лекин ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари у жойларни қайтариб олишди. Шу орада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилдилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бомдод намозига чиқаётганларида, хорижийлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжам Муродий деган одам у кишини заҳарланган қилич билан жароҳатлади. Бу мудҳиш ҳодиса ҳижрий 40 йил Рамазон ойининг ўн саккизинчи кунида (милодий 660 йилда) содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уч кундан кейин вафот этдилар. У зотнинг халифаликлари тўрт йилу тўққиз ой давом этди.

Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин одамлар у кишининг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилишди. У киши 6 ой давомида халифалик қилдилар. Ана шу олти ой мобайнида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз асҳобларининг нотавонликларини, умматни бирлаштириш зарурлигини сездилар ва сулҳни афзал кўрдилар. Халифаликдан воз кечиб, Муовияга «Сиз халифа бўлаверинг» деган маънода гап айтдилар. Бу воқеа ҳижрий 40 йил рабиъул аввал ойида (милодий 661 йилда) бўлиб ўтди. Ислом уммати бир халифа раҳбарлиги остида қайта бирлашган ушбу йил «Жамоат йили» деган номни олди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари билан рошид халифалик ҳам барҳам топган, энди Аллоҳ таолонинг йўлида тўлиқ юриш ҳам ниҳоясига етган эди.

Мана шу ердан аста-секин нотўғри ҳолатга бурилиш бошланди.

Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар:

  • ҳижрий 11 йилда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.
  • ҳижрий 12 йилда Ридда урушлари бўлди.
  • ҳижрий 13 йилда Ярмук жанги бўлди.
  • жумодул охир ойида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар.
  • ҳижрий 14 йилда Дамашқ фатҳ бўлди.
  • ҳижрий 15 йилда Қодисия жанги бўлди.
  • ҳижрий 16-19 йилларда Форс ерлари фатҳ қилинди.
  • ҳижрий 20 йилда Миср фатҳ қилинди.
  • ҳижрий 21 йилда Наҳованд жанги бўлди.
  • ҳижрий 22-23 йилларда Хуросон фатҳ қилинди.
  • зулҳижжа ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.
  • ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.
  • ҳижрий 27 йилда Тароблус фатҳ қилинди.
  • ҳижрий 28 йилда Кипр фатҳ қилинди.
  • ҳижрий 31 йилда Зотус-саворий жанги бўлиб ўтди.
  • ҳижрий 32 йилда Хуросон қайта фатҳ қилинди.
  • ҳижрий 36 йил зулҳижжа ойида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шахид бўлдилар.
  • ҳазрати Алий ибн Абу Толиб халифа бўлдилар.
  • туя жанги бўлди.
  • ҳижрий 37 йилда Сиффин жанги бўлиб, ҳакамлик ишга тушди.
  • ҳижрий 38 йилда Наҳравон жанги бўлди.
  • ҳижрий 40 йил Рамазон ойида Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.
  • Шу билан рошид халифалик даври ниҳоясига етди.

 

ХУЛОСА

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Уша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, модларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодиеаси»да, Сиффинда бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «Ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди?» каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз ran ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди. Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Уша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илохдик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган. Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят мусулмонлар жумҳури – Аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача ran бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган сахиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажақда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар. Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдатут-Таҳовия»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен шафқатлисан, раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

 

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Рошид халифалар – Абу Бакр Сиддиқ, Умар Форуқ, Усмон Зуннурайн ва Алий Муртазо розияллоҳу анҳумнинг даврларида Ислом тамаддуни ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Кўпчилик бу қаторга имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг олти ойлик халифалик даврларини ҳам қўшадилар. Бошқача қилиб айтганда, ҳижрий 40 йилда мусулмонлар тамаддуни ўзининг энг олий нуқтасини забт этган. Ушбу гапни деярли барча мусулмон уламолар тасдиқлайдилар.

Шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳ рошид халифалар даври ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Ислом жамиятига – ва билвосита оламга – йўлбошчилик қилиш иймон, эътиқод, амал, ахлоқ, тарбия, тартиб, нафс поклиги, ҳаёт тарзининг юксаклиги, комиллик ва мўътадиллик жиҳатидан ҳар бирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак «мўъжиза»лари бўлган шахсларнинг қўлларида турган эди. Уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шакллантирган ва Исломнинг қолипига солиб қўйган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг жисмлари, кўнгил истаклари, ҳаракатлари, рағбатлари ва ҳою ҳаваслари мутлақо ўзлариникига ўхшамайдиган бўлиб қолганди. Агар бирорта одам диққат билан назар солганида ҳам, уларнинг сийратлари ва ахлоқлари орасида Исломнинг руҳиятига ҳамда исломий ҳаётга зид келадиган ҳеч бир камчиликни кўрмаган бўлар эди. Фаразан, Ислом башар тимсолида намоён бўлганида, уларнинг бирорталари каби бўлишдан нарига ўтмаган бўларди. Улар юқорида айтиб ўтганимиздек, дин ва дунёнинг ҳамда у иккисининг ўртасини жамлашнинг мукаммал тимсоллари ва етук намуналари эдилар. Шу сабабли улар одамлар билан намоз ўқийдиган имомлар, уларнинг муаммоларини ечиб берадиган, уларнинг ўрталарида адолат ва илм билан ҳукм чиқарадиган қозилар, мусулмонларнинг моллари ва хазиналари учун ишончли кишилар, мамлакатнинг ишларини назорат қиладиган ва Аллоҳнинг ҳадларини қоим қиладиган шахслар бўлганлар. Уларнинг бирлари бир пайтнинг ўзида тақводор зоҳид ва қаҳрамон жангчи, тушунчаси ўткир қози, мужтаҳид фақиҳ, тадбиркор амир, уста сиёсатдон эди. Битта шахсда ҳам дину диёнат, ҳам сиёсат ўз ифодасини топар эди. У ҳам бўлса халифа ва мўшшларнинг амири бўлиб, унинг атрофида, агар таъбир жоиз бўлса, ана шу мактаб – Пайғамбар мактабининг ёки Масжиди Набийнинг битирувчилари бор эди. Улар бир тану бир жон, битта тарбияни олган одамлар бўлиб, халифа уларнинг фикрлари билан ҳисоблашар, улар билан маслаҳатлашар, муҳим саналган ҳеч бир ишни уларнинг иштирокисиз ҳал қилмас эди. Ҳатто улардаги руҳият маданиятга, ҳукуматдаги тузумга, одамларнинг ҳаёти, жамияти ва ахлоқларига сингиб кетган эди. Шунинг учун руҳ билан модда ўртасида адоват, дин билан сиёсат ўртасида кураш, дин билан дунё ўртасида тафовут, принциплар билан манфаатлар ўртасида тортишув, ғаразлар билан ахлоқлар орасида чиқишмовчилик, табақалар орасида ўзаро қирғинбаротлар ва шаҳватлар йўлида мусобақалашишлар йўқ эди».

Шунинг учун ҳам улар «Рошид халифалар» – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғри йўлдаги ўринбосарлари деб номланганлар. Уларнинг ҳар бирлари ер юзида икки оёғи билан юрадиган Қуръон бўлганлар. Уларнинг ҳар бирлари мусулмон умматига жонли ибрат эдилар. Рошид халифаларнинг асосий қилган ишлари – ихлос билан инсо-ниятнинг инсонийлигини рўёбга чиқариш бўлган. Уларда инсониятга етакчилик қилиш шартлари мужассам бўлган.

Рошид халифалар давридаги тараққиётнинг бош омиллари рўйхати қуйидагича:

- Иймонда содиқлик.

  • Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарани жиддият билан тутиш ва уларга ихлос билан амал қилиш.
  • Аллоҳ таолонинг йўлида содиқлик ва ихлос билан ҳаракат қилиш.
  • Уммат маъносини ҳақиқий суратда юзага чиқариш.
  • Раббоний адолатни воқеликда татбиқ қилиш.
    - «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ақийдасига, Ислом ахлоқига амал қилиш.
  • Ахдномаларга амал қилиш.
  • Исломий илмий ҳаракат.
  • Исломий тамаддун ҳаракати.

Инсоният тарихида ҳеч бир тамаддун Ислом тамаддуни каби тез ривожланмаган. Ҳеч бир тамаддун атиги қирқ йил ичида бутун инсониятни таажжубга соладиган даражада ютуқларга эришмаган. Мисол учун, дунёдаги энг машҳур тамаддун ҳисобланган Рум ва Форс тамаддунини олиб кўрайлик. Уларнинг ривожланиш тарихи, мутахассисларнинг таъкидлашларича, икки минг йил давом этган. Орадаги фарқнинг сабаби – Ислом тамаддуни Холиқ таолонинг таълимотларига, мазкур икки тамаддун эса махлуқнинг (бандаларнинг, ожиз инсоннинг) ҳаракатларига асосланганидир.

Холиқ таолонинг таълимотига асосланган Ислом тамаддуни қирқ йил тўхтовсиз ривожланиб, сўнг ривожланишдан тўхтаган бўлса ҳам, у ҳозиргача давом этиб келмоқца. Махлуқнинг ҳаракатига асосланган Рум ва Форс тамаддунлари эса икки минг йил атрофида ривожланган бўлса ҳам, завол етганда озгина муддатда тугаб, тарих саҳифасига айланди.

Ислом умматида тамаддун чўққисига тарихда мисли кўрилмаган оз муддатда – қирқ йилда чиқилган бўлса ҳам, пасайиш ҳолати сезилар-сезилмас тарзда бошланди.

 

Биринчи китоб битди (аждодларини биладиган ва меросини қадрлайдиган уммат бўлишимизни Ўзи таъминласин...)

Понеділок, 26 апрель 2021 00:00

“Муборак ой суҳбатлари” (1-сон)

 

Бошловчи – Саидолим Турдибоев: Ассалому алайкум. Бу йилги “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатуви ҳам аввалгилари каби давом этади, инша Аллоҳ.

Бугунги кўрсатувимиз меҳмони Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков. Ассалому алайкум, домла, кўрсатувимизга хуш келибсиз. Рамазон ойи муборак бўлсин!

Ўтган йили мана ушбу лойиҳани бошлаган эдик. Лойиҳанинг бу йилги биринчи сонида сиз билан дийдорлашиб турибмиз. Маълумки, ўтган йили коронавирус пандемияси сабаб аксарият мусулмонлар Рамазондаги ибодатлари, хусусан, таровеҳ намозларини ҳам оила аъзоларини билан уйда ўқишга мажбур бўлишганди. Бу йил эса имкониятлар бошқача, хушхабарлар бор. Шундай эмасми?

 

Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари:

Бисмиллоҳир Раҳмонир Роҳийм. Бу йил карантин талаблари бекор қилинмаган бўлса-да, масжидларимиз очиқ, таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонлар бошланган. Ҳақиқатан ҳам ўтган йили масжидларимиз ёпиқ эди. Мўмин-мусулмонлар таровеҳ намозларини уйларида адо этишларига тўғри келди. Бу йил эса икки мингдан ортиқ масжидда таровеҳ намозлари ўқиляпти, 1380 дан ортиқ масжидда эса хатми Қуръон бошланди. Албатта, масжидларимизда имом-хатибларимиз мўмин-мусулмонларга карантин талабларини доимо эслатиб туришибди. Тошкент шаҳридаги Қуръон хатмлари рўзанинг йигирма еттинчи куни, яъни Қадр кечасида ўқиладиган ибодатлар билан бир вақтда тугайди. Бу борада бир хил режа белгилаб олганмиз. Яъни қориларга Қуръонни хатм қилишлик бир хил тақсимлаб берилган.

Саидолим Турдибоев: Кўпчилик мўмин-мусулмонлар ушбу ойнинг фазилатлари, барокатларидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Ибодатларга зўр беради. Мазкур ойнинг фазли ҳақида гапириб берсангиз?

Ҳомиджон Ишматбеков:Рамазони шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, уммати Муҳаммадиянинг мўмин-мусулмонларга хос, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бисёр бўладиган ой. Шу боисдан ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ой, деб марҳамат қилганлар. Яъни, барокатлик ой. Рамазонда қилинган ҳар бир эзгу амалга кўплаб савоблар берилади. Аллоҳ таоло ушбу ойда мўмин-мусулмонларга ўз карамини кенг қилган ойдир. Шу қатори гуноҳлар кечириладиган, мағфират қилинадиган муқаддас ойдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин саҳобаларига бу муборак ойнинг фазилати ҳақида баён қилиб берардилар. Токи одамлар бу ойнинг фазилатини билиб, шунга яраша тайёргарлик кўришсин, Рамазонни муҳаббат, завқу шавқ билан ўтказсин, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар” (Имом Насаий ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Демак, мўмин киши Қадр кечаси яхши ният қилса, эзгу амални бажарса, унга Аллоҳ таоло битта фарз амални бажарганлик баробарида савоб беради, дея ҳадисларда келтирилади. Шунингдек, кимки бу ойда битта фарзни бажарса, бошқа ойда бажарган фарзнинг етмишта савобига эга бўлади.

Рамазон — сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Бу ойда мўмин-мусулмонлар бир-бирларига қайишади, меҳр-мурувват улашади. Кимки бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу банданинг гуноҳларини мағфират қилади, дўзахдан озод этади. Кимдир рўзадорга бир қултум сув берса, ё бир дона хурмо бериб ифтор қилишига ёрдам берса, мана бунга ҳам савоб берилади. Бир одамнинг қорнини тўйғизишлик эса қиёматда Пайғамбар алайҳиссаломга ато этилган ҳавзи Кавсардан қониб ичишга имтиёз берилади. Ва токи жаннатга кирмагунича ҳеч бир чанқоқни билмайди, дейилади манбаларда.

Шунингдек, Рамазон мағфират ойидир. Унинг ўртасдаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг “мағфират кунлари” ҳисобланади. Рамазон фазилати ҳақида Салмон розияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

Рамазон Қуръон ойидир. Муборак Рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи — Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло Ўз Каломининг “Бақара” сураси, 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”.

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: “Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссалом оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”, дедилар.

Демак, Қуръони каримнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча – Қадр кечаси яширинган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Рамазонда Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломга ўқиб берарканлар. Вафотларидан аввалги Рамазонда Пайғамбар алайҳиссалом Қуръонни икки марта хатм қилганлар.

Шундан буён Рамазон ойида Қуръон хатм қилиш умматларга суннат бўлиб қолган.

Манбаларда айтилишича, Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиган одамга 10 тадан савоб ёзилади. Хатмларда жамоат бўлиб тинглаганга ҳам алоҳида ажр-савоб бордир.

Рамазонда дуолар ижобат бўлади. Рамазон киргандан токи чиққунича Аллоҳ таолодан бир нидо бўладики, мендан нимани сўрасанг, ижобат қиламан, гуноҳларингни кечираман, дейилади. Бу ҳам Рамазон ойининг фазилатига фазилат қўшади.

Рамазон – яхшилик қиланадиган ой. Мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин иболат қилиши, яхши ниятларини амалга ошириши, дилларига ёмон ният келмаслигига имкон берадиган ой. Бу кечада дуо, ибодат қилиш, бедор бўлиш минг ойдан ҳам афзалдир.

Илгари одамлар юз, икки юз йиллаб яшаган экан. Шунча умри давомида яхшиликлар қилиб, Аллоҳга ибодат қилиб гуноҳларини каффорат қилганлар. Лекин уларда Рамазон, Қадр кечасидек мукофот берилмаган. Ислом умматинниг аксарияти эса олтмиш, етмиш йил умр кўради. Улар барокатли ойлардан баҳраманд бўлаганлар. Яъни мусулмонлар бир кечада минг ойдаги савобни топишлари мумкин экан. Бу эса Қадр кечасининг фазли ва барокатидир.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтаркан, бандам рўзани мен учун тутади, қолган амалларида ўзлари учун манфаат бордир. Рўзаси қабул бўлган бандаларни қиёматда Аллоҳнинг таолонинг ўзи чақираркан. Улар Райён эшиги орқали жаннатга кирарканлар.

Рўзадор киши саҳарлик таомини егандан ибодатга киришган бўлади токи кун ботгунча шу ҳолатда бўларкан. Улар кун бўйи ибодатда экан. Шундай экан мўмин киши Рамазон ойида имон ва ихлос билан рўза тутиши, эзгу амалларни кўпроқ қилиши лозим.

 

 — Саидолим Турдибоев: Шу ўринда телетамошабинлар томонидан келаётган саволларга ҳам эътибор қаратсак. Бу йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

 

Ҳомиджон Ишматбеков: Дарҳақиқат, яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2021 йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.

Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда бозорларимизда 1 кг. буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг. арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг. майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:

2 килограмм буғдой 10 000 (ўн минг) сўм;

4 килограмм арпа 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;

2 килограмм майиз 80 000 (саксон минг) сўм;

4 килограмм хурмо 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса бўлади.

Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320.000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги Закот нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

 

— Ассалому алайкум. Қўшнимнинг дўкони бор. Муддати ўтган маҳсулотларни ҳам ўтмаган, дея сотади. Агар савдагор ишига ёлғон аралаштирса, ундан келган пул ҳалолми?

 

— Савдагор одам мижозини алдаши яхши иш эмас. Молининг сифати, умуман, айби бўлса, айбини айтиб сотиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: “Бу қандай бўлди?”, деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим” — деб узр айтди. Он ҳазрат: “Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки алдаса биздан эмас”, — дедилар. Шунинг учун сотувчи ҳар доим молининг ҳолини айтиб сотиши керак. Йўқса, у Ислом зид иш қилган бўлади.

 

— Ассалом алайкум. Кўчадан пул топиб олдим. Бунинг эгасини тополмадим. Бунга бир ойдан кўп бўлди. Пулни кимга беришни билолмаяпман?

 

— Кўчадан топиб олган, лекин эгаси чиқмаган бўлса, у ҳолда бу пул ўзига керакмас бўлса бирор муҳтож одамга садақа қилиши лозим. Садақа қилганда ҳам пулнинг эгасининг номидан садақа қилинади. Бордию садақа қилиб бўлганидан сўнг, пулнинг эгаси чиқиб қолса ва у пулини сўраса, пулни хоҳ ўзи ишлатган бўлсин, хоҳ бировга садақа қилган бўлсин, ўша пулни унинг ўзи беради.

 

— Ошпазман. Рўза тутмоқдаман. Лекин овқатнинг таъмини тотиб кўришимга тўғри келади. Таътиб кўрсам бўладими?

 

— Татиб кўрса бўлади. Фақат туплаб ташлаши керак.

 

— Айни пайтда Қирғизистондаман. Мусофир рўзасини тутсам бўладими?

 

— Мусофир рўзасини тутса бўлади. Агар машаққатлик вазиятда бўлса, тутмайди.

 

Дилмурод Содиқов оққа кўчирди.

 

Top