www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳга шукрки, икки йиллик танаффусдан сўнг юртимиз аҳли Умра ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ҳозирги кунда ҳар куни икки марта авиапарвоз Саудия Арабистонига мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Диёримиз зиёратчилари учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шарт-шароитлар энг юқорида даражада муҳайё қилинди. Буни – Умра сафарида бўлиб турган зиёратчиларнинг миннатдорлик сўзлари, самимий эътирофларидан ҳам яққол кўриш мумкин.

Кези келганда, сафар билан боғлиқ айрим кўнгилсиз ҳолатларни ҳам айтиб ўтиш керак. Хусусан, жорий Умра мавсумида Мадина аэропортида икки нафар зиёратчимиз Саудия Арабистони Чегара хавфсизлик хизмати томонидан тўхтатиб қолинган ва уларда мамлакатга киришга таъқиқ борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, икки нафар фуқаро Қирғизистон Республикасининг қалбаки паспорти билан 2019 йил Умра сафарига бориб келган. Саудия Арабистонидан чиқиш вақтида Саудия қонунларини бузгани учун мамлакат чегара хавфсизлик хизмати томонидан уларга нисбатан мамлакатга кириш учун 10 йил муддатга таьқиқ белгиланган. Шу боис, ушбу фуқаролар подшоҳликка киритилмади. Ҳозирда уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда, мўмин-мусулмонлардан Умра сафарини турли қинғир йўллар орқали, ноқонуний амалга оширмаслик ҳамда ҳар-хил кўнгилсизликларга дучор бўлмасликка чақирамиз. Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деган ҳикмат бор. Мазкур икки фуқаро аввало ўзларини муборак ҳаж ва умра амалларини адо этиш бахтидан мосуво этдилар, қолаверса зиёратчиларимизга ажратилган икки ўринни беҳуда кетишига сабабчи бўлдилар.

Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси ибодатларингиз мукаммал, сафарингиз хавфсиз ва хотиржам бўлиши тарафдоридир. Ўз навбатида, сиздан турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли умра зиёратини адо этишни тавсия этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятининг биргаликда ривожланиш йўлида эришаётган ютуқлари билан бир қаторда инсон қалби ва онги учун курашларнинг янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ислом олами мамлакатларида бундай бузғунчилик ишлари мусулмонлар орасига нифоқ ва раҳна солиш орқали тинч-осойишта жамиятда ижтимоий беқарорлик, иқтисодий ва сиёсий таназзул чиқаришга қаратилган фитналар шаклида амалга оширилмоқда. Қатор мусулмон мамлакатлари, айниқса, араб давлатларида бу каби фитналар аҳолининг бошига мислсиз кулфатлар келтирётгани, юз минглаб бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлаётгани, қочқинларнинг аввал тарихда кўрилмаган катта оқими вужудга келгани, бугунги кунда ҳам айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар кетаётгани фикримизнинг далили бўлади.

Шу нуқтаи-назардан, мазкур тушунчанинг моҳият-мазмунини ёритиб, фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни фитналардан келиб чиқадиган хатарлардан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Фитна” (араб. - синаш, имтиҳон қилиш, азоблаш, бошини айлантириш, тўғри йўлдан оздириш, адаштириш, васваса қилиш) – луғатшуносларнинг фикрига кўра, “Фитна” сўзи арабларда олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатган. Шу нуқтаи назардан, фитна “имтиҳон”, “синов” деган маъноларда ҳам ишлатилган бўлиб, у ушбу маънода келган ҳадислар мавжуд.

Машҳур араб тарихчиси Муҳаммад ибн Асир ал-Жазарий (1160-1234)нинг фикрига кўра: “Фитна имтиҳон ва синовдир.... Фитна сўзини кейинчалик синов туфайли кишига етадиган “азият” маъносида ҳам ишлатиш оммалашган. Сўнгра бу сўз гуноҳ, куфр, уруш, ёндириб юбориш, йўқ қилиш, бирор нарсадан четлатиш маъносида ҳам кўп қўлланган”.

Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка раҳна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича таъкидланган: “... Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. ...” (“Бақара” сураси, 191-оят); “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир.” (“Бақара” сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Ҳанафий мазҳабининг йирик олими Имом Муҳаммад Ходимий “ал-Барийқа” номли асарида фитна ҳақида қуйидагиларни айтган: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади”.

Ислом уламолари фитна жозибадор бўлгани сабабли унга аралашган одам чиқиб кетиши қийин бўлади, лекин киши ҳар қандай оғир бўлмасин фитналардан қочиши керак деб таъкидлашади. Асримизнинг етук олими марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий фитнага қуйидагича таъриф берган: “Адолат ҳукмронлиги бўлмаган, унинг тизгини қўлдан кетган, кишилар ихтиёрсиз ҳамда қоидаларсиз урушга берилиб кетадиган ҳар бир ҳолат фитнадир. Хатар ва ҳалокатга сабаб бўлишда барча фитналар баробар. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) таъкидлаган саҳиҳ ҳадислари билан муолажа қилинади”.

Дарҳақиқат, исломда фитнадан сақланиш учун аниқ кўрсатмалар қайд этилган. Жумладан, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ҳали фитналар бўлади. Огоҳ бўлинглар! Ундан кейин шунақа фитна бўладики, у фитнага умуман аралашмай ётган киши ўтирган кишидан яхшидир. Ўтирган киши эса у фитнада иштирок этиб турган кишидан яхши. У фитналарда иштирок этиб турган киши эса ҳаракат қилиб юрган кишидан афзалдир. У фитналарда ҳаракат қилган киши эса елиб югурган кишидан афзалдир. Агар шундай фитна одамларнинг бошига тушганда, кимнинг туяси бўлса, туяси ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, туясига қараб) кетсин. Кимнинг қўйи бўлса, қўйи ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, қўйига қараб) кетсин. Кимнинг ери бўлса, (фитнадан йироқ бўлиб) ерига борсин (деҳқончилигини қилсин). Кимда бу нарсалар бўлмаса, қиличини олиб, тиғини тошга уриб (қиличини яроқсиз ҳолга келтирсин) ва бу фитнага аралашмаслик қўлидан келса, аралашмасин. Аллоҳим, етказдимми! Аллоҳим, етказдимми! (Ўзинг гувоҳ бўл!) (Абу Довуд, 4258-ҳадис).

Фитналарга аралашиб қолиш нафақат бузғунчиларнинг даъвати билан тинч жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, балки ихтилоф ва низоларга сабаб бўладиган маълумотларни тарқатиш орқали ҳам амалга ошади. Қуръони каримда бундай ишлар қатъиян ман этилган: “Эй мўминлар! Агар бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга мусибат етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (“Ҳужурот” сураси, 6-оят). Ҳадиси шарифда эса Муҳаммад (с.а.в.)дан қуйидаги кўрсатма мавжуд: Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: “Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади” (Имом Муслим, 5-ҳадис). Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Сурия, Ироқ каби мамлакатларда бузғунчи кучлар амалга ошираётган фитналарга аралашиб қолаётган шахслар мазкур муқаддас кўрсатмаларга амал қилмаётганлари сабабли ўзлари ва яқинларини ҳалокатга ташламоқда.

Тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топувчилар сифати ҳақида эса ҳадиси шарифда қуйидагилар таъкидланган: “Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларинг “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар”, – деяётганларини эшитдим” (Ибн Можа, 3950-ҳадис).

“Саводул аъзам” тушунчаси “улкан жамоат” маъносига тўғри келади. Уламолар ушбу ҳадисда хабар берилган “саводул аъзам”ни “Аҳли сунна вал-жамоа” – деганлар. Имом Мотуридийнинг шогирдларидан бири Абул Қосим Ҳаким Самарқандий “ас-Савод ал-аъзам фил-калом” асарида ҳадиси шарифда хабар берилган нажот топувчиларнинг олтмиш иккита хислатини баён қилган. Уларнинг айримлари қуйидагилар: мусулмонлар жамоасига қарши чиқмаслик; Қибла аҳли бўлган кимсани модомики ҳалол санаб қилмаган бўлса бирор гуноҳ туфайли кофирга чиқармаслик; Қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб билиш; ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қилич кўтармаслик; Пайғамбар (с.а.в.)нинг шафоатларини ҳақ деб билиш; валийларнинг кароматларини инкор этилмайдиган ҳақ деб билиш; гуноҳкор мўминларга гуноҳлари миқдорича дўзах азоби бўлишини ҳақ деб билиш; Аллоҳ таолони макон, замон, келиш ва кетиш (каби махлуқларнинг сифатлари)дан ҳоли деб билиш.

Инсоният бугунги кунда дунёни қайта тақсимлаш мақсадида амалга оширилаётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар кўринишидаги фитналар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Ҳозир диний шиорлар ортига яширинган террор ва бузғунчиликлар, ихтилофлар ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Жумладан, 2010 йилда “Араб баҳори” номини олган ижтимоий-сиёсий жараёнларда қатор мусулмон мамлакатларида “демократия”, “ислоҳ”, “жиҳод”, “исломий жамият қуриш” каби жозибали шиорлар ва баландпарвоз мақсадлар билан хаспўшланган, ташқаридаги манфаатдор кучлар томонидан қўллаб-қувватланган давлат тўнтаришлари ва ҳарбий исёнлар шаклидаги фитналар амалга оширилиши ушбу ўлка халқлари бошига улкан фалокатлар келтирди.

Ислом уламолари фитна мусулмонлар учун қуйидаги оғир оқибатларни келтириб чиқаришини таъкидлайдилар:

- одамлар ибодатдан чалғиб қоладилар. Фитна сабабли юзага келган беқарорлик одамларни юрагига ғулғула солиб, Аллоҳ томонидан фарз қилинган ибодатларни тўлақонли адо эта олмай қоладилар. Шу сабабли исломда фитна даврида унга аралашмай ибодатга бўлганларга катта инъомлар ваъда қилинган. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳараж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир” (Имом Муслим, 2948-ҳадис).

- одамларни олимлар ва билимлардан узоқлашади. Фитна оқибатида мусулмонлар олимларнинг ҳузурларига, билим масканларига бора олмай қолади. Энг ёмони, одамлар фитна чиқараётган шахсларнинг таъсирида уламоларни менсимай қуйиб, уларни масхара қилиш, ҳақоратлаш ва қўрқитиш йўлига ўтадилар. Ваҳоланки ҳадисда “Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизни қадрламаган биздан эмасдирлар”, деб огоҳлантирилган (Алоуддин ал-Ҳиндий, 6052-ҳадис).

- илмсизлар етакчига айланади. Ушбу тоифа шахслар сабр, мулоҳаза билан эмас, балки кескин, ҳиссиётларга бой чиқишлари орқали оломоннинг олдинги сафларига чиқиб қоладилар. Улар илм билан эмас, балки турли сиёсий мақсадларга бўйсинган фатволар тарқатиш билан Фитнани янада кенгайтириб юборади. Бундай ҳолат ҳақида ҳатто мутаассиб оқим тарафдорлари бошқа асарларидан кўп иқтибос келтирадиган фиқҳшунос олим Ибн Таймия қуйидагиларни таъкидлаган: “Фитна юзага келган пайтда ақлли инсонлар беақл кишиларни тўхтатишдан ожиз қоладилар. Худди буюк саҳобалар фитна оловини ўчириш ва фитна аҳлини бостиришга ожиз қолганлари каби. Фитнанинг моҳияти шу. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Сизларнинг фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитнадан сақланингиз”, деган (“Анфол” сураси, 25-оят)”.

- фитна сабабли содир этилган ишлар мусулмонларнинг мавжуд ҳолатини янада ёмонлашувига сабаб бўлади. Жумладан, Ибн Таймия ислом тарихида аввал бўлиб ўтган фитналарни ўрганиб, қуйидагича хулоса берган: “Бирор киши фитнага аралашиш оқибатида Аллоҳга ҳамд айтмаган. Чунки, ким фитнага аралашган бўлса, дини ва дунёсига аниқ зарар етган. Шунинг учун ҳам фитнага аралашиш шариатда қайтарилган, фитнадан узоқ бўлиш шариатда буюрилган ишлар қаторида саналади”.

- фитнада иштирок этаётганлар ўз обрў-эътиборини йўқотадилар ҳамда ҳақиқат билан ёлғон аралашиб кетиши орқали уларни ажратиб бўлмай қолади.

- ёшлар тўғри йўлдан адаштирилади. Ҳаётий тажрибаси йўқ ёшлар олим-уламолар, ота-оналарининг кўрсатмасига риоя қилиш ўрнига ҳиссиётга тўла, амалдаги ҳолатни кескинлик ва муросасизлик билан ўзгартириш ғояларини илгари сураётган шахсларга эргашиб кетишлари жамиятда беқарорлик авлодлар орасидаги муносабатда инқирозни келтириб чиқаради.

- одамлар зўравонлик ишлатиш ва қон тўкишдан қўрқмай қолади. Мусулмонларнинг жони, номуси, мол-мулки ва эътиқодининг дахлсизлигига путур етади. Одамларнинг хавфсизлигига зарар етиб, жамиятда беқарорлик, бошбошдоқлик юзага келади;

- мусулмонлар низо оқибатида ўзаро курашиб, ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий жиҳатдан заифлашуви ўз навбатида ислом олами устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилаётган кучларнинг мавқеи мустаҳкамланишига олиб келади. Бундай ҳолат ҳақида Қуръони каримда қуйидагилар таъкидланган: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (“Анфол” сураси, 46-оят).

Замонавий фитналарнинг яна бир мудҳиш кўриниши ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, оилани тан олмаслик, зино, бир жинслар никоҳи, гиёҳвандлик, худбинлик, нима қилиб бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишга қаратилган “оммавий маданият”ни жамиятга сингдиришга қаратилган ҳаракат саналади. Бу каби фитналардан ота-оналар ниҳоятда огоҳ бўлишлари, фарзандларининг маънавий тарбиясига катта эътибор қаратишлари лозим. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан келтирилган ҳадисда “Киши ўз қармоғидагиларни ташлаб қўйиши унинг гуноҳкорлигига кифоя қилади”, - деб таъкидланади (Абу Довуд, 1694-ҳадис).

Атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган.

Шу нуқтаи назардан, фуқароларга ҳушёр ва огоҳ яшаш, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олиш, ғанимлар фитнасига учмаслик, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари зарар етказмаслик, юрт тичнлиги ва ёш авлод саодати учун жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарур экани, бу муҳим ишга барчамиз баробар масъул эканимизни тушунтириш барча маърифатпарвар зиёлиларнинг, шу жумладан, уламоларимизнинг долзарб вазифалари ҳисобланади.

 

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

 

 

Манбалар:

  1. Эътиқод дурдоналари: Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши. “Муслим.уз” сайти, 07.03.2020 й., muslim.uz/index.php/english/kutubxona/item/19186-e-ti-od-durdonalari-islom-ummatining-etmish-uch-fir-aga-b-linishi.
  2. Муҳаммад ибн Асир ал-Жазарий. “Ан-Ниҳоя фи ғорийбил ҳадиси вал-асар”. – Байрут: Манатаба ал-илмийя, 1979. 3-жуз. – 777 б.
  3. Абу Саид Муҳаммад Ал-Ходимий. Ал-Бариқа ал-Маҳмудийя фи шарҳ ат-Тариқа ал-Муҳаммадийя. –Байрут: Дор ал-Хилофа ал-Алийя. Ҳижрий 1324 йил. 3-жуз. - 123 б.
  4. Имом Абу Довуд Сижистоний. Сунани Абу Давуд. – Байрут: Дорул китаб ал-арабий. 4-жуз. 113 бет.
  5. Атаев М. Болани фитнадан сақланишга ўргатинг! “Muslim.uz” сайти, www.muslim.uz/index.php /ar/ maqolalar/item/9203.
  6. “Naseemalsham.com” сайти, www.naseemalsham.com/fatwas/view/ 14110.
  7. Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети; таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012. – 30, 34, 179, 516 б.
  8. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Байрут: Дору иҳё ат-туросул арабий. 1-жуз. – 10 б.
  9. Ибн Можа ал-Қавзиний. Сунани ибн Можа. – Байрут: Дурул фикр. 2-жуз. – 1303 б.
  10. Сунани Абу Довуд. – Байрут: Дорул кутубул арабий нашриёти. 2-жуз, 1694-ҳадис. – 59 б.
  11. Абул Қосим Ҳаким Самарқандий. “Ас-Савод ал-аъзам фил-калом”. Қозон нашри, 1878. – 7-23 б.
  12. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Байрут: Дору иҳё ат-туросул арабий. 4-жуз, 2948-ҳадис. – 2268 б.
  13. Алоуддин Али ал-Муттақий ал-Ҳиндий. Канзул уммол. – Байрут: Муассасатур рисола, 1989. Биринчи нашр, 29-жуз, 6052-ҳадис. – 273 б.
  14. Тақиййиддин Абул Аббос Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарроний. Минҳожус сунна. – Байрут: Муассасату-Қуртуба. Ҳижрий 1406 й. Биринчи нашр. 4-жуз. – 161, 199 б.

 

Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг Қорақалпоғистон заминига сафарлари бошланди.

Муфтий ҳазратлари дастлаб, Нукус шаҳридаги марказий “Имом Эшон Муҳаммад” жомеcига масжид жамоаси билан пешин намозини бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун ташриф буюрдилар. Пешин намозини масжид қавми билан адо этгандан сўнг, муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилиш фазилатлари ҳақида намозхонларга суҳбат қилиб бердилар.

Йирик жоме масжидга йиғилган мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазратларининг ташрифларидан беҳад мамнун бўлиб, гўзал суҳбатларидан руҳий озуқа олдилар.

Маълумот ўрнида, “Имом Эшон Муҳаммад” масжиди маъмурий биносининг биринчи қаватида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистондаги вакиллиги идораси жойлашган. Иккинчи қаватида ахборот-ресурс маркази, кутубхона ташкил этилган. Намоз ўқийдиган катта хонақоҳ қайта таъмирланиб, гумбаз нақшинкор қилиб ишланган. Хонақоҳга иссиқ пол қилинган, эшиклари янгисига алмаштирилган. Масжид ёнидан минора, ҳовуз, новвойхона, автомобиллар учун тўхташ жойи ва бошқа қулайликлар ҳозирланган. Манзарали дарахт ва гуллар экилган.

Муфтий ҳазратларининг Қорақалпоғистон диёрига сафарлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб Пешин, Аср ва Хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, юртдошларимизга гўзал маънавий-маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Бундай жонли мавъизалардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз ўз миннатдорлигини ҳам билдирмоқда. 

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги Кўкча даҳасида жойлашган “Шайх Зайниддин” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг жамоатга бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири: “Ёшларни ижтимоий иллатлардан асраш – динимиз талаби!” мавзусида мавъиза қилиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари фарзанд тарбиясида ота-она олдида турган мажбурият ҳақида сўз юритиб бундай дедилар:

– Бола-чақа бизга омонат берилган. Уларни комил инсон қилиб вояга етказиш гарданимиздаги вазифадир. Фарзанд тарбиясида ота-онадан талаб қилинадиган муҳим омил бу – тақвою ҳалолликдир. Имом Бухорийни Имом Бухорий қилган нарса ҳам оталарининг ҳалоллиги ва оналарининг тақвосидир. Нега бугун юртимиздан Имом Бухорий, Термизийлар, Ибн Синолар чиқмаяпти? Демак, болаларимизга берадиган луқмамизга эътибор беришимиз лозим. Ҳалол бўлсак, фарзандимиз харомдан қочса, бировни ҳақидан, порадан, ўғирликдан ҳазар қилса, ана ўша бола жамият кутган буюк инсон бўлиб етишади. Уларни Аллоҳга, Қуръонга, Ватанга муҳаббатли қилиб тарбияласак, қалбига бошқа муҳаббат кира олмайди, – деди муфтий Нуриддин домла ҳазратлари.

Муфтий ҳазратлари суҳбатлари давомида ёшларни турли ижтимоий иллатлардан асраш, уларни тўғри йўналтириш ҳақида маъруза қилиб, ёшлар орасида вақтдан унумли фойдаланиш хусусида алоҳида тўхталдилар.

– Инсон умри – унинг энг қимматли бойлигидир. Унинг бир сониясини ҳам узайтира олмаймиз. Аммо бугун ёшлар орасида у қадрсиз бўлиб қолди. Кунини беҳуда ишларга сарфлаб, исроф қилаётганлар етарлича. Ҳаёт нима учун берилганини англаб етмаяптилар Умрини нималарга сарфлаётганини ҳисоб қилмаяптилар. Ёшлик ғанимат, бу даврда барча амалларни илм бўладими, касбкорми, ибодатми ҳаммасини мукаммал қилиш мумкин. Шундай экан, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, хайрли ишларга сарфлаши керак. Бўлмаса афсусланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...” (Фотир сураси 37-оят).

Расул алайҳиссалом ҳам ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканига таъкидлаб шундай дейдилар: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).

Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу, орзу-ҳавсалар, гуноҳ ишлар билан эмас, илм, касбкор билан ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши лозим, – дедилар муфтий ҳазратлари ўз сўзида.

Шунингдек, муфтий Нуриддин домла суҳбатлари давомида ёшлар орасида қимор ва турли ўйинларга берилиш, маънавий бузуқлик, шафқатсизлик, каби иллатлар кўпайиб бораётгани ҳақида сўз юритиб, интернетдан тўғри фойдаланиш ҳақида ҳам фикр билдирдилар.

– Бугун нима саволимиз бўлса, илмли кишилардан эмас, интернетдан излаймиз. Унинг жавоби тўғрими, нотўғрими ангамаймиз. Кейин эса турли тушунмовчиликлар гирдобида қоламиз. Бир ўйлаб кўринг, бир кунда неча соатлаб интернетда ўтирамиз. Ота-онамизга, яқинларимизга ҳам шунча вақт ажратяпмизми? Фарзандимизга бирор илм ўргатяпмизми? Бир кунда бир маҳал ота-онамизга вақт ажартиб улардан ҳол-аҳвол сўраб қўйсак қанча хурсанд бўлади. Шу ҳақда ҳам мулоҳаза қилайлик, – дедилар муфтий ҳазратлари.

Суҳбат якунида Нуриддин домла ҳазратлари юртимиз ривожи, ёшларимиз келажаги ва жамоат ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

muslim.uz

Top