muslim.uz

muslim.uz

Яратганга шукр, ниятимга етдим, дейди ургутлик 70 ёшли Абдулла Дўстёров

Муборак Қурбон ҳайити Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда. 21 август куни эрта тонгда туман ва шаҳарлардаги 274 жоме масжидида ҳайит намози ўқилди.

Айниқса, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлиб, бу ерда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган минглаб юртдошларимиз Қурбон ҳайити намозини бирга ўқидилар.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов йиғилганларни байрам билан табриклади. Президентимизнинг шу йил 15 августдаги фармонига кўра, бу йил муборак Қурбон ҳайити мамлакатимизда кенг нишонланаётгани, эзгу амаллар бажарилаётгани таъкидланди.

– Аввалги тузум вақтида қишлоқларимизда ҳайит намози яширинча ўқилганига гувоҳ бўлганмиз, – дейди Абдулла бобо. – Аллоҳга шукр, бугун маҳаллалардаги масжидларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилмоқда. Ҳар гал ҳайит намозларини қишлоғимиздаги масжидда ўқирдим. Бу йил эса Имом Бухорий масжидида ўқишни ният қилгандим. Шукр, ниятимга етдим. Маскан ва унинг атрофи янада обод бўлаётганини кўриб, беҳад қувондим. Илоҳим, юртимизга, тинчлик-осойишталигимизга кўз тегмасин.

– Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригини халқимиз ўзгача хурсандлик билан қарши олди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Адашбой Ўрозбоев. – Бу мазкур байрамнинг меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдек эзгу қадриятларни ўзида мужассам этгани билан халқимиз ҳаётида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолатдир. Байрам арафасида эҳтиёжманд, бемор кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур моддий ва маънавий кўмак кўрсатилиши, ҳудудларда ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши ҳам Қурбон ҳайитининг шукуҳини янада оширди. Юртимизнинг ана шундай байрамлари, файзу барокатли кунлари кўпаяверсин.

Ҳайит муносабати билан жойларда ўтказилган қурбонлик маросимларида ҳам аввало маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, кексалар, беморлардан ҳол сўралди. Вилоятдаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларида истиқомат қилаётган кишилар учун байрам дастурхонлари ёзилиб, уларга совға-саломлар топширилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Четвер, 23 августь 2018 00:00

Хушхабар (шеър)

Бисмиллаҳдан бошладим, сизлар учун бир ҳикмат,
Фақирларга башорат, оқил учун бир ибрат.

Ийд Қурбон келганда, Росулуллоҳ чоғланди,
Сўймоқ учун икки қўйнинг, оёқлари боғланди.

Оқибатин билмасдан, аҳли нодон сўзлари,
Керакмиди шу ишлар? Фақир бўлса Ўзлари,

Ҳаловат йўқ тоатда, бизлар дунё ғамида,
Ҳавотирда Мустафо, айтинг кимнинг ғамида.

Кўзни очинг мўминлар, ҳикматдур ҳар ишлари,
Ўзларин ўйламаслар, умматдур ташвишлари.

Фақирларга ҳушхабар, ҳавас қилар бойлар ҳам,
Йиғлаб ҳавас қилгайдур, юзлаб қўй сўйганлар ҳам.

Асли баён шундадир, Муборак қўллар билан,
Сўйдилар икки қўйни, ихлос муҳаббат билан.

Сўнгра дуо қилдилар: Хожамсанку ягона,
Битта қўйни ўзимдан, қабул айла Роббана.

Яна дуо қилдилар, Ҳақга нола қилдилар,
Уммат учун чекиб ғам, қалбни вола қилдилар.

Дуо қилар тўкиб ёш, эшитган қилмас бардош,
Кимлар учун қайғурди, англагин эй! Бағритош.

Қиёмат тонг отгунча, эҳсоним бўлса мақбул,
Барча фақир номидан, бағишладим эт қабул.

Дуо кетди Росулдан, Охир замон бўлгунча,
Ноумид бўлманг фақирлар, имкон сўранг ўлгунча.

Мен ҳам фақир ва мискин, лекин қалбим юмшамас,
Тоатларим кўз кўзга, ибодатга ўхшамас.

Я Роббана насиб қил, Ҳабибинг эҳсонидан,
Сўраб ҳаё қиларман, дуойим нуқсонидан.

Раҳматингни чеки йўқ, менда зарра гумон йўқ,
Хос умматин қилмоқга, Сендан бошқа умид йўқ.

Жиззах шаҳар "Имом Бухорий"
жоме масжиди, имом ноиби
Ҳалилов Умиджон Абдулҳаким хожи ўғли.

 

Середа, 22 августь 2018 00:00

Тоғлардек тўлқин

Ушбу расм денгизда кетаётган кеманинг ичидан олинган бўлиб, мавж худди тоққа ўхшади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَهِيَ تَجْرِي بِهِمْ فِي مَوْجٍ كَالْجِبَالِ

"Ва у(кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида..." (Ҳуд сураси, 42-оят).



Нозимжон Иминжонов

ЎМИ матбуот хизмати

Середа, 22 августь 2018 00:00

Ота-она дуоси

Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовар бўлган инсонлардир. Бу ҳақида ояту ҳадислар кўп. Ҳалқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ота рози –худо рози” деган ҳикмат ҳам шундан келиб чиққан. Зеро, ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадур” дейилган.

Ҳар бир ота-она унсин, ўссин, тезроқ катта бўлсин деб ўзини ўтга, сувга уради, ўзи емай фарзандига едиради, ўзи дурустроқ киймай фарзандига кийдиради, оқ ювиб, оқ тарайди. “болам тезроқ катта бўлса қийинчилигим эсдан чиқади” дея ўй қилади. Аммо фарзанд кўпинча ота-онанинг ўйлаганидай бўлмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай дейилган “Уч нарса бор, кимда у бўлса Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қарайди ва жаннатга киргизади. 1.Заифга меҳрибон бўлиш; 2.Ота-онанинг дуосини олиш; 3.Қўл остидагиларга яхшилик қилиш”.

Ота-она дуоси... бундан яхшироқ мукофот бормикан яхши фарзанд учун? Ота-оналарнинг сидқидилдан қилган дуолари – ўғил қизларининг узоқ умри, бахту-саодати, иқбол-камолини тилаб қилган дуолари чексиз. Астойдил юракдан айтилган бу илтижоларнинг амалга ошиши шубҳасиз. Зеро қайси бир фарзанд ота-онасини эъзозлаб, ҳурматини қилиб дилига сурур – шодлик бахшида айласагина, уларнинг ҳолисона дуоларига сазовор бўлади. Кексаларни айниқса, падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларининг ва кўнгилларига хушнудлик етказишни истаган фарзанд элу-юртига ҳам садоқатли бўлади. Чунки ота-оналар ўз ўғил қизлари-ю, набира-эвараларининг эҳтирому-иззатларини она Ватанга муҳаббатда ҳам кўрадилар. Диёрига, элига нонкўрликни улар асло кечирмайдилар. Ҳа, ота-она дуосига мушарраф бўлиш учун уларга ҳар жиҳатдан муносиб бўлмоғимиз зарур.

Халқимизнинг севимли китобларидан “Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”. Шундай экан бу улуғ зотларга иззат-ҳурматни бирон лаҳза ҳам унутмаслик – ҳар бир фарзанднинг инсонийлик бурчидир.

Айни вақтда бошқа кексалар – қариндошу бегоналарнинг ҳам дуоларини олиш ҳар қайси ёшнинг муддаоси бўлиши зарур. У орзуга етишишнинг асосий йўли эса ҳар бир кекса отахону-онахоннинг ҳурматини жойига қўйиш саломини канда қилмаслик, юмушлари бўлса бажонидил ёрдам кўрсатиш, ширин сўзлар билан кўнгилларига ором бағишлашдир. “Қарияларни ҳурмат қилғил, улар ҳақида беҳуда сўз демағил, уларнинг олдида одоб ва мискинлик билан сўзлагил” – деб насиҳат қилинган “Қобусномада”. Бинобарин, кексалар олдида ҳамиша одоб сақлаш, камтар бўлиш, улар ҳақида ҳеч қачон беҳуда сўз айтмаслик, қарияларни ҳурмат қилиш шартларидандир.

Ҳамиша нуроний отахону-онахонлар олдидан, салом бериб ўтар эканман уларнинг юзларига нур балқиганини кўраман. Биргина “Ассалому алайкум” иборасида чеҳралари ёришиб, диллари яйраб кетади. “Ва алайкум ассалом, барака топинг, сизни тарбиялаган ота-онангизга раҳмат! Доимо соғ бўлинг” - деб дуо қилиб қолишади. Биргина саломимга шунча миннатдорчилик, шунча дуо. Демак, шу биргина салом билан кекса бир инсоннинг дилига ҳушнудлик етганидан кўнглим яйрайди. Шунда баъзи ёшларнинг отахону-онахонларимизга саломини раво кўрмаётганини гувоҳи бўлиб афсусланаман. Шунча дуо, ширин сўз, покиза тилаклардан бенасиб қолаётганларни кўриб ачинасан гоҳо.

“Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасму?”-дейди доно халқимиз. Нуроний бобо-ю-момолар дуосини олиш инсон учун қанчалик бахт.

Азизлар! Ота-оналаримиз, маҳалла куйдаги барча кекса нуронийлар дуосини олайлик. Муборак истаклар нури билан йўғрилган бу дуолар барчамизга эзгуликлар, бахту-иқбол келтирса ажаб эмас. Шундай экан, бу дунё-ю у дунёда Аллоҳнинг розилиги, фаровон турмушни истаган ҳар бир ўғил-қиз умр борича бу улуғ ва мукаррам зотларнинг хизмат ва ҳурматларини қилиши лозимдир. Барчамизга ота-она хизматини қилиб, дуосини олиш, бу орқали Аллоҳнинг розилигини топиш насиб этсин.

 

Тоҳир ИСМАТИЛЛАЕВ,

Яккабоғ тумани бош имом-хатиби.

манба: nasafziyo.uz

Середа, 22 августь 2018 00:00

Қариндошларни йўқлаб туринг

Меҳр кўриш ва кўрсатиш инсон саодати омилларидандир. Меҳр яхшиликдан туғилади. Шунинг учун динимиз яхшилик қилишга буюради. Инсонларнинг, умуман, бир-бирларига яхшилик қилишлари инсонийлик жиҳатидан лозим бўлса, қариндошларнинг ўзаро яхшилик кўрсатишлари қариндошлик ҳаққидир. Қариндошлик алоқалари кучайган сари қалблар яқинлашади, меҳрга тўлади. Зотан, меҳр кўздадир. Қариндошлик алоқалари узилса, меҳр йўқолади. Меҳр йўқ қалбда ҳасад ва адоват бош кўтаради. Ҳасад ва адоватнинг оқибати хатарли бўлганидан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қариндошлик муносабатларини асраш буюрилган. Нисо сурасининг биринчи ояти мазмуни бундай:

“Аллоҳ таолодан қўрқинг. Уни ёд этиб бир-бирингиздан нарса сўрайсиз. Қариндошликни узманг! Аллоҳ таоло сизларни доимо кўриб турувчидир”.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Қариндошликни узган жаннатга кирмайди” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Аллоҳ таолонинг раҳмати - ораларида қариндошликни узган кимса бор қавмга насиб этмайди” (Табароний ривояти).
Фуқаҳолар айтишади: “Қариндошлардан бири нимагадир муҳтож бўлиб келганида унинг ҳожатини чиқармаслик қариндошчиликни узиш ҳисобланади. Амаки, ака ва тоға ота ўрнида; хола ва амма она ўрнида кўрилади. Қариндошларга салом ё ҳадя йўллаш билан боғланиб туриш вожибдир.
Қариндошларни йўқлаб туринг. Чунки “Ким ризқининг кўпайишини, умрининг узун бўлишини истаса, қариндошликни узмасин”, деганлар Расулуллоҳ (алайҳиссалом).
 
Когон шаҳар “Алишер Навоий”
жомеъ масжиди имом хатиби
А.Камалов
манба: naqshband.uz
Top